язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд хокимияти. Одил судлов/ Суд тизими/ Ўзбекистон Республикасининг 02.09.1993 й. 924-XII-сон "Судлар тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.09.1993 й.

N 924-XII



СУДЛАР ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Суд тизими


Ўзбекистон Республикасида:

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди;

ҳарбий судлар;

Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;

фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари;

жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари;

туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари;

туман (шаҳар) маъмурий судлари фаолият кўрсатади.

Ўзбекистон Республикасида ишларнинг тоифаларига қараб судларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши мумкин.

Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини ташкил этиш ва унинг фаолият тартиби алоҳида қонун билан белгиланади.


2-модда. Суднинг вазифалари


Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳалқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга даъват этилган.

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.


3-модда. Одил судловнинг амалга оширилиши


Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади.


4-модда. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги


Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.



5-модда. Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги


Суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.


6-модда. Қонун ва суд олдидаги тенглик


Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенгдир. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳам қонун ва суд олдида тенгдир.


7-модда. Суд ишларини юритишнинг ошкоралиги


Ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.


8-модда. Суд ишлари юритиладиган тил


Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.


9-модда. Суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органлари ва бошқа органларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан (қарорларидан), шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир.

Фуқароларнинг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида суд муҳокамасининг барча босқичларида ва қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги масалалар судлар томонидан кўрилаётганда прокурор иштирок этади.



10-модда. Ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш. Айбсизлик презумпцияси


Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади. Суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.

Айбланувчи, унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда исботланмагунга ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунга қадар, айбсиз ҳисобланади.

Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмас.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.


11-модда. Судларнинг фаолиятини ташкилий

ва моддий-техника жиҳатидан таъминлаш

Судларнинг фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши принципларига қатъий мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ваколатлари ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби қонун билан белгиланади.

Судларнинг фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан амалга оширилади, ушбу департамент тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти:

судларнинг фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлашга доир ишларни ташкил этади, шунингдек бу ишларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

суд биноларини қуриш ва таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг самарали сарфланишини таъминлайди, судларнинг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар кўради;

судьяларнинг ва судлар аппарати ходимларининг меҳнат шароитларини, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлашнинг жорий аҳволини тизимли таҳлил қилади, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлашни ривожлантириш юзасидан узоқ муддатли комплекс дастурлар тайёрлайди;

судьялар ва суд процессларининг хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкил этади.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий

судининг қонунчилик ташаббуси

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.



II БЎЛИМ. СУДЛАРНИНГ ТУЗИЛИШИ


1-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ


13-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат қилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишларни биринчи инстанция суди сифатида ва назорат тартибида кўради. У ўзи биринчи инстанция сифатида кўрган ишларни апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш (протест билдириш) ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг хоҳишига кўра апелляция ёки кассация тартибида кўриши мумкин. Апелляция тартибида кўрилган иш кассация тартибида кўрилмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлилини амалга оширади;

судларнинг кадрлари малакаси оширилишини ташкил қилади.


14-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркиби

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, унинг биринчи ўринбосари - жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг раиси ҳамда раис ўринбосарлари - фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатларининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларидан иборат бўлади ҳамда қуйидаги таркибда иш олиб боради:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати;

Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати;

Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати;

Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати;

Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати.



15-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ва Қорақалпоғистон Республикаси судларининг раисларидан иборат таркибда иш олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори қатнашади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Судьялар олий кенгаши раиси, адлия вазири, судьялар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирок этиши мумкин.


16-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Пленумини чақириш тартиби


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми тўрт ойда камида бир марта чақирилади. Муҳокама қилинадиган умумий масалаларга доир ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг аъзоларига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига мажлисдан йигирма кун илгари юборилади.



17-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Пленумининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Пленум аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми:

суд амалиётини умумлаштириш материалларини кўриб чиқади ва қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига судлар ташаббуси билан киритилган мурожаати ҳақидаги тақдимномасини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши таркибини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномаларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг таркибини, судлов ҳайъатларининг таркибини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котибини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг иши тўғрисидаги ахборотни, шунингдек судлов ҳайъатларининг фаолияти ҳақидаги маърузаларни тинглайди;

Қорақалпоғистон Республикаси судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисларининг қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришларини бажариш тўғрисидаги маърузаларини тинглайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот органининг таҳрир ҳайъати таркибини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсати регламентини тасдиқлайди;

қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


19-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Пленумининг қарори


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.



20-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Пленуми мажлисининг баённомаси


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида баённома юритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисининг баённомаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.



21-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан

ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми муҳокамасига киритилган масалалар тегишинча уларнинг маърузалари ёки улар ваколат берган шахсларнинг маърузалари бўйича эшитилади. Ушбу масалаларнинг муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисига таклиф қилинган шахслар иштирок этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори мажлисда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзоларининг кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади ва қабул қилинган пайтдан бошлаб кучга киради.

Қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.



22-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Пленумининг котиби


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси вазифасини бажариш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисини тайёрлашга, мажлис баённомасини юритишга доир ишларни ташкилий жиҳатдан таъминлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қабул қилган қарорларнинг ижроси учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширади.



23-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Раёсатининг таркиби


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати энг юқори судлов инстанцияси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан белгиланадиган миқдорда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати таркибига лавозим бўйича кирадилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг мажлислари ҳар ойда камида бир марта ўтказилади ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.


24-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Раёсатининг ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати:

ишларни назорат тартибида кўради;

суд амалиётини умумлаштириш натижаларини кўриб чиқади;

Қорақалпоғистон Республикаси судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисларининг шу судлар фаолияти тўғрисидаги ва қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги маърузаларини тинглайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари ва аппаратининг ишини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқади;

қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



25-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг

судлов ҳайъатлари


Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари:

ишларни биринчи инстанцияда, апелляция, кассация тартибида ва назорат тартибида кўради;

суд амалиётини ўрганади ва умумлаштиради;

қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

суд статистикасини таҳлил қилади;

қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



26-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси


Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолиятига ташкилий жиҳатдан раҳбарлик қилади;

судларнинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари устидан протест киритади;

суд ишларини назорат тартибида текшириш учун талаб қилиб олади;

судлар томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорлари, ҳукмлар, ажримлар ва қарорлар ижросини қонунда назарда тутилган тартибда тўхтатиб туради;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсатини чақиради ҳамда уларнинг мажлисларида раислик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсатининг умумий масалалар бўйича қабул қилган қарорлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш ишини ташкил этади;

ишни бир суддан бошқа судга олиб бериш масаласини ҳал қилади;

Пленум ва Раёсат муҳокамасига қонунга биноан уларнинг ваколатига тааллуқли бўлган масалаларни киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига тақдимномалар киритади;

қонунларни шарҳлаб беришни талаб этувчи масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига тақдимномалар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига судлар ташаббуси билан киритилган мурожаати ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми кўриб чиқиши учун тақдимнома киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг таркиби тўғрисида, судлов ҳайъатлари ҳамда Судьяларнинг олий малака ҳайъати таркиблари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига тақдимномалар киритади;

Ўзбекистон Республикаси судлари судьяларининг интизомий жавобгарлиги ҳақида иш қўзғатади;

раис ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши билан келишилган ҳолда судларнинг тузилмаларига бошқарув ходимларининг умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг штат жадвалини тасдиқлайди;

буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

фуқароларни шахсан қабул қилади ҳамда ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ишларини ташкил этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


27-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи

ўринбосари, раис ўринбосарлари - судлов ҳайъатларининг раислари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, раис ўринбосарлари - судлов ҳайъатларининг раислари:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатидан ташқари барча инстанция судларининг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари устидан протест киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатлари ишига раҳбарликни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига судлов ҳайъатларининг фаолияти тўғрисидаги маърузаларни тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатлари мажлисларида раислик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатлари мажлисларида ишларни кўриб чиқиш учун судлов таркибларини шакллантиради;

