язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Маълумотларни тармоқлар орқали узатишни ташкиллаштириш. Интернет/ Телекоммуникация операторлари (провайдерлари)нинг хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 24.11.2015 й. 2733-сон билан рўйхатга олинган ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг 11.11.2015 й. 138-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 24 ноябрда 2733-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

ахборот технологиялари

ва коммуникацияларини

ривожлантириш вазирининг

2015 йил 11 ноябрдаги

138-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



Телекоммуникация операторлари (провайдерлари)нинг

хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари билан

ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Уй-жой кодекси, Ўзбекистон Республикасининг "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги ва "Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ телекоммуникация операторлари (провайдерлари)нинг хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом телекоммуникация операторлари (провайдерлари) ва хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари (бундан буён матнда ширкат деб юритилади) ўртасида телекоммуникация воситалари ҳамда иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш бўйича вужудга келадиган муносабатларни тартибга солади.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


телекоммуникация оператори (бундан буён матнда оператор деб юритилади) - мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида телекоммуникациялар тармоғига эга бўлган, унинг ишлаши, ривожланишини таъминловчи ва телекоммуникация хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;


телекоммуникация хизматлари провайдери (бундан буён матнда провайдер деб юритилади) - фойдаланувчиларга операторлар тармоғи орқали тижорат асосида телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


телекоммуникациялар тармоғи - узатишларнинг бир ёки бир неча турини: телефон, телеграф, факсимиль турларини, маълумотлар узатиш ва ҳужжатли хабарларнинг бошқа турларини, телевизион ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминловчи телекоммуникация воситаларининг мажмуи;


телекоммуникация воситалари - электромагнит ёки оптик сигналларни ҳосил қилиш, узатиш, қабул қилиш, қайта ишлаш, коммутация қилиш ҳамда уларни бошқариш имконини берувчи техник қурилмалар, асбоб-ускуналар, иншоотлар ва тизимлар;


телекоммуникация иншоотлари - телекоммуникация тармоқлари ва воситаларининг ишлаши ҳамда улардан фойдаланишни таъминловчи бинолар, қурилмалар, телекоммуникация линиялари, мосламалар, таянчлар, мачталар ва бошқа иншоотлар;


телекоммуникациялар - сигналлар, белгилар, матнлар, тасвирлар, товушлар ёки ахборотнинг бошқа турларини ўтказгичли, радио, оптик ёки бошқа электромагнит тизимларидан фойдаланган ҳолда узатиш, қабул қилиш, қайта ишлаш;


телекоммуникациялар хизматлари - оператор ва провайдернинг сигналлар ҳамда бошқа ахборот турларини телекоммуникация тармоқлари орқали қабул қилиш, узатиш, қайта ишлашга доир фаолияти маҳсули.


3. Ушбу Низомда ширкат объектлари деганда қуйидагилар тушунилади:

турар жой бинолари;

кўп квартирали уйларнинг турар жойлари ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлари, уларнинг уй атрофидаги ҳудудлари.



2-БОБ. ШИРКАТ ОБЪЕКТИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ҲУҚУҚИНИ БЕРУВЧИ ШАРТНОМАНИ ТУЗИШ


4. Телекоммуникация воситалари ва иншоотларини ширкат объектларида жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш учун оператор (провайдер) ширкатга ёзма сўров юборади.

Ёзма сўровга қуйидагилар илова қилинади:

юридик шахснинг давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

фаолиятнинг муайян турини амалга ошириш учун оператор (провайдер)га берилган лицензияларнинг нусхалари;

телекоммуникация ускуналари ҳақидаги маълумотлар.


5. Ширкат сўровни олгандан кейин мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган, унга илова қилинган ҳужжатларнинг мавжудлигини текширади ва ушбу сўров келиб тушган кундан бошлаб 30 иш кунидан ошмаган муддат ичида тегишли қарорни қабул қилиш учун ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши чақирилишини ташкил қилади.


6. Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш ва олиб бориш тартиби Ўзбекистон Республикасининг "Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.


7. Ширкат объектларида телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш) усуллари, уларни жойлаштириш (ўрнатиш) билан боғлиқ ишлар рўйхати, ушбу ишларнинг ўтказиш босқичлари ва муддатлари, шунингдек телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш) учун зарур бўлган ширкат объектини ижарага олиш шартлари ва нархи муҳокама қилинади.


8. Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш)нинг рад этилиши учун асос бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳужжатларда нотўғри маълумотларнинг аниқланиши;

телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш) учун техник имкониятнинг йўқлиги;

ширкат аъзолари умумий йиғилишининг эллик фоиздан кўп овоз билан салбий қарор қабул қилиши.


9. Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш тўғрисидаги ижобий қарори қабул қилинган ҳолда, телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш мақсадида ширкат объектидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи шартномани (бундан кейин матнда шартнома деб юритилади) тузишга доир музокараларни бошлаш таклифи тўғрисида 5 иш кунидан ошмаган муддатда оператор (провайдер)га хабар қилинади.


