язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адлия органлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 31.08.2006 й. ПҚ-458-сон "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

31.08.2006 й.

N ПҚ-458


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ   ВАЗИРЛИГИ   ҲУЗУРИДАГИ

СУД ҚАРОРЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШ, СУДЛАР

ФАОЛИЯТИНИ МОДДИЙ-ТЕХНИКА ЖИҲАТИДАН

ВА МОЛИЯВИЙ ТАЪМИНЛАШ ДЕПАРТАМЕНТИ

ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ва суд ҳимоясининг самарадорлигини оширишга қаратилган мамлакат суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг асосий вазифалари бўлиб, суд қарорларини ижро этишнинг самарали тизимини яратиш, судларни ҳар томонлама моддий-техника жиҳатидан таъминлаш ва молиялаштириш ҳисобланади.

Мазкур вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти (кейинги ўринларда - Суд департаменти) алоҳида ўрин эгаллайди.

Суд департаменти томонидан суд қарорларини мажбурий ижро этиш ишларининг самарадорлигини ошириш юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Охирги 4 йил мобайнида ижро этилган суд қарорларининг сони 3 бараварга ошди. 2005 йил якунларига кўра, суд ижрочилари томонидан 2002 йилга нисбатан 17 баравар кўп, яъни 716,8 млрд. сўм маблағ амалда ундирилди.

Судларнинг моддий-техник таъминоти сезиларли яхшиланди. Ушбу мақсадларга ажратилаётган пул маблағлари ҳажми кейинги тўрт йилда 2,7 бараварга кўпайди. Фақатгина 2005 йилда 1,3 млрд. сўм маблағлар эвазига 60 та суд бинолари қурилди ва капитал таъмирланди, 14 та янги бинолар сотиб олинди.

Айни пайтда махсус ўтказилган текширишлар шуни кўрсатдики, лозим даражада иш ташкил этилмаганлиги оқибатида Суд департаменти фаолиятида жиддий хато ва камчиликлар мавжуд бўлиб, улар суд қарорларини мажбурий ижро этиш тизими самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Масъул мансабдор шахслар томонидан мажбурий ундирувлар бўйича юклатилган мажбуриятлар мунтазам равишда бузиб келинаётганлиги оқибатида, суд ижрочилари иш юритувига келиб тушган ижро ҳужжатларидаги ижроси таъминланмаган ҳужжатлар қолдиғи йилдан йилга кўпайиб бормоқда ва 2005 йил якунларига кўра 26 фоизни ташкил этган. Улар бўйича ундирилмай қолган маблағлар эса 445,5 млрд. сўмни ташкил этган.

Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг малакасини ошириш масалаларига етарлича эътибор берилмаган. Суд департаментида қонунийликни ҳамда ходимлар ўртасида интизомни мустаҳкамлаш бўйича ишлар сусайтириб юборилган. Текшириш мобайнида етарли иш тажрибасига, маълумотга эга бўлмаган ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидаги аввалги хизмати давомида ўз шаънига иснод келтирган шахсларни масъул лавозимларга тайинлаш ҳолатлари аниқланди.

Ташкилий ва кадрлар билан ишлаш масалалари бўшаштириб юборилганлиги оқибатида Суд департаменти тизимида мансабдорлик жиноятлари охирги 3 йил давомида деярли 14 бараварга ортган.

Суд департаменти раҳбарлари ва ходимлари томонидан қарздорларнинг мол-мулкини сотишда суиистеъмолликлар, ижро ишини юритишда сансалорлик ва муддат бузилишлар, кўчмас мулк объектлари ва автотранспорт воситалари нархини қасддан камайтириш, шунингдек порахўрлик ҳолатлари учрамоқда. Ижро ҳужжатларини рўйхатга олмасдан яшириш ҳолатлари мавжуд.

Тизимда усулубий-таҳлилий ишлар лозим даражада ташкил этилмаган. Cудьялар, суд процесслари ва уларнинг иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш даражаси бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Бу соҳада зарур ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилмаган.

Соҳадаги бундай аҳвол, авваламбор, Суд департаментида ишларнинг қониқарсиз даражада ташкил этилганлиги, раҳбар кадрларнинг малакасизлиги ва улар томонидан қонунийликни бузиб келиниши натижаси бўлиб, ўз навбатида мамлакатда суд тизими обрўсига путур етказмоқда ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мавжуд салбий ҳолатнинг юзага келишига охирги йилларда Суд департаментига суд қарорларини ижро этиш бўйича бир қатор қўшимча вазифаларнинг юкланиши сезиларли таъсирини ўтказди. Жумладан, бюджет олдидаги боқиманда қарзларни қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан мажбурий ундириш, давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни йўқ қилиб ташлаш ёки сотиш, молиявий жарималарни тадбиркорлик субъектларидан суд тартибида ундириш каби вазифаларнинг юклатилиши эвазига суд ижрочиларининг иш ҳажми кескин ошиб кетди. Суд ижрочисининг ўртача иш ҳажми 2001 йилга нисбатан уч баравардан ортиқ, айрим ҳудудларда эса 6-7 бараварга ошди. Шу билан бирга, Суд департаменти бўлинмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, суд ижрочилари фаолиятини ташкил этишнинг шакл ва усулларини, ахборот-коммуникация ва бошқа замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилмади.

