Диққат!

NB! Мазкур Карорга 2-илованинг 1-банди, 3-бандининг «б» кичик банди 2024 йил 1 октябрдан бошлаб кучга киради.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Ногиронлик, вақтинча меҳнатга кобилиятсизлик (ТМЭК, ТМК) /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.07.2024 й. ПҚ-257-сон "Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Функцияни амалга оширишнинг имкони йўқ

Мазкур функциядан фақат мижозлар (фойдаланувчилар) фойдаланишлари мумкин

Ҳужжатнинг тўлиқ матни пуллик версияда мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

16.07.2024 й.

N ПҚ-257



НОГИРОНЛИКНИ БЕЛГИЛАШ ТИЗИМИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ногиронликни белгилашнинг самарали механизмларини жорий этиш, тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати тизимини такомиллаштириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётида иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

ногиронликни эрта аниқлаш ва олдини олишда бирламчи тиббий-санитария ёрдами мутахассисларининг масъулиятини ошириш;

ногиронликни белгилаш жараёнларининг шаффофлигини ошириш орқали соҳадаги бюрократик тўсиқлар ва коррупциявий омилларни бартараф этиш;

шахсларнинг кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини (кейинги ўринларда - функционаллиги) баҳолаш натижаларини инобатга олган ҳолда ногиронликни белгилаш тизимини жорий этиш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ҳамда ижтимоийлаштириш учун уларнинг эҳтиёжларини тўғри ва ўз вақтида аниқлаш.


2. Ногиронликни белгилашнинг қуйидаги тартиби жорий этилсин:

а) 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятининг туман (шаҳар)ларида босқичма-босқич эксперимент тариқасида, 2025 йил 1 сентябрга қадар республиканинг қолган ҳудудларида:

фуқароларга ногиронликни белгилаш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали, "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилади;

тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси (кейинги ўринларда - ТИЭК) кўриги учун фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини йўллаш оилавий шифокорлар томонидан электрон тарзда амалга оширилади. Бунда врачлик-маслаҳат комиссиялари (кейинги ўринларда - ВМК) оилавий шифокорлар томонидан тиббий ҳужжатлар ўз вақтида тўғри расмийлаштирилган ҳолда юборилишига услубий кўмаклашади;

"Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари (кейинги ўринларда - "Инсон" марказлари) ходимлари томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ногиронликни баҳолаш шкаласининг маҳаллий хусусиятлар ва шарт-шароитларга мослаштирилган мезонлари асосида 18 ёш ва ундан катта шахсларнинг функционаллигини баҳолаш тартиби жорий этилади. Бунда баҳолаш натижалари 2025 йил 1 сентябрга қадар ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланмайди;

шахс соғлиғининг ҳолатига кўра "Инсон" марказларига бориш имконига эга бўлмаганда соғлиғининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ўтказилади;

б) 2024 йил 1 октябрдан бошлаб ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКлар томонидан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронлик туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан белгиланади;

в) 2025 йил 1 апрелдан бошлаб:

фуқароларни ТИЭК кўригига йўллаш учун лозим бўлган амалдаги даволаниш муддатлари бўйича талаб бекор қилинади ҳамда ҳар бир касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб алоҳида белгиланади;

ТИЭК томонидан касбга, спортга ва таълимга тавсия бериш тартиби бекор қилинади ва ТИЭКнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш ҳамда махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилашга оид функциялари давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилиши орқали тугатилади;

18 ёшдан катта шахсларга ногиронликни белгилашда шахснинг клиник-функционал бузилишларининг тавсифидан келиб чиқиб ногиронликнинг муддати, сабаби, тиббий реабилитация тадбирлари, шунингдек, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлигига оид маълумотлар "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимида шакллантирилади;

г) 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан фақат тиббий ҳужжатларга асосан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронликни шахс соғлиғининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб электрон тарзда белгилаш тартиби йўлга қўйилади. Бунда:

шахс соғлиғининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш натижалари ўртасида тафовут бўлган тақдирда ногиронликни белгилаш ёки рад этиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ТИЭКлари томонидан амалга оширилади;

фуқароларга биринчи маротаба ногиронлик белгилангандан сўнг "Инсон" марказлари томонидан уларни таълим ва касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, спортга жалб этиш ҳамда психологик қўллаб-қувватлаш бўйича индивидуал тартибдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режалари ишлаб чиқилади ва ижроси мониторинг қилиб борилади.


3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) тизимидаги ташкилотларнинг штат бирликлари ҳисобидан:

а) ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий хизматлар кўрсатилиши жараёнини мувофиқлаштириш бўйича вазир маслаҳатчиси лавозими жорий этилсин. Бунда вазир маслаҳатчисини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш Агентлик директори билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

б) асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлган 3 та штат бирлигидан иборат шўъба ташкил этилсин:

ногиронликнинг олдини олиш тадбирлари амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

ногиронликни белгилаш мақсадида шахсларни тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш учун юбориш жараёнини мувофиқлаштириш;

ВМК ва оилавий шифокорлар малакаси оширилишини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

оилавий шифокорлар томонидан ТИЭК кўриги учун тиббий ҳужжатларни юбориш жараёнини рақамлаштириш ва тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиш жараёнини мувофиқлаштириш;

ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий хизматлар, жумладан тиббий реабилитация хизматларини кўрсатиш тизимини мувофиқлаштириш.


4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) 2024 йил 15 августга қадар:

Навоий вилояти ва Тошкент шаҳрида фуқароларнинг тиббий ҳужжатлари ТИЭКга ўз вақтида ва электрон шаклда йўлланиши учун оилавий шифокорларни зарур ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминласин ҳамда уларнинг малакасини ошириш мақсадида ишдан ажралмаган ҳолда қисқа муддатли ўқитиш чораларини кўрсин;

Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ТИЭК кўригидан ўтиш учун фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини, шунингдек, меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ҳақидаги маълумотларни электрон тарзда юбориш учун зарур ахборот тизимлари ҳамда "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими ўртасида "Электрон ҳукумат" тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали ахборот алмашинувини йўлга қўйсин;

б) 2025 йил 1 мартга қадар Агентлик билан биргаликда:

фуқароларни ТИЭК кўригига йўллашдан олдин касалликлар бўйича даволаниш лозим бўлган муддатлар ҳар бир касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб алоҳида белгиланишини таъминласин;

18 ёшдан катта шахсларга ногиронликни белгилашда инобатга олинадиган тиббий мезонларни қайта кўриб чиқиб, ногиронликнинг муддати, сабаби, тиббий реабилитация тадбирлари, шунингдек протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлигига оид маълумотлар "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимида шакллантириб борилишини таъминласин;

вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилаш тартибини ишлаб чиқсин;

в) 2025 йил 1 апрелдан бошлаб:

ногиронликни белгилашнинг янги тартиби бўйича ТИЭК мутахассисларининг малакасини ошириш чораларини кўрсин;

фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини ТИЭКга ўз вақтида ва сифатли йўллаш натижаларидан келиб чиқиб оилавий шифокорларни рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш тизимини йўлга қўйсин.


5. Агентлик, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг тиббий-ижтимоий экспертиза фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

а) 2024 йил 1 октябрдан бошлаб:

Агентлик ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ТИЭК ходимларини улар фаолияти самарадорлигининг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) бажарилишидан келиб чиқиб рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш;

ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКларнинг вазифалари ва штат бирликларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКларга ўтказган ҳолда тугатиш;

тугатилаётган ихтисослаштирилган ТИЭКларнинг штат бирликлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКларга педиатр, психиатр, фтизиатр штатларини ажратиш;

б) 2025 йил 1 апрелдан бошлаб:

туман (шаҳар) ва туманлараро ТИЭКларни катталар учун врач-эксперт, педиатр врач-эксперт ҳамда реабилитологдан иборат таркибда шакллантириш;

Агентлик тизими ташкилотлари штат бирликлари доирасида Агентлик марказий аппаратида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ТИЭКлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича алоҳида таркибий бўлинма ташкил этиш.


6. 2025 йил 1 апрелга қадар қуйидаги вазирлик ва идоралар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик тоифаси ва ёшидан келиб чиқиб уларни касбга, таълимга ва спортга йўналтириш тартибини ишлаб чиқиш учун масъул этиб белгилансин:

Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги - тарбия ва таълимга йўналтириш бўйича;

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги - касбга тайёрлаш ва йўналтириш бўйича;

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги - бандликни таъминлаш бўйича;

Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги - оммавий спорт ва параспортга йўналтириш бўйича.


7. Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш (М.Оллоёров) мазкур қарорда белгиланган вазифалар юзасидан масъул вазирлик ва идораларнинг ҳисоботларини эшитиб, амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритиб борсин.


8. Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

Белгилансинки, мазкур қарорга 2-илованинг 1-банди, 3-бандининг "б" кичик банди 2024 йил 1 октябрдан бошлаб кучга киради.


10. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда шахс функционаллигини аниқлаш тартибини белгилашга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳасини;

икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни;

2025 йил 1 сентябрга қадар бола соғлиғининг ҳолати ва функционаллигини аниқлаш натижаларидан келиб чиқиб ногиронликни белгилаш тартибини жорий этишга оид таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси - Агентлик директори М.П. Оллоёров белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 16 июлдаги

ПҚ-257-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштиришга доир

ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

         

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Ижро

муддати

      

Молиялаштириш

манбалари

      

Масъул

ижрочилар

      

1.

18 ёшдан катта шахснинг кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини (функционаллигини) баҳолашнинг вақтинчалик тартибини ишлаб чиқиш.


1. Қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш:

оилавий шифокорлар томонидан фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларига йўллаш тартиби;

"Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг ходимлари томонидан 18 ёшдан катта шахснинг кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини (функционаллигини) суҳбат ўтказиш орқали баҳолашдан ўтказиш тартиби;

18 ёшдан катта шахснинг кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини (функционаллигини), шунингдек соғлиғининг ҳолатини аниқлаш натижалари 2025 йил 1 сентябрга қадар ногиронлик белгилаш учун асос ҳисобланмаслиги.


2. Лойиҳани ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2024 йил

август


Маблағ талаб қилинмайди


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги


2.

Шахснинг кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини (функционаллигини) баҳолаш жараёнини таҳлил қилиш ва натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш.


1. Шахснинг кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини (функционаллигини) баҳолаш натижаларини хорижий экспертлар билан биргаликда умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек ногиронликни белгилашнинг амалдаги тартиби билан таққослаган ҳолда ҳисобот тайёрлаш.


2025 йил

март


Маблағ талаб қилинмайди

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


2. Баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, келгусида ушбу амалиётни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан таклиф тайёрлаш.


2025 йил

апрель


3.

Шахснинг кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини (функционаллигини), шунингдек соғлиғининг ҳолатини аниқлаш натижаларидан келиб чиқиб ногиронликни белгилаш бўйича "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг ходимлари, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари мутахассислари, шунингдек оилавий шифокорларнинг малакасини ошириш.


1. Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида фаолият юритаётган "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг ходимларини шахснинг кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини (функционаллигини) аниқлаш бўйича, оилавий шифокорларни эса тиббий ҳужжатларни шакллантириш ва ТИЭКга йўллаш тартиби бўйича қисқа муддатли ўқитиш.


2024 йил

август


Маблағ талаб қилинмайди


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги


2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказида:



Соғлиқни сақлаш вазирлиги


тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг врач экспертларини реабилитолог мутахассислиги бўйича бепул қайта тайёрлаш;


2025 йил

апрель-май



тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари мутахассислари ва оилавий шифокорлар малакасини бепул ошириб бориш.


2025 йил

сентябрь,

кейинчалик

доимий



3. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини ошириш марказида шахснинг кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини (функционаллигини) аниқлаш бўйича "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларининг ходимлари малакасини ошириб бориш.


2025 йил

сентябрь,

кейинчалик

доимий


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


4.

Фуқароларга ногиронлик белгилаш жараёнида оилавий шифокорлар томонидан тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари кўриги учун тиббий ҳужжатларни юбориш тизимини йўлга қўйиш ва уларнинг масъулиятини ошириш.


1. Фуқароларга ногиронлик белгилаш учун тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларига юбориладиган йўлланма (088/у) шаклини қайта кўриб чиқиш орқали маълумотларни тўлиқ акс эттириш имконини яратиш.


2024 йил

август


Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ривожлантириш дастурларига ажратилган маблағлар, Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари (Ҳисоб-китобларга кўра)


Соғлиқни сақлаш вазирлиги


2. Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятидаги оилавий шифокорларни зарур ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш.


2024 йил

август


3. Фуқароларнинг тиббий ҳужжатлари ўз вақтида тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларига юборилишини оилавий шифокорлар фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичларидан бири этиб белгилаш орқали уларни рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш тизимини йўлга қўйиш.


2025 йил

март


5.

Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида фаолият юритаётган ходимлар фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш.


Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ходимларини улар фаолияти самарадорлигининг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) бажарилишидан келиб чиқиб, рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш.


2024 йил

сентябрь


Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан (Ҳисоб-китобларга кўра)


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


6.

Тиббий ижтимоий экспертиза хизматини стандартлаштириш ҳамда ногиронликни белгилаш йўналишидаги ахборот алмашинувини рақамлаштириш.


1. Фуқароларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг кўригидан ўтиши учун йўллашдан олдин даволаниш лозим бўлган муддатларни касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб белгилаш.


2025 йил

март


Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ривожлантириш дастурларига ажратилган маблағлар, Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари, Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари (Ҳисоб-китобларга кўра)


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


2. Ногиронликни белгилашда инобатга олинадиган тиббий мезонларни қайта кўриб чиқиб, ногиронликнинг муддати, сабаби, тиббий реабилитация тадбирлари, шунингдек протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлигини белгилаш жараёнини рақамлаштириш.


2025 йил

март


3. Амбулатор ва стационар тиббиёт муассасалари ҳамда бирламчи тиббий-санитария муассасалари ўртасида электрон ахборот алмашинувини ташкил этиш, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг тегишли ахборот тизимларини "Электрон ҳукумат" тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими билан интеграция қилиш.


2025 йил

сентябрь


7.

Тиббий-ижтимоий экспертиза фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.


Қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш. Бунда:

тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаш;

ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг фаолиятини тугатиш;

тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни кўрикдан ўтказишни йигирма календарь кундан кечиктирмай амалга ошириш;

туманлараро, туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияларининг рўйхатига ўзгартириш киритиш.


2024 йил

октябрь

Маблағ талаб қилинмайди


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


8.

Ногиронликни белгилашнинг биопсихоижтимоий моделига ўтган давлатлар тажрибасини ўрганиш.


Ногиронликни белгилашнинг биопсихоижтимоий моделига ўтган давлатлар тажрибасини ўрганиш мақсадида ривожланган хорижий мамлакатларга (Португалия, Швейцария, Франция, Буюк Британия, Швеция, Тайвань, Латвия) хизмат сафарларини ташкил этиш.


2024 йил

сентябрь-

декабрь


Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари (Ҳисоб-китобларга кўра)


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги


9.

Инфаркт, инсульт ва жарроҳлик амалиётидан сўнг реабилитация қилиш бўйича ягона миллий тизимни яратиш.


1. Қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш:

инфаркт, инсульт ва жарроҳлик амалиётини ўтказган беморларни реабилитация хизматларига йўллаш ҳамда реабилитация хизматларини кўрсатиш тартиби;

инфаркт, инсульт ва жарроҳлик амалиётини ўтказган беморларни реабилитация қилиш стандартлари;

бажарилган реабилитация хизматларининг самарадорлигини баҳолаш тартиби.


2024 йил

октябрь


Маблағ талаб этилмайди


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


2. Лойиҳани ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2024 йил

ноябрь


10.

Ногиронлиги бўлган шахсларни таълим ва касбга йўналтириш ҳамда спортга жалб этишнинг мезонларини ишлаб чиқиш.


1. Қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш:

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик тоифаси ва ёшидан келиб чиқиб, уларни тарбия ва таълимга йўналтириш тартиби;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик тоифаси ва ёшидан келиб чиқиб, уларни касбга тайёрлаш ва йўналтириш тартиби;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик тоифаси ва ёшидан келиб чиқиб, уларнинг бандлигини таъминлаш тартиби;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик тоифаси ва ёшидан келиб чиқиб, уларни оммавий спорт ва параспортга йўналтириш тартиби;

вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилаш тартиби.


2025 йил

февраль


Маблағ талаб қилинмайди



Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Адлия вазирлиги


2. Таклифларни умумлаштириш ва ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


2025 йил

март


11.

Тиббиёт йўналишидаги давлат олий таълим муассасаларида ўқув дастурларига тиббий-ижтимоий экспертиза йўналиши бўйича ўқув машғулотларини киритиш.


2025/2026 йил ўқув йилидан бошлаб тиббиёт йўналишидаги давлат олий таълим муассасаларида бакалавр, клиник ординатура ва магистратура йўналишларининг ўқув дастурларига шахснинг кундалик ҳаётдаги фаоллиги ва иштирокини (функционаллигини) ҳамда шахснинг саломатлиги ҳолатини баҳолашдан ўтказиш орқали ногиронликни аниқлаш, шунингдек реабилитология асослари бўйича ўқув машғулотларини киритиш.


2025 йил

сентябрь

Давлат бюджети маблағлари (Ҳисоб-китобларга кўра)


Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги


12.

Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари моддий техник-базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда аҳолига ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш.


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар, шунингдек Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияларини автотранспорт воситалари билан таъминлаш.


2024 йил

декабрь

Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари, Давлат бюджети маблағлари (Ҳисоб-китобларга кўра)


Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


           

         




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 16 июлдаги

ПҚ-257-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 ноябрдаги "Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-22-сон қарорида:


а) 4 ва 5-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


б) 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"6. Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм ва Наманган вилоятларида қўшимча равишда биттадан туманлараро тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ташкил этилсин";


в) 7-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


г) 12-банддан "янги ташкил этилаётган педиатрия ва" сўзлари чиқариб ташлансин;


д) илованинг 14-позицияси чиқариб ташлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 апрелдаги "Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-230-сон қарорининг 2-бандида:

тўртинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

бешинчи хатбоши тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 февралдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-74-сон қарорида:


а) 2-банднинг иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;


б) 7-банддан "педиатрия" сўзи чиқариб ташлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 сентябрдаги "Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-319-сон қарори 2-иловаси 14-позицияси "Амалга ошириш механизми" устунидаги "ногиронликни баҳолаш ва аниқлашнинг тиббий моделидан ижтимоий моделига" сўзлари "шахснинг функционаллигини баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб ногиронлик белгилаш тизимига" сўзлари билан алмаштирилсин.

        

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 17 июль


















































































Время: 0.0094
АВда рўйхатга олинган рақами бўйича қатъий мувофиқлик
  • Барчаси
  • амалдаги
  • кучини йўқотган
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • исталган сана
  • аниқ сана
  • давр
  • -

Қидирувни пастга тушириш