язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик бирлашмалари, ривожланиш ва кўмак жамғармалари/ Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш принциплари тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 16.05.2006 й. ПҚ-350-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 16 майдаги

ПҚ-350-сонли қарорига

2-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва

тараққиёт жамғармаси, жамғарма маблағларини

шакллантириш ва улардан фойдаланиш

принциплари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (кейинги ўринларда "Жамғарма" деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт Жамғармасини ташкил этиш тўғрисида"ги 2006 йил 11 майдаги ПФ-3751-сонли Фармонига мувофиқ ташкил этилган. Жамғарма Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги молиявий муассаса бўлиб, фаолиятининг асосий мақсади иқтисодиётнинг етакчи, энг аввало базавий тармоқларини модернизациялаш ва техникавий қайта қуроллантириш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек мамлакатни муттасил, барқарор ва мутаносиб равишда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга эришиш ҳамда самарали таркибий ва инвестициявий сиёсатни амалга оширишдан иборат.


2. Жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари ва ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.


3. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилиб, юридик шахс ҳуқуқларига, ўзининг мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида ҳисобварақ, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби туширилган муҳрига эга бўлади.


4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тимсолида Жамғарма муассиси ҳисобланади.

5. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тошкент шаҳар Бош бошқармаси ҚККМда Жамғарманинг махсус ҳисобварақларида жамланади.


6. Жамғарма лойиҳаларни молиялаштириш (қўшма молиялаштириш) қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга киритилган тижорат банкларнинг (кейинги ўринларда - тижорат банклари) буюртманомаларига биноан - муддатли, тўловли ва қайтариш асосида кредитлар бериш ва кредит линияларини очиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари бўйича айрим инвестиция лойиҳаларининг дастлабки ёки якуний техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун Иқтисодиёт вазирлиги буюртманомаларига биноан - грантлар ёки фоизсиз кредитлар бериш (йилига Жамғарманинг ўтган йилдаги фойдасининг 5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда);

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган тижорат банклари ва қарз олувчининг буюртманомалари бўйича ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида - Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган имтиёзли кредитлар бериш;

ташкил этилаётган корхона ва ташкилотларнинг таъсис ҳужжатларига ва уларни ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарорларига мувофиқ - янги ташкил этилаётган молиявий институтлар ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокида стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг устав капиталига инвестиция киритиш (корхона ёки ташкилот устав капитали (фонди)нинг 25 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда).

Шунингдек, Жамғарма маблағлари қуйидагиларга ишлатилиши мумкин:

Молия вазирлигининг буюртманомалари бўйича ва тегишли Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига асосан - давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш;

тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари бўйича - янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва ускуналар ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа товарларни харид қилиш учун имтиёзли кредитлар бериш.

7. Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади.


8. Жамғарма манзили: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, 101-уй.



II. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Жамғарманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

давлатнинг Жамғармага йўналтириладиган молиявий маблағларини жамлаш;

иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқаришни таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва модернизация қилишдаги устувор вазифаларни амалга оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган ғоят муҳим лойиҳаларни молиялаштириш;

стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган корхоналарни, биринчи навбатда иқтисодиётнинг базавий тармоқларини янгилаш ва техник жиҳатдан қайта қуроллантириш дастурларини кредитлаш;

ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати, машинасозлик ва рангли металлургия тармоқларини техник жиҳатдан қайта қуроллантиришга ҳамда ишлаб чиқариш суръат ва ҳажмларини оширишга йўналтирилган лойиҳалар молиялаштирилишини таъминлаш;

етакчи тармоқларни модернизация қилиш учун муҳим устувор аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш, экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун хорижий технологиялар ва ускуналарни сотиб олишга маблағларни мақсадли йўналтирган ҳолда республиканинг тижорат банкларига Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш қарори билан белгиланган тартибда кредит линияларини очиш;

биринчи навбатда истиқболли, аммо етарлича ривожланмаган ҳудудларда ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантириш бўйича ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли миллий давлат дастурлари ва лойиҳаларнинг амалга оширилишини молиялаштириш;

келажакда, биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларида, янги саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва тиклаш лойиҳаларини имтиёзли асосда, шу жумладан кейинчалик Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш йўли билан молиялаштириш;

республиканинг халқаро коммуникациялар тармоғига интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратадиган, халқаро транспорт йўлаклари ва жаҳон бозорларига энг қисқа йўл билан чиқишни таъминлайдиган транспорт ҳамда телекоммуникациялар инфратузилмасини модернизациялаш ва ривожлантиришни молиялаштириш;

давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлашни молиялаштириш;

халқаро молия институтлари, республика ва хорижий мамлакатларнинг кредит муассасалари билан лойиҳаларнинг қўшма молиялаштирилишини ташкил этишни таъминлаш.


10. Юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Жамғарма қуйидаги функцияларни бажаради:

навбатдаги йил учун мўлжалланган макроиқтисодий ва пул-кредит кўрсаткичлари, Давлат бюджети ҳамда Давлат инвестиция дастурининг асосий параметрлари билан боғлиқ ҳолда Жамғарма маблағларининг келиб тушиш ва улардан фойдаланиш прогнозларини ишлаб чиқади ва белгиланган муддатларда Жамғармани бошқариш бўйича Кенгашга тақдим этади;

келажакда, биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларида, янги саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва тиклаш лойиҳаларини тузиладиган шартномалар асосида кредитлайди;

давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига қайтариб бермаслик асосида маблағларни беради;

янги ташкил этилаётган молиявий институтлар ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокида стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг устав капиталига инвестиция киритади (корхона ёки ташкилот устав капитали (фонди)нинг 25 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда);

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари бўйича ва Иқтисодиёт вазирлиги буюртманомаларига биноан айрим инвестиция лойиҳаларининг дастлабки ёки якуний техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун грантлар ҳамда фоизсиз кредитлар беради, ажратилган кредитлар миқдори кейинчалик лойиҳанинг умумий қийматига ва лойиҳа Жамғарма кредитини жалб қилиш йўли билан амалга оширилган тақдирда, ажратилаётган кредитнинг умумий қийматига қўшилади;

янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва ускуналар ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа товарларни тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ харид қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари бўйича имтиёзли кредитлар беради;

молиялаштириш шартлари ва Жамғарма маблағларини қайтариш механизми тўғрисида имзоланадиган бош битимлар асосида, ҳар бир тижорат банки учун ҳар йили белгиланадиган лимитлар доирасида тижорат банкларини молиялаштиришни амалга оширади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши ва тижорат банкларига берилган маблағларнинг ўз вақтида қайтарилиши устидан доимий равишда мониторинг олиб боради ҳамда келиб тушиш манбалари ва улардан фойдаланишнинг асосий йўналишлари бўйича Жамғарма маблағларининг ҳисобини юритади;

тижорат банкларида очилган ҳисобварақлар ва улар бўйича амалга оширилаётган операциялар тўғрисидаги ҳар қандай маълумотни олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда, тижорат банклари ва қарз олувчи корхоналар зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан уларнинг фаолиятини ўрганади.

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш бўйича аниқ мақсадли ишларни амалга оширади;

Жамғарма фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради ёки белгиланган тартибда таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан Жамғарма маблағларининг бўш қолдиқларини ишончли бошқариш тўғрисида шартномалар тузади;

Жамғарма зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.



III. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


11. Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш Жамғарманинг юқори бошқарув органи ҳисобланади, унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


12. Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш:

Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларини ишлаб чиқади;

Жамғарманинг эълон қилинган устав капиталини қайта кўриб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилади, бироқ у Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини ташкил этиш тўғрисида" 2006 йил 11 майдаги ПФ-3751-сон Фармонида белгиланган даражадан паст бўлмаслиги керак.

Жамғармага маблағлар келиб тушиши ва улардан фойдаланиш прогнозларини кўриб чиқади ҳамда уларни навбатдаги йилга мўлжалланган макроиқтисодий ва пул-кредит кўрсаткичларининг асосий параметрлари, Давлат бюджети ҳамда Давлат инвестиция дастури билан боғлиқ ҳолда белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади;

қарз олган корхоналарни қайта молиялаштириш (қўшма молиялаштириш) учун тижорат банкларига Жамғарма маблағларини бериш муддатлари ва шартлари бўйича қарорлар қабул қилади, халқаро сармоя бозорларида амал қилаётган фоиз ставкаларидан келиб чиқиб Жамғарма томонидан берилаётган маблағлар бўйича фоиз ставкаларининг аниқ миқдорларини тасдиқлайди;

келажакда, биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларида, янги саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва тиклаш лойиҳаларини молиялаштириш учун имтиёзли кредитларни бериш муддатлари ва шартлари бўйича қарорлар қабул қилади;

давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига маблағлар ажратиб бериш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

янги ташкил этилаётган молиявий институтлар ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокида стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг устав капиталига Жамғарма маблағларидан инвестиция киритиш бўйича қарорлар қабул қилади;

айрим лойиҳаларнинг дастлабки ёки якуний техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун грантлар ва фоизсиз кредитларни ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва ускуналар ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа товарларни тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ харид қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари бўйича имтиёзли кредитлар бериш тўғрисида қарор қабул қилади;

Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси фаолияти, айниқса Жамғарма маблағларининг мақсадли йўналтирилганлиги, тижорат банкларига молиялаштиришни ўз вақтида очиш ҳамда уларга берилган маблағларнинг қайтарилишини таъминлаш устидан назоратни амалга оширади;

Жамғарма маблағларининг ишлатилиши тўғрисида Жамғарма ижро этувчи директорининг ҳамда қарз олган корхоналар томонидан Жамғарма маблағларидан самарали фойдаланилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб боради;

Жамғармага активларни бошқариш, экспертиза қилиш ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш соҳасидаги юқори малакали мутахассисларни жалб қилади.


13. Ижро этувчи дирекция Жамғарманинг ижроия органи ҳисобланади, унинг таркиби ва сони ўрнатилган тартибда белгиланади.


14. Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси фаолияти билан боғлиқ харажатлар Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш томонидан тасдиқланган харажатлар сметаси асосида Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади.


15. Ижро этувчи дирекция:

Жамғармага маблағларнинг келиб тушиш ва улардан фойдаланиш прогнозларини ишлаб чиқади;

қарз олувчи корхоналарни қайта молиялаштириш учун муддатли, тўловли ва қайтариш шартлари асосида тижорат банкларига молиявий маблағларни тақдим этади;

келажакда, биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларида, янги саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва тиклаш лойиҳаларини молиялаштириш учун имтиёзли кредитлар бериш тўғрисида шартномалар тузади;

давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш учун Молия вазирлигига маблағлар ажратади;

янги ташкил этилаётган молиявий институтлар ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокида стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг устав капиталига Жамғарма маблағларидан инвестиция киритади;

айрим инвестиция лойиҳаларининг дастлабки ёки якуний техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун лойиҳа ташаббускорларига грантлар ва фоизсиз кредитларни, ажратилган кредитлар миқдорини кейинчалик лойиҳанинг умумий қийматига ва лойиҳа Жамғарма кредитини жалб қилиш йўли билан амалга оширилган тақдирда ажратилаётган кредитнинг умумий қийматига қўшиш шарти билан бериш тўғрисида битимлар тузади;

янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва ускуналар ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа товарларни тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари бўйича харид қилиш учун имтиёзли кредитлар беради;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, тижорат банкларига берилган маблағларнинг ўз вақтида қайтарилиши устидан тизимли равишда мониторинг олиб боради;

тижорат банкларида очилган ҳисобварақлар ҳолати ва улар бўйича амалга оширилаётган операциялар тўғрисидаги ҳар қандай маълумотни олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда, қарз олувчи корхоналар томонидан Жамғарма кредитлари бўйича мажбуриятларининг бажарилиши масалалари юзасидан улар фаолиятининг мониторингини олиб боради.

Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ишлаб чиқади ва Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш томонидан маъқуллангандан сўнг уни белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Ҳисоб палатасига тақдим этади.


16. Жамғарманинг ижро этувчи директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, мақоми бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади;


17. Жамғарманинг ижро этувчи директори:

Жамғармага юклатилган вазифа ва функцияларга биноан ижрочи дирекциянинг фаолиятини ташкил этади ва шахсан масъул бўлади, ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ижрочи дирекциянинг штат жадвалини шакллантиради, Жамғарма номидан кредит, хўжалик ва меҳнат шартномаларини имзолайди;

Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш билан келишган ҳолда Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан белгиланган тартибда текширувлар ташкил қилади, уларнинг натижаларини кўриб чиқади ва улар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чораларни кўради;

қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.


18. Жамғарма аппарати таркибида тегишли лойиҳаларни молиялаштириш бўйича хулоса ёки тавсиялар беришга масъул бўлган юқори малакали экспертлар гуруҳи ташкил қилинади.


IV. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ ВА ТАРТИБИ


19. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш вақтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан стратегик ресурсларга белгиланадиган чегара нархдан жаҳон нархининг ошиши натижасида тушадиган маблағлар;

давлат мулкини хорижий инвесторларга чет эл валютасига сотишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадларини шакллантириш чоғида ҳисобга олинган ҳажмлардан ортиқча тушадиган маблағлар;

Жамғарманинг активларини бошқаришдан, шу жумладан Жамғарма маблағларининг бўш қолдиқларини жойлаштиришдан келадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар.

20. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Жамғарма ҳисобварағига тушган миллий валютадаги маблағларни улар тушган санадаги Ўзбекистон республика валюта биржасининг савдо сессияларида ўрнатилган жорий курс бўйича чет эл валютасига конвертация қилади ва Жамғарманинг валюта ҳисобварағига ўтказади.

21. Солиқ ва тўловларнинг айрим турлари бўйича маблағларни Жамғарма ҳисобварағига ўтказиш белгиланган тартибда амалга оширилади.


22. Жамғарма маблағлари тушуми манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари ҳар йили белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига киритилади ва Жамғарма балансида акс эттирилади.



V. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


23. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилади:

а) аввало ёқилғи-энергетика комплекси, кимё саноати, машинасозлик, рангли металлургия ва иқтисодиётнинг бошқа базавий тармоқларида, шунингдек транспорт ва телекоммуникация соҳасида Давлат инвестиция дастурига киритилган ғоят муҳим лойиҳаларни молиялаштириш, шу жумладан, халқаро ва хорижий молиявий институтлар иштирокидаги лойиҳаларда Ўзбекистон Республикаси улушини қўшма молиялаштириш;

б) келажакда, биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларида, янги саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва тиклаш лойиҳаларини молиялаш мақсадида, шу жумладан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган имтиёзли кредитлар бериш;

в) янги ташкил этилаётган молиявий институтлар ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокида стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг устав капиталига инвестиция киритиш;

г) давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш;

д) Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш дастурлари доирасида тижорат банкларига хорижий валютада очилаётган кредит линиялари орқали инвестиция лойиҳаларини жадал молиялаштириш ҳамда амалга ошириш;

е) айрим лойиҳаларнинг дастлабки ёки якуний техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни грант асосида ёки фоизсиз кредитлар ажратиш йўли билан молиялаштириш;

ж) янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва ускуналар ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа товарларни тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ харид қилиш учун имтиёзли кредитлар бериш;

з) биринчи навбатда истиқболли, аммо етарлича ривожланмаган ҳудудларда ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантириш бўйича ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли миллий давлат дастурлари ва лойиҳаларини, Давлат бюджети ва инвестиция дастурининг тасдиқланган параметрлари доирасида, грант асосида молиялаштириш (қўшма молиялаштириш);

и) тижорат банклари билан биргаликда қарз олувчи корхоналарнинг инвестиция дастури (бизнес-режалари)ни, шу жумладан, ишлаб чиқаришни техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқариш қувватларининг ишлатилишини кўпайтириш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилиш ҳажмларини ошириш ҳамда қўшилган қиймат ўсишини таъминлашга имконият берувчи лойиҳаларни қўшма молиялаштириш;

к) Жамғарма бошқаруви ва ижро этувчи аппаратининг таъминоти билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплашга.

24. Маблағларни бериш муддати ва шартлари Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш қарори билан белгиланади. Жамғарма томонидан бериладиган кредит ресурслари бўйича фоиз ставкаси йилига 6 фоизгача табақалаштирилган миқдорларда белгиланади.

Жамғарманинг кредит ресурслари шартномада белгиланган чет эл валютасида ажратилади.

Тижорат банки маржасининг энг юқори чегараси Жамғарма ва тижорат банки ўртасида тузиладиган кредит шартномасида ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида белгиланади.

Ажратилган маблағларнинг қайтарилиши тижорат банклари томонидан кечиктирилган ҳолатларда ҳар бир кечиктирилган кун учун муддати кечиктирилган тўловлар бўйича қарздорлик суммасининг 0,01 фоизи миқдорида (қарзга олинган маблағлар ҳажмининг 10 фоизидан ошмаган ҳолда) пеня ундирилади.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан биргаликда молиялаштириладиган импорт контрактлари бўйича аванс тўловларини тўлаш, қоидага кўра, етказиб берувчи томонидан қайта молиялаштирувчи тижорат банкига биринчи даражали хорижий банк томонидан, аванс тўловини қайтаришга берилган кафолатномани тақдим этган ҳолда амалга оширилади.

25. Тижорат банкларига ажратиладиган кредит маблағларининг ҳажми уларнинг буюртманомалари асосида белгиланади ва ушбу буюртманомаларда қарз олувчи корхоналарнинг кредит олиш учун тижорат банки томонидан маъқулланган лойиҳалар маблағларининг умумий миқдори акс эттирилади.

Тижорат банкларига ҳар бир лойиҳа (модернизация, қайта қуриш ёки ишлаб чиқаришни техник жиҳатдан қайта қуроллантириш) учун бериладиган кредит ҳажми лойиҳа қиймати умумий миқдориниг 75 фоизидан ошмаслиги керак.

Қарз олувчи корхоналар (ташкилотлар)га кредит бериш Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш шартлари, кўриб чиқиш тартиби ва экспертизаси тўғрисидаги Низом ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг ҳужжатлари ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириб борилади.

26. Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш томонидан тижорат банкларининг буюртманомаларини кўриб чиқиш муддати ариза олинган кундан бошлаб 30 кундан ошмаслиги лозим. Ушбу муддатда Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш тижорат банки томонидан таклиф қилинган лойиҳани молиялаштириш тўғрисида ижобий қарор чиқаради ёки тижорат банкига ёзма равишда асосланган раддиянома беради.


27. Жамғармани бошқариш бўйича Кенгашнинг ижобий хулосаси қабул қилинганидан сўнг Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси 5 иш куни мобайнида тижорат банки билан кредит шартномасини тузади.

Кредит шартномасида тижорат банкига берилаётган кредит ресурсларининг миқдори, фоиз ставкаси ва мақсади (йўналтириш манзили), муддати ва шартлари, шунингдек томонларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳуқуқ ва бурчлари ҳамда бошқа масалалар акс эттирилади.


28. Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг буюртманомаларини кўриб чиқиш муддати буюртманома олинган санадан бошлаб 15 кундан ошмаслиги лозим.

Жамғармани бошқариш бўйича Кенгашнинг ижобий қарори қабул қилинганидан сўнг Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси 5 иш куни мобайнида тақдим этилган буюртманома ва Кенгаш қарорига биноан:

1) Молия вазирлиги билан - қайтариб бермаслик асосида буюртманомада ва ушбу Низомда белгиланган мақсадлар учун маблағ ажратиш тўғрисида битим;

2) Иқтисодиёт вазирлиги ва тегишли лойиҳанинг ташаббускори билан - буюртманомада ва ушбу Низомда белгиланган мақсадлар учун грант асосида маблағ ажратиш ёки фоизсиз кредит бериш тўғрисида битим тузади.

29. Жамғарманинг вақтинча бўш маблағлари уларни биринчи даражали халқаро молия воситаларига жойлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ишончли бошқарув учун белгиланган тартибда ўтказилади.

Жамғарма маблағлари бўш қолдиқларининг умумий ҳажми унинг жами активларининг камида қирқ фоизини ташкил этиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳар чоракда Жамғармани бошқариш бўйича Кенгашга Жамғарма маблағларини ишончли бошқариш натижалари, жумладан операциялар бўйича даромадлилик, ҳисобот даврида олинган даромад миқдори, жойлаштирилган Жамғарма маблағлари портфели таркиби, фоиз ставкаларининг жорий ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.


VI. ЖАМҒАРМАГА МАБЛАҒЛАР КЕЛИБ

ТУШИШИ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

ПРОГНОЗИНИ ТАЙЁРЛАШ, КЎРИБ

ЧИҚИШ ҲАМДА ТАСДИҚЛАШ


30. Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банки, тижорат банклари ва бошқа идоралардан олинган дастлабки маълумотлар ҳамда ҳисобот даврида ўтказилган тизимли мониторинг асосида кейинги календарь йил учун Жамғармага маблағлар келиб тушиши ва улардан фойдаланиш прогнози лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда уни Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш тасдиқлаши учун тақдим этади.


31. Жамғарма маблағларининг келиб тушиши ва улардан фойдаланишнинг прогноз лойиҳаларини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Инвестиция дастурининг келгуси йил параметрларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш билан узвий боғлиқ ҳолда амалга оширилади.