суд ишларини назорат тартибида текшириш учун талаб қилиб олади;

тегишли қуйи судларнинг фаолиятини ташкил этишга кўмаклашади;

суд амалиётини умумлаштириш, суд статистикасини таҳлил қилиш бўйича ишларни ташкил этади;

судлар томонидан чиқарилган, ўзлари протест киритишга ҳақли бўлган ҳал қилув қарорлари, ҳукмлар, ажримлар ва қарорлар ижросини тўхтатиб туради;

судьялар ва суднинг бошқа ходимлари малакасини ошириш ишини ташкил этади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг таркибий бўлинмалари ишига раҳбарлик қилади;

фуқароларни шахсан қабул қилади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси йўқлигида унинг ваколатларини раиснинг биринчи ўринбосари, биринчи ўринбосар ҳам йўқлигида эса раис ўринбосарларидан бири амалга оширади.


2-БОБ. ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУДИ,

ВИЛОЯТ СУДИ, ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИ


29-модда. Қорақалпоғистон Республикаси судининг,

вилоят судининг, Тошкент шаҳар судининг таркиби

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари раис, раис ўринбосари, судьялар, халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади ҳамда суд раёсати ва судлов ҳайъатлари таркибида иш олиб боради.

Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари раис, раис ўринбосари, судьялардан иборат бўлади ҳамда суд раёсати ва судлов ҳайъатлари таркибида иш олиб боради.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари раис ва судьялардан иборат бўлади ҳамда суд раёсати ва судлов ҳайъатлари таркибида иш олиб боради.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раис ва судьялардан иборат бўлади ҳамда суд раёсати ва судлов ҳайъатлари таркибида иш олиб боради.



30-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди,

вилоят суди, Тошкент шаҳар суди ваколатлари

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди:

ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанция суди сифатида, апелляция, кассация тартибида кўради;

туманлараро, туман (шаҳар) судларининг суд фаолияти устидан назорат олиб боради, суд амалиётини умумлаштиради;

суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлилини амалга оширади;

судларнинг кадрлари малакаси оширилишини ташкил қилади;

қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


31-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди,

вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати шу суднинг судьяларидан иборат таркибда иш олиб боради.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати мажлислари ҳар ойда камида икки марта ўтказилади ва Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсатининг қарорлари овоз беришда иштирок этган Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати аъзоларининг кўпчилиги овози билан қабул қилинади ва тегишли суд раиси томонидан имзоланади.



32-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят

суди, Тошкент шаҳар суди раёсати ваколатлари

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати:

суд амалиётини умумлаштириш натижаларини кўриб чиқади;

ҳайъатлар фаолияти тўғрисидаги маърузаларни, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг шу судлар фаолияти тўғрисидаги ва қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги маърузаларини тинглайди;

қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



33-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят

суди, Тошкент шаҳар судининг судлов ҳайъатлари

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг судлов ҳайъатлари:

ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанцияда кўради;

апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш (протест билдириш) ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг хоҳишига кўра, ишларни апелляция ёки кассация тартибида кўради. Апелляция тартибида кўрилган иш кассация тартибида кўрилмаслиги керак;

суд амалиётини умумлаштиради;

қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



34-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди,

вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раиси

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раиси:

суд фаолиятига ташкилий жиҳатдан раҳбарлик қилади;

суд раёсатини чақиради ва унинг мажлисларида раислик қилади;

суд раёсатининг қарорлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш ишини ташкил этади;

суд мажлисларида раислик қилади;

тегишли қуйи судларнинг фаолиятини ташкил этишга кўмаклашади;

судьялар, суднинг бошқа ходимлари ҳамда ҳалқ маслаҳатчилари малакасини ошириш ишини ташкил этади;

суд амалиётини умумлаштириш ва суд статистикасини юритиш ишини ташкил этади;

фуқароларни шахсан қабул қилади, уларни қабул қилиш, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ишини ташкил этади;

судьяларнинг малака ҳайъати қарорлари устидан Судьяларнинг олий малака ҳайъатига тақдимномалар киритади;

суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этади;

бир ойда камида бир марта жойларда судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради;

суд идораси ишларига раҳбарлик қилади, суд ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



35-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят

суди, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари:

судлов ҳайъатларининг ишини ташкил этади;

судлов ҳайъати мажлисларида раислик қилади;

суд раёсатига судлов ҳайъатларининг фаолияти тўғрисида маърузалар тақдим этади;

фуқароларни шахсан қабул қилади;

суд раиси йўқлигида унинг ваколатларини амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар судлари раисининг ўринбосари йўқлигида унинг ваколатлари Cудьяларнинг олий малака ҳайъати қарорига кўра судьялардан бирининг зиммасига юклатилиши мумкин.


3-БОБ. ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА ТУМАНЛАРАРО,

ТУМАН (ШАҲАР) СУДИ. ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА

ТУМАН (ШАҲАР) СУДИ. ТУМАНЛАРАРО, ТУМАН

(ШАҲАР) ИҚТИСОДИЙ СУДИ. ТУМАН (ШАҲАР)

МАЪМУРИЙ СУДИ


36-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар)

судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг,

туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг,

туман (шаҳар) маъмурий судининг таркиби

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди раис ва судьялардан иборат бўлади.

Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди раис, судьялар ва халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.

Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий суди раис ва судьялардан иборат бўлади.

Туман (шаҳар) маъмурий суди раис ва судьядан иборат бўлади.



37-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро,

туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар)

судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг,

туман (шаҳар) маъмурий судининг ваколатлари

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди қонун билан унинг ваколатлари доирасига берилган фуқаролик ишларини ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди қонун билан унинг ваколатлари доирасига киритилган жиноят ишларини ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни, шунингдек қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ёхуд қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги, айбланувчини лавозимидан четлаштириш ҳақидаги, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги ёхуд айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш ҳақидаги, мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш ҳақидаги, амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ёхуд маҳкумни жазодан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқади.

Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий суди хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларда юзага келадиган низоларни ва корпоратив низоларни, шунингдек қонун билан унинг ваколатлари доирасига берилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Туман (шаҳар) маъмурий суди давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низоларни ҳамда қонун билан унинг ваколатлари доирасига берилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.


38-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро,

туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман

(шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий

судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг раиси

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг раиси:

суд мажлисларида раислик қилади, судьялар ўртасида ишларни тақсимлайди, шу жумладан автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда тақсимлайди;

фуқароларни шахсан қабул қилади ҳамда уларни қабул қилиш, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ишларини ташкил этади;

суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида тегишли халқ депутатлари Кенгашига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этади;

бир ойда камида бир марта жойларда судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради;

суд аппарати ишига раҳбарлик қилади, суд ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг раиси йўқлигида унинг ваколатлари судьяларнинг тегишли малака ҳайъати қарорига кўра судьялардан бирининг зиммасига юклатилиши мумкин.



4-БОБ. ҲАРБИЙ СУДЛАР


39-модда. Ҳарбий судлар тизими

Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий судлари тизими Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ва ҳудудий ҳарбий судлардан иборат.



40-модда. Ҳарбий судларнинг таркиби

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди вилоят суди ҳуқуқида иш олиб боради ҳамда раис, судьялар ва халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.

Ҳудудий ҳарбий судлар туман суди ҳуқуқида иш олиб боради ва раис, халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.



41-модда. Ҳарбий судлар судловига тааллуқли ишлар


Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиясининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Ички ишлар вазирлиги қўшинларининг ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этиладиган бошқа ҳарбий тузилмаларнинг ҳарбий хизматчилари, шунингдек ўқув йиғинларида бўлган вақтда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни;

ҳарбий қисмлар, қўшилмалар ва бирлашмалар, ҳарбий бошқарув органларининг қўмондонлигига нисбатан ҳарбий хизматчиларнинг даъволари бўйича фуқаролик ишларини ва ҳарбий бошқарув органлари ҳамда ҳарбий мансабдор шахсларнинг ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятларни;

алоҳида ҳолатларга кўра судлар фаолият кўрсатмаётган жойларда барча фуқаролик ва жиноят ишларини;

давлат сирларига тааллуқли ишларни;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ишларни кўради.



