язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик бирлашмалари, ривожланиш ва кўмак жамғармалари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.05.2006 й. ПҚ-350-сон "Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

16.05.2006 й.

N ПҚ-350


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ ЖАМҒАРМАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини ташкил этиш тўғрисида" 2006 йил 11 майдаги ПФ-3751-сонли Фармонига мувофиқ ҳамда устувор инвестиция лойиҳаларини самарали молиялаштиришни таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар белгилансин:

Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси Жамғарма ижроия органи ва унинг маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади;

Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси таркибида тегишли лойиҳаларни молиялаштириш бўйича тавсияномалар берилиши учун масъул бўлган эксперт гуруҳи ташкил қилинади;

Жамғарманинг ижро этувчи директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод қилинади, мақоми бўйича эса Вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси фаолияти Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметаси асосида Жамғарма маблағлари ҳисобидан таъминланади.


2. Қуйидагилар:

бошқарув ходимларининг чекланган сони 32 нафардан иборат бўлган Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси;

Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш принциплари тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки, қуйидагилар ҳар ойда Жамғарма ҳисобига ўтказиб турилади:

Ўзбекистон Республикасининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш вақтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан стратегик ресурсларга белгиланадиган чегара нархдан жаҳон нархининг ошиши натижасида тушадиган маблағлар;

давлат мулкини хорижий инвесторларга чет эл валютасига сотишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадларини шакллантиришда ҳисобга олинган ҳажмлардан ортиқча тушадиган маблағлар;

Жамғарманинг активларини бошқаришдан, шу жумладан Жамғарма маблағларининг бўш қолдиқларини жойлаштиришдан келадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар.

4. Қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари унинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида очилган ҳисобварақларида хорижий валютада шакллантирилади;

Жамғарма тижорат банкларни молиялаштиришни таклиф этиладиган инвестиция лойиҳалари ҳамда очиладиган кредит линияларининг самарадорлиги ва ўзини қоплаш муддатларини ҳисобга олган ҳолда молиялаштириш шартлари ва Жамғарма маблағларини қайтариш механизми тўғрисида имзоланадиган бош битимлар асосида амалга оширади;

Жамғарма томонидан бериладиган кредит ресурслари бўйича фоиз ставкаси йилига 6 фоизгача табақалаштирилган миқдорларда белгиланади;

Жамғарма ҳисобварағига тушган миллий валютадаги маблағлар улар тушган санадаги Ўзбекистон республика валюта биржасининг савдо сессияларида ўрнатилган жорий курс бўйича чет эл валютасига конвертация қилинади ва Жамғарманинг валюта ҳисобварағига ўтказилади;

Жамғарма ҳисобидан молиялаштириладиган (қўшма молиялаштириладиган) импорт контрактлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган импорт контрактлари учун белгиланган тартибда экспертизадан ўтади;

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитларини тақдим этиш ва кредит линияларини очиш, шунингдек Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитларини реструктуризация қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида амалга оширилади.

5. Жамғарма активларининг барқарорлиги ва уларнинг даромадлилигини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Жамғарма билан ишончли бошқарув тўғрисидаги бош битим асосида Жамғарма маблағларининг бўш қолдиқларини юқори ликвидли, ишончли хорижий молия воситаларига жойлаштиришни амалга оширсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки бир ой муддатда:

Жамғарманинг бўш қолдиқларини хорижий молия воситаларига, инвестиция операцияларига жойлаштириш тартибини, жумладан Жамғарма маблағларининг бир қисмини ишончли ташқи бошқарувчи томонидан бошқаришга топширишни белгилаб берадиган меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқсин ва Жамғармани бошқариш бўйича Кенгашга тасдиқлаш учун киритсин;

Жамғарма манбаларидан бири сифатида - алоҳида солиқ ставкалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини шакллантириш Тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


6. Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси зарур алоқа воситалари билан таъминланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки биносига жойлаштирилсин.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи дирекцияси Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат рақобат қўмитасининг статистик ахборотномалари юборилиши шарт бўлган рўйхатга киритилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги, Марказий банки, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда идоравий норматив ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгаришлар киритилишини таъминласин.


8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                               И. Каримов


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 20-21-сон, 171-модда.