язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Кредитлаш/ Тижорат банклари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли мақсадли микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 02.05.2006 й. 1567-сон билан рўйхатга олинган 14.04.2006 й. Марказий банк Бошқарувининг 275-В-сон, Молия вазирлигининг 41-сон, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 113-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2006 йил 2 майда 1567-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқаруви,

Молия вазирлиги,

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирлигининг

2006 йил 14 апрелдаги

275-В, 41, 113-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Тижорат банклари томонидан Иш билан

таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси

маблағлари ҳисобидан шахсий ёрдамчи ва деҳқон

хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш

учун имтиёзли мақсадли микрокредитлар

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 23 мартдаги "Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-308-сонли қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 12-13-сон, 104-модда) мувофиқ тижорат банклари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилаларнинг шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли мақсадли микрокредитлар бериш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

шахсий ёрдамчи хўжалик - шаҳарча, қишлоқ, овулларда яшовчи фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида уй-жой қуриш учун берилган участкаларнинг бир қисми - томорқада оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида оила эҳтиёжлари учун деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда оила эҳтиёжидан ортиқчасини деҳқон бозорларида сотиш билан шуғулланадиган оилавий хўжалик;

деҳқон хўжалиги - оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган томорқа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирадиган ва реализация қиладиган, юридик шахсни ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда фаолият юритадиган оилавий майда товар хўжалиги.


2. Мазкур Низом асосида тижорат банклари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда - Бандлик жамғармаси) маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилаларнинг шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш учун микрокредитлар ажратиш қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида амалга оширилади.


3. Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига Бандлик жамғармаси кредит линияси ҳисобидан чорвачиликни ривожлантириш учун бериладиган имтиёзли мақсадли микрокредитлар (кейинги ўринларда - микрокредитлар) миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 80 бараваригачани ташкил этади.


4. Мазкур Низом асосида микрокредитлар фақат кам таъминланган оилаларга берилади. Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларини кам таъминланган оилалар сифатида эътироф этиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Чорвачиликни ривожлантириш учун кам таъминланган оилаларга микрокредитлар ажратишга маҳалла, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини Кенгашлари тавсияномалари асос бўлиб хизмат қилади.


5. Ушбу микрокредитлар шартнома асосида 3 йилгача бўлган муддатга, қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз берилади.


6. Ушбу микрокредитлар чорвачиликни ривожлантириш учун қарз олувчининг хоҳишига кўра пул ўтказиб бериш йўли билан ёки нақд пул шаклида берилади.


7. Микрокредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори банк маржасини қўшиб ҳисоблаганда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг 1/4 қисми даражасида белгиланади. Бунда белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизини банк маржаси ташкил этади



II. БАНДЛИК ЖАМҒАРМАСИ ТОМОНИДАН

ТИЖОРАТ БАНКЛАРИДА КРЕДИТ

ЛИНИЯЛАРИНИ ОЧИШ ТАРТИБИ


8. Кредит линиясини очиш учун Бандлик жамғармаси ва Бош банк ўртасида бош келишув тузилади. Бош келишувда Бандлик жамғармаси ва бош банк ўртасида очиладиган кредит линиясига хизмат кўрсатиш бўйича томонларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари, кредитлаш муддатлари, имтиёзли фоиз ставкаси, банк маржаси, банкларнинг вилоят ва туман бўлимлари томонидан кредитлар бериш борасида ўрнатиладиган лимит (чегара)лар ва бошқа шартлар белгилаб олинади.


9. Бандлик жамғармаси ва Бош банк ўртасида Бош келишув имзоланганидан кейин, улар ўртасида кредит линияси очиш тўғрисида кредит шартномаси тузилади. Шунингдек кредит линиялари очиш учун кредит шартномалари тижорат банкларининг вилоят бўлимлари, агар уларга Бош банк томонидан ушбу ваколат берилган бўлса, ва Бандлик жамғармасининг вилоят бўлинмалари ўртасида ҳам тузилиши мумкин.