Республиканинг стратегик ресурслари бўйича жаҳон бозорларидаги қулай нархлар натижасида ҳосил бўладиган прогноздан юқори тушумларнинг пул массаси ҳажмига ва инфляция даражасига таъсирини бартараф қилиш мақсадида Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг юқори чегараси асосий макроиқтисодий ва пул-кредит кўрсаткичларининг прогноз параметрларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


32. Жамғарма маблағлари келиб тушиши ва улардан фойдаланиш прогнозларида умуман прогноз қилинаётган йил учун, шу жумладан, чораклар бўйича қуйидагилар акс эттирилади:

жумладан, ҳар бир манба бўйича маблағ тушумларининг умумий ҳажми;

устувор инвестициявий ва ижтимоий йўналтирилган лойиҳаларни, қарз олувчи корхоналарнинг инвестиция дастурларини молиялаштириш, олинаётган узоқ муддатли кредит ва инвестицияларга хизмат кўрсатиш ҳамда Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси фаолиятини молиявий таъминлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга маблағлар ажратиб бериш бўйича сарф-харажатлар.



VII. ЖАМҒАРМАНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


33. Жамғарманинг ҳуқуқлари:

а) тижорат банклари ҳамда қарз олган ташкилотларда Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан текширувлар ўтказиш;

б) Жамғарма маблағларининг мақсадли фойдаланилиши мониторингини олиб бориш учун зарур бўладиган маълумотларни, жумладан, Жамғарма томонидан ажратилган маблағлар ишлатилишининг ҳолати ва прогнози тўғрисидаги ҳамда бошқа маълумотларни тижорат банкларидан олиш;

в) лойиҳаларнинг бирламчи техник-иқтисодий асосланганлигини кўриб чиқиш, шу жумладан, Жамғарма маблағларининг мақсадли ва самарали фойдаланилиши мониторинги ҳамда текширувини олиб бориш мақсадида юқори малакали мустақил экспертлар ва соҳа мутахассисларини жалб қилиш.


34. Жамғарма мажбуриятлари:

а) юклатилган вазифаларга мувофиқ ҳолда:

Жамғарма маблағларини жалб этиш ва жамлашга қаратилган ишларнинг олиб борилишини;

Жамғарма маблағларининг аниқ белгиланган мақсадларга йўналтирилишини таъминлаш.

б) Жамғармани бошқариш бўйича Кенгашга чораклик ва йиллик ҳисоботларни белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этиш.



VIII. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

МАҚСАДЛИ ФОЙДАЛАНИЛИШИ УЧУН

ЖАВОБГАРЛИК ВА УНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


35. Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси зиммасига Жамғарма маблағларининг қатъиян мақсадли ва қонуний йўналтирилиши, шунингдек бухгалтерлик ҳисобининг юритилиши ва Жамғарма фаолияти бўйича ҳисоботларнинг тузилиши учун жавобгарлик юкланади.


36. Тижорат банклари Жамғарма маблағларидан тўғри ва мақсадли фойдаланиш ҳамда уларни ўз вақтида қайтариш учун масъулдирлар.


37. Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси Жамғарма маблағларининг мақсадли йўналтирилиши мониторингини доимий равишда белгиланган тартибда ўтказиб боради.

Тижорат банклари томонидан Жамғарма маблағларининг мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, мақсадга номувофиқ фойдаланилган маблағларнинг умумий ҳажми муддатидан олдин ундириб олиниб, Жамғарма ҳисобварағига ўтказилади ҳамда Жамғарма ва тижорат банки ўртасида тузилган шартномада белгиланган жарима санкциялари қўлланилади.


38. Жамғарма маблағларининг Жамғарма ижро этувчи дирекцияси томонидан қонуний ва қатъиян мақсадли йўналтирилиши устидан назорат Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш томонидан амалга оширилади.


39. Жамғарманинг ҳар йилги аудити мустақил халқаро аудитор томонидан амалга оширилади, Жамғарма маблағларининг шакллантирилиши ва фойдаланилиши Ўзбекистон Республикаси ҳисоб палатаси томонидан текшириб турилади.


40. Тижорат банклари томонидан ўз вақтида қайтарилмаган Жамғарма маблағлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.


41. Жамғармани қайта тузиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 20-21-сон, 171-модда.