ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Инвестициялар / Хорижий инвестициялар /

Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 21.07.2006 й. ПК-423-сон Қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 21 июлдаги

ПҚ-423-сон қарорига

4-ИЛОВА



Давлат активларини хусусийлаштириш

ва хусусийлаштириш жараёнларини

мувофиқлаштириш бўйича давлат

комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳужжатлари билан тасдиқланган давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ давлат корхоналари (мулки) қисми бўйича, шунингдек якка тартибдаги лойиҳалар бўйича давлатга тегишли ва сотилиши зарур бўлган акциялар пакетлари ва улушларини сотиш бўйича тендер савдолари ўтказувчи Давлат комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаб беради.

2. Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг бирлашмалари (хўжалик уюшмалари), мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.



II. КОМИССИЯНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


3. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек жалб қилинган хорижий эксперт компаниялар ва маслаҳатчи-консультантларнинг сотишдан олдинги тайёргарлик ҳамда якка тартибдаги лойиҳалар бўйича хусусийлаштириладиган объектларни сотиш масалалари бўйича биргаликдаги фаолиятини ташкил этиш;

ошкоралик, баҳолашнинг холислиги ва талабларнинг ягоналиги асосида тендер қатнашчилари учун тенг рақобат шарт-шароитлари яратиш;

тендер савдолари асосида сотиладиган корхоналарнинг давлат активларини харид қилишга номзодларнинг энг манфаатли таклифлари эксперт баҳолашини амалга ошириш ва танловини ўтказиш;

давлат корхоналарини хорижий инвесторлар иштирокида хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга йўналтирилган Президент ва Ҳукумат ҳужжатларининг сўзсиз бажарилишини ташкил этиш, республика иқтисодиётига хорижий инвестицияларни, айниқса тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб қилиш, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ролини янада ривожлантириш ва ошириш;

сансалорлик, бюрократизмнинг пайдо бўлиши ва объектларни хусусийлаштириш, шу жумладан хорижий инвесторлар иштирокида хусусийлаштириш ҳамда акциялар пакетларини ва корхоналарни тўлиқ танлов (тендер) савдолари ғолибларига сотишни жадаллаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш муддатлари чўзиб юборилиши ҳолларини бартараф этиш;

иқтисодиёт тармоқларида Давлат комиссияси қарорлари қабул қилинган хусусийлаштирилган корхоналар ва объектларнинг фаолияти устидан мониторинг ташкил этиш.



III. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


4. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат активларини сотишнинг (тендер, танлов, кимошди, биржа) шартлари ва шаклларини, шунингдек, зарурат бўлганда Давлат активларини бошқариш агентлигининг таклифига мувофиқ давлат мулкини хусусийлаштиришнинг умумўрнатилган тартибидан бошқа шакл ва усулларини, муддатлари ва шартларини белгилаш;

тендер ҳужжатларини ва шунингдек тендер объектларининг сотилиш баҳосини, тендер объектларини сотишга жалб қилинадиган эксперт, шу жумладан хорижий, компаниялар ва воситачиларни танлаш шартлари ва мезонларини тасдиқлаш;

хусусийлаштириладиган объектга (акциялар пакетига) талаб конъюнктурасига кўра ҳамда тегишли инвестиция мажбуриятлари бўлган аниқ стратегик инвесторлар мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда тендер объектларининг бошланғич нархини ўзгартириш;

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ёки унинг томонидан шартномавий асосда жалб қилинган маҳаллий ва хорижий инвестициялар воситачилари орқали ўтказиладиган тендер савдолари натижаларини тасдиқлаш;

объектлар ва акцияларни (улушларни) ҳам эркин муомаладаги валютада, ҳам миллий валютада, шу жумладан ҳақ тўлашнинг аралаш шаклларида ва инвестор томонидан эркин муомаладаги валютада аниқ инвестиция мажбуриятлари қабул қилиниши шарти билан замонавий технология асбоб-ускуналари етказиб бериш ҳисобига сотиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Комиссияга юкланган вазифаларни таъминлаш учун зарур ахборотларни олиш;