42-модда. Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш


Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


IV БЎЛИМ. СУДЬЯЛАР МАҚОМИ


7-БОБ. СУДЬЯЛАР, УЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


60-модда. Судьялар


Судьялар қонунга мувофиқ одил судловни амалга оширишга ваколат берилган шахслардир.

Ўзбекистон Республикасида барча судьялар бир хил мақомга эга.

Судларнинг раислари, раис ўринбосарлари айни вақтда судьялардир.



61-модда. Судьяликка номзодларга қўйиладиган талаблар

Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин.

Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида етти йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят судининг, Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьяси бўлиши мумкин.

Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида ўн йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси бўлиши мумкин.

Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.


62-модда. Ҳалқ маслаҳатчилари


Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳалқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.

Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, сайлов кунида ўттиз беш ёшга тўлган, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суд ҳалқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.)

Ҳар бир суд учун ҳалқ маслаҳатчилари сони судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан белгиланади.

Ҳалқ маслаҳатчилари судлардаги вазифаларини бажариш учун йилига кўпи билан икки ҳафтага навбатма-навбат чақирилади, уларнинг иштирокида бошланган суд ишини кўришни тугаллаш зарурати бу муддатни узайтиришни тақозо этган ҳоллар бундан мустасно. Шу даврда уларнинг иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.



63-модда. Судьяларни сайлаш ва тайинлаш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, раис ўринбосарлари, судьялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси судларининг раислари ва раис ўринбосарлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан сайланади.

Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман (шаҳар) судларининг раислари ва судьялари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тайинланади.

Ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг раислари ва судьялари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.


63-1-модда. Судьянинг ваколат муддати ва уни ҳисоблаш тартиби

Судья биринчи марта беш йиллик муддатга, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда тайинланади ёки сайланади.

Судья ўз ваколати муддати давомида ҳарбий суднинг, вилоят ва Тошкент шаҳар судининг судьяси, туманлараро, туман (шаҳар) судининг раиси ва судьяси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса, Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман (шаҳар) судининг раиси ва судьяси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қайта тайинланиши мумкин. Бунда бир суднинг ўзида судьялик лавозимида бўлиш муддати икки йилдан кам бўлмаслиги керак.

Судьянинг қайта тайинланиши масаласи унинг аризасига асосан Судьялар олий малака ҳайъатининг тавсиясига биноан киритилади.

Судьянинг ваколат муддати унинг судьялик лавозимида фаолият юритган умумий стажидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.



63-2-модда. Суд раисларининг ваколат муддати

Суд раислари беш йил муддатга сайланади ёки тайинланади. Айни бир шахс тегишли судда сурункасига икки муддатдан ортиқ раис этиб сайланиши ёки тайинланиши мумкин эмас.

Суд раисининг раис сифатидаги ваколат муддати тугагач, у ўзининг фаолиятини ўз розилиги билан шу судда судьялик лавозимида давом эттиради ёхуд қолган ваколат муддатига ўз розилиги билан бошқа судьялик лавозимига сайланади ёки тайинланади.



64-модда. Судьянинг қасамёди


Илк бор судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилганидан кейин ўз вазифасини бажаришга киришади:

“Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан”.

Судьялар Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, Қорақалпоғистон Республикасида эса Қорақалпоғистон Республикаси Давлат байроғи олдида ҳам тантанали вазиятда қасамёд қиладилар.

Судьялар қуйидаги тартибда қасамёд қиладилар:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар судьялари - Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисида;

Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари - Қорақалпоғистон Республикасининг тегишли судлари раёсати мажлисида.



65-модда. Судьяларнинг ҳуқуқлари


Судьялар:

мансабдор шахслар ва фуқаролардан одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ўз фармойишларининг бажарилишини талаб қилиш;

мансабдор ва бошқа шахслардан одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот олиш;

уюшмаларга бирлашиш ҳуқуқига эга.

Судьялар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар судьяларнинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган талаб ва фармойишларини сўзсиз бажаришлари шарт. Одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва уларнинг нусҳалари судьяларнинг талабига мувофиқ бепул берилади. Судьяларнинг талаблари ва фармойишларини бажармаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.


66-модда. Судьяларнинг мажбуриятлари


Судьялар ўз ваколатлари доирасида ишларни кўриш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига сўзсиз риоя этиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, беғараз ва адолатли бўлиши шарт.

Судьялар судьялик шаънини, судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини қатъий сақлашлари, одил судловнинг обрўсини, судьялик қадр-қимматини тушириши ёки судьянинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.

Судьялар судьяларнинг маслаҳат сирини ҳамда ёпиқ суд мажлислари ўтказиш чоғида олинган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.

Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.


66-1-модда. Судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьялари учун судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши етмиш ёшни, бошқа судларнинг судьялари учун олтмиш беш ёшни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, бошқа судларнинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши судьянинг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан беш йилгача узайтирилиши мумкин.

Судья пенсия ёшига етганда ёки пенсияга чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа асослари мавжуд бўлган тақдирда, пенсияга чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади



8-БОБ. СУДЬЯЛАР МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ

АСОСИЙ КАФОЛАТЛАРИ


67-модда. Судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш


Судьяларнинг мустақиллиги қуйидагилар орқали таъминланади:

уларни қонунда белгиланган тартибда судьяликка сайлаш, тайинлаш ва судьяликдан озод қилиш;

уларнинг дахлсизлиги;

одил судловни амалга оширишдаги қатъий таомил;

қарор чиқариш чоғида судьялар маслаҳатининг сир тутилиши ва уни ошкор қилишни талаб этишнинг тақиқланиши;

судга ҳурматсизлик ёки муайян ишларни ҳал қилишга аралашганлик, судьялар дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик;

судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш.



68-модда. Судьяга нисбатан ҳурматсизлик

қилганлик учун жавобгарлик


Давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллигига риоя этиши шарт.

Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлади.


69-модда. Суд ишларини ҳал қилишга

аралашишга йўл қўйилмаслиги


Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўришга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд қарори чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин бирон-бир тарзда таъсир этиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьядан кўрилган ёки иш юритишидаги ишлар моҳияти бўйича бирон-бир тушунтиришлар беришни, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари, кимга бўлмасин, танишиб чиқиш учун ишларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.

Оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга ҳақли эмас.


70-модда. Судьялар дахлсизлиги


Судьянинг шахси дахлсиз. Судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.

Судьяларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида уларга тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, адлия вазири томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича ўқотар қурол берилади. Зарур ҳолларда тегишли суд раисининг қарорига биноан ички ишлар органи судья ва унинг оиласи учун қуролли соқчилар ажратади.

Судьяга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.

Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, шунингдек унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёки олишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилади.

Туманлараро, туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьясига нисбатан жиноят иши юқори турувчи суд судловига, бошқа судларнинг судьяларига нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишлидир.

Судда ўз вазифаларини бажараётган даврда ҳалқ маслаҳатчиларига судьялар дахлсизлигининг барча кафолатлари татбиқ этилади.


71-модда. Судьянинг ваколатларини тўхтатиш


Судья жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда унинг ваколатлари тўхтатилади.

Судьяларнинг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан судьяларнинг тегишли малака ҳайъати қарори билан қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин, агар:

судья ўз лавозимига зид фаолият билан шуғулланаётган бўлса;

судья тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган бўлса;

судья суд қарори билан бедарак йўқолган деб топилган бўлса.

Судьянинг ваколатлари бу ваколатларни тўхтатишга сабаб бўлган асослар бекор бўлгунга қадар тўхтатилади.

Судья қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судьялар малака ҳайъати қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.

Судьялик ваколатларининг тўхтатилиши унга иш ҳақи тўланиши тўхтатилишига ёки унинг иш ҳақи миқдори камайтирилишига, судьянинг таъминоти даражасини пасайтиришга ва судьяни ушбу Қонунда белгиланган дахлсизлик кафолатларидан маҳрум қилишга сабаб бўлмайди, эҳтиёт чораси сифатида судьяга нисбатан ҳибсга олиш чораси танланган ҳоллар бундан мустасно.


72-модда. Судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш

Судьянинг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:

1) судьянинг қасамёдини бузган тақдирда;

2) ёзма ариза берган тақдирда;

3) судьяларнинг тегишли малака ҳайъати томонидан огоҳлантириш қилинганидан ёки ваколатлари тўхтатилганидан кейин у судья лавозимига зид фаолият билан шуғулланишни давом эттираверган тақдирда;

4) белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган тақдирда;

5) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотган тақдирда;

6) унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;

7) вафот этганда ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;

8) соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра узоқ вақт мобайнида судьялик вазифасини бажаришга қодир бўлмай қолган тақдирда;

9) суд раисининг ваколат муддати тугаши муносабати билан, агар у бошқа судьялик лавозимига ўтишга розилик бермаса.

Ушбу моддада назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда:

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг ваколатлари - Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисининг ва раис ўринбосарининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг ваколатлари - Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан;

ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьясининг, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисининг ва судьясининг ваколатлари - Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьясининг ваколатлари - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосасига асосан киритиладиган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан муддатидан илгари тугатилади.

Судьянинг ваколатларини ушбу модда биринчи қисмининг 1, 3 ва 8-бандларида назарда тутилган ҳолларда судьяларнинг тегишли малака ҳайъати қарори асосида муддатидан илгари тугатишга йўл қўйилади.

Судья қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судьяларнинг малака ҳайъати қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.

Халқ маслаҳатчиларининг ваколатлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича муддатидан илгари тугатилади, бундан ушбу модда биринчи қисмининг 1, 3 ва 9-бандларида кўрсатиб ўтилган асослар мустасно.



73-модда. Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги


Судья:

одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун;

суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун, шунингдек судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этганлик учун;

судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини бузганлиги учун фақат судьялар малака ҳайъатининг қарорига кўра интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи, суд қарорини чиқаришда қатнашган судьянинг, агар у атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгар бўлишига сабаб бўлмайди.

Судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.


74-модда. Судьялар малака ҳайъатлари


Судьяларнинг малака ҳайъатлари қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш учун тузилади:

судьянинг интизомий жавобгарлиги;

судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш;

судьянинг дахлсизлигини таъминлаш;

судьяга малака даражасини бериш;

халқ маслаҳатчиларини танлаш ва уларнинг сайловини ўтказиш бўйича ишларни ташкил қилиш;

судьялик қасамёди ва судьялар одоб-ахлоқи қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилиш.

Судьяларнинг малака ҳайъатлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришида унга кўмаклашади.

Судьялар олий малака ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан беш йил муддатга сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьяларининг малака ҳайъатлари тегишли судлар судьяларининг конференцияларида беш йил муддатга сайланади.

Судьялар малака ҳайъатларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.


9-БОБ. СУДЬЯЛАРНИНГ МОДДИЙ

ВА ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ


75-модда. Судьяларнинг моддий таъминоти


Судьяларнинг иш ҳақи лавозим маошидан, малака даражаси, кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устама ҳақлардан иборат бўлиб, унинг миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Судьялар ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

Судьяларга ҳар йили ўттиз олти иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган таътил берилади.


76-модда. Судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини

ижтимоий ҳимоялаш чоралари


Судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлатнинг махсус муҳофазасида бўлади ҳамда республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилинади.

Қуйидаги ҳолларда давлат суғурта органлари суғурта суммаларини тўлайди:

судья ишлаётган даврида ёки ваколат муддати тугаганидан кейин ҳалок бўлса (вафот этса), агар бу судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган тан жароҳатлари ёки соғлиғининг бошқача шикастланиши оқибатида рўй берган бўлса, унинг меросхўрларига судьянинг эллик ойлик иш ҳақи миқдорида;

судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолса ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида - судьянинг йигирма беш ойлик иш ҳақи миқдорида;

судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этмайдиган ва меҳнат қобилиятининг доимий йўқолишига олиб келмайдиган тан жароҳатлари ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида - судьянинг беш ойлик иш ҳақи миқдорида.

Судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолганида ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда унга иш ҳақи ва тайин этилган пенсия ўртасидаги фарқ ҳар ойда тўлаб борилади.

Судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган тан жароҳатлари ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилиши оқибатида ҳалок бўлса (вафот этса), унинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига судья иш ҳақининг уларнинг ҳиссасига тўғри келадиган қисми ва боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан уларга тайинланган пенсия ўртасидаги фарқ ҳар ойда, мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда тўланади.

Судьянинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан унга тегишли мол-мулкни йўқ қилиш ёки шикастлаш оқибатида етказилган зарар судьяга ёки унинг оила аъзоларига тўлалигича қопланади.

Ушбу модданинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган зарарни қоплаш бўйича тўловлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб, кейинчалик улар айбдор шахслардан қонунда белгиланган тартибда ундириб олинади.



76-1-модда. Судьяларнинг ваколатлари тугаганидан

кейин уларга бериладиган кафолатлар

Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш учун ҳужжатлари кўриб чиқиладиган даврда ёхуд янги иш жойига ишга жойлаштирилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.

Судьяларга уларнинг ваколатлари тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.


V БЎЛИМ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


77-модда. Суд аппарати


Суд аппарати суднинг одил судловни амалга ошириш, суд амалиётини умумлаштириш, суд статистикасини таҳлил қилиш, шунингдек суднинг бошқа вазифаларини бажаришга доир ишларини таъминлайди.

Суд аппарати ходимлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан белгиланадиган тартибда аттестациядан ўтади.

Суд аппарати ходимларига малака даражаларини белгилаш ва уларни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.


78-модда. Судларнинг тузилиши ва штатлари

Ўзбекистон Республикаси судларининг тузилмаси ва штат бирлигининг сони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Судларнинг штатлар жадвали Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси зарур бўлган ҳолларда судларнинг штатлар жадвалига штат бирлиги ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритади.



79-модда. Судларни молиялаш ва уларнинг

моддий-техника таъминоти

Судларни молиялаштириш, уларнинг моддий-техника ва ўзга хил таъминоти, биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш республика бюджетининг ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ажратиладиган маблағларнинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ажратилган маблағларни тақсимлаш:

Қорақалпоғистон Республикаси судлари, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар учун - Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди учун - Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан амалга оширилади.

Ҳар бир суд алоҳида бино, қўриқлаш ва автотранспорт билан таъминланади.



80-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг матбуот органлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз матбуот органларига эга.



81-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди

ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида маслаҳат органи бўлган ва жамоатчилик асосида ишлайдиган илмий-маслаҳат кенгаши тузилади. Унинг вазифасига қонун ҳужжатларини қўллаш юзасидан суд амалиётида келиб чиқадиган масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш киради.



82-модда. Судлар муҳри


Судлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.


83-модда. Судларда давлат рамзлари

Суд биносида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилади ва Давлат гербининг тасвири ўрнатилади, суд залларида эса Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири ўрнатилади.



84-модда. Судьяларнинг махсус кийими


Судьялар суд мажлисини махсус кийимда олиб борадилар.

Судьянинг махсус кийими тавсифи ва намуналари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланади.


85-модда. Судьянинг гувоҳномаси

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раисига, раис ўринбосарига ва судьяларига гувоҳномалар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, ҳарбий судларнинг, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг судьяларига гувоҳномалар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан берилади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 2001 йил, 1-2-сон, 10-модда