язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Иқтисодиётнинг умумий масалалари/ Дастурлар, концепциялар ва уларни амалга ошириш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.06.2006 й. ПҚ-375-сон "Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ривожлантиришнинг энг муҳим мақсадли дастурлари амалга оширилишининг мониторингини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

12.06.2006 й.

N ПҚ-375



ИҚТИСОДИЁТ ТАРМОҚЛАРИ

ВА СОҲАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ

ЭНГ МУҲИМ МАҚСАДЛИ ДАСТУРЛАРИ АМАЛГА

ОШИРИЛИШИНИНГ МОНИТОРИНГИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Қабул қилинган мақсадли комплекс дастурларнинг параметрлари ижросини факторли таҳлил қилиш асосида амалга оширилишининг тизимли мониторингини олиб бориш, шунингдек зарурият туғилганда мақсадли дастурларда назарда тутилган мақсад ва вазифаларга ўз вақтида ва тўлақонли эришишга тўсқинлик қилувчи сабабларни бартараф этиш бўйича олдини олувчи ҳамда тузатишлар киритувчи чора-тадбирлар қабул қилиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан қабул қилинган 1-иловадаги рўйхатга мувофиқ энг муҳим мақсадли комплекс дастурлар амалга оширилишининг тизимли мониторингини ташкил этишга жавобгар орган этиб белгилансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорларига мувофиқ қабул қилинган энг муҳим мақсадли комплекс дастурлар амалга оширилишининг мониторингини олиб боришда Иқтисодиёт вазирлиги, бошқа вазирликлар, идоралар ва ҳудудий бошқарув органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик схемаси 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мақсадли комплекс дастурларнинг тасдиқланган параметрлари ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига ахборот ўз вақтида ва сифатли тақдим этилишини таъминласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги:

Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар маркази билан биргаликда бир ой муддатда ҳар бир мақсадли дастур ижросининг мониторинг тартиби, мониторингни амалга оширишда зарур бўладиган ахборотнинг макети ва шаклларини ишлаб чиқсин ҳамда давлат бошқарувининг барча даражаларида тадбиқ этсин;

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 6 февралдаги 16-сонли қарорига мувофиқ асосий моддий баланслар ижроси устидан қатъий назоратни таъминласин;

тизимли асосдаги мониторинг натижаларига кўра ҳар бир ижрочи бўйича энг муҳим мақсадли комплекс дастурлар ижросини танқидий таҳлил қилишни ҳамда дастурларда қўйилган мақсад ва вазифаларга эришиш бўйича ишларнинг ҳақиқий ҳолатига холис баҳо берилишини таъминласин ва ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига маълумот бериб борсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар Ҳукумат, ҳокимликлар ва ҳайъатлар мажлисларида қабул қилинган мақсадли комплекс дастурларнинг амалга оширилишини ҳар чоракда кўриб чиқсин ҳамда унинг якуни бўйича мавжуд қолоқликни бартараф этиш, дастурларнинг тасдиқланган параметрларига белгиланган муддатларда сўзсиз эришишни таъминлаш, дастурлар ижроси учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича аниқ амалий чоралар кўрсин.


5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      И. Каримов






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 12 июндаги

ПҚ-375-сон қарорига

1-ИЛОВА



Амалга оширилиши доимий мониторинг

қилиб бориладиган иқтисодиёт тармоқлари

ва соҳаларини ривожлантиришнинг энг

муҳим мақсадли комплекс дастурлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларни кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 23 мартдаги ПҚ-308-сонли Қарори.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида 2006-2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 17 апрелдаги ПҚ-325-сонли Қарори.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 5 январдаги ПФ-3706-сонли Фармони.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида" 2006 йил 11 январдаги ПҚ-255-сонли Қарори.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Йўл қурилиши ишлари ҳажми ва сифати устидан назоратни кучайтириш чора-тадбирлари ҳамда 2006 йилда автомобил йўллари қурилиши дастурини тасдиқлаш тўғрисида" 2006 йил 3 мартдаги ПҚ-299-сонли Қарори.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 12 июндаги

ПҚ-375-сон қарорига

2-ИЛОВА



Энг муҳим мақсадли комплекс дастурлар амалга

оширилишининг мониторингини олиб боришда

Иқтисодиёт вазирлиги, бошқа вазирликлар,

идоралар ва ҳудудий бошқарув органлари

ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик

СХЕМАСИ

Т/р

Иш босқичларининг номи


Бажариш

муддатлари


Маъсул ижрочилар


I босқич

Мазкур қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган мақсадли комплекс дастурларга киритилган тадбирлар амалга оширилиши тўғрисида ахборот тайёрлаш ва Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этиш.


Чоракдан кейинги ойнинг 5-кунигача

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


II босқич

Энг муҳим мақсадли комплекс дастурлар бажарилишини танқидий таҳлил қилиш, тан жойлар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига киритиш.


Чоракдан кейинги ойнинг10-кунигача

Иқтисодиёт вазирлиги

III босқич

Энг муҳим мақсадли комплекс дастурлар амалга оширилишини иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг ривожланишида мавжуд бўлган қолоқликни бартараф этишга қаратилган амалий чора-тадбирларни қабул қилган ҳолда ҳокимликлар ҳамда вазирликлар ва идоралар ҳайъатлари мажлисларида кўриб чиқиш, мазкур вазифаларни бажаришда тармоқлар ва ҳудудлар даражасидаги мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш.


Чоракдан кейинги ойнинг 14-кунигача

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

IV босқич

Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ривожлантиришнинг энг муҳим мақсадли комплекс дастурлар амалга оширилишини дастурга киритилган тадбирлар белгиланган муддатларда сўзсиз бажарилиши мақсадида мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган амалий чора-тадбирларни қабул қилган ҳолда мазкур вазифаларнинг бажарилишини Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида кўриб чиқиш.


Ҳар чоракда белгиланган муддатларда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 24-сон, 217-модда.