объектларни хусусийлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишдаги сансалорлик, бюрократизмнинг пайдо бўлиши, муддатларни чўзиш ҳоллари ҳамда корхоналар ва акцияларни хорижий инвесторларга сотишни жадаллаштириш бўйича мустақил қарор қабул қилиш;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тармоқ бирлашмалари, корхоналарнинг ижро этувчи органлари вакилларини Комиссия фаолияти учун жалб этиш;

давлат активларини муваффақиятли сотиш учун молиявий маслаҳатчи-консультантлар, экспертлар ва техник мутахассисларни жалб қилиш шартлари ва мезонларини тасдиқлаш;

паст рентабелли, зарар кўриб ишлайдиган, иқтисодий ночор давлат корхоналари ва объектлар, шу жумладан хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси корхоналарини ташкил этиш учун қишлоқ жойларда фойдаланилмаётган бинолар ва хоналар рўйхатларини, шунингдек уларни инвесторлар томонидан қабул қилинган инвестиция мажбуриятлари билан сотиш шартларини тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

инвесторларнинг буюртманомалари бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг балансида бўлган объектларни аниқ инвестиция мажбурияти остида инвестор билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан танлов ўтказмасдан сотиш;

объектларни бир рўйхатдан бошқа рўйхатга ўтказиш, инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар шартларини, сотиш усулларини, жумладан тўғридан-тўғри олди-сотди шартномалари бўйича сотиш усулларини ўзгартириш орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган хусусийлаштириш дастурларига киритилган хусусийлаштириладиган давлат мулки объектлари (акциялари, улушлари) рўйхатларига ўзгартишлар киритиш;

корхоналар соф активларининг давлат акция пакетлари (улушлари)га нисбатан пропорционал қиймати 100 млн сўмдан ошмаса, соф активларининг пропорционал улушига тенг (соф активлари устав капиталидан кам бўлганда номинал) қийматда жамият қатнашчиларининг сотиб олишдаги устунлик ҳуқуқини қўлламаган ҳолда оммавий савдоларга қўйиш бўйича қарорлар қабул қилиш;

давлат активларини оммавий савдоларга чиқаришда уларнинг бошланғич нархини (баланс, номинал қийматларида, фонд биржаси котировкаси бўйича, соф активлари қийматида ёки давлат активлари баҳоланган нархининг 70 фоизгача пасайтирилган миқдорида) белгилаш;

давлат унитар корхоналарини хусусийлаштириш мақсадида хўжалик жамиятларига ўзгартиришда корхонанинг мол-мулклари ва мажбуриятларини хатлов ҳамда баҳолашни ўтказмасдан, уларнинг устав капитали миқдорини солиқ органларига топширилган охирги бухгалтерия баланси маълумотлари асосида соф активлари қийматида, соф активлари манфий бўлган тақдирда, корхона устав капитали миқдорида белгилаш;

давлат активларини устав капиталига бериш орқали хусусийлаштириш ёки давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқарув органлари қарорлари асосида уларнинг носоҳавий активларини давлатга бериш орқали улардаги давлат улушларини камайтириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш.

хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат акция пакетлари бўйича олди-сотди шартномаларини қимматли қоғозлар савдолари ташкилотчиларининг савдо майдончаларидан ташқарисида рўйхатдан ўтказган ҳолда хусусийлаштиришнинг умумўрнатилган тартибидан бошқа шакл ва усуллари орқали сотиш;

кўчмас мулк объектлари ва келгусида шаклланадиган давлат акция пакетлари (улушлари) ҳамда давлат корхоналарини хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш, уларни сотиш шартлари, савдо тури ва оммавий савдолардаги бошланғич нархини белгилаш;