Суд қарорларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, Суд департаментининг унга юклатилган вазифаларни амалга ошириши юзасидан фаолияти самарадорлигини кўтариш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Суд департаменти фаолиятига раҳбарлик қилиш, суд қарорларини мажбурий ижро этиш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлари қониқарсиз деб топилсин.

Ишдаги жиддий қонунбузилишлар, камчиликлар ва йўл қўйилган суиистеъмолликлар учун Суд департаменти директори, айрим таркибий бўлинмаларнинг раҳбарлари ва ходимлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилганлиги, текшириш материаллари қонун асосида кўриб чиқиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги раҳбарияти (Б. Мустафоев):

кадрлар таркибини ҳалол, виждонли, малакали мутахассислар билан мустаҳкамлаш, Суд департаменти бўлинмаларини касбий тайёргарлиги ва маънавий савиясига кўра эгаллаб турган лавозимига номуносиб ходимлардан тозалашни назарда тутган ҳолда 2006 йил 1 ноябрга қадар Суд департаменти ходимларини аттестациядан ўтказсин;

мутахассисларни танлаб олишда холислик ва очиқ-ойдинликни таъминлаган ҳолда суд ижрочиси лавозимига тайинлаш учун кадрларни танлов асосида саралаб олиш тартибини амалиётга жорий қилсин.

3. Суд департаменти тузилмасида бошқарув ходимлари сони 22 кишидан, шу жумладан марказий аппаратда 5 кишидан иборат таркибда Ички хавфсизлик инспекцияси ташкил этилсин.

Белгилансинки, Ички хавфсизлик инспекцияси ва унинг жойлардаги бўлинмалари юклатилган вазифаларни амалга оширишда бевосита Суд департаменти директорига бўйсунадилар.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Р. Азимов):

Департаментнинг штат жадвали ва харажатлар сметасига мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритсин;

Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда суд ижрочилари бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ундирган пул маблағлари миқдори ҳамда ишининг якуний натижаларидан келиб чиққан ҳолда уларни рағбатлантиришга қаратилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


6. Белгилансинки, суд қарорлари ва бошқа органлар ҳужжатларига мувофиқ автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш фақат электрон онлайн-аукционлар орқали амалга оширилади.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги низом 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Адлия вазирлиги икки ой муддатда:

мол-мулк баҳосини қасддан пасайтирилиши ва бошқа қонунбузилишларни олдини олишни назарда тутган ҳолда Ижро ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида суд ижрочилари томонидан хатланган мол-мулкни баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни;

мол-мулкни сотадиган савдо ташкилотини танлов асосида танлаб олишни назарда тутган ҳолда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ижро ҳужжатлари асосида мол-мулкни (автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулк бундан мустасно) сотиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Р. Қосимов) билан биргаликда 2006/2007 ўқув йилидан бошлаб юридик йўналишдаги олий таълим муассасалари ўқув дастурларига ижро иши юритуви бўйича фанлар киритсин, шунингдек мутахассисларни даврий равишда (ҳар беш йилда) Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида мажбурий ижро масалалари бўйича қайта тайёрлашни назарда тутган ҳолда замонавий талаблар ва стандартлар асосида суд ижрочиларини тайёрлаш махсус ўқув дастурини ишлаб чиқилиши ва тадбиқ этилишини таъминласин;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (А. Арипов) билан биргаликда икки ой муддатда Суд департаментида ижро ҳужжатларининг маълумотлар базасини ташкил этиш ва юритиш, шунингдек суд ижрочилари томонидан ундирилган маблағларни назорат қилишга мўлжалланган ягона ахборот-компьютер тармоғини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

Олий суд, Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Марказий банк билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига суд ижрочиларининг суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, рўйхатга олувчи идоралар ва молия-кредит ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишини таъминлашга қаратилган ижро иш юритуви тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин;

Ички ишлар вазирлиги (Б. Матлюбов) билан биргаликда икки ой муддатда: судлар, суд процесслари ва уларнинг иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги; судларнинг алоҳида топшириқларини ижро этиш, шу жумладан судга келишдан бўйин товлаган шахсларни мажбурий келтириш тартиби тўғрисидаги; шунингдек, ижро ҳаракатлари амалга оширилаётган жойларда жамоат тартибини сақлашни таъминлаш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, уларда суд ижрочиларининг ички ишлар идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилишини ва ўзаро ҳаракатларини мувофиқлаштириб туриш назарда тутилсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин, шунингдек вазирликлар ва идоралар томонидан ўз норматив ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.


9. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси судлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2001 йил 22 сентябрдаги 383-сон қарорининг 9-банди биринчи хатбошиси ва унга 1-4-иловалар (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 9-сон, 55-модда);

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2003 йил 30 апрелдаги 197-сон қарорининг 13-банди учинчи хатбошиси (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 4-сон, 34-модда).


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А. Набиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           И. Каримов


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 36-сон, 360-модда.