ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Базада янги / Июнь, 2025 й. / Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари / Вазирликлар, қўмиталар фаолиятини ва таркибини тартибга солиш /Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш Стратегияси (ЎзР Президентининг 19.06.2025 й. ПФ-95-сон Фармонига 1-илова)
Функцияни амалга оширишнинг имкони йўқ
Мазкур функциядан фақат мижозлар (фойдаланувчилар) фойдаланишлари мумкин
Ўзбекистон Республикаси
Президентининг
2025 йил 19 июндаги
ПФ-95-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш
СТРАТЕГИЯСИ
Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) "Ўзбекистон - 2030" стратегиясида белгиланган 100 та устувор мақсадлардан келиб чиқиб, ҳозирги тезкорлик билан ўзгариб бораётган янги шароитларга мослашувчан, профессионал, инновацион ва натижадорликка қаратилган давлат фуқаролик хизматининг янги моделини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Мазкур Стратегияда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
давлат органи - Давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхатига киритилган давлат ҳокимият ваколатларига эга бўлган ташкилий жиҳатдан алоҳида тузилма;
давлат фуқаролик хизматининг карьеравий модели - давлат фуқаролик хизматининг юқори ва тенг лавозимларга ўтиш учун иш тажрибаси ва меҳнат стажи талаб этилиб, лавозимларни иерархик тартибда эгаллашни, шунингдек, кенг маънода давлат хизматчиларининг малакаси, тажрибаси ва ваколатларини мунтазам ошириб бориш, уларга малака даражалари беришни ҳамда хизмат поғоналаридан босқичма-босқич горизонтал ва вертикал ўсишни назарда тутувчи тизим;
давлат фуқаролик хизматининг позициявий модели - давлат фуқаролик хизматининг ҳар қандай лавозимларини эгаллаб турган лавозими ҳамда давлат фуқаролик хизматида фаолият юритиши ёки юритмаслигидан қатъи назар малака талабларига жавоб берадиган номзодлар томонидан очиқ танловлар орқали эгаллаш мумкинлигини назарда тутувчи тизим;
давлат фуқаролик хизматининг гибрид модели - карьера ва позицион моделларнинг хусусиятларини ўз ичига қамраб олган давлат фуқаролик хизматининг аралаш модели;
давлат фуқаролик хизматида инклюзивлик - давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш ва фаолият юритиш учун номзодларнинг имконияти чекланганлиги (ногиронлиги), жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш орқали давлат фуқаролик хизматида хилма хилликни ривожлантириш.
Стратегия давлат бошқарувининг энг муҳим институтларидан бири бўлган давлат фуқаролик хизмати тизимини такомиллаштириш ва ривожлантиришнинг асосий тамойиллари ҳамда ўрта ва узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилайди.
2-БОБ. ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТИНИНГ
ҲОЗИРГИ ҲОЛАТИ ВА МАВЖУД МУАММОЛАР
Сўнгги йилларда давлат фуқаролик хизмати тизимининг ҳуқуқий, ташкилий ва услубий асосларини белгилаш, соҳага доир қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишларнинг олиб борилиши натижасида қуйидагиларга эришилди:
"Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак" деган тамойил амалиётга жорий этилди ҳамда давлат хизматчилари фаолиятининг асосий мезони этиб белгиланди;
давлат фуқаролик хизматининг аҳолига яқин бўлишини таъминлаш ва масалаларни жойларда ҳал этиш мақсадида маҳаллабай ишлаш тизими жорий этилиб, жаҳон тажрибасида ноёб бўлган "маҳалла еттилиги" институти яратилди;
давлат органларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ташкил этилди;
давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Қонун қабул қилиниб, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатиш тартиби белгиланди;
давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари тасдиқланиб, уларнинг хизмат фаолияти давомида ва хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқи, жамоатчилик билан муносабатларига доир талаблар белгиланди, шунингдек, давлат органларида одоб-ахлоқ комиссиялари фаолияти йўлга қўйилди;
кадрлар салоҳиятини такомиллаштириш Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди ва зарур тадбирлар амалга оширилмоқда;
давлат фуқаролик хизматига муносиб кадрларни танлов асосида қабул қилиш тизими жорий қилинди ҳамда мазкур тизим рақамлаштирилиб, "vacancy.argos.uz" электрон платформаси ишга туширилди. Бу ўз навбатида бюрократик тўсиқларни қисқартириб, ишга қабул қилишда сўраладиган ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинишига олиб келди;
инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш соҳасини рақамлаштириш ва автоматлаштириш бўйича "hrm.argos.uz" электрон платформаси ишга туширилиб, давлат фуқаролик хизматчиларининг ягона марказлаштирилган маълумотлар базаси шакллантирилди;
давлат фуқаролик хизматчиларининг билимларини аниқлаш ҳамда уларнинг психологик портретини яратиш бўйича Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули (test.argos.uz) ишга туширилди;
туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари ҳамда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш тизими йўлга қўйилди ҳамда "samaradorlik.uz" электрон платформаси ишга туширилди;
давлат хизматида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишга масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи - Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди;
раҳбарлик лавозимларига малакали кадрларнинг барқарор захирасини таъминлаш, унинг сифатини яхшилаш мақсадида Миллий кадрлар захираси ва Салоҳиятли кадрлар захираси шакллантирилди ҳамда махсус "zaxira.argos.uz" электрон платформаси ишга туширилди;
раҳбарлар ва раҳбарликка номзодларнинг салоҳияти ва маънавий-психологик тайёргарлигини баҳолашдан ўтказиш мақсадида Агентлик муассислигида Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази ташкил этилди;
давлат томонидан давлат фуқаролик хизматчилари ва мутахассисларнинг хориждаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасаларда таълим олиши ва стажировка ўташини рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилди;
давлат фуқаролик хизматчиларига масофавий малака ошириш имкониятини берувчи масофавий таълим портали ишга туширилди ҳамда мазкур порталда турли соҳаларга оид 400 га яқин видеоматериаллар, 240 дан ортиқ электрон адабиётлар жойлаштирилиб, тизимда 62 000 дан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари рўйхатдан ўтди;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари - вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларда таркибий бўлинмаларни шакллантириш ҳамда лавозимларни жорий этишга оид ягона талаблар ишлаб чиқилиб, раҳбар ходимлар ва ижрочиларнинг минимал 1/3 нисбати (битта раҳбарга камида уч нафар ходим) белгиланди ва амалиётга татбиқ этилди;
давлат фуқаролик хизматчиларининг билимларини ошириш мақсадида ҳафтанинг энг муҳим ва долзарб мавзулар юзасидан "Сиёсий-маърифат соати" ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиб, ҳар ҳафта 30 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари кузатиб бормоқда.
Шу билан бирга, давлат фуқаролик хизматида ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор масалалар мавжуд. Хусусан:
давлат органларида соҳани ривожлантириш бўйича стратегик режалаштиришнинг самарали механизмлари ва яхлит тизими жорий этилмаган;
давлат фуқаролик хизматида инсон ресурсларини стратегик режалаштириш тизими мавжуд эмас;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида бир-бирини такрорловчи функция ва вазифалар мавжудлиги, улар фаолиятининг аниқ функционал чегараси белгиланмагани, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда кадрларни жой-жойига қўйиш бўйича қарорларни қабул қилиш аксарият ҳолатларда марказларда ҳал бўлиши маҳаллий ҳокимликлар фаолияти самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда;
давлат фуқаролик хизматининг ҳозирги замон талабига мос равишда ноанъанавий вазиятларга тайёрлигини ва мослашувчанлигини ҳамда инновацияларга очиқлигини ошириш лозим;
давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларга "ҳалоллик вакцинаси"ни сингдириш ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш бўйича чора-тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш талаб этилади;
давлат фуқаролик хизматида гендер тенглик ва инклюзивликни ошириш бўйича тадбирларнинг самарадорлигини янада кучайтириш эҳтиёжи мавжуд;
давлат фуқаролик хизмати эҳтиёжларидан келиб чиқиб, юқори билимли, маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик сифатларига эга бўлган раҳбар кадрлар захирасини тайёрлаш ва истиқболли кадрларни жалб қилиш тизимини янада такомиллаштириш талаб этилади;
давлат фуқаролик хизматида рақамлаштиришни янада ривожлантириш, мавжуд электрон платформаларнинг бошқа электрон платформалар билан интеграция қилишни жадаллаштириш ва тегишли жараёнларни автоматлаштириш лозим;
давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенциясини узлуксиз равишда ошириб боришни ўқув-услубий мувофиқлаштиришнинг ягона тизими шакллантирилмаган ҳамда ушбу соҳага хусусий сектор кенг жалб этилмаган;