давлат муассасаларини (бундан хусусийлаштирилмайдиган давлат муассасалари мустасно) хўжалик жамиятларига ўзгартириш, шунингдек, давлат муассасаларини тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш учун муассисларга кўрсатма ва таклифлар киритиш;

Комиссия шунингдек айрим ҳолларда, иқтисодиёт учун стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарга инвестицияларни жалб этишда қуйидаги ҳуқуқларга ҳам эга:

корхона (акциялар улушлари) сотилгунга қадар бюджетдан ва давлат корхоналаридан, жумладан муддатлари кечиктирилган йиғилган қарзларини таркибий ўзгартириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

инвесторнинг сўровига кўра, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳсулотларни ўзлаштириш даврида табиатни муҳофаза қилиш кўрсаткичлари бўйича талабларни оширишга мораторийларни белгилаш.

Комиссия давлат мулкини биринчи даражали стратегик инвесторларга уларнинг корхоналарни ривожлантириш бўйича инвестиция мажбуриятлари остида сотганида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги таклифларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли:

инвестор томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати остида олинган банкларнинг, шу жумладан хорижий банкларнинг кредитлари бўйича корхоналарнинг қарзларини тўлиқ сўндирилиши бўйича қўшимча мажбуриятлар олиш шартларида корхонани яхлит ёки сотиладиган давлат улушини акцияларнинг назорат пакетигача ошириш ҳақида;

хусусийлаштирилаётган корхоналарнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати остида олинган банкларнинг, шу жумладан хорижий банкларнинг кредитлари бўйича қарзларини қисман ёки тўлалигича таркибий ўзгартириш тўғрисида.


5. Комиссия:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг тендер объектларини сотишни ташкил этиш бўйича қарорларини бажаришга;

Комиссия мажлисларида қабул қилинган қарорларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни амалга оширишга мажбурдир.



IV. КОМИССИЯ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Комиссия ўзининг иш жараёнида ушбу Низомга амал қилади ва ўз фаолиятини тасдиқланган тартибга мувофиқ амалга оширади.


7. Комиссия мажлислари унинг аъзоларининг камида тўртдан уч қисми қатнашган ҳолда, заруратга қараб, вақти-вақти билан ўтказиб турилади.

Комиссия қарорлари мажлисда қатнашаётган Комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган ҳолларда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Комиссия қарорлари мажлисда қатнашган Комиссия аъзолари томонидан имзоланадиган ва Комиссия раиси ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади. Баённома имзоланаётганда Комиссия аъзолари унга ўзларининг алоҳида фикрларини илова қилишга ҳақлидирлар.


8. Тендер объектларини унинг ғолибларига бериш Комиссиянинг тегишли қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалга оширилади.

9. Комиссия иши билан боғлиқ ахборотлар маҳфий ҳисобланади ва хусусийлаштириш жараёнида қатнашмайдиган учинчи шахсга ошкор қилишга йўл қўйилмайди.

Комиссия аъзолари кўрсатиб ўтилган ахборотни ошкор қилганликлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

10. Комиссиянинг тендерларни ташкил этиш ва уларни ўтказиш, шунингдек эксперт компанияларни ва воситачиларни, шу жумладан хорижий, тендер асосида танлаш харажатлари ҳамда уларга тўланадиган пул мукофотлари:

давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан;

тендер объектини сотишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан тўланади.


VI. КОМИССИЯНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ


15. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Комиссиянинг савдоларни тайёрлаш ва ўтказишни ташкил қилишни амалга оширувчи (тушаётган таклифларни эксперт баҳолаш, Комиссия томонидан кўриб чиқиладиган ҳужжатларни расмийлаштириш, реклама ишлари, Комиссияда иш юритиш) ишчи органи ҳисобланади.