10. Ширкат ва оператор (провайдер) ўртасидаги шартнома қуйидаги принциплар асосида тузилади:

шартномани тузиш эркинлиги;

томонларнинг ўзаро манфаатдорлиги;

томонларнинг шартнома тартибига ва ўзаро мулкий жавобгарликка риоя қилиши.



3-БОБ. ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ВОСИТАЛАРИ

ВА ИНШООТЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ (ЎРНАТИШ),

УЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВА ЭКСПЛУАТАЦИЯ

ҚИЛИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


11. Оператор (провайдер) лойиҳа ҳужжатлари, ширкат билан тузилган шартнома, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талаблари ва шартларига мувофиқ телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш)ни амалга оширади.


12. Телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш)га оид шартлар шартномада акс эттирилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

ишчи зонани ва телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш) усулларини аниқлаш;

телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш) билан боғлиқ ишлар рўйхатини белгилаш;

телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш) билан боғлиқ ишларнинг ўтказиш босқичлари ва муддатларини аниқлаш;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиш.


13. Ширкат объектларида телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилишда оператор (провайдер) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ хавфсизлик чораларини таъминлаши керак.


14. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларини бузган ҳолда жойлаштирилган (ўрнатилган), хизмат кўрсатиладиган ва эксплуатация қилинадиган телекоммуникация воситалари ва иншоотлари оператор (провайдер) маблағлари ҳисобидан демонтаж қилиниши зарур.


15. Телекоммуникация воситалари ва иншоотларини монтаж ёки демонтаж қилиш ишлари оқибатида ширкат объектига етказилган шикастланишлар бартараф этилиши, объектнинг йўқолган ёки шакли ўзгарган қисмлари оператор (провайдер)нинг шахсий ҳисобидан тўлиқ тикланиши лозим.


16. Ширкат объектининг оператор (провайдер) томонидан қайтариб берилиши ширкат томонидан объектнинг ҳолатига нисбатан даъволари йўқлиги кўрсатилган далолатнома асосида амалга оширилади.



4-БОБ. ТОМОНЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Оператор (провайдер) шартномага мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ширкат объектларида телекоммуникация воситалари ва иншоотларини белгиланган тартибда жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилишни амалга ошириш;

унга тегишли бўлган телекоммуникация воситалари ва иншоотларига ширкат вакили иштирокида кириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиш.


18. Оператор (провайдер) шартномага мувофиқ қуйидагиларга мажбур:

ширкат билан тузилган шартномага мувофиқ телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш шартларини бажариш;

телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш учун тўловни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда киритиш;

ширкатга етказилган зарарни қоплаб бериш.


19. Ширкат шартномага мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

операторлар (провайдерлар)га ширкат объектларини фойдаланишга бериш;

оператор (провайдер)дан телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш тўловини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда олиш;

оператор (провайдер) билан тузилган телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш шартномаси шартлари бажарилишини талаб қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиш.


20. Ширкат шартномага мувофиқ қуйидагиларга мажбур:

телекоммуникация воситалари ва иншоотларини ширкат объектларида жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш учун техник имкониятлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш;

оператор (провайдер)нинг ширкат объектидаги телекоммуникация воситалари ва иншоотларига кириш ҳуқуқига эга бўлишини таъминлаш.


21. Ширкат форс-мажор ҳолатларидан ташқари, мустақил равишда телекоммуникация воситалари ва иншоотларини электр таъминотидан узиб қўйиш ёки демонтаж қилиш ёхуд бошқа усул билан оператор (провайдер) ишларини ўтказишга тўсқинлик қилиш ҳуқуқига эга эмас.


22. Ширкат томонидан форс-мажор ҳолатлари натижасида электр таъминоти узиб қўйилган ҳолда ширкат шартномага мувофиқ алоқа воситалари орқали бу ҳақда оператор (провайдер)га хабар қилади.


23. Ширкат шартномада белгиланган муддатда оператор (провайдер)нинг телекоммуникация воситалари ва иншоотлари жойлашган ширкат объектларида таъмирлаш ишлари ўтказилиши тўғрисида оператор (провайдер)ни хабардор қилади.



5-БОБ. ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ ЮРИТИШ


24. Телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш учун ширкат объектидан фойдаланганлик учун тўлов шартномада белгиланган миқдорда амалга оширилади.


25. Телекоммуникация воситалари ва иншоотларини жойлаштириш (ўрнатиш), уларга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш учун ширкат объектидан фойдаланганлик учун тўловни амалга ошириш тартиби ва муддатлари шартнома билан белгиланади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


26. Ушбу Низом Тошкент шаҳар Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 30 ноябрь, 47-сон, 602-модда