язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Давлат кадастрлари/ Ер. Ер ости. Сув ресурслари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.12.2000 й. 496-сон "Ўзбекистон Республикасида Ер мониторинги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

23.12.2000 й.

N 496



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ЕР МОНИТОРИНГИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Ер фондидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш учун унинг ҳолатини кузатиб бориш, ерларга баҳо бериш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш, давлат ер кадастри юритилишини, ердан фойдаланишни, ер тузишни, ер фондидан белгиланган мақсадда ва оқилона фойдаланиш, ерларни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати амалга оширилишини ахборот билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикасида Ер мониторинги тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги 2001 йилда ва ундан кейинги йилларда давлат бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан ер мониторингини амалга ошириш харажатларини қоплаш учун зарур маблағлар ажратишни назарда тутсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Т.Холтоев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               Ў. Султонов





Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 23 декабрдаги

496-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида

ер мониторинги тўғрисида

НИЗОМ


1. Ер мониторинги ер фондидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, ерларга баҳо бериш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш мақсадида унинг ҳолатини кузатиб бориш тизимидан иборат.


2. Ўзбекистон Республикасининг барча ерлари, уларнинг ҳуқуқий режими, фойдаланилиш мақсади ва характеридан қатъи назар, мониторинг объекти ҳисобланади.


3. Мониторинг ерлардан фойдаланиш мақсадини ҳисобга олган ҳолда олиб борилади ва ер фонди тоифаларига мувофиқ бўлган қуйидаги кичик тизимларга бўлинади:

қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ерлар мониторинги;

аҳоли пунктлари ерлари мониторинги;

саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадлардаги ерлар мониторинги;

табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреацион мақсадлардаги ерлар мониторинги;

тарихий-маданий мақсадлардаги ерлар мониторинги;

ўрмон фонди ерлари мониторинги;

сув фонди ерлари мониторинги;

захира ерлар мониторинги.


4. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси ер мониторингининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ер фонди ҳолати ўзгаришларини ўз вақтида аниқлаш устидан кузатишлар тизимини ташкил этиш ва амалга ошириш, уларни баҳолаш, салбий жараёнларни прогнозлаш ҳамда уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

давлат ер кадастри юритилишини, ердан фойдаланишни, ер тузишни, ер фондидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, ерларни муҳофаза қилиш ва ер ресурсларини давлат томонидан бошқаришга доир бошқа функциялар устидан давлат назоратини ахборот билан таъминлаш.


5. Ҳудудий қамраб олинишига кўра ерларнинг республика, минтақавий ва маҳаллий мониторинги амалга оширилади.

Республика мониторинги Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудини қамраб олади.

Минтақавий мониторинг физик-географик, маъмурий ва бошқа чегаралар билан чегараланган ҳудудларни қамраб олади.

Маҳаллий мониторинг алоҳида ер участкалари ва манзара-экология комплексларини қамраб олади.


6. Ер мониторинги мазмуни ер фонди ҳолатини махсус ташкил этилган мунтазам кузатишлар (суратга олиш, текшириш ва қидирув)дан, қуйидагилар ўзгаришларини аниқлаш, баҳолаш ва прогнозлашдан иборат бўлади:

ерга эгалик қилиш, ердан фойдаланиш, экинзорлар, далалар, участкалар, манзара-экология комплексларининг ҳолати;

ерлар унумдорлигининг ўзгаришига, уларнинг таназзули ва деструкцияси (аридизация ва чўлланиши, сув, ирригация ва шамол эрозияси, чиринди миқдори ўзгариши, тупроқ таркибининг ўзгариши, оҳаклилиги, бегона ўт босганлиги, шўрланганлиги, қишлоқ хўжалиги ерларининг ўт босганлиги, ерларнинг пестицидлар, оғир металлар, радионуклидлар ва бошқа токсик моддалар, саноат, маиший ва бошқа чиқиндилар билан ифлосланиши)га таъсир қилувчи жараёнлар (омиллар);

табиий озуқабоп ўтлар қоплами ҳолатининг ўзгариши (ўсимликлар таркиби, тузилиши, ҳосилдорлиги, сифати ва тўйимлилигининг ўзгариши) билан боғлиқ жараёнлар;

дарёлар қирғоқларининг, Орол денгизи, кўллар, сув омборлари, ирригация ва гидротехника иншоотларининг ҳолати;

жарликлар ва ўпқонлар, ўпирилишлар, сел оқимлари, зилзилалар, сув тошқинлари, “дегишлар”, карст, ер чўкиши, бошқа экзоген ва эндоген жараёнлар ва антропотехноген ҳодисалар туфайли пайдо бўлган жараёнлар;

аҳоли яшаш жойлари, нефть ва газ қазиб олиш, тозалаш иншоотлари, гўнгхоналар, ахлатхоналар, ёнилғи-мойлаш материаллари, ўғитлар, заҳарли химикатлар омборлари, токсик саноат чиқиндилари ва радиоактив материаллар кўмилган жойлар, шунингдек бошқа саноат объектлари ерларининг ҳолати.