давлат фуқаролик хизматидаги лавозимлар таҳлили ва компетенция моделининг мавжуд эмаслиги тегишли лавозимларга энг муносиб кадрларни тўғри танлаб олиш, шунингдек, ходимларнинг касбий кўникмаларини самарали ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда;
давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тегишли лавозимда бажариладиган ишларнинг мураккаблиги, аҳамияти ва натижадорлигига асосланган замонавий тизими жорий этилмаган;
давлат фуқаролик хизмати жозибадорлигининг юқори эмаслиги, давлат фуқаролик хизматчиларини мотивациялаш тизими етарли даражада ривожланмагани кадрлар қўнимсизлигининг ошишига ҳамда уларнинг фаолият самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда.
3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ
Мазкур Стратегия давлат фуқаролик хизмати тизимини янада такомиллаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш, давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг натижадорлиги ва самарадорлигини ошириш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлашга қаратилган инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш соҳасида 2030 йилгача давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида қуйидаги устувор йўналишларни ўз ичига қамраб олади:
давлат фуқаролик хизмати тизимида институционал ислоҳотларни амалга ошириш;
коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда миллий қадрият ва корпоратив маданиятни мустаҳкамлаш;
давлат фуқаролик хизматида инклюзивликни ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш;
муносиб раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш, истиқболли кадрлар билан ишлашнинг самарали механизмларини жорий этиш;
давлат фуқаролик хизматини рақамлаштириш ва трансформация қилиш;
инсон ресурсларини замон талабларига мувофиқ ривожлантириб бориш, шу жумладан, компетенция моделини жорий этиш;
давлат фуқаролик хизмати жозибадорлигини ошириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш.
3.1-§ Давлат фуқаролик хизмати тизимида институционал
ислоҳотларни амалга ошириш
Ушбу йўналишда қуйидагилар амалга оширилади:
узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, мақсад ва вазифаларини аниқлаш ҳамда стратегик режалаштиришни кўзда тутувчи яхлит тизимни жорий этиш;
ҳар бир давлат органида раҳбар кадрларнинг масъулияти, жавобгарлиги ҳамда ҳисобдорлигини кучайтириш бўйича янги тизим жорий этиш;
давлат органларига юклатилган вазифа ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашга лаёқатли бўлган инсон ресурсларининг сон ва сифат таркибини шакллантириш ҳамда доимий ривожлантириб боришни аввалдан режалаштириш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш;
маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органларининг республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан вазифа, функциялари ва ваколатларининг чегарасини аниқ белгилаш, шунингдек, ҳокимликларга юклатилган айрим вазифаларни давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат ёки хусусий секторга босқичма-босқич ўтказиш чораларини кўриш;
замон талабидан келиб чиқиб, вазиятли режалаштириш тизимини жорий этиш орқали юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий инқирозли вазиятлар учун стандарт меъёрлар ва ҳаракатларни ўз вақтида тайёрлаш тизимини жорий этиш;
давлат органларида гибрид ва мослашувчан иш тизимини кенг жорий этиш;
айрим вазирлик ва идораларни (марказий аппаратларидаги таркибий тузилмаларни) пойтахтдан кўчириш, шунингдек, юқори лавозимдаги раҳбарларнинг пойтахтдан ташқаридаги ҳудудларда яшаб, иш ташкил этиш амалиётини жорий этиш орқали жойлардаги муаммоларга яқинроқ бўлишини таъминлаш;
давлат органлари биноларини замонавий офисларга алмаштириш ҳамда жойларда давлат органларининг масофавий офисларини ташкил этиш;
давлат органларида ресурслар сарфини (сув, электр, иссиқлик энергияси, бинони сақлаш, ходимлар учун тўғри келадиган ўртача майдон ва ҳоказо) мунтазам таҳлил қилиб бориш асосида харажатларни ҳар йили мақбуллаштириб бориш амалиётини жорий этиш;
давлат фуқаролик хизматида энг муносиб кадрларнинг ишлашини таъминлаш бўйича карьеравий ва позициявий моделларни уйғунлаштириш орқали давлат фуқаролик хизматининг гибрид моделини жорий этиш;
давлат фуқаролик хизматчиларини нафақат лавозим бўйича вертикал, балки горизонтал ўсиши, ваколатлари ва малака даражасининг ошиши ҳамда кўникмаларини ривожлантиришни назарда тутувчи карьеравий моделни кенг кўламда жорий этишга оид чора-тадбирларни амалга ошириш.
3.2-§ Коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш
ҳамда миллий қадрият ва корпоратив маданиятни мустаҳкамлаш
Ушбу йўналишда қуйидагилар амалга оширилади:
даромадларни декларация қилиш тизими билан босқичма-босқич давлат фуқаролик хизматчиларини тўлиқ қамраб олиш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича инновацион механизмлар, шу жумладан, замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш;
коррупцияга қарши курашишда томонларнинг ўзаро ҳамкорлигига асосланган давлат фуқаролик хизмати ва жамоатчиликнинг ҳаракатларини бирлаштиришнинг самарали механизмларини такомиллаштириш;
давлат хизматчиларида Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳини чуқурлаштиришга тизимли ёндашувни амалга ошириш;
одоб-ахлоқ комиссиялари фаолиятини тизимли ташкиллаштириш, шунингдек, доимий мувофиқлаштириб бориш механизмларини жорий этиш;
давлат фуқаролик хизматчиларининг маънавий ва касбий жиҳатдан ўсиши, ҳуқуқий маданиятини оширишга доир ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш;
давлат фуқаролик хизматчиларида ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби қадриятларни ўз ичига олган экологик маданиятни шакллантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.
3.3-§ Давлат фуқаролик хизматида инклюзивликни
ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш
Ушбу йўналишда қуйидагилар амалга оширилади:
давлат фуқаролик хизматида инклюзивликни ошириш;
давлат фуқаролик хизматида ногиронлиги бўлган шахслар қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланишлари ҳамда меҳнат қилишлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнат шароитларини яратиб бериш;
давлат фуқаролик хизматида хотин-қизларнинг улушини 2030 йилгача 40 фоизга етказиш;
Миллий кадрлар захирасида хотин-қизлар улушини 40 фоизга етказиш;
юқори лавозимларга хотин-қизларни мақсадли тайёрлашни амалга ошириш.
3.4-§ Муносиб раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш,
истиқболли кадрлар билан ишлашнинг самарали
механизмларини жорий этиш
Ушбу йўналишда қуйидагилар амалга оширилади:
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлик лавозимларига Миллий кадрлар захирасига олинган номзодлар орасидан тайинлаш амалиётини кенгайтириш;
раҳбар кадрлар захираси билан ишлаш жараёнларини рақамлаштириш, давлат органлари эҳтиёжларига мос равишда энг муносиб кадрларни тезкор саралаб олиш имконини берувчи сунъий интеллект технологияларига эга бўлган маълумотлар базасини яратиш;
давлат фуқаролик хизматига истиқболли шахсларни жалб этиш, истеъдодларни аниқлаш, уларни ривожлантириш тизимини илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб такомиллаштириш;
истиқболли ва иқтидорли кадрларни давлат фуқаролик хизматида сақлаб қолиш, уларнинг қўнимсизлигини камайтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
3.5-§ Давлат фуқаролик хизматини рақамлаштириш
ва трансформация қилиш
Ушбу йўналишда қуйидагилар амалга оширилади:
давлат фуқаролик хизматининг самарадорлиги, шаффофлиги, янги вазифа ва замон талабларига мослашувчанлигини оширишга қаратилган давлат фуқаролик хизматини рақамли трансформация қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
давлат фуқаролик хизматидаги жараёнларни автоматлаштириш орқали сифат ва самарадорлик даражаси ошиши, харажатлар қисқариши ҳамда инсон омили камайишига эришиш;
"Давлат хизматчиси" мобил иловасини яратиш орқали давлат фуқаролик хизматчиларининг замонавий ахборот технологиялардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш;
ахборот хавфсизлиги соҳасида замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда шахсга доир маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш ва уларнинг махфийлиги (хавфсизлиги)ни тўлиқ таъминлаш;
сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда ахборот тизимлари ва маълумотлар базасининг заифликларини ҳамда таҳдидларга бардошлилик даражасини аниқлаш тизимини жорий этиш;
давлат органлари ва ташкилотларида ходимларнинг иш жойига келиши ва кетишини кунлик равишда кузатиб бориш, шакллантирилган таҳлилий маълумотлардан фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида давлат фуқаролик хизматида иш вақтини автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган тизимини (Face ID) жорий қилиш.