16. Комиссиянинг ишчи органи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) Комиссия томонидан тасдиқланган шартларда, жумладан ихтисослаштирилган ташкилотлар ва воситачиларни жалб этган ҳолда кимошди, танлов, биржа, тендер ва хусусийлаштиришнинг умумўрнатилган тартибидан бошқа шакл ва усулларда савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш;

б) Комиссия томонидан белгиланган шартлар ва мезонларда, шу жумладан хорижий, техник, молиявий, юридик экспертларни ва воситачиларни давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушадиган умумий маблағлардан, кейинчалик харажатларни объектлар (акциялар) сотилишидан тушадиган тушумлар ҳисобидан компенсация қилиш билан уларнинг хизматларига ҳақ тўлаган ҳолда тендер ва кимошди савдоларини тайёрлаш ва ўтказиш учун танлов асосида таклиф этиш;

в) Комиссияга:

халқаро амалиётга мувофиқ ва (ёки) жалб қилинган хорижий эксперт компаниялари ва маслаҳатчи-консультантларнинг таклифига асосан давлат мулкини сотишнинг белгиланган тартиби, шакллари, усуллари, муддатлари ва шартларини ўзгартириш бўйича;

тендер савдоларини тайёрлаш ва ўтказишнинг молиявий ва техник шартлари, инвестиция таклифларини баҳолаш тартиби, ғолибни танлаш мезонлари, тўловлар тартиби ва шартлари бўйича таклифлар киритиш;

г) давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, юридик шахслар бирлашмалари ва хусусийлаштириладиган корхоналардан унга юкланган вазифаларни таъминлаш учун зарур бўлган ахборотларни олиш;

е) Комиссия билан келишган ҳолда тендер савдоларини ўтказиш ва уларнинг якунлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ўз номидан эълонлар чиқариш.


17. Комиссиянинг ишчи органи қуйидагиларга мажбур:

Комиссия томонидан қабул қилинган қарорларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш;

ҳар бир хусусийлаштириш объекти тўғрисидаги ахборотларни тўплаш, тартибга солиш ва ишлашни амалга ошириш;

потенциал инвесторларга, шу жумладан хорижий инвесторларга объектлар ҳақидаги умумий мажбурий ахборотлар ва уларнинг сўровлари бўйича қўшимча ахборот ўз вақтида жўнатилишини таъминлаш;

бевосита ёхуд сотиш бўйича бошқа агентлар билан биргаликда техник топшириқ, контракт лойиҳаларини ва Комиссия тасдиғига киритиладиган бошқа тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва расмийлаштириш;

тендерлар ва кимошди савдоларини ўтказиш бўйича реклама-маърифий ишларни ташкил этиш. Таркибига кирадиган корхоналар-эмитентлар ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда ишчи орган корхоналар тўғрисидаги ахборотни очишни амалга оширади, потенциал инвесторларнинг корхоналар ва уларнинг асосий техник-иқтисодий, молиявий ҳамда ишлаб чиқариш кўрсаткичлари билан танишиш учун шароитлар яратади, инвесторлар излаш ва улар билан музокаралар олиб боришни ташкил этади;

мунтазам равишда, чоракда камида бир марта тендер, кимошди, биржа савдолари якунлари, шунингдек Комиссия томонидан тасдиқланган шартларда давлат активларини сотиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш натижалари бўйича Комиссияга ахборот бериш;

Комиссия мажлисларини чақиришнинг барча ташкилий масалаларини ҳал қилиш;

Комиссияда аниқ ва тўлиқ иш юритиш, Комиссия хат-хабарларини ҳисобга олиш ва туркумлаш, Комиссия барча мажлисларининг баённомаларини ўз вақтида расмийлаштириш.

18. Давлат активларини бошқариш агентлиги тасдиқланган хусусийлаштириш дастурларининг сўзсиз бажарилиши, хусусийлаштиришдан валюта ресурсларининг қўшимча тўлдирилиши, шунингдек давлат тасарруфидан чиқаришдан тушумларни тақсимлаш юзасидан талабларга қатъий риоя қилиниши учун тўлиқ жавоб беради.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 30-сон, 289-модда.


































Время: 0.1901
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск