язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адлия органлари/ Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 31.08.2006 й. ПҚ-458-сон қарорига 7-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 31 августдаги

ПҚ-458-сон қарорига

7-ИЛОВА


Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини

ижро этиш жараёнида автомототранспорт воситалари

ва кўчмас мулкни сотиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сон қарорига мувофиқ, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини (кейинги ўринларда - ижро ҳужжатлари) ижро этиш юзасидан автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш, шу жумладан уларни давлат даромадига ўтказиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича сотиш тартибини белгилайди.

2. Ижро ҳужжатлари бўйича автомототранспорт воситаларини, кўчмас мулкни шу жумладан, ер участкасини (жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқи объекти ҳисобланадиган), қурилиши тугалланмаган объектни сотиш фақат "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли оператор (кейинги ўринларда - оператор) томонидан ўтказиладиган электрон онлайн-аукционлар шаклида ўтказилади.

Оператор томонидан автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни сотиш бўйича ўтказиладиган электрон онлайн-аукционларда ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс иштирок этишга ҳақли.

Электрон онлайн-аукционга Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган турар жой кўчмас мулки қўйилган тақдирда, унда тегишли равишда фақат Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий пропискада турувчи жисмоний шахслар бевосита ёхуд вакил орқали иштирок этишлари мумкин, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

3. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш оператор томонидан амалга оширилади.

Электрон онлайн-аукционни ташкил этиш бўйича хизматлар учун оператор шартномада белгиланган, бироқ мол-мулк сотилган сумманинг бир фоизидан ошмаган миқдорда ҳақ олади.


II. АВТОМОТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ

ВА КЎЧМАС МУЛКНИ КЎЗДАН

КЕЧИРИШ ВА БАҲОЛАШ


5. Автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулк аукцион савдоларига қўйилгунга қадар кўздан кечирилиши ва баҳоланиши лозим.

Давлат даромадига ўтказилган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни кўздан кечириш ва баҳолаш Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сон қарорига мувофиқ уларни олиб қўйган ваколатли органнинг мансабдор шахслари томонидан ташкил этилади.

Ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратишни назарда тутувчи бошқа ижро ҳужжатлари бўйича автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни кўздан кечириш ҳамда баҳолаш суд ижрочилари томонидан ташкил этилади.


6. Автомототранспорт воситасининг техник ҳолатини кўрикдан ўтказиш Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда - ДЙҲХХ) мутахассисининг, давлат даромадига ўтказишни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича эса - шунингдек ҳудудий молия идораси вакилининг иштирокида ўтказилади.

Кўчмас мулк шу жумладан ер участкаси, қурилиши тугалланмаган объект ҳолатини кўздан кечириш Ергеодезкадастр давлат қўмитасининг ҳудудий органи мутахассисининг, давлат даромадига ўтказишни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича эса - шунингдек ҳудудий молия идораси вакилининг иштирокида ўтказилади.

Автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкни кўздан кечириш натижалари бўйича суд ижрочиси (давлат даромадига ўтказилган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулк бўйича - уларни олиб қўйган органнинг мансабдор шахси) ҳамда кўздан кечиришда иштирок этган шахслар томонидан имзоланадиган кўздан кечириш далолатномаси тузилади.


7. Автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкни баҳолаш баҳоловчи ташкилот томонидан амалга оширилади.

Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат даромадига ўтказилган автомототранспорт воситасини баҳолашда, унинг баҳоси божхона қийматидан келиб чиқиб, бироқ "эркин муомалага чиқариш" божхона режимида божхона чегараси орқали ўтказишда тўланиши лозим бўлган божхона тўловларидан кам бўлмаган қийматда белгиланади.

Ундирувни кўчмас мулкка, шу жумладан мулк ҳуқуқи асосида қарздорга тегишли бўлган ер участкаси, қурилиши тугалланмаган объектга қаратилган тақдирда, қарздорнинг мазкур мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда тегишли ҳужжатлар баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотга юборилади. Қарздорга тегишли ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини, кейинчалик ундирувни унга қаратиш мақсадида, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш учун суд ижрочиси "Ергеодезкадастр" Давлат қўмитаси органига мурожаат қилишга ҳақли. Бунда, кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги суд ижрочисининг ёзма топшириғига қарздорнинг мазкур кўчмас мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Қарздорнинг ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича харажатлар ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатларига киради.

8. Кўздан кечириш ҳамда баҳолаш автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулк хатланган кундан бошлаб кўпи билан 3 кун ичида ўтказилади.

Автомототранспорт воситалари, кўчмас мулк ва қурилиши тугалланмаган объектни баҳолашни уларни кўздан кечириш билан бир вақтда ўтказишга йўл қўйилади.

9. Суд ижрочиси ваколатли органдан давлат даромадига ўтказилган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулкни қабул қилишда барча ҳужжатларни, шу жумладан уларнинг кўздан кечирилганлиги ва баҳоланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг, ер участкаси давлат даромадига ўтказилган тақдирда - шунингдек ер участкаси плани илова қилинган ҳолда Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордерининг ёки Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаларининг ҳам мавжудлигини текширади. Зарур ҳужжатлар бўлмаган, улар белгиланган талабларга мувофиқ келмаган тақдирда, ижро ҳужжати уч кунлик муддат ичида уни юборган судга қайтарилади, уларнинг мазмуни аниқ бўлмаган ҳолатларда эса - ушбу ҳолатларни ёки ижро этиш усули ва тартибини тушунтириб бериш тўғрисида мурожаат қилинади.


III. АВТОМОТОТРАНСПОРТ ВОСИТАСИ ВА КЎЧМАС

МУЛКНИ ЭЛЕКТРОН ОНЛАЙН-АУКЦИОНДА СОТИШ

УЧУН ЮБОРИШ, ЭЛЕКТРОН ОНЛАЙН-АУКЦИОННИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ

10. Автомототранспорт воситаси ва кўчмас мулкни электрон онлайн-аукционда реализация қилиш учун юбориш, электрон онлайн-аукционни ташкил этиш ва ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3149-сон қарори билан тасдиқланган Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда кўрсатилган тартиб ва шартларда амалга оширилади.


VII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


39. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий бошқармалари оператор томонидан ижро ҳужжатлари бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этилиши ва ўтказилиши устидан доимий назорат олиб боради.

40. Мазкур Низомнинг бузилиши қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.


41. Ушбу Низомни қўллаш бўйича келиб чиқадиган низолар суд тартибида ҳал этилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 36-сон, 360-модда.