язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектлари/ Акциядорлик жамияти. Холдинглар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.07.2006 й. ПҚ-424-сон "Давлат активларига эга айрим йирик акциядорлик компаниялари кенгашларининг таркибларини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.07.2006 й.

N ПҚ-424


ДАВЛАТ АКТИВЛАРИГА ЭГА АЙРИМ

ЙИРИК АКЦИЯДОРЛИК КОМПАНИЯЛАРИ

КЕНГАШЛАРИНИНГ ТАРКИБЛАРИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Давлат активларига эга йирик акциядорлик компаниялари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича кузатув кенгашлари аъзоларининг ролини кучайтириш ва шахсий масъулиятини ошириш мақсадида:


1. Давлат активларига эга айрим йирик акциядорлик компаниялари Кенгашларининг янгиланган таркиблари 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Кенгашларга:

мунтазам асосда (ҳар чоракда) акциядорлик компаниялари молия-хўжалик фаолияти кўрсаткичлари ўсишининг кўргазмали таҳлилини амалга ошириш;

корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, тасдиқланган бизнес-режа параметрларини бажариш борасида компания ва корхоналар раҳбарлари фаолияти натижаларини, уларнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлигини принципиал баҳолашни назарда тутган ҳолда компаниялар ва уларнинг таркибига кирувчи корхоналар ижро этувчи органларининг шахсий жавобгарлигини кучайтириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширишни таъминлаш;

ҳисобот йилидаги иш якунларини чиқаришда ҳар бир Кенгаш аъзосининг ундаги шахсий иштироки самарадорлигини танқидий кўриб чиқиш вазифаси топширилсин.

Кенгашлар раислари, зарур ҳолларда, етарли ташаббус ва принципиаллик кўрсатмаётган Кенгаш аъзоларини алмаштириш бўйича белгиланган тартибда асосли таклифлар киритсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   И. Каримов



*) 1-илова рус тилидаги матнда берилган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 24 июлдаги

ПҚ-424-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

баъзи қарорларига киритиладиган

ЎЗГАРТИШЛАР


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлар тўғрисида" 2001 йил 24 февралдаги 93-сон қарорида:

а) 6-бандининг иккинчи хатбоши қуйидаги янги таҳрирда берилсин:

"Компания кенгаши "Ўзбекэнерго" ДАКнинг юқори бошқарув органи ҳисобланади. Унинг таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади";

б) 10-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компаниясини бошқаришни ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида" 2001 йил 3 мартдаги 108-сон қарорида:

а) 6-бандининг иккинчи хатбоши қуйидаги янги таҳрирда берилсин:

"Компания кенгаши "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компаниясининг юқори бошқарув органи ҳисобланади. Унинг таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади";

б) 6-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Автомобиль саноатини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2004 йил 23 августдаги 405-сон қарорида:

а) 4-бандининг биринчи хатбошисидаги "3-иловага мувофиқ таркибда 7 кишидан иборат" сўзлари чиқариб ташлансин ва жумла охирига "Унинг таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади" сўзлари қўшиб қўйилсин;

б) 3-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 24 июлдаги

ПҚ-424-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

ўз кучини йўқотган қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 29 декабрдаги 605-ф-сон Фармойиши.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекэнерго" Давлат-акциядорлик компанияси Кенгаши аъзоларининг таркиби тўғрисида" 2001 йил 15 мартдаги 127-сон қарори ва унинг иловаси.


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон темир йўллари" Давлат-акциядорлик компанияси Кенгаши аъзоларининг таркиби тўғрисида" 2001 йил 15 мартдаги 128-сон қарори ва унинг иловаси.


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон темир йўллари" Давлат-акциядорлик компанияси Кенгаши аъзоларининг таркиби тўғрисида" 2001 йил 15 мартдаги 128-сон қарорига қўшимча киритиш ҳақида" 2001 йил 29 мартдаги 154-сон қарори.


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзавтойўл" Давлат-акциядорлик компанияси Кенгаши аъзоларининг таркиби тўғрисида" 2003 йил 4 сентябрдаги 384-сон қарори ва унинг иловаси.


6. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳамда баъзиларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2005 йил 22 февралдаги 73-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 2-сон, 13-модда) 2-илованинг 21-банди.


7. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш ҳамда баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида" 2005 йил 8 сентябрдаги 206-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 9-10-сон, 48-модда) 1-илованинг 54-банди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 30-сон, 290-модда.