3.6-§ Инсон ресурсларини замон талабларига мувофиқ
ривожлантириб бориш, шу жумладан, компетенция
моделини жорий этиш
Ушбу йўналишда қуйидагилар амалга оширилади:
"Ҳаёт давомида таълим олиш" (Life Long Learning) тамойили асосида давлат фуқаролик хизматчиларининг ўзларига зарур бўлган кўникмаларни ривожлантириб боришига қаратилган малака ошириш тизимининг ягона қоидаларини белгилаш;
давлат органларида инсон ресурсларини ривожлантиришга хусусий секторни кенг жалб қилиш орқали рақобатни ошириш ҳамда ўқитиш сифатни яхшилашга эришиш;
давлат фуқаролик хизматидаги лавозимлар оилалари, уларнинг гуруҳлари ва тоифаларини ишлаб чиқиш ва туркумлаштириш;
давлат фуқаролик хизматида компетенция моделини ҳамда профессионал компетенцияларни баҳолаш тизимини жорий этиш;
давлат фуқаролик хизматчилари ўз касбий ва шахсий компетенцияларини ривожлантириб боришини уларнинг карьеравий ўсиши ва моддий манфаатдорлиги билан боғлаш тизимини жорий этиш;
давлат фуқаролик хизматчилари компетенцияларини баҳолаш (ассессмент) жараёнларини рақамлаштириш;
вакант лавозимларга энг муносиб кадрларни танлаб олиш бўйича восита ва усулларни янада кенгайтириш ҳамда танлов тизимининг мослашувчанлигини янада ошириш;
давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларини тўлдириш жараёнида бошқа идоралар билан келишиш институтини қайта кўриб чиқиб, ваколатли давлат органлари вакилларини танлов комиссияси таркибига киритиш орқали келишувни бекор қилиш механизмларини жорий қилиш;
давлат фуқаролик хизматчиларини "Устоз-шогирд" анъаналарига кўра тажрибали, билимли ва малакали давлат фуқаролик хизматчиларига шогирд сифатида бириктириш амалиётини йўлга қўйиш.
3.7-§ Давлат фуқаролик хизмати жозибадорлигини
ошириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг
ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш
Ушбу йўналишда қуйидагилар амалга оширилади:
давлат фуқаролик хизматчиларининг иш ҳақини лавозимларни баҳолаш асосида грейдлар, балларга асосан таснифлаш ҳамда малакаси, тажрибаси, фаолияти самарадорлигига кўра ошиб боришини назарда тутувчи меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий тизимини жорий этиш;
давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнат фаолияти ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниши учун тегишли шарт-шароитлар яратиш;
давлат фуқаролик хизмати брендини, давлат фуқаролик хизматчисининг ижобий имижини шакллантириш, нуфузини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб бориш;
давлат фуқаролик хизматчиларига ижтимоий кафолатларни белгилашда меҳнат бозоридаги ўзгаришларга мутаносиб, хусусий сектор билан рақобатлаша оладиган ижтимоий кафолатлар тизимини босқичма-босқич жорий этиш;
давлат фуқаролик хизматчисига ёшга доир пенсия тайинлашда унинг давлат фуқаролик хизматидаги кўп йиллик иш стажи, малака даражаси ҳамда меҳнат фаолияти давомида эришган фаолият самарадорлиги натижаларини инобатга олиш тизимини жорий этиш.
4-БОБ. СТРАТЕГИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН
КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР
Стратегия доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш назарда тутилмоқда:
давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларни қонунчилик амалиётига имплементация қилиш ҳамда бу борада ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа комплекс чора-тадбирлар тизимини яратиш орқали миллий қонунчилик такомиллаштирилади;
давлат органларида инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқаришнинг самарали ва натижага йўналтирилган тизими шакллантирилади;
номзодларнинг касбий маҳорати ва фазилатларини объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятли шахсларни меритократия тамойили асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ҳамда уларнинг хизмат поғоналарида босқичма-босқич ўсишини назарда тутувчи давлат фуқаролик хизматининг карьеравий модели жорий этилади;
давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлиги, малака даражаси ва лавозим тоифасидан келиб чиққан ҳолда улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тизими яратилади;
давлат фуқаролик хизматчиларига ижтимоий кафолатлар бериш, шунингдек, уларни ўз касб маҳорати ва фаолият самарадорлигини оширишга рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими жорий этилади;
давлат фуқаролик хизматчиларида коррупцияга қарши янада муросасиз муносабат шакллантирилади;
киберҳужумлардан самарали ҳимояланиш ҳамда маълумотлар ва тизим хавфсизлигининг юқори даражасини таъминлаш орқали потенциал ҳужумларнинг олдини олишга эришилади;
ахборот хавфсизлигини таъминловчи технологиялар ва криптографик ҳимояси туфайли маълумотлар яхлитлиги ва транзакция шаффофлиги ошади;
сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш ходимлар маълумотларини таҳлил қилишни автоматлаштиради ва HR хизмати самарадорлигини оширишнинг янги имкониятларини аниқлайди;
ходимлар мустақил равишда кадрлар хизматларидан (масалан, сертификатлар, таътиллар, хизмат сафарлари) фойдаланишлари мумкин бўлади;
давлат органларига юклатилган вазифа ва функциялар самарали ижро этилишини ташкил этиш орқали аҳоли фаровонлиги ва жамиятнинг тегишли соҳалари барқарор ривожланишининг самарадорлиги таъминланади;
давлат фуқаролик хизматчиларига самарали фаолият юритиш учун муносиб шарт-шароитларни таъминлаш орқали давлат фуқаролик хизматининг нуфузи ошишига эришилади;
давлат фуқаролик хизматида хотин-қизларнинг улуши оширилади.
Шунингдек, 2030 йилга келиб:
Жаҳон банкининг Давлат бошқаруви сифати индексида (The Worldwide Governance Indicators) натижани 20 поғонага яхшилаш;
Коррупцияни қабул қилиш индексида (Transparency International) натижани 30 поғонага яхшилаш мақсад қилинган.
Стратегияни амалга оширишнинг комплекс чора-тадбирлар дастури икки босқични (2025-2026 йиллар ва 2027-2030 йиллар) ўз ичига олади.
Стратегияни амалга ошириш бўйича 2027-2030 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури Агентлик қарори билан тасдиқланади.
Дастурнинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш, мувофиқлаштириш, муаммоли масалаларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал қилиш Агентлик томонидан амалга оширилади ҳамда Давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш бўйича жамоатчилик кенгаши томонидан ҳисоботлар ҳар йили муҳокама қилиб борилади.
Амалга оширилган чора-тадбирлар ижроси ва мақсадли кўрсаткичлардан келиб чиқиб, Стратегиянинг бажарилиши ҳар йили баҳоланади ҳамда 2030 йилгача бўлган мақсадларга эришиш учун унга тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритилади.
Стратегияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ижроси Агентлик томонидан мониторинг қилиб борилади ва бошқа йўналишлардаги давлат сиёсатидан ва ижтимоий-иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, давлат фуқаролик хизмати соҳасини Ўзбекистонни умумий ривожлантириш стратегиялари ва ислоҳотлар билан мувофиқлаштириш мақсадида ушбу Стратегияга тегишлича ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2025 йил 23 июнь