язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Деҳқон хўжаликлари. Шахсий қўшимча хўжаликлар/ Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларига наслли молларни аукцион (кимошди савдоси) орқали сотишни амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 05.07.2006 й. 1591-сон билан рўйхатга олинган КСХВ 16.06.2006 й. 128-сон Буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2006 йил 5 июлда 1591-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг

2006 йил 16 июндаги

128-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер

хўжаликларига наслли молларни аукцион

(кимошди савдоси) орқали сотишни

амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 23 мартдаги "Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-308-сонли қарорига мувофиқ, наслли молларни аукцион (кимошди савдоси) орқали сотишни амалга ошириш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қўйидаги тушунчалар қўлланилади:


шахсий ёрдамчи хўжалик - қишлоқ, овул ва қўрғонларда яшовчи фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун уй-жой қуриш учун берилган участкаларининг бир қисми - томорқада оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида оила эҳтиёжлари учун деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ҳамда оила эҳтиёжидан ортиқчасини деҳқон бозорларида сотиш билан шуғулланадиган оилавий хўжалик;


деҳқон хўжалиги - оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун оила бошлиғига берилган томорқа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирадиган ва реализация қиладиган, юридик шахсни ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда фаолият юритадиган оилавий майда товар хўжалиги;


фермер хўжалиги - фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи, мустақил хўжалик юритувчи субъектдир;


аукцион (кимошди савдоси) - наслли молларни сотишни амалга ошириш учун ташкил этиладиган очиқ турдаги аукцион савдоси;


аризачи - аукционда иштирок этиш истагини билдирган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликлари;


иштирокчи - аукционда қатнашиш ҳуқуқи берилган шахс;


сотувга қўйилган маҳсулот - наслли чорва моллари;


аукцион ташкилотчиси - наслли чорва моллар эгаси билан тузилган шартномага асосан, хизмат кўрсатувчи ва аукционни ўтказувчи ихтисослашган ташкилот;


сотувчи - наслли мол эгаси ёки унинг ишончли вакили.


2. Наслли чорва молларнинг аукцион савдолари наслчилик хўжаликларида чорвачиликни жадал ривожлантириш, наслчилик бўйича селекция соҳасида эришилган ютуқларни амалда жорий этиш ҳамда наслли молларни сотишда наслчилик хўжаликларининг рақобатбардошлилиги ва иқтисодий манфаатдорлигини ошириш мақсадида ўтказилади.


3. Наслли чорва молларни сотиш очиқ турдаги аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

Аукцион савдоси мустақил тадбир бўлиб, аукцион дастурига наслли чорва моллар кўргазмаси ҳамда савдо ярмаркаси ҳам кириши мумкин.


4. Аукцион савдосида шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликлари наслли чорва молларни сотиб олиш учун иштирок этиш истаги билан мурожаат қилишлари мумкин.


5. Аукцион савдоси ўтказиладиган жой ва ўтказиш тартиби сотувчи томонидан белгиланади.


6. Фақат битта иштирокчи қатнашган аукцион савдоси ўтказилмаган ҳисобланади.


7. Аукцион савдосида сотиш учун молларни танлаш, тайёрлаш ва олиб келиш мулкдор томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



II. АУКЦИОН САВДОСИДА

ИШТИРОК ЭТИШ ШАРТЛАРИ


8. Аукцион савдосида шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликлари қонунчилик ва мазкур Низомда ўрнатилган тартибда иштирок этишлари мумкин.


9. Аризачи аукцион савдосида иштирок этиш учун аукцион ташкилотчисига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

аукцион савдосида иштирок этиш учун ариза (икки нусхада);

закалат ҳақидаги келишув;

аукцион савдоси ўтказилиши тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган аукцион ташкилотчисининг банк ҳисоб рақамига закалат ўтказилганлигини тасдиқловчи тўлов топшириқномасининг нусхаси. Агар қонунда бошқа талаблар назарда тутилмаган бўлса, тўлов миқдори, савдога қўйилган маҳсулот бошланғич нархининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Сотувчи томонидан ҳар бир сотилаётган маҳсулот бўйича тўловнинг аниқ миқдори аукцион савдоси ташкилотчиси билан келишилган ҳолда белгиланади;

юридик шахслар учун - давлат рўйхатига олинганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси, унинг ишончли вакили қатнашаётган бўлса, шунингдек белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома;

жисмоний шахслар учун - паспорт нусхаси, унинг ишончли вакили қатнашаётган бўлса, шунингдек белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома.

Аукцион савдоси ташкилотчиси томонидан, аризанинг иккинчи нусхасига қабул қилинган ҳужжатлар номи қайд қилинган ҳолда белги қўйилади ва аризачига қайтарилади.


10. Аукцион савдосида иштирок этиш ҳақидаги аризалар, белгиланган тартибда қайд қилиш китобида рўйхатга олинади.


11. Аукцион ташкилотчиси, аукцион савдосида иштирок этувчиларни тақдим этиладиган ҳужжатлар намуналари билан таъминлаши, шунингдек уларни тўлдириш ва расмийлаштиришга кўмаклашиши шарт.


12. Аукцион ташкилотчиси иштирокчилар томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг сақланиши, шунингдек тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда иштирокчилар ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг мазмуни сир тутилишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.


13. Аукцион савдоси бошлангунга қадар иштирокчи аукцион ташкилотчисига ёзма равишда мурожаат этиб, ўз аризасини қайтариб олишга ҳақли. Бу ҳолда аризачидан тушган закалат суммаси аукцион савдоси ташкилотчисига аризани қайтариб олиш ҳақида берилган ариза келиб тушган вақтдан бошлаб уч банк кунидан кечиктирмай қайтариб берилиши лозим.


14. Аризаларни қабул қилиш аукцион савдоси бошланишига бир соат қолганда тўхтатилади.


15. Аукцион иштирокчиларини аниқлаш учун тақдим этилган аризалар ва ҳужжатлар, аукцион савдоси бошлангунга қадар шу куннинг ўзида комиссия томонидан кўриб чиқилади.


16. Аукцион савдосининг иштирокчисига, иштирокчининг рақами ва аукцион савдосига қўйилган чорва молларнинг зоти ва аниқ бош сони қайд қилинган билет берилади. Шунингдек иштирокчига савдо вақтида фойдаланиш учун махсус рақамли белги берилади ва у савдо тугагач қайтарилади.


17. Аукцион савдосига киритилмаган аризачилар савдо бошланишидан олдин огоҳлантириладилар.



III. АУКЦИОН САВДОСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


18. Аукцион ташкилотчиси сотувчи билан тузилган шартнома асосида ўз фаолиятини амалга оширади. Шартномада қуйидагилар кўрсатилади:

шахсий рақамлари ва лақаблари қайд қилинган чорва моллар зоти ва бош сони;

чорва моллар жойлашган жой (манзили);

ҳар бир бош наслли чорва молнинг бошланғич нархи;

рағбатлантириш миқдори (комиссион йиғим ва бошқалар);

аукцион савдоси ўтказиладиган жой, вақт ва уни ўтказиш тартиби;

иштирокчилар томонидан тўланадиган закалат миқдори;

ўзаро ҳисоб-китоблар ҳамда томонларнинг жавобгарлиги;

қонунчиликка зид бўлмаган бошқа шартлар.

Шартнома тузишдан ташқари сотувчи аукцион савдосини ўтказувчи ташкилотга шунингдек сотувга қўйилган маҳсулот ҳақидаги маълумотларни, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни ва лозим бўлган тақдирда бошқа ҳужжатларни тақдим этади.


19. Аукцион ташкилотчиси белгиланган тартибда қуйидагиларни таъминлайди:

савдога қўйилган чорва моллар зоти ва бош сонлари ҳақидаги хабарномани эълон қилиш ва иштирокчиларга етказиш;

аукцион савдосини белгиланган муддатларда ўтказиш;

аукцион иштирокчилари билан ҳисоб-китоб ишларини амалга ошириш;

аукцион савдосининг натижаларини эълон қилиш;

шартномага мувофиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш.


20. Аукцион савдоси ўтказилиши ҳақидаги хабар оммавий ахборот воситаларида аукцион ўтказилишидан камида 30 кун олдин эълон қилиниши ва ўз ичига аукцион савдоси ўтказиладиган кун, вақти, жойи, чорва моллар бошланғич нархи, шу жумладан, савдода қатнашишни рўйхатга олиш ҳақидаги маълумотномаларни олиши лозим. Эълонда шунингдек закалат миқдори, тўлаш муддати ҳамда тартиби ва аукцион савдоси ҳақидаги бошқа маълумотлар кўрсатилади.


21. Аукцион савдосини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳаражатлар сотувчи ва сотиб олувчи томонидан тенг миқдорда тўланадиган комиссион йиғимлар ҳисобидан қопланади.


22. Комиссион йиғим миқдори ташкилотчи томонидан сотувчи билан келишилган ҳолда белгиланади ва у савдони ташкил этиш, ўтказиш ва жорий харажатлардан ошиб кетмаслиги лозим.



IV. АУКЦИОН САВДОСИ КОМИССИЯСИ


23. Аукцион савдосини ўтказишга тайёрлаш ва амалдаги тартиб ва қоидаларга риоя қилинишини назорат қилиш учун аукцион савдоси ташкилотчиси, таркиби камида 5 кишидан иборат бўлган доимий ёки муваққат фаолият юритувчи аукцион савдоси комиссиясини тузади.

Аукцион савдоси комиссияси таркибига мулкдор вакилидан ташқари қуйидагилар киради:

туман ҳокимияти вакили;

туман бош ветеринария врачи;

туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бош зоотехниги;

вилоят наслчилик хизмати вакили.


24. Аукцион савдоси комиссияси, ўз регламентини мустақил равишда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.


25. Аукцион савдоси комиссияси қарори, кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва барча комиссия аъзолари томонидан имзоланадиган баённома тузилади.


26. Аукцион савдоси комиссияси бевосита аукцион савдосини ўтказиш жараёнига аралашишга, мазкур Низом, бошқа қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолларда иштирокчиларнинг иштирок этиш ҳуқуқини бекор қилишга, ўзаро келишув ҳолати ва бошқа савдони бузувчи кўзда тутилмаган ҳолатлар аниқланганда савдони тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.


27. Аукцион савдо комиссияси:

аризаларни унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга кўриб чиқади;

аризачиларни аукцион савдосига киритиш ёки аризаларни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади;

аукцион савдосининг ўтказилишини назорат қилади;

низоларни ўз ваколати доирасида кўриб чиқади.

Комиссия қонун ҳужжатлари ва ушбу Низомга мувофиқ аукцион савдосини ўтказиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



V. АУКЦИОН САВДОСИНИ ЎТКАЗИШ


28. Аукцион савдоси махсус малакага эга бўлган аукцион ўтказувчи (аукциончи) томонидан ўтказилади. Аукцион савдоси наслли чорва молларнинг қисқа таърифи, бошланғич нархи, шунингдек баҳо ортиши қадамини эълон қилиш билан бошланади. Баҳо қадами (ўсишини) аукцион ўтказувчи томонидан сотувчи билан келишилган ҳолда белгиланади ва у наслли чорва мол нархининг 5 фоизидан ошмаслиги керак. Алоҳида ҳолларда комиссиянинг ёзма қарорига кўра баҳо қадами ўзгартирилиши мумкин.

Уч қадамдан сўнг, чорва молнинг баҳоси ошиш томонига ўзгариши мумкин. Аукцион савдосини ўтказиш жараёнида, аукциончи баҳони эълон қилади, иштирокчилар эса ушбу баҳода сотиб олишга тайёр эканликларини рақамли билетни кўтариш йўли билан ўз муносабатларини билдирадилар.


29. Аукцион савдосини ўтказиш жараёни бошланғич нархни эълон қилиш билан бошланади. Навбатдаги баҳо эълон қилиниши билан аукциончи биринчи бўлиб, ўз рақамли билетини биринчи бўлиб кўтарган иштирокчини кўрсатади. Агарда бошқа иштирокчилар томонидан сотиб олиш истаги шу йўсинда билдирилган тақдирда, аукциончи аукцион савдоси баҳо қадамига мувофиқ кейинги баҳони эълон қилади.

Аукцион савдоси наслли молга энг юқори баҳони таклиф этган иштирокчи аниқлангунга қадар давом этади.

Баҳо уч марта эълон қилингандан сўнг, бу баҳога бошқа иштирокчилар ўз рақамлари кўрсатилган билетини кўтармасалар, аукцион савдоси тугатилади. Рақамли билетини энг охирида кўтарган иштирокчи эълон қилинади ва аукцион савдоси ғолиби деб эътироф этилади.


30. Аукцион савдоси тугагач, аукциончи наслли молларнинг сотилганлигини, баҳосини ва ғолиб рақамини эълон қилади.


31. Аукцион савдоси ғолиби ва ташкилотчиси аукцион ўтказилган куни шартнома кучига эга бўлган аукцион натижалари тўғрисида баённома имзолайди. Савдода ғолиб чиққан шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда киритган закалат суммаси қайтарилмайди. Аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани имзолашдан бош тортган аукцион ташкилотчиси закалатни икки баробар миқдорда қайтариши лозим.


32. Аукцион савдоси якуни бўйича тузиладиган баённомада қуйидагилар қайд қилинади:

насли кўрсатилган тартибда сотилган моллар рўйхати, шахсий тартиб рақами ва унинг "лақаби";

сотилган баҳоси, тўлаш тартиби ва тўлов шакли;

сотувчи ва харидор тўғрисидаги маълумотлар ва уларнинг манзили;

сотилган чорва молни етказиб бериш тартиби, томонларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

қонунчиликка зид бўлмаган бошқа шартлар.


33. Аукцион савдоси натижалари ҳақидаги ахборот, аукцион савдоси ўтказилган кундан бошлаб 30 кун ичида матбуотда ёки махсус ахборотномада чоп этилади.



VI. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ


34. Харидор сотиб олинган чорва мол ёки гуруҳда нуқсон (жинсий ожизлик) ва касалликлар аниқланган ҳолатларда белгиланган тартибда аукцион савдоси комиссияси ёки бевосита судга мурожаат қилиши мумкин.


35. Сотиб олинган чорва мол ёки гуруҳда аниқланган нуқсон (жинсий ожизлик) ва касалликлар ҳудудий ветеринария ёки наслчилик хизмати томонидан тасдиқланади.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


36. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 27-сон, 255-модда.