язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Савдо. Спирт. Алкоголь маҳсулотлари. Тамаки маҳсулотлари/ Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.09.2006 й. 190-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 7 сентябрдаги

190-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш

фаолиятини лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.

2. Тамаки маҳсулотлари (барча классдаги сигаретлар, папирослар, сигаралар ва сигариллалар) ни саноат асосида ишлаб чиқариш фаолияти лицензияланади.

3. Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.

4. Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

Лицензия мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилган фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида берилади.


5. Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензиянинг амал қилиши чекланмаган муддатга берилади.

6. Лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг Этил спирти, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан қабул қилинади.

Комиссия фаолияти Комиссия томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ ташкил этилади.

Ҳужжатларни қабул қилиш, улар юзасидан эксперт хулосаси ва Комиссия қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш, лицензияларни расмийлаштириш, қайта расмийлаштириш ва бериш, лицензиялар реестрини юритиш, лицензия битимини тузиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш учун Комиссия ҳузурида "Ўзстандарт" агентлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари мутахассисларидан ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда ишчи гуруҳ деб аталади) тузилади. Ишчи гуруҳ фаолиятига Комиссиянинг масъул котиби раҳбарлик қилади. Ишчи гуруҳнинг шахсий таркиби Комиссия томонидан тасдиқланади.


II. ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ (УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ

МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ) УЧУН ЗАРУР

БЎЛГАН ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


7. Қуйидагилар талабгорларга тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лицензиялар бериш учун лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, техник регламентларга ёки стандартларга мажбурий риоя қилиш;

ишлаб чиқаришнинг тўлиқ технологик жараёнига риоя қилиш - бинолар яхлитлиги, хом ашёни пировард истеъмолчига сотиш учун тайёр маҳсулот этиб қайта ишлашни таъминловчи технологик асбоб-ускуналар, хом ашёни дастлабки қайта ишлаш (тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга бериш учун тамакини дастлабки тозалаш ва тайёрлаш) цехининг ва иккиламчи қайта ишлаш - сигарет ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш цехининг мавжудлиги;

тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни техник назорат қилиш бўйича "Ўзстандарт" агентлиги органлари томонидан аккредитация қилинган лабораторияларнинг мавжудлиги;

тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришда техника хавфсизлигини, ёнғин хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва экология талаблари ва нормаларини таъминлаш;

рўйхатдан ўтказилган (патентланган) товар белгиларининг мавжудлиги;

маҳсулотнинг ҳар бир тури бўйича халқаро ва миллий стандартлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган технологик йўриқномаларнинг мавжуд бўлиши;

ишлаб чиқарилаётган тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда акциз маркалари билан маркалаш учун асбоб-ускуналарнинг мавжуд бўлиши;

тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник регламентлар ёки стандартлар талабларига жавоб берувчи ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган тегишли сертификатларга эга бўлган, шу жумладан импорт қилинган тамаки хом ашёсидан фойдаланиш. Бунда импорт бўйича келтирилган тамаки хом ашёсининг йиллик ҳажми тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган умумий йиллик ҳажмнинг 80 фоизидан ошмаслиги керак. Маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан тамаки хом ашёси сотиб олишга аванс бериш агротехнология тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш учун контракт суммасининг камида 50 фоизи миқдорида таъминланиши керак.

8. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтиришда мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган талаблар ва шартлар билан бир қаторда қуйидаги шартлар ҳам ҳисобга олинади:

а) илгари берилган лицензиянинг амал қилиш даврида лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилмаган бўлиши керак;

б) корхоналардаги мавжуд ишлаб чиқариш цехлари, участкалари ва филиаллари белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши, технология йўриқномаларига, техник регламентларга ёки стандартларга эга бўлиши керак;

в) ишлаб чиқарилаётган маҳсулот "Ўзстандарт" агентлигининг аккредитация қилинган органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатларига эга бўлиши керак;

г) лицензиатнинг илгари берилган лицензиянинг амал қилиши даврида бюджетга ва давлат мақсадли фондларига тўловлар бўйича қарзлари бўлмаслиги керак;

д) фаолият даврида лицензиат маънавий ва жисмоний эскирган асбоб-ускуналарни янги, модернизация қилинган, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини яхшиловчи асбоб-ускуналарга босқичма-босқич алмаштирилишини таъминлаган бўлиши керак.



III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР ҲУЖЖАТЛАР


9. Лицензия талабгори лицензия олиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами, фаолиятининг (ёхуд унинг бир қисмининг) лицензияланаётган тури;

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича таклиф қилинаётган қувватларни ишга туширишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;

ишлаб чиқариш учун зарур шарт-шароитларнинг белгиланган талабларга мувофиқ мавжудлиги тўғрисида "Ўзстандарт" агентлигининг хулосаси;

лицензия талабгори аризасининг кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

санитария-эпидемиология назорати органларининг маҳсулотлар, ишлаб чиқариш шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг санитария-гигиена талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси, шунингдек технологик асбоб-ускунага санитария-эпидемиологик хулосаларнинг нусхалари;

ишлаб чиқаришнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида ёнғин назорати органларининг хулосаси;

корхонанинг Комиссия томонидан белгиланадиган шакл бўйича паспорти.

Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.

