язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Кредитлаш/ Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли мақсадли микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 02.05.2006 й. 1568-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 08.04.2006 й. 9/7-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2006 йил 2 майда 1568-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2006 йил 8 апрелдаги

9/7-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Тижорат банклари томонидан

шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига

чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли

мақсадли микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 23 мартдаги ПҚ-308-сонли "Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 12-13-сон, 104-модда) мувофиқ тижорат банклари томонидан кам таъминланган оилаларнинг шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш учун имтиёзли мақсадли микрокредитлар (кейинги ўринларда - микрокредитлар) бериш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

шахсий ёрдамчи хўжалик - шаҳарча, қишлоқ, овулларда яшовчи фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида уй-жой қуриш учун берилган участкаларнинг бир қисми - томорқада оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида оила эҳтиёжлари учун деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда оила эҳтиёжидан ортиқчасини деҳқон бозорларида сотиш билан шуғулланадиган оилавий хўжалик;

деҳқон хўжалиги - оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида мерос қилиб қолдириладиган, умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган томорқа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирадиган ва реализация қиладиган, юридик шахсни ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда фаолият юритадиган оилавий майда товар хўжалиги.


2. Тижорат банклари томонидан кам таъминланган оилаларнинг шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш учун микрокредитлар бериш мазкур Низомда белгиланган тартибга биноан қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида амалга оширилади.


3. Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларига чорвачиликни ривожлантириш учун бериладиган микрокредитлар миқдори энг кам иш ҳақининг 80 бараваригачани ташкил этади.


4. Мазкур Низом асосида микрокредитлар фақат кам таъминланган оилаларга берилади. Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларини кам таъминланган оилалар сифатида эътироф этиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Чорвачиликни ривожлантириш учун кам таъминланган оилаларга микрокредитлар ажратишга маҳалла, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини Кенгашлари тавсияномалари асос бўлиб хизмат қилади.


5. Ушбу микрокредитлар шартнома асосида 3 йилгача бўлган муддатга, қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз берилади.


6. Чорвачиликни ривожлантириш учун микрокредитлар қарз олувчининг хоҳишига кўра пул ўтказиб бериш йўли билан ёки нақд пул шаклида берилади.


7. Микрокредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда белгиланади.



II. МИКРОКРЕДИТЛАРНИ

БЕРИШ ТАРТИБИ


8. Шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахслар ва деҳқон хўжаликлари бошлиқлари чорвачиликни ривожлантириш мақсадида микрокредит олиш учун, қоида тариқасида, ўзлари яшаб турган туманда жойлашган тижорат банклари филиалларидан бирига микрокредит беришни сўраб ариза билан мурожаат этишлари лозим.


9. Микрокредитлар олиш учун шахсий ёрдамчи хўжалиги юритувчи жисмоний шахс ёки деҳқон хўжалиги бошлиғи томонидан банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) чорвачиликни ривожлантириш учун микрокредит беришни сўраб ариза;

2) маҳалла, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини Кенгашларининг ушбу микрокредит олувчи жисмоний шахсга чорвачиликни ривожлантириш учун банк томонидан микрокредит берилишига тавсияномаси;

3) микрокредитнинг қайтарилиш таъминоти ҳақидаги қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат.

Бундан ташқари, жисмоний шахс ёки деҳқон хўжалиги бошлиғи ўз паспортини шахсан кўрсатади ва паспорт нусхаси кредит йиғмажилдига тикиб қўйилади. Деҳқон хўжалигини давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги рўйхатга олувчи орган томонидан берилган гувоҳноманинг нусхаси ҳам кредит йиғмажилдига тикиб қўйилиши талаб этилади.


10. Маҳалла, қишлоқ, овул фуқаролар йиғинининг Кенгашлари томонидан чорвачиликни ривожлантириш учун банк томонидан кредит берилиши тўғрисидаги тавсияномада шахсий ёрдамчи хўжалиги ёки деҳқон хўжалигида қорамол боқиш учун шароит мавжудлиги, ушбу оила кам таъминланган оила эканлиги, унинг таркибида доимий иш жойига эга бўлмаган оила аъзолари мавжудлиги алоҳида таъкидланиши лозим. Тавсиянома маҳалла, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини Кенгашининг раиси томонидан имзоланиб, гербли муҳр қўйилган бўлиши лозим.


11. Қарз олувчилар микрокредитларни қайтарилишини таъминоти сифатида банкка қуйидаги таъминот турларидан бирини тақдим этишлари мумкин:

мол-мулк гарови;

банк ёки суғурта компанияси кафолати;

учинчи шахс кафиллиги;

қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтарилмаслик хатарининг банк-бенефициар фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси.

Микрокредит ҳисобига сотиб олинган қорамол мазкур кредит бўйича гаров предмети бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Сотиб олинган қорамол кредитни қайтариш таъминоти сифатида гаровга олинганда, ушбу қорамол касалланиб ўлиб қолиши, ўғирланиши, табиий офатлар натижасида нобуд бўлиш ҳолларидан банк (бенефициар) фойдасига суғурта қилинади.


12. Кафиллик банк фойдасига кафил ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган ёзма шаклдаги 3 (уч) нусхада кафиллик шартномаси билан расмийлаштирилади. Ушбу шартноманинг охирги бетида кафил ва қарздор имзоларидан кейин, банк томонидан мазкур кафиллик қабул қилинганлиги тўғрисида банк филиали бошқарувчиси томонидан имзоланган ва думалоқ муҳр қўйилган ёзув киритилади.


13. Микрокредит сўраб, мазкур Низомнинг 9-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатларни илова қилинган ҳолда берилган аризанинг банкка келиб тушган кундан бошлаб, ушбу ариза бўйича банк филиали кредит қўмитаси томонидан хулоса бериш муддати 3 банк кунидан ошмаслиги лозим.

Микрокредит бериш асослантирилган ҳолда рад этилган тақдирда, банк аризачига бу ҳақда ёзма шаклда маълум қилиши шарт.


14. Тижорат банки филиали кредит қўмитасининг қарори микрокредитлар бериш ёки бермаслик учун асос ҳисобланади.

15. Микрокредит шартномаси тузилган куннинг эртасидан кечиктирмаган ҳолда банк томонидан қарз олувчига ссуда ҳисобварағи очилади.


16. Микрокредитларни бериш қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан қарз олувчининг тўлов топшириқномасига асосан, кредит шартномасида кўрсатилган сумма доирасидаги маблағларни чорвачиликни ривожлантириш учун пул ўтказиб бериш ёки нақд пул бериш йўли билан амалга оширилади.



III. МИКРОКРЕДИТЛАРНИ

ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


17. Шахсий ёрдамчи хўжалиги юритувчи жисмоний шахс томонидан микрокредитлар ва уларга ҳисобланган фоизлар банк кассасига нақд пул топшириш ёки қарз олувчининг омонат ҳисобварағидан пул ўтказиб бериш йўли билан амалга оширилади.

Деҳқон хўжалиги микрокредитнинг нақд пулда олинган қисми ва унга ҳисобланган фоизлар тўловини банк кассасига нақд пул топшириш йўли билан амалга оширади.


18. Жисмоний шахсларга берилган микрокредитлар ҳисоби 14900-сонли "Жисмоний шахсларга берилган узоқ муддатли кредитлар" баланс ҳисобварақларида ва деҳқон хўжаликларига берилган микрокредитларнинг ҳисоби 15000-сонли "Якка тартибдаги тадбиркорларга берилган узоқ муддатли кредитлар" баланс ҳисобварақларида юритилади.

19. Тижорат банклари томонидан микрокредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида фуқаролар йиғинининг маҳалла, қишлоқ, овул Кенгаши масъул ходими иштирокида микрокредитдан самарали ҳамда мақсадли фойдаланилаётганлигини аниқлаш бўйича бевосита жойига чиқиб доимий мониторинг амалга оширилади.


20. Олинган микрокредитдан бошқа мақсадда фойдаланганлик ҳолати аниқланганда, банк кредит шартномасида белгиланган тартибда, кредитнинг мақсадга номувофиқ ишлатилган қисмини қарз олувчидан муддатидан олдин ундириб олиш ҳуқуқига эга.


21. Микрокредит бўйича қарздорликни ундиришда биринчи навбатда микрокредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ундирилади.


22. Микрокредитни қайтариш таъминоти сифатида учинчи шахс кафиллиги қабул қилинган бўлиб, қарз олувчи микрокредитни ва унга ҳисобланган фоизларни кредит шартномасида белгиланган муддатда қайтармаган тақдирда, банк кафилдан микрокредит ва унга ҳисобланган фоизларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириб олади.


23. Микрокредит белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда банк ундирувни гаров предметига ёки микрокредитнинг қайтарилиш таъминоти сифатида тақдим этилган таъминотнинг бошқа шаклларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қаратади.



IV. ЯКУНИЙ ҚОИДА

24. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 18-сон, 157-модда.