ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Инвестициялар / Алоҳида корхоналар ва лойиҳалар бўйича ҳужжатлар / Бошка тармоклар /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.02.2024 й. ПҚ-82-сон "Саудия Арабистонининг "ACWA Power Company" компанияси билан бирга "Maxam-Chirchiq" АЖ негизида "яшил водород" ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Функцияни амалга оширишнинг имкони йўқ
Мазкур функциядан фақат мижозлар (фойдаланувчилар) фойдаланишлари мумкин
Ҳужжатнинг тўлиқ матни пуллик версияда мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
23.02.2024 й.
N ПҚ-82
САУДИЯ АРАБИСТОНИНИНГ
"ACWA POWER COMPANY" КОМПАНИЯСИ
БИЛАН БИРГА "MAXAM-CHIRCHIQ" АЖ НЕГИЗИДА
"ЯШИЛ ВОДОРОД" ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ ТАШКИЛ
ЭТИШ" ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА
ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Республикада замонавий технологиялар асосида "яшил водород" ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва иқтисодиёт тармоқларининг ушбу маҳсулотга бўлган талабини қондириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
а) Саудия Арабистонининг "ACWA Power Company" компаниясининг "ACWA Power Uzbekistan Нydrogen Нoldings LTD" шўъба корхонаси (кейинги ўринларда - Инвестор) ва "Ўзкимёсаноат" АЖ билан биргаликда "Maxam-Chirchiq" АЖ негизида "яшил водород" ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда - Инвестиция лойиҳаси) доирасида масъулияти чекланган жамият шаклида "ACWA Power UKS Green Н2" қўшма корхонасини (кейинги ўринларда - Лойиҳа компанияси) ташкил этгани;
б) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2023 йил 27 ноябрь куни инвестиция битими (кейинги ўринларда - Инвестиция битими) имзолангани ҳамда унга мувофиқ Инвестор ва Лойиҳа компанияси:
Инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида "Maxam-Chirchiq" АЖ негизида қуввати 3 минг тонна бўлган "яшил водород" ишлаб чиқариш заводини ҳамда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қуввати 52 МВт бўлган шамол электр станциясини лойиҳалаштириши, молиялаштириши, қуриши ва эксплуатация қилиши;
юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 62 млн АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши;
в) "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2023 йил 27 ноябрь куни Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда - Энергия сотиб олиш битими) имзолангани ҳамда унга мувофиқ:
Лойиҳа компанияси шамол электр станциясида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олиши;
"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ электр энергияси учун тўловларни Энергия сотиб олиш битимида белгиланган муддат давомида хорижий валютада деноминацияланган, қатъий белгиланган нарх бўйича миллий валютада амалга ошириш шарти билан кафолатли харид қилиши;
"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ўз зиммасига Лойиҳа компанияси фойдасига чет эл валютасида тасдиқланган, тикланадиган, қайтариб берилмайдиган ва шартсиз банк кафолатини тақдим этиш мажбуриятини олиши;
г) "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2023 йил 27 ноябрь куни Электр энергиясини етказиб бериш тўғрисида битим (кейинги ўринларда - Транспортировка қилиш битими) имзолангани ҳамда унга мувофиқ:
"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ битимда белгиланган давр мобайнида водород ишлаб чиқаришда талаб этиладиган 20 МВт қувватни кафолатли етказиб берилишини таъминлаши;
шамол электр станцияси ишга тушгунга қадар водород ишлаб чиқариш майдонига битимда белгиланган шартлар асосида электр энергияси етказиб берилишини таъминлаши;
д) "Ўзкимёимпекс" МЧЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2023 йил 27 ноябрь куни "яшил водород" сотиб олиш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда - "Яшил водород" сотиб олиш битими) имзолангани ҳамда унга мувофиқ:
Лойиҳа компанияси ишлаб чиқариладиган "яшил водород"ни "Ўзкимёимпекс" МЧЖга кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олиши;
"Ўзкимёимпекс" МЧЖ сотиб олинадиган "яшил водород" учун тўловларни 15 йил давомида чет эл валютасида деноминацияланган, қатъий белгиланган нарх бўйича миллий валютада амалга ошириш шарти билан кафолатли харид қилиши;
"Ўзкимёимпекс" МЧЖ ўз зиммасига Лойиҳа компанияси фойдасига чет эл валютасида тасдиқланган, тикланадиган, қайтариб берилмайдиган ва шартсиз банк кафолатини тақдим этиш мажбуриятини олиши;
е) "Ўзкимёсаноат" АЖ Лойиҳа компанияси талабига мувофиқ қурилиш объектларининг уланиш пунктларига ишлаб чиқариш ресурсларининг (электр энергияси, ҳаво, азот ҳамда ичимлик ва техник сув) зарур миқдор ва параметрларда мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли шартномаларга асосан етказиб берилишини ташкил қилиши;
ж) Инвестиция лойиҳаси доирасида юзага келадиган қисқартирилган иссиқхона гази эмиссиялари ҳажми (яшил атрибутлар) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тўлиқ тасарруф қилиниши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида имзоланган Инвестиция битими тасдиқлансин.
3. "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида тузилган Транспортировка қилиш битими ва Энергия сотиб олиш битими ҳамда "Ўзкимёимпекс" МЧЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида тузилган "Яшил водород" сотиб олиш битими маъқуллансин.
4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ҳамда "Ўзкимёимпекс" МЧЖга Лойиҳа компанияси, Инвестор ҳамда Инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этадиган кредиторлар билан Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар Лойиҳа компанияси томонидан бажарилмаган тақдирда, Лойиҳа компанияси ва Инвестор ҳуқуқини Инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этадиган кредиторларга ўтказиб бериш юзасидан тўғридан-тўғри битимлар тузиш ҳуқуқи берилсин.
5. "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва "Ўзкимёимпекс" МЧЖга Энергия сотиб олиш битими ва "Яшил водород" сотиб олиш битимида белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ:
Лойиҳа компанияси билан биргаликда Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун халқаро мустақил инжиниринг компаниясини ва бошқа маслаҳатчиларни тўғридан-тўғри шартномалар тузган ҳолда жалб қилишга;
"яшил водород" ва электр энергиясини сотиб олиш мажбуриятини уч ой давомида бажариш таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига банкнинг чет эл валютасида тасдиқланган банк кафолатини тақдим этишга рухсат берилсин.
6. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компаниясига, барча тегишли солиқлар ва йиғимларни тўлаган ҳолда қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
чет эл валютасида кредит ва бошқа маблағлар олиш ҳамда улардан фойдаланиш мақсадида хориждаги банкларда банк ҳисобварақларини очиш;
ҳар бир ҳолатда лойиҳа ва молиялаштириш шартномалари доирасида Ўзбекистон Республикасида очилган банк ҳисобварақларидан хориждаги банк ҳисобварақларига пул маблағларини ўтказиш;
хорижий пудрат ташкилотлари, етказиб берувчилар ёки хорижий кредиторларга тўловларни хориждаги банк ҳисобварақларидан тўғридан-тўғри амалга ошириш;
кредиторлар билан тузилган молиявий ҳужжатлар, шу жумладан бошқа акциядорлар билан тузилган қарз шартномалари ва бридж-кредит шартномалари бўйича хориждаги банк ҳисобварақларига чет эл валютасидаги маблағларни қабул қилиш.
Бунда, Лойиҳа компанияси томонидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида юритилаётган банк ҳисобварақлари кесимида тегишли банк томонидан ҳар бир ҳолат бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирманинг тўлиқ нусхалари Лойиҳа компаниясининг Ўзбекистон Республикасидаги хизмат кўрсатувчи банкига ва солиқ хизмати органларига тақдим этилади.
7. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлигининг Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Лойиҳа компаниясига ажратиладиган Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ҳудудидаги 1-иловага мувофиқ жами 20,98 гектар яйлов ер участкаларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ўн кун муддатда мазкур ер участкасини ҳокимлик захирасига қайтарсин.
8. Бухоро вилояти ҳокимлиги Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун 20,98 гектар ер майдонини лойиҳа амалга ошириладиган муддатга кейинчалик Лойиҳа компаниясига берилиши учун ўрнатилган тартибда Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратсин.
Энергетика вазирлиги мазкур бандга асосан ажратиладиган ер участкаси Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муддатига тенг даврга Лойиҳа компаниясига ижарага берилишини таъминласин.
Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компанияси томонидан ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилсин.
9. "Ўзкимёсаноат" АЖ "Maxam-Chirchiq" АЖ билан биргаликда Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун 0,5 гектар ер майдони Инвестиция лойиҳаси учун ер участкаларини ижарага бериш шартномаларига мувофиқ амалдаги ижара тўловлари қийматида Инвестиция лойиҳаси амалга ошириладиган муддатга ўрнатилган тартибда Лойиҳа компаниясига ажратилишини таъминласин.
10. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Энергетика вазирлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланганлик учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплашдан (компенсация тўловларидан) озод қилинсин.
11. Лойиҳа компаниясининг буюртмасига асосан:
Ташқи ишлар вазирлиги - Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар учун кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини;
Ички ишлар вазирлиги - жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга кўп марталик виза муддатлари узайтирилишини, шунингдек, вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олинишини ва унинг муддати узайтирилишини;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги - хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини ва муддати (зарур ҳолларда) узайтирилишини таъминласин.
12. Энергетика вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда "Ўзкимёсаноат" АЖ томонидан ишлаб чиқилган "Maxam-Chirchiq" АЖ негизида "яшил водород" ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳаси амалга оширилишини жадаллаштириш бўйича "йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
13. Қуйидагилар:
а) энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов:
Инвестиция лойиҳасининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилишга. Бунда, бир ҳафта муддатда мазкур мақсадда Энергетика вазирлиги ҳузурида масъул вазирлик ва идоралар ходимлари бириктирилган ҳолда доимий ишчи штаб ташкил этилсин;
ёқилғи-энергетика тармоғи корхоналари билан биргаликда Инвестиция лойиҳасини зарур ҳажмларда энергия ресурслари билан кафолатли таъминлашга;
Инвестиция лойиҳаси доирасида "яшил водород" ишлаб чиқариш қурилмасининг 2024 йил ноябрь ойига қадар ва шамол электр станциясининг 2025 йил март ойига қадар тўлиқ ишга туширилишига;
ушбу қарорда белгиланган вазифалар ўз вақтида бажарилишини таъминлаш бўйича бошқа тезкор чоралар кўришга;
б) "Ўзкимёсаноат" АЖ бошқаруви раиси в.б. Т.Р. Мухамеджанов:
Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж, инфратузилмани барпо этиш ва ускуналарни ўрнатиш ишлари ўз вақтида бажарилишига;
Инвестиция лойиҳаси ишга туширилгандан сўнг "яшил энергия" асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар уларнинг экспортбоплигини таъминлаган ҳолда ташқи бозорларга етказиб берилишини йўлга қўйишга;
в) Бухоро вилояти ҳокими Б.К. Зарипов - инвестиция лойиҳаси доирасида шамол электр станциясини қуриш учун Ғиждувон тумани ҳудудида ер майдонлари ўз вақтида ажратилишига шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
14. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорга иловага мувофиқ Ер ресурсларининг ҳолати тўғрисидаги миллий ҳисоботга тегишли ўзгартиришлар киритсин.
15. Энергетика вазирлиги уч ой муддатда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қайта тикланувчи энергия манбалари ва яшил водород экотизимини ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Адлия вазирлиги Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган Инвестиция битими юзасидан юридик хулоса берсин.
17. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов ва "Ўзкимёсаноат" АЖ бошқаруви раиси в.б. Т.Р. Мухамеджанов белгилансин.
Қарор ижроси учун масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2024 йил 23 февралдаги
ПҚ-82-сон қарорига
1-ИЛОВА
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида шамол электр
станциясини қуриш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган
ерлар тоифасидан саноат ва бошқа мақсадларга мўлжалланган
ерлар тоифасига ўтказилаётган ер участкалари
РЎЙХАТИ
Ҳудуд номи |
Ердан фойдаланувчи номи |
Контур рақами |
Жами ер участкаси (гектар) |
шундан: |
|
яйлов ва пичанзорлар (гектар) |
бошқа ерлар (гектар) |
||||
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани |
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси |
178қ |
6,28 |
6,28 |
- |
177қ |
|||||
173қ |
|||||
240қ |
|||||
178қ |
1,27 |
1,27 |
- |
||
178қ |
2,25 |
2,25 |
- |
||
177қ |
2,63 |
2,63 |
- |
||
178қ |
|||||
240қ |
5,13 |
5,13 |
- |
||
178қ |
|||||
177қ |
|||||
173қ |
|||||
240қ |
1,41 |
1,41 |
- |
||
178қ |
|||||
177қ |
|||||
173қ |
|||||
240қ |
2,01 |
2,01 |
- |
||
Жами |
20,98 |
20,98 |
- |
Президентининг
2024 йил 23 февралдаги
ПҚ-82-сон қарорига
2-ИЛОВА
"Maxam-Chirchiq" АЖ негизида яшил водород ишлаб
чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳаси
амалга оширилишини жадаллаштириш бўйича
"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"
Изоҳ: "Йўл харитаси"ни амалга ошириш механизми ва муддатларига инвестор билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2024 йил 26 февраль