10. Лицензия талабгоридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


11. Ҳужжатлар лицензияловчи органга лицензия талабгори томонидан бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар ишчи гуруҳ раҳбари томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


12. Ишончли бўлмаган ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



IV. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


13. Лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўлов кунида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Аризани кўриб чиққанлик учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


14. Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш мазкур Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

Ишчи гуруҳ ариза олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади, улар юзасидан эксперт хулосаси тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тасдиқлаш учун Комиссияга тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан бирга тақдим этади. Бунда ишчи гуруҳ, зарурият бўлганда, жойларга бориб ёки давлат тегишли органлари мутахассисларини жалб этиб ишлаб чиқариш шарт-шароитларининг тақдим этилган ҳужжатларга мувофиқлигини текширишга ҳақлидир.

Комиссия ишчи гуруҳнинг таклифи олинган кундан кейин ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор протоколини тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси томонидан имзоланади. Зарур ҳолларда Комиссия қарори сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.


15. Ишчи гуруҳ лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Лицензия бериш ҳақида қарор қилингани тўғрисидаги билдиришнома билан бир вақтда имзолаш учун лицензия шартномаси юборилади.

Лицензия битими лицензияловчи орган ва лицензиат ўртасида тузилади, унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган аниқ фаолият тури (қисми)нинг номи;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини ишчи гуруҳ томонидан назорат қилиш тартиби;

лицензия битимига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби;

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузилиши рўйхати;

амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа зарур маълумотлар.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади. Лицензия битимини лицензияловчи орган номидан ишчи гуруҳ раҳбари имзолайди.


16. Лицензиялар ишчи гуруҳ томонидан, белгиланган шаклдаги бланкаларда расмийлаштирилади ва Комиссия раиси томонидан имзоланади.

Лицензия бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

Лицензия бланкаларини тайёрлаш, уларни ҳисобга олиш, сақлаш ва расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 2 майдаги 200-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.


17. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин уч кун муддатда берилади.


18. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


19. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек ишчи гуруҳнинг мансабдор шахси хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


20. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

21. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар лицензия талабгори томонидан бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Бунда ишчи гуруҳ ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин уч кун мобайнида улар юзасидан Комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун эксперт хулосаси тайёрлайди.

Комиссия ишчи гуруҳнинг таклифи олингандан кейин етти кун муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор протоколини тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси томонидан имзоланади.

Лицензия талабгорлари аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



V. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


22. Лицензиат ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

23. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


24. Лицензияни қайта расмийлаштиришда ишчи гуруҳ лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш ишчи гуруҳ томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.


25. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.


26. Амал қилиш муддати ўтмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин. Бунда лицензиат оммавий ахборот воситаларида йўқолган лицензиянинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисида хабар бериши, шунингдек хабарни лицензияловчи органга тақдим этиши керак.

Лицензия дубликатини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


27. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат ишчи гуруҳ томонидан, қонун ҳужжатларида ва лицензия битимида белгиланган тартибда амалга оширилади.


28. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда ишчи гуруҳ ўз ваколатлари доирасида:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиатнинг уларга риоя этишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисида Комиссияга кўриб чиқиш учун таклиф киритиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиясиз амалга оширишнинг аниқланган ҳоллари тўғрисидаги материалларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар кўриш учун белгиланган тартибда солиқ органларига юбориш ҳуқуқига эга.

29. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида ишчи гуруҳ томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, унинг бир нусхаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.

Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш учун Комиссия ёки ишчи гуруҳ қарорига биноан "Ўзстандарт" агентлигининг ва давлат бошқа органлари инспекторлари жалб этилиши мумкин.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


30. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.

Комиссия:

уч ой ва ундан кўп ойлар мобайнида бюджетга ва давлат мақсадли фондларига муддати ўтиб кетган тўловлар мавжуд бўлганда - Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги хулосасига биноан;

сифатсиз тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани ва сотилгани аниқланганда - "Ўзстандарт" агентлиги хулосасига биноан лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.


31. Комиссиянинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензияловчи орган қарорининг асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда Комиссия лицензиат олдида кўрилган зарар миқдорида жавоб беради.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


32. Ишчи гуруҳ лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефонлари;

банкдаги ҳисоб рақами ва солиқ тўловчининг идентификация рақами;

лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияларнинг амал қилиш муддати;

ишлаб чиқарилишига лицензия берилаётган маҳсулот номи;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат бериш асослари ва санаси.


33. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.


IХ. ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


34. Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берганлик учун ушбу Низомнинг 2-бандида назарда тутилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга энг кам ойлик иш ҳақининг 200 баравари миқдорида давлат божи белгиланади.

Лицензиялар берганлик учун давлат божи маблағлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказилади.





Низомга

ИЛОВА



Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш

фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар




Субъектлар




Тадбирлар


Бажариш муддатлари








1-босқич

Лицензия талабгори -

юридик шахс


         

1. Лицензия олиш учун Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳужжатларни бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисида билдиришнома билан почта алоқаси орқали тақдим этади.

       

Лицензия талабгори хоҳишига кўра



































2-босқич

Комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳ



         

1. Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни Комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳ раҳбари рўйхат бўйича қабул қилади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


2. Эксперт хулосаси тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни қарор протоколининг тегишли лойиҳаси билан тасдиқлаш учун Комиссияга киритади.


3. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин лицензия талабгори томонидан ҳужжатлар қайта тақдим этилган тақдирда хулоса тайёрлайди.

         

1) ҳужжатларни қабул қилиш кунида


2) ариза олинган кундан бошлаб 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда


3) ