Малое предприятие

Нормативно-правовые акты / Деятельность отдельных отраслей / Транспорт / Общие положения /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.02.2022 й. ПҚ-111-сон "Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Funksiyani amalga oshirishning imkoni yo`q

Mazkur funksiyadan faqat mijozlar (foqdalanuvchilar) foydalanishlari mumkin

Hujjatning to`liq matni pullik versiyada mavjud. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

02.02.2022 й.

N ПҚ-111



ТОШКЕНТ ШАҲАР ЖАМОАТ

ТРАНСПОРТИ ТИЗИМИНИ ЯНАДА

РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини комплекс ривожлантириш, йўловчиларга сифатли ва хавфсиз транспорт хизматларини кўрсатиш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш, ҳаракат таркибини барча қулайликларга эга бўлган замонавий автобуслар билан янгилаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда пиёдаларга қулай ҳаракатланиш муҳитини яратиш мақсадида:


1. Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

жамоат транспорти тизимини унинг барча турларини узвий боғлаган ҳолда комплекс ривожлантириш, аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини камида икки баробарга ошириш;

жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантириш, метрополитен тармоғини кенгайтириш, замонавий транспорт-ўтиш боғламаларини ҳамда намунавий лойиҳалар асосида автобус бекатларини ташкил этиш, жамоат транспорти ҳаракатига устуворлик бериш учун чорраҳа ва кўчаларни қайта лойиҳалаштириш;

ташувчиларни молиялаштириш тизими ва тариф сиёсатини такомиллаштириш орқали соҳа корхоналарини молиявий соғломлаштириш ҳамда хусусий сектор улушини икки баробарга ошириш;

велосипед ва бошқа моторсиз транспорт турларини ривожлантириш, жумладан, пиёдалар ва велотранспорт учун қулай ҳаракатланиш йўлакларини, велосипедларни ижарага бериш ва улар учун махсус турар жойларни ташкил этиш;

рақамли технологиялар ва инновацион ёндашувларни кенг қўллаган ҳолда транспорт воситалари ҳаракатини бошқаришнинг интеллектуал ("ақлли чорраҳа", "ақлли автобус" ва "ақлли бекат") тизимларини жорий этиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;

жамоат транспорти ҳаракат таркибини замонавий, экологик тоза автобуслар, жумладан электробуслар билан янгилаш.


2. Транспорт вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" 1 ва 2-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

йўловчи ташишлар умумий ҳажмида жамоат транспортининг улушини ҳозирги 21 фоиздан 43 фоизга ошириш;

жамоат транспортида кунлик йўловчи ташиш ҳажмини камида икки баробарга ошириб, кунига 2,7 миллион йўловчига етказиш;

жамоат транспортининг ҳаракатланиш ўртача оралиқ интервалини 2 баробарга камайтириш;

жамоат транспортининг янги тармоғи асосида 159 та автобус йўналишларини, жумладан 11 та магистрал, 14 та ҳалқа, 92 та боғловчи ва 42 та етказиб берувчи йўналишларни босқичма-босқич жорий этиш;

1 063 та автобус, жумладан 673 та электробус харид қилиш йўли билан жамоат транспорти ҳаракат таркибини янгилаш;

бир транспорт туридан бошқа транспорт турига қулай ва тезкор ўтиш учун 16 та замонавий транспорт-ўтиш боғламаларини ташкил этиш;

намунавий лойиҳа асосида 1160 та автобус бекатларини реконструкция қилиш.


3. Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Тошкент шаҳрида 2023 йил 1 январдан бошлаб жамоат транспортининг янги тармоғи асосида ташкил этиладиган йўналишларда ташувчиларни "босиб ўтилган йўл", "йўловчи оқими" ва "сифат" мезонлари бўйича бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда молиялаштиришнинг янги тизимини (кейинги ўринларда - янги тизим) босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилансинки, янги тизим асосида:

ташувчиларни молиялаштириш манбалари этиб жамоат транспортида йўловчи ташишдан олинадиган даромадлар ва маҳаллий бюджет параметрларида жамоат транспорти учун кўзда тутилган барча маблағлар ҳисобланади;

бажариладиган ишлар қиймати ташувлар билан боғлиқ бўлган барча сарф-харажатлар ҳамда камида 10 фоиз рентабеллик инобатга олинган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади;

йўловчи ташишдан олинадиган даромадлар ва маҳаллий бюджет параметрларида жамоат транспорти учун кўзда тутилган барча маблағлар Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳар транспорт бошқармасида жамланади ҳамда ташувчилар билан ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Жамоат транспорти ташувчиларини бажарилган иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда молиялаштириш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Транспорт вазирлигининг Тошкент шаҳрида автобус бекатлари намунавий лойиҳасини йўловчилар, шу жумладан, аҳолининг имконияти чекланган гуруҳлари учун қулай шарт-шароитлар яратилишини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш ҳамда мазкур бекатлар жойлаштириладиган ер майдонларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали тадбиркорлик субъектларига ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик фойдаланишга бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки:

тадбиркорларга мазкур бекатларда фақатгина реклама воситаси, банкоматлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга мўлжалланган ўзига ўзи хизмат кўрсатиш (вендинг) автоматларини жойлаштиришга рухсат этилади;

янги ва реконструкция қилинадиган бекатлар жойлаштириладиган ер майдонларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш тақиқланади, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш (вендинг) автоматлари бундан мустасно.


5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги:

Қурилиш вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Тошкент шаҳридаги автобус бекатларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқсин;

ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар асосида 280 та автобус бекатлари 2022 йил якунига қадар электрон онлайн аукцион савдоларига жойлаштирилишини таъминласин;

2022 йил 1 сентябрга қадар савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари мавжуд бўлган амалдаги автобус бекатларида йўловчилар, шу жумладан аҳолининг имконияти чекланган гуруҳлари учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш чораларини кўрсин.


6. Ер усти жамоат транспорти ва метрополитен йўналишлари кесишувларида ҳамда транспорт оқими юқори бўлган жойларда транспорт-ўтиш боғламаларини ташкил этиш манзилли дастури 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки:

транспорт-ўтиш боғламаларини ташкил этиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан амалга оширилади ҳамда қурилиш ишлари якунланганидан сўнг объектлар ўрнатилган тартибда баланс қийматида "Тошшаҳартрансхизмат" АЖга унинг устав капиталидаги давлат улушини ошириш эвазига ўтказилади;

Тошкент шаҳар ҳокими транспорт-ўтиш боғламаларини қуриш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга ҳамда уларнинг имкониятлари ва афзалликлари бўйича аҳолини хабардор қилишга шахсан масъулдир.


7. Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва "Ўзавтосаноат" АЖнинг 2022 йилда "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ ҳаракат таркибини 190 та катта сиғимли "MAN" ҳамда 200 та ўрта сиғимли "SAZ LE 60" русумли автобусларни (кейинги ўринларда - автобуслар) маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш ҳисобига янгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


8. Белгилансинки:

янги автобуслар "Ўзмиллийбанк" АЖнинг 5 йил муддатга, 18 фоиздан кўп бўлмаган фоиз ставкаси асосида ажратиладиган кредитлари ҳисобидан харид қилинади;

"Ўзмиллийбанк" АЖ кредитларни харид қилинадиган автобуслар бўйича шартномалар қийматининг 80 фоизи 2022 йил февраль ойида, қолган 20 фоизи харид қилинган автобуслар "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ томонидан қабул қилиб олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан кечиктирмасдан ажратади;

кредит, унга ҳисобланган фоиз, воситачилик тўловлари, кредитга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бошқа харажатлар кредит шартномалари шартларига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

харид қилинадиган автобуслар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг кафиллиги "Ўзмиллийбанк" АЖ билан тузилган кредит шартномалари шартлари бўйича томонларнинг ўзаро мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти ҳисобланади;

"Тошшаҳартрансхизмат" АЖ устав капиталидаги давлат улуши автобуслар хариди билан боғлиқ барча харажатларни қоплашга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан йўналтирилган маблағлар миқдорига мутаносиб равишда оширилади.


9. Автобуслар харидини амалга ошириш учун жалб қилинадиган тижорат банки кредитлари бўйича асосий қарзни қайтариш, фоизлар ва воситачилик ҳақини тўлашнинг умумий прогноз жадваллари 5 ва 6-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


10. Белгилансинки, автобусларни харид қилиш учун жалб этиладиган "Ўзмиллийбанк" АЖ кредитлари билан боғлиқ асосий қарзни қайтариш, фоизлар ва воситачилик ҳақи бўйича тўловлар:

2022 йилда Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан;

2023 йилдан бошлаб ҳар йилги Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Молия вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда 2023 йилдан бошлаб Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетини шакллантиришда зарур маблағларни назарда тутсин.


11. Транспорт вазирлиги "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ билан биргаликда автобусларни харид қилишнинг техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини ишлаб чиқсин ва икки ой муддатда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг 3-иловасига мувофиқ 2023-2025 йилларда харид қилинадиган электробуслар учун халқаро молия институтларининг грант ва кредитларини жалб этиш чораларини кўрсин.


13. "Ўзавтосаноат" АЖ хорижий давлатларнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан музокаралар ўтказиб, республикада электробуслар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таклифларни уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


14. Йўловчилар ташиш учун мўлжалланган, ҳайдовчи билан биргаликда саккиз ва саккизтадан ортиқ ўриндиқларга эга бўлган, фақат электр двигатель орқали ҳаракатга келтириладиган автотранспорт воситаларини 2026 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилсин.


15. Транспорт вазирлиги Тошкент давлат транспорт университети билан биргаликда илғор хорижий таълим технологиялари асосида етук кадрларни тайёрлаш ҳамда таълим жараёнини инновацион усул ва воситалардан фойдаланган ҳолда ривожлантириш учун университетнинг трансформациясини халқаро стандартларга мос равишда амалга оширишга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳасини икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда, ривожланган хорижий мамлакатлар олий таълим муассасалари ўқув режалари ва фан дастурлари трансферини амалга ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг соҳанинг етакчи олий таълим муассасаларида хорижий стажировкаларини ташкил этиш ҳамда мутахассислик модулларига юқори малакали чет эллик олим ва экспертларни кенг жалб этиш назарда тутилсин.


16. Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан Тошкент шаҳрининг 10 та марказий кўчаларида автомобилларнинг йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда автомобилларнинг автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик тўхташ жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида қарор қабул қилсин.


17. Ички ишлар вазирлиги икки ҳафта муддатда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини қисқартириш, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


18. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун ва моҳияти оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминласин.


19. Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


20. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И.Р. Махкамов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев зиммасига юклансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2022 йил 2 февралдаги

ПҚ-111-сон қарорига

2-ИЛОВА



Тошкент шаҳар жамоат транспорти

тизимини 2025 йилгача ривожлантириш

концепциясини амалга ошириш бўйича

"ЙЎЛ

...
Время: 0.0303
AVda ro`yxatga olingan raqami bo`yicha qat`iy muvofiqlik
  • Barchasi
  • amaldagi
  • kuchini yo`qotgan
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • istalgan sana
  • aniq sana
  • davr
  • -

Qidiruvni pastga tushirish