7. Ерларнинг ҳолати ўзгаришларнинг йўналиши ва жадаллигига оид бир қанча изчил кузатишларни (даврий, мавсумий, суткалик) таҳлил қилиш, олинган кўрсаткичларни ерларнинг сифат ҳолати нормативлари билан таққослаш орқали баҳоланади. Ер ҳолатини баҳолаш кўрсаткичлари муайян давр ёки сана учун ҳам абсолют, ҳам нисбий кўрсаткичларда (ўлчов бирлигида) ифодаланади.


8. Ерлар ҳолатини баҳолаш натижаларига кўра тезкор маълумотлар, ахборотлар, прогнозлар ва тавсияномалар тузилади, уларга ўзгаришлар, айниқса салбий ўзгаришларнинг динамикасини, уларнинг йўналишини ва жадаллигини тавсифловчи мавзули хариталар, картограммалар, жадваллар ва диаграммалар илова қилинади.


9. Ер мониторинги Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатдор вазирликлари ва идоралари иштирокида амалга оширилади.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан деҳқон хўжаликлари ер участкаларидан ва томорқа ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланишнинг, шу жумладан, ерга ишлов бериш, уруғлик, кўчатлар ва дарахтлар ўтқазиш, иссиқхоналар қуриш, мол ва паррандалар боқиш ҳолатининг мунтазам мониторингини олиб бориш ҳуқуқига эгадир.

Вазирликлар ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, ер мониторинги маълумотларини умумлаштириш Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

10. Ер мониторинги Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар иштирокида ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган ягона услуб бўйича олиб борилади, бу услуб ерларнинг ҳолатини, тезкор ва мунтазам кузатиш ишларини амалга оширувчи, тадқиқотлар, текширишлар ўтказувчи ёки хариталовчи барча корхоналар ва ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.

11. Идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ерларни мавзули хариталовчи ва уларнинг ҳолатини кузатувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларига уларнинг ваколатлари доирасида ерларнинг миқдори ва сифати бўйича ҳолати тўғрисидаги маълумотларни ер мониторинги ва давлат ер кадастри бўйича ахборотлар (ҳисоботлар)га киритиш учун кўрсатилган ишлар бўйича материалларнинг нусхаларини текин берадилар.

Ўз навбатида ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари ҳам ерларни мавзули хариталовчи ва уларнинг ҳолатини кузатувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга уларнинг сўровига биноан зарур материалларни текин берадилар.

12. Ер мониторинги ягона классификаторлар, кодлар, метрик бирлик тизими, маълумотларнинг стандарт форматлари ва меъёрий-техник база, координатлар ва баландликлар давлат тизимига асосланган турли хил маълумотларнинг бир-бирига мослиги принципига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.


13. Ер мониторингини ўтказишда зарур ахборотларни олиш учун қуйидагилар қўлланилади:

масофадан туриб зондлаш (аэрокосмик суратга олиш ва кузатишлар);

ерда суратга олиш ва кузатиш;

фонд материаллари.


14. Муддатлари ва даврийлигига кўра ерларнинг ҳолатини учта гуруҳда кузатишлар амалга оширилади:

базавий (ер мониторингини юритишнинг дастлабки босқичида кузатиш объектларининг ҳақиқий ҳолатини қайд этувчи бошланғич) кузатишлар;

даврий (йиллик ва табиий тусдаги даврлар бўйича) кузатишлар;

тезкор (жорий ўзгаришларни қайд қилувчи), бир йилдан кам оралиқ даврда мунтазам ёки бирйўла бажариладиган кузатишлар.


15. Экин майдонлари, далалар, участкалар, манзара-экология комплекслари ҳолатини бевосита кузатишда олинган базавий (бошланғич) маълумотлар туманлар, шаҳарлар, қўрғонлар, вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва умуман Ўзбекистон Республикаси бўйича, шунингдек алоҳида табиий комплекслар бўйича умумлаштирилади.


16. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ерларнинг базавий ва даврий мониторинги - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари томонидан юритилади.

17. Ерларнинг тезкор (навбатчи) мониторинги туманлар ва шаҳарлардаги базавий ва даврий мониторинг маълумотларидан фойдаланган ҳолда  туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари томонидан юритилади.

18. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари билан биргаликда ҳар йили 1 февралдан кечиктирмай маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасига, Давлат экология қўмитасига минтақадаги ерларнинг ҳолати тўғрисида ахборотлар (ҳисоботлар) тақдим этадилар, ўта хавфли ва йўл қўйилиши чекланган жараёнлар аниқланганда тезкор маълумотлар юборадилар.

19. Корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва жисмоний шахслар ер мониторинги маълумотларидан белгиланган тартибда ҳақ тўлаган ҳолда фойдаланадилар.


20. Ер мониторингини юритиш бўйича ишлар давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Ер мониторинги бўйича давлатлараро ва халқаро дастурларни маблағ билан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан тузадиган битимлари ва шартномаларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонунлари тўплами" 2000 й. 12-сон


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2000 й., 12-сон, 79-модда.