язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Халқаро алоқалар/ Халқаро ҳамкорлик/ Давлатлараро ҳамкорлик органлари фаолиятини ташкил этиш масалалари/ Европа/ Ўзбекистон Республикасида Европа Иттифоқи Комиссиясининг ТАСИС дастури доирасидаги лойиҳалар бўйича вазирликлар ва идораларнинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.05.1997 й. 274-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 29 майдаги

274-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН


Ўзбекистон Республикасида Европа Иттифоқи

Комиссиясининг ТАСИС дастури доирасидаги

лойиҳалар бўйича вазирликлар ва идораларнинг

фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ



УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Европа Иттифоқи Комиссияси техникавий кўмаклашиш дастури (ТАСИС) доирасида лойиҳаларни амалга ошириш тартибини бошқаради ҳамда кўрсатиб ўтилган лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари фаолиятини тартибга солади.


2. ТАСИС - бу Европа Иттифоқи билан Мустақил Давлатлараро Ҳамдўстлиги ва Мўғулистон ўртасидаги уйғун алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида Европа Иттифоқи томонидан ушбу шерик мамлакатлар учун ишлаб чиқилган дастурдир.


3. Ўзбекистондаги ТАСИС дастури фаолияти Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти ҳузуридаги Ўзбекистонда Европа Иттифоқи Комиссиясининг техникавий ёрдамни мувофиқлаштириш Бюроси ("Ўзеикбюро") ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Инсонпарварлик ёрдами ҳамда техник кўмаклашиш воситаларидан мақсадли фойдаланишни мувофиқлаштириш, ҳисобга олиш ва назорат қилиш департаменти (кейинги ўринларда - Молия вазирлиги Департаменти деб аталади) томонидан мувофиқлаштирилади.

4. ТАСИС дастурининг фаолияти бошқарув, ҳуқуқий ва норматив базани ташкил этиш, янги муассасалар ташкил этиш ва ишлаб турганларини қайта ташкил этиш, экспертлар гуруҳини юбориш, эксперт тадқиқотлари ўтказиш ва мутахассисларнинг касб-кор тайёргарлиги, халқаро тармоқ тузилмалари ташкил этиш, пилот лойиҳаларини амалга ошириш масалаларида маслаҳат ёрдами кўрсатиш шаклида амалга оширилади.



ТАСИС ДАСТУРИ ДОИРАСИДА

ТЕХНИКАВИЙ ЁРДАМ ОЛИШ ТАРТИБИ


5. ТАСИС дастури доирасида техникавий ёрдам олишни хоҳловчи ташкилотлар буюртманома билан "ЎЗЕИКБЮРО" га ёзма равишда мурожаат қиладилар. Буюртманомада бўлажак лойиҳани маблағ билан таъминлашга доир аниқ таклифлар баён қилинади.


6. Барча буюртманомалар ТАСИС дастури мақсадлари ва шартларига мувофиқ муайян мезонлар бўйича "Ўзеикбюро"да дастлабки танловдан ўтади ва келишиш, ҳисобга олиш ва кейинчалик мониторинг олиб бориш учун Молия вазирлиги Департаментига юборилади. Танловдан ўтган ва келишилган таклифлар тасдиқлаш ва бўлажак хатти-ҳаракатлар дастурига киритиш учун Европа Комиссиясига юбориш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига юборилади.

7. Тасдиқланган лойиҳалар рўйхати лойиҳаларни бажариш юзасидан таклифлар қабул қилиниши ҳақида бўлажак пудратчиларни хабардор қилиш учун Европа Комиссиясининг расмий журналида эълон қилинади.


8. Контрактлар бўйича ахборот эълон қилингандан кейин Европа Комиссияси тендер ҳужжатларини тайёрлайди. Ушбу ҳужжатларда ҳар бир лойиҳа бўйича батафсил техник топшириқлар мавжуд бўлади.



ТАСИС ДАСТУРИ БЎЙИЧА ЛОЙИҲАЛАРНИ

ТАЙЁРЛАШ ВА АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


9. ТАСИС дастури аниқ лойиҳалар бўйича тендерда ютиб чиққан компаниялар (кейинги ўринларда "пудратчилар" деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


10. Ҳам алоҳида компания, ҳам бир неча компаниялардан иборат консорциум пудратчи бўлиши мумкин.


11. ТАСИС дастурининг ҳар бир лойиҳаси кўрсатилган лойиҳа бўйича ЕИК нинг мустақил маслаҳатчиси томонидан ишлаб чиқиладиган техник топшириқларга мувофиқ амалга оширилади, Молия вазирлиги Департаменти ва ёрдам олувчи ташкилот (кейинги ўринларда "буюртмачи" деб юритилади) билан келишилади.

12. Пудратчи лойиҳани амалга ошириш учун у билан ЕИ экспертлари ўртасида тузиладиган узоқ муддатли (олти ойдан ортиқ) ёки қисқа муддатли (бир ҳафтадан бир неча ойгача) контракт асосида Европа экспертларини (кейинги ўринларда "ЕИ экспертлари" деб юритилади) жалб этади.


13. "ЎЗЕИКБЮРО" лойиҳа раҳбарларининг мўлжалланаётган келиши тўғрисида буюртмачини олдиндан хабардор қилади ва лойиҳани амалга ошириш бошланиши муддатларини келишади.


14. Буюртмачи кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ таркибини аниқлайди ва ўз томонидан ишларни мувофиқлаштирувчини тайинлайди.


15. ЕИ экспертлари "ЎЗЕИКБЮРО"га, Молия вазирлиги Департаментига ва буюртмачига лойиҳа бўйича техник топшириқни барча иловалар ва қўшимчалар билан биргаликда беради.

16. Пудратчи "ЎЗЕИКБЮРО" Молия вазирлиги Департаментига ва буюртмачи билан келишилган жадвалга кўра лойиҳа бўйича назарда тутилган барча ҳисоботларни тақдим этади.

17. ЕИ экспертлари "ЎЗЕИКБЮРО" да рўйхатдан ўтишлари керак.


18. ЕИ экспертлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар, чет эл фуқароларининг бўлиши қонунчиликда белгиланган тартибда тартибга солинадиган айрим районлар бундан мустасно.


19. Ташқи ишлар вазирлиги "ЎЗЕИКБЮРО" нинг буюртманомаси бўйича лойиҳа бўйича ишлаш даврида ЕИ эксперттлари ва уларнинг оила аъзолари мазкур Низомнинг 18-моддасига мувофиқ консуллик йиғимлари тўламасдан бўлишлари ҳуқуқини берувчи визавий қўллаб-қувватлашни олиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиради.


20. ЕИ экспертларини хусусий уйларда вақтинча рўйхатдан ўтказиш буюртмачининг буюртномасига кўра ички ишлар органлари томонидан вақтинча рўйхатдан ўтказганлик учун йиғим ёки ҳақ олмасдан белгиланган тартибда амалга оширилади.

21. Пудратчи маҳаллий экспертларни контракт асосида ишга жалб этишга ҳақлидир. Уларнинг ҳуқуқий ҳолати Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тартибга солинади.


22. "ЎЗЕИКБЮРО" экспертларга уларнинг мақоми, ҳуқуқлари ва вазифаларини тушунтириш шарт.


23. Пудратчи лойиҳа устида ишлаш учун Ўзбекистон Республикаси маҳаллий ходимларни (таржимонлар, котиблар, ҳайдовчилар ва бошқаларни) ёллашга ҳақлидир. Маҳаллий ходимларга тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш "ЎЗЕИКБЮРО" томонидан Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик сервис хизматида белгиланган тартибда амалга оширилади.


24. Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасида 183 кундан ортиқ бўлган экспертлари белгиланган муддатда маҳаллий солиқ органига даромадлари тўғрисида декларация тақдим этишлари керак.



ТАСИС ДАСТУРИ ЛОЙИҲАЛАРИНИ

МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ


25. ТАСИС дастури лойиҳаларини амалга ошириш доирасида чет элдан етказиб бериладиган асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқа техника (кейинги ўринларда - асбоб-ускуналар деб юритилади) Европа Иттифоқининг гранти сифатида қаралади ва уларга бож пошлиналари, солиқлар ва йиғимлар солинмайди.


26. Асбоб-ускуналар "ЎЗЕИКБЮРО" номига келади.


27. ТАСИС дастури лойиҳалари маблағлари ҳисобига харид қилинган транспорт воситалари ички ишлар органлари томонидан йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда экспертлар номига рўйхатдан ўтказилади.


28. ТАСИС дастури бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида Ўзбекистон Республикасига асбоб-ускуналар етказиб беришга контракт Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида ва вакил қилинган банкда рўйхатдан ўтказилмайди. 

29. Олинадиган асбоб-ускунани сертификациялаш зарур бўлганда, у "Ўзстандарт" агентлиги органлари ва улар томонидан вакил қилинган ташкилотлар томонидан сертификация қилинганлиги учун ҳақ ундирилмасдан амалга оширилади.

30. Лойиҳа тугаллангандан кейин асбоб-ускуналар пудратчи томонидан "ЎЗЕИКБЮРО" билан келишилган ҳолда буюртмачига берилиши мумкин. Буюртмачи асбоб-ускуналарни белгиланган тартибда ўз балансига қабул қилади. Ушбу ҳолатда лойиҳа тугаллангандан кейин мазкур банда кўрсатилган асбоб-ускуналар Давлат божхона қўмитаси томонидан (транспорт воситаларини беришда - Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан) бож пошлиналари, солиқлар ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан буюртмачининг номига қайта расмийлаштирилади.

31. Буюртмачи асбоб-ускуналарни олишда лойиҳа тугаллангандан кейин "ЎЗЕИКБЮРО" га ва тегишли статистика органига олинган асбоб-ускуналарнинг фойдаланилиши тўғрисидаги маълумотларни ҳар йили тақдим этади. Бегоналаштирилган тақдирда эса белгиланган тартибда тўловлар ва солиқлар тўлайди.


32. Пудратчи ёки "ЎЗЕИКБЮРО" томонидан асбоб-ускуналар қайтариб олиб кетилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда (форс-мажор ҳолатлар пайдо бўлганда), қайтариб олиб кетишни расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси божхона органлари томонидан бож пошлиналари, солиқлар, йиғимлар ва ҳар қандай тусдаги бошқа тўловлар ундирилмасдан амалга оширилади.



НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ


33. Лойиҳани амалга ошириш давомида пайдо бўлувчи барча низолар вазирликлар ва идоралар, шунингдек ёрдам олувчи ташкилотлар томонидан "ЎЗЕИКБЮРО" билан биргаликда ҳал қилинади.


34. Зарурат бўлганда низоли масалалар "ЎЗЕИКБЮРО" томонидан келишиш учун Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига киритилиши мумкин.