10. Бош банк билан тузиладиган кредит линияси очиш тўғрисидаги кредит шартномасига қуйидаги шартлар киритилган бўлиши лозим:

бир йиллик кредит линиясининг чораклар ва вилоятлар бўйича тақсимланган ҳолдаги миқдори;

банк маржаси чегирилган имтиёзли фоиз ставкаси;

кредит линияси маблағлари йўналтириладиган мақсад;

берилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши устидан назоратни амалга ошириш тартиби.


11. Бандлик жамғармаси ва Бош банк ўртасида тузиладиган кредит линияси очиш тўғрисидаги кредит шартномасида ушбу маблағлар банк томонидан фақат кам таъминланган оилаларнинг шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш мақсадларига микрокредит беришда кредит ресурслари сифатида ишлатилиши алоҳида қайд этилади.


12. Кредит шартномаси имзоланганидан кейин Бандлик жамғармаси ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмай кредит линияси суммасини тижорат банкининг вакиллик ҳисобварағига ўтказади.


13. Бандлик жамғармаси кредит линиялари ҳисобидан шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш учун берилган маблағлар 22005 "Бюджетдан ташқари жамғармалардан олинган узоқ муддатли кредитлар" баланс ҳисобварағида ҳисобга олинади.


14. Банклар очилган кредит линияси суммасига Бош келишувда белгилаб қўйилган банк маржаси чегирилган ҳолдаги имтиёзли фоиз ставкаси миқдорида фоизлар ҳисоблайди. Мазкур ҳисобланган фоизлар алоҳида ҳисобварақда жамланади ва кредит шартномасида келишиб олинган муддатларда Бандлик жамғармасининг банк ҳисобварағига ўтказиб берилади.


15. Навбатдаги кредит линияларини очиш учун Бандлик жамғармаси ва Бош банк ўртасида кредит шартномасига янги кредит линиялари суммаси кўрсатилган қўшимча келишув имзоланади.


16. Берилган микрокредитнинг кредит шартномасида белгиланган қайтариш муддати тугаганидан кейин қарз олувчи томонидан микрокредит банкка қайтарилганидан қатъи назар, Бош банк Бандлик жамғармасининг маблағларини, уларга тегишли давр учун ҳисобланган ва банк маржаси чегириб қолдирилган фоизларни қўшган ҳолда бюджетдан ташқари жамғарманинг банк ҳисобварағига қайтариши шарт.



III. МИКРОКРЕДИТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


17. Кам таъминланган оилаларнинг шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахслар ва деҳқон хўжаликлари бошлиқлари чорвачиликни ривожлантириш мақсадида Бандлик жамғармаси кредит линияси ҳисобидан микрокредит олиш учун, қоида тарақасида, ўзлари яшаб турган туманда жойлашган тижорат банклари филиалларидан бирига микрокредит беришни сўраб ариза билан мурожаат этишлари лозим.


18. Микрокредитлар олиш учун шахсий ёрдамчи хўжалиги юритувчи жисмоний шахс ёки деҳқон хўжалиги бошлиғи томонидан банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) Бандлик жамғармаси кредит линияси ҳисобидан чорвачиликни ривожлантириш учун мақсадли микрокредит беришни сўраб ёзилган ариза;

2) маҳалла, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини Кенгашларининг ушбу микрокредит олувчи жисмоний шахсга чорвачиликни ривожлантириш учун банк томонидан микрокредит берилишига тавсияномаси;

3) микрокредитнинг қайтарилиш таъминоти ҳақидаги қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат.

Бундан ташқари, жисмоний шахс ёки дехқон хўжалиги бошлиғи ўз паспортини шахсан кўрсатади ва паспорт нусхаси кредит йиғмажилдига тикиб қўйилади. Деҳқон хўжалигини давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги рўйхатга олувчи орган томонидан берилган гувоҳноманинг нусхаси ҳам кредит йиғмажилдига тикиб қўйилиши талаб этилади.


19. Маҳалла, қишлоқ, овул фуқаролар йиғинининг Кенгашлари томонидан чорвачиликни ривожлантириш учун банк томонидан кредит берилиши тўғрисидаги тавсияномада шахсий ёрдамчи хўжалиги ёки деҳқон хўжалигида қорамол боқиш учун шароит мавжудлиги, ушбу оила кам таъминланган оила эканлиги, унинг таркибида доимий иш жойига эга бўлмаган оила аъзолари мавжудлиги алоҳида таъкидланиши лозим. Тавсиянома маҳалла, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини Кенгашининг раиси томонидан имзоланиб, гербли муҳр қўйилган бўлиши лозим.


20. Қарз олувчилар микрокредитларни қайтарилишини таъминоти сифатида банкка қуйидаги таъминот турларидан бирини тақдим этишлари мумкин:

мол-мулк гарови;

банк ёки суғурта компанияси кафолати;

учинчи шахс кафиллиги;

қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтарилмаслик хатарининг банк-бенефициар фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси.

Микрокредит ҳисобига сотиб олинган қорамол мазкур кредит бўйича гаров предмети бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Сотиб олинган қорамол кредитни қайтариш таъминоти сифатида гаровга олинганда, ушбу қорамолнинг ўлиб қолиши, ўғирланиши, табиий офатлар натижасида нобуд бўлиш ҳолларидан банк (бенефициар) фойдасига суғурта қилинади.


21. Кафиллик банк фойдасига кафил ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган ёзма шаклдаги 3 (уч) нусхада кафиллик шартномаси билан расмийлаштирилади. Ушбу шартноманинг охирги бетида кафил ва қарздор имзоларидан кейин, банк томонидан мазкур кафиллик қабул қилинганлиги тўғрисида банк филиали бошқарувчиси томонидан имзоланган ва думалоқ муҳр қўйилган ёзув киритилади.


22. Микрокредит сўраб, мазкур Низомнинг 18-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатларни илова қилинган ҳолда, берилган аризанинг банкка келиб тушган кундан бошлаб, ушбу ариза бўйича банк филиали кредит қўмитаси томонидан хулоса бериш муддати 3 банк кунидан ошмаслиги лозим.

Микрокредит бериш асослантирилган ҳолда рад этилган тақдирда, банк аризачига бу ҳақда ёзма шаклда маълум қилиши шарт.


23. Тижорат банки филиали кредит қўмитасининг қарори Бандлик жамғармаси кредит линияси ҳисобидан микрокредитлар бериш ёки бермаслик учун асос ҳисобланади.

24. Бандлик жамғармаси томонидан шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларини уларга мурожаат қилишини талаб қилиши, шунингдек тижорат банкларидан мазкур кредитларни ажратишга доир қарорлар ва шу масала билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни талаб қилишига йўл қўйилмайди.


25. Тижорат банки филиали кредит қўмитаси томонидан қарз олувчининг аризаси бўйича ижобий хулоса берилганидан кейин Бандлик жамғармасининг кредит линиясида маблағ мавжуд бўлмаса, банк филиали шу куннинг ўзида Бош банкка ёки ушбу банкнинг вилоят бўлимига мазкур кредит линияси бўйича қўшимча маблағлар ажратиш ҳақидаги буюртмани йўллайди.

Банк бўлимининг буюртмаси асосида Бош банк ёки унинг вилоят бўлими буюртма олинган куннинг эртасидан кечиктирмай Бандлик жамғармаси кредит линияси ҳисобидан талаб қилинаётган суммани ажратади.

Агар Бандлик жамғармасининг Бош тижорат банкида очилган кредит линиясида маблағлар мавжуд бўлмаса, Бош банк шу куннинг ўзидаёқ бу ҳақда банк филиалига хабар беради ва бир вақтнинг ўзида, Бандлик жамғармасига қўшимча маблағлар ажратиш ҳақидаги талабномани жўнатади.


26. Тижорат банки филиали Бандлик жамғармасининг кредит линиясида маблағлар вақтинчалик мавжуд эмаслиги ҳақидаги хабарни олганидан кейин, ушбу хабар олинган куннинг эртасидан кечиктирмай, қарз олувчини бу ҳақда хабардор қилади. Айни вақтда, банк филиалининг кредит қўмитаси томонидан аризалари маъқулланган барча қарз олувчиларнинг исми ва шарифи (агар улар деҳқон хўжалиги бўлсалар - уларнинг номи), уларнинг кредит аризалари банк филиали кредит қўмитаси томонидан маъқулланган санадан келиб чиққан ҳолда, календарь навбат асосида рўйхат тузади.

Банк филиали томонидан кредит олиш учун навбатда турганлар рўйхати операциялар зали (фронт офис)нинг кўринадиган жойига барчанинг танишиши учун осиб қўйилади. Ушбу рўйхатнинг банк филиали бошқарувчиси томонидан имзоланган нусхалари тижорат банкининг вилоят бўлимига ва Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармасига назорат олиб бориш учун тақдим этилади.

Бандлик жамғармасининг кредит линиясига маблағ келиб тушганидан кейин микрокредитлар бериш қатъий равишда тузилган рўйхат асосида календарь навбати билан амалга оширилади.


27. Микрокредит шартномаси тузилган куннинг эртасидан кечиктирмаган ҳолда банк томонидан қарз олувчига ссуда ҳисобварағи очилади.



IV. КРЕДИТЛАШ ВА КРЕДИТНИ

ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


28. Микрокредитларни бериш ссуда ҳисобварағидан қарз олувчининг тўлов топшириқномасига кўра чорвачиликни ривожлантириш учун пул ўтказиб бериш ёки нақд пул бериш йўли билан амалга оширилади.


29. Шахсий ёрдамчи хўжалиги юритувчи жисмоний шахс томонидан микрокредитлар ва уларга ҳисобланган фоизлар банк кассасига нақд пул топшириш ёки қарз олувчининг омонат ҳисобварағидан пул ўтказиб бериш йўли билан амалга оширилади.


30. Деҳқон хўжалиги микрокредитнинг нақд пулда олинган қисми ва унга ҳисобланган фоизлар тўловини банк кассасига нақд пул топшириш йўли билан амалга оширади.


31. Жисмоний шахсларга берилган микрокредитлар ҳисоби 14900-сонли "Жисмоний шахсларга берилган узоқ муддатли кредитлар" баланс ҳисобварақларида ва деҳқон хўжаликларига берилган микрокредитларнинг ҳисоби 15000-сонли "Якка тартибдаги тадбиркорларга берилган узоқ муддатли кредитлар" баланс ҳисобварақларида юритилади.

32. Тижорат банклари томонидан кредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида фуқаролар йиғинининг маҳалла, қишлоқ, овул Кенгаши масъул ходими иштирокида микрокредитдан самарали ҳамда мақсадли фойдаланиланаётганлигини аниқлаш бўйича бевосита жойига чиқиб доимий мониторинг амалга оширилади.


33. Олинган микрокредитдан бошқа мақсадда фойдаланганлик ҳолати аниқланганда, банк кредит шартномасида белгиланган тартибда, кредитнинг мақсадга номувофиқ ишлатилган қисмини қарз олувчидан муддатидан олдин ундириб олиш ҳуқуқига эга.


34. Микрокредит бўйича қарздорликни ундиришда биринчи навбатда микрокредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ундирилади.

Микрокредитни қайтариш таъминоти сифатида учинчи шахс кафиллиги қабул қилинган бўлиб, қарз олувчи микрокредитни ва унга ҳисобланган фоизларни кредит шартномасида белгиланган муддатда қайтармаган тақдирда, банк кафилдан микрокредит ва унга ҳисобланган фоизларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириб олади.


35. Микрокредит белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда банк ундирувни гаров предметига ёки микрокредитнинг қайтарилиш таъминоти сифатида тақдим этилган таъминотнинг бошқа шаклларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қаратади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА

36. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 18-сон, 156-модда.