ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Май, 2024 й. / Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида / Инвестициялар /

"Ипак йўли" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" давлат унитар корхонасининг Устави (ЎзР ВМ 01.05.2024 й. 258-сон қарорига 2-илова)

Функцияни амалга оширишнинг имкони йўқ

Мазкур функциядан фақат мижозлар (фойдаланувчилар) фойдаланишлари мумкин

Ҳужжатнинг тўлиқ матни пуллик версияда мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 1 майдаги

258-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ипак йўли" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси"

давлат унитар корхонасининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Ипак йўли" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" (кейинги ўринларда - Дирекция) оператив бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки негизида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади, у ўзига бириктирилган мулкка нисбатан қонунчиликда белгиланган доирада ўз фаолияти мақсадларига, мулкдор (ёки унинг топшириғига биноан унинг томонидан масъул этиб тайинланган давлат органи - муассис) топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш хуқуқини амалга оширади.


2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилигида ҳисобварақларга, эмблемага, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.


4. Дирекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - "Ipak yo`li" erkin iqtisodiy zona direktsiyasi" davlat unitar korxonasi;

қисқартирилган номи - "Ipak yo`li" EIZ direktsiyasi" DUK;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственное унитарное предприятие "Дирекция свободной экономической зоны "Ипак йули";

қисқартирилган номи - ГУП "Дирекция СЭЗ "Ипак йули";

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - "Directorate of free economic zone "Ipak yo`li" State Unitary Company;

қисқартирилган номи - "Directorate of FEZ "Ipak yo`li" SUC.


5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Андижон вилояти, Андижон шаҳри, Абдурауф Фитрат кўчаси, 239-уй.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда - Муассис) ҳисобланади.


7. Дирекция ўз номидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.


8. Дирекция бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.



2-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ МАҚСАДИ, АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФАОЛИЯТ ЙЎНАЛИШЛАРИ


9. Дирекция фаолиятининг мақсади "Ипак йўли" эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда - "Ипак йўли" ЭИЗ) ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, "Ипак йўли" ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш йўли билан оператив бошқариш, "Ипак йўли" ЭИЗ қатнашчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишлар (хизматлар)ни бажаришдан (кўрсатишдан) фойда олиш ҳисобланади.


10. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

"Ипак йўли" ЭИЗ ҳудудида махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилишини таъминлайди;

салоҳиятли инвесторлар ва "Ипак йўли" ЭИЗ иштирокчилари билан ҳамкорликни, шу жумладан, инвестиция буюртманомасини кўриб чиқишни, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур рухсатномалар беришни "ягона дарча" принципи асосида ташкил этади;

инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилади, шунингдек, "Ипак йўли" ЭИЗ иштирокчилари томонидан инвестиция битимига киритилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади;

"Ипак йўли" ЭИЗни ривожлантириш дастури амалга оширилишини таъминлайди;

"Ипак йўли" ЭИЗ иштирокчиларини рўйхатдан ўтказади ва уларнинг реестрини юритади;

"Ипак йўли" ЭИЗ ҳудудида экологик назоратни амалга оширади, шунингдек, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилади;

"Ипак йўли" ЭИЗ иштирокчилари билан шартномалар асосида маркетинг хизматлари, шунингдек, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда тарғиб қилиш бўйича хизматлар кўрсатади;

ташқи бозорларда талаб этилаётган ва импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматга эга саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун тўғридан тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этади;

"Ипак йўли" ЭИЗ ҳудудидаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва ташкилотларнинг доимий фаолият юритишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда "Ипак йўли" ЭИЗ қатнашчиларига кўмаклашади;

инвесторларни, "Ипак йўли" ЭИЗнинг иштирокчиларини ахборот билан таъминлайди, шу жумладан, уларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашувларини ташкил этади;

"Ипак йўли" ЭИЗ ҳудудидаги ер участкаларини электрон онлайн-аукцион воситасида ижарага, шунингдек, "Ипак йўли" ЭИЗ ҳудудидаги бинолар ва иншоотларни эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага беради;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этади;

маҳаллий хомашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатади, "Ипак йўли" ЭИЗ иштирокчилари ўртасида ҳамда республиканинг бошқа ҳудудлари билан саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори даражадаги саноат ишлаб чиқаришини кенгайтиради;

Андижон вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиради, маҳаллий аҳоли учун доимий иш ўринлари яратади;

"Ипак йўли" ЭИЗ фаолиятини бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга оширади.


11. Дирекция қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


12. Дирекция Муассисга ҳисобот беради.


13. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Дирекция фаолиятига раҳбарлик қилади ва уни назорат қилади;

Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилайди;

Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишилган ҳолда, Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олингаи соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олади;

Дирекция мулки билан боғлиқ амалга оширилган битимларни ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш ва Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилади;

Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлайди ва оралиқ, тугатиш балансини тасдиқлайди;

меҳнатга оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатади;

меҳнатга оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилади.


14. "Ипак йўли" ЭИЗ мустақил бюджети ва "Ипак йўли" ЭИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилиши Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан назорат қилинади.


15. Дирекция ижро этувчи орган ҳисобланади.


16. Дирекциянинг жорий фаолиятига Андижон вилояти ҳокимлигининг махсус иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатишини ва уларни ривожлантиришни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органи билан келишилган тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.


17. Қуйидагилар директорнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажаришга, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилашга, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдалаииш соҳасидаги норма ва қоидаларга риоя этилишини таъминлашга доир тадбирларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

"Ипак йўли" ЭИЗни ривожлантириш дастурларииинг амалга оширилишини ташкил қилади;

Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштириш, бошқаришнинг энг замонавий усулларини жорий этиш чора-тадбирларини амалга оширади;

Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан, хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ҳимоя қилади;

ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини (контрактларни) тузади, ўзгартириш ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;

кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади;

Дирекциянинг барча ходимлари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва уларга кўрсатмалар беради;

Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;

Дирекция томонидан қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини ташкил этади ва назорат қилади.

Директор Дирекцияга юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.


18. Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг тўланиши, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги, Дирекциянинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан, шу жумладан, Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқолган тақдирда, етказилган зарар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Директор Инвеетициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан келишган ҳолда, "Ипак йўли" ЭИЗнинг Муассис томонидан тасдиқланадиган мустақил бюджет маблағларини тасарруф этади ва "Ипак йўли" ЭИЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни келишиш учун Муассисга тақдим этади.


19. Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



4-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИ


20. Дирекциянинг устав фонди "Ипак йўли" ЭИЗ фаолиятини оператив бошқариш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.


21. Дирекция устав фондининг миқдори 500,0 млн сўмни ташкил қилади.



5-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИНИ

КЎПАЙТИРИШ ВА КАМАЙТИРИШ ТАРТИБИ


22. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Муассис қарорига биноан амалга оширилади.



6-БОБ. ДИРЕКЦИЯ МУЛКИНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ


23. Муассис томонидан Дирекцияга оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган асосий фондлар ва айлаима маблағлар Дирекция мол-мулкини ташкил қилади.


24. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.


25. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек, ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.


26. Директор ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот давридан кейинги ойининг 25-санасига, йил якунлари бўйича эса кейинги молия йилининг 25 февралига қадар Давлат активларини бошқариш агентлигининг "property.davaktiv.uz" ахборот тизимига ҳисобот киритади.



7-БОБ. ДИРЕКЦИЯ БЮДЖЕТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


27. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

давлат мулки бўлган ва "Ипак йўли" ЭИЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган даромадларнинг бир қисми;

хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

"Ипак йўли" ЭИЗ қатнашчиларининг ажратмалари ва "Ипак йўли" ЭИЗ қатнашчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.



8-БОБ. ЗАХИРА ФОНДИНИ ВА БОШҚА ФОНДЛАРНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


28. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек, бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнииг миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.



9-БОБ. ДАРОМАД (ФОЙДА)НИ ТАҚСИМЛАШ

ВА ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


29. Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция тасарруфида қолади ва ундаи Муассис қарорига биноан фойдаланилади.


30. Муассис ўз қарори билан бошқа юридик ва жисмоний шахсларга ҳомийлик хайрияси сифатида йўналтириладиган маблағларнинг чекланган суммасини, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.


31. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарлари ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.



10-БОБ. ҲИСОБОТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


32. Дирекция ҳисобот даври тугагач, ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.


33. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолияти Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.


34. Директор ҳар чоракда Дирекция фаолиятининг натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларинииг амалга оширилиши тўғрисида Муассисга ҳисобот беради.



11-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


35. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда, унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.


36. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.



12-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИ ТУГАТИШ ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


37. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёхуд қайта ташкил этилиши мумкин.


38. Дирекцияни тугатиш Дирекция фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади.

Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 2 май





















































Время: 0.1965
АВда рўйхатга олинган рақами бўйича қатъий мувофиқлик
  • Барчаси
  • амалдаги
  • кучини йўқотган
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • исталган сана
  • аниқ сана
  • давр
  • -

Қидирувни пастга тушириш