Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Суд тизими. Суд таркиби. Судьяларни танлаш ва тайинлаш. Халқ маслаҳатчилари /

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Судлар фаолиятини ташкилий, моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.03.2001 й. 120-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил 10 мартдаги

120-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Судлар фаолиятини ташкилий, моддий-техника

жиҳатидан ва молиявий таъминлаш

департаменти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом махсус ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Судлар фаолиятини ташкилий, моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг (кейинги ўринларда "Департамент" деб аталади) асосий вазифалари ва ваколатларини белгилайди.


2. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


3. Департамент юридик шахс ҳисобланади ва ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирига ҳисоб беради.


4. Департамент Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) фуқаролик ишлари бўйича судлари, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) жиноят ишлари бўйича судлари (кейинги ўринларда "Судлар" деб аталади) фаолиятини, судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши принципларига қатъий риоя қилинган ҳолда, моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлашни амалга оширади.

Департамент одил судловни амалга ошириш жараёнига аралашишга ҳақли эмас.


5. Судларни молиялаштириш ва моддий-техника жиҳатидан таъминлаш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва харажатларини таъминлаш Департамент томонидан республика бюджети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия муассасалари ва судларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Департаментга давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар бюджетда алоҳида сатрда кўрсатилади.



II. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


6. Департамент қуйидаги ваколатларга эга:

судларни ташкил этиш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳокамасига киритади;

тегишли судьялар малака ҳайъати тавсияномалари асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига судья лавозимига кадрларни танлаш ва тавсия этиш масалаларини ҳал этиш учун зарур материалларни (ариза, фикрнома, хулоса, маълумотнома ва бошқа бошқа ҳужжатларни) тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг топшириғига биноан судларни ташкилий-техника жиҳатидан таъминлаш, шунингдек судларнинг кадрлари малакасини ошириш, бу соҳадаги халқаро тажрибани ўрганиш ва уни амалий фаолиятга жорий этиш масалалари билан боғлиқ бошқа топшириқларни бажаради;

судлар кадрларининг статистика ва шахсий ҳисобини юритади;

қабул қилинган суд қарорлари, шунингдек бошқа органлар қарорлари сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга оширади. Суд ижрочилари, суд мажлиси котиблари кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйишни амалга оширади ва уларнинг малакаси оширилиши учун ҳамда улар томонидан лавозим вазифалари бажарилиши учун жавоб беради;

судьялар ва судлар аппарати ходимларининг илмий асосланган иш юкламалари нормативларини ишлаб чиқади, судларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини ўрганади;

судларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминлайди;

халқ маслаҳатчиларини танлаш ва уларни сайлаш ишларини ташкил этади, шунингдек уларни ўқитади;

суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлилини амалга оширади;

судьялар ва судлар аппарати ходимларининг меҳнат, моддий ва ижтимоий таъминот шароитларини яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва уларни тегишли органларга киритади;

судларни молиялаштириш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади ва уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

судларга ажратилган маблағларни тақсимлайди ва уларнинг штат жадвалларини тасдиқлайди, ажратилаётган маблағларнинг мақсадли фойдаланилишини назорат қилади;

судларни моддий-техника жиҳатидан таъминлайди ва уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди, судларни техника, жиҳозлар, автотранспорт, мебель ва бошқа зарур воситалар билан таъминлаш чораларини кўради;

судлар биноларини қуриш ва таъмирлаш учун ажратилган капитал маблағлар ўзлаштирилишини таъминлайди, шунингдек уларнинг лойиҳалаштирилиши ва қурилишини назорат қилади;

ички ишлар органлари билан биргаликда судьялар ва суд процессларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратиш юзасидан тадбирлар ишлаб чиқади ва уларни амалга оширади;

судлар фаолиятини зарур даражада таъминлаш масалалари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

ўз ваколатлари доирасида фуқароларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини кўриб чиқади;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Департамент ўз ваколатлари доирасида давлат органлари ва бошқа органлардан, корхоналар, муссасалар, ташкилотлардан, мансабдор шахслардан зарур ҳужжатларни ва ахборотни сўрашга ҳақли.



III. СУДЬЯЛАР ЛАВОЗИМИГА ТАВСИЯ ЭТИШ УЧУН

НОМЗОДЛАР ЗАҲИРАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА

УЛАРНИ ТАНЛАШ БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР

ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


7. Судьялар лавозимига тавсия этиш учун номзодлар захирасини шакллантириш ва уларни танлаш бўйича таклифлар тайёрлаш ишлари судьяларнинг малака ҳайъатлари, Департамент ва унинг жойлардаги бўлимлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьялар лавозимига танлаш ва тавсия этиш олий малака комиссияси томонидан амалга оширилади.


8. Судья кадрлар заҳирасини шакллантириш, шахсларни судьялар лавозимига тавсия этиш билан боғлиқ барча материалларни дастлабки (биринчи даража) кўриб чиқиш судьялар малака ҳайъати томонидан амалга оширилади. Судьялар малака ҳайъатлари Департаментнинг жойлардаги бўлимлари билан ўзаро ҳамкорликда судларнинг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, муассасалар ва ташкилотларнинг, энг яхши тайёргарлик кўрган, юқори малакали ҳуқуқшунос ходимларидан, судьялар жамоат бирлашмалари аъзоларидан номзодлар танлайдилар, уларнинг малакасини, маънавий ва ишчанлик фазилатларини ўрганишни ташкил этадилар, малака имтиҳонлари ўтказадилар.

Захирага киритиш ёки судьяларнинг аниқ бўш лавозимларига тавсия қилинаётган номзодлар бўйича таклифлар судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан Департаментнинг жойлардаги бўлимларига юборилади. Судьяларнинг ҳар бир мавжуд бўш лавозимига камида 2-3 номзод таклиф этилади.


9. Департамент ва унинг жойлардаги бўлимларининг судьялар малака ҳайъатлари таклифларини умумлаштиришга доир фаолияти судья ходимлар захирасини шакллантириш ва бўш судья лавозимларига тайинлаш учун таклифлар тайёрлаш ишининг иккинчи босқичини ташкил этади.

Департаментнинг жойлардаги бўлимлари судьялар малака ҳайъатларидан тушган таклифлар ва материалларни умумлаштирадилар, ўрганадилар ҳамда судьялар кадрлари захирасига киритиш ёхуд аниқ лавозимга тавсия этилган ҳар бир номзод бўйича ўз хулосалари билан бирга кўрсатиб ўтилган материалларни Департаментга юборадилар.

Департамент судьялар малака ҳайъатларининг таклифлари ва тавсияларини ўзида тўплайди, уларни бундан кейинги ўрганишни ташкил этади, судьялар лавозимига номзодларнинг статистика ва шахсий ҳисобини юритади. Судья лавозимига кадрлар танлаш ва тавсия этиш масаласини ҳал этиш учун зарур материалларни тайёрлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига тақдим этади. Бўш лавозимларни эгаллашга номзодлар муқобил асосда кўрсатилади - бўш лавозимга камида 2-3 номзод таклиф этилади.

Судьялар малака ҳайъатларининг материаллари, таклифлари, тавсияномалари, Департаментнинг тавсияномалари судьяларни холис ва самарали танлаш, уларни ўрганиш ҳамда кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясида кўриб чиқиш учун зарур бўлган кадрлар тўғрисидаги ахборотлар мажмуини ташкил этади.


10. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси қонунга мувофиқ кадрларни судьялар лавозимига тайинлаш учун тавсияномалар тайёрлайдиган охирги инстанция ҳисобланади.

Департамент номзодларга материаллар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига судья лавозимларига бўш жойлар борлиги ва ваколатлари муддати тугаётган судьялар тўғрисидаги маълумотларни, захирага киритиш учун ёки бўш лавозимларга таклиф қилинган, бироқ комиссиянинг кўриб чиқиши учун киритилмаган номзодлар тўғрисидаги маълумотларни тегишли сабаблари кўрсатилган ва тушунтиришлар берилган ҳолда тақдим этади.


11. Ваколатлари муддатлари тугаётган туманлараро, туман (шаҳар) судларига, шунингдек фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари судьяларига, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судларига, ҳарбий судларга нисбатан уларни янги муддатга кўрсатиш тўғрисидаги масала судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан кўриб чиқилади. Судьялар малака ҳайъатларининг ушбу шахсларнинг лавозимга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги ҳамда уларни янги муддатга тайинлаш мумкинлиги тўғрисидаги хулосалари Департаментга юборилади. Департамент тақдим этилган материалларни ўрганиб чиққандан кейин уларни ўз хулосалари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига юборади.


12. Департамент бўш судьялар лавозимлари ўз вақтида тўлдирилиши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига тақдим этиладиган судьялар кадрлари бўйича материалларнинг тўлиқлиги ва сифати учун жавоб беради.

Захирани шакллантиришга доир таклифлар тайёрлаш ва судьялар лавозимига тавсия этиш учун номзодларни танлаш ишларини ташкил этиш тартиби Департамент Иш тартиби билан белгиланади.



IV. ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Департаментга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Департамент директори - Адлия вазирининг ўринбосари раҳбарлик қилади.


14. Департамент директори Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган ўринбосарларга эга бўлади.

Департамент таркибига бўлим бошлиқлари, бош, етакчи, катта инспекторлар ва мутахассислар киради.

Департаментнинг штат жадвали Департамент директори томонидан тасдиқланади.


15. Департамент жойларда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида) ҳудудий бўлимларга эга, улар суд қарорларини ва бошқа органлар қарорларини бажариш ишларини ташкил этадилар, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш, шунингдек суд амалиёти ва суд статистикасини тизимли таҳлил қилиш ишларини амалга оширадилар.

Департаментнинг ҳудудий бўлимлари юридик шахс ҳисобланади, бевосита Департамент томонидан шакллантирилади ва молиялаштирилади ҳамда ўз фаолияти тўғрисида Департамент директорига ҳисоб беради.


16. Департамент таркибий бўлинмаларининг, шунингдек ҳудудий бўлимлар бошлиқлари Адлия вазири билан келишилган ҳолда Департамент директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


17. Департамент директори:

Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятига раҳбарлик қилади;

Департамент Иш тартибини тасдиқлайди;

Департамент аппарати ходимларини, шу жумладан жойлардаги бўлимлар ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Департамент таркибий бўлинмалари ва жойлардаги бўлимлар бошлиқлари ҳисоботларини эшитади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади;

Департамент директори Департаментга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


18. Департамент директори жойида бўлмаган тақдирда унинг ваколатларини ўринбосарлардан бири амалга оширади.


19. Департамент директорининг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, бош, етакчи, катта инспекторлар ва мутахассислар ўз фаолиятини Департамент директори томонидан тасдиқланадиган функционал вазифаларга мувофиқ амалга оширадилар.


20. Департамент республика мулки ҳисобланадиган, тезкор бошқариладиган алоҳида мулкка эга.


21. Департаментни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади.





























Время: 0.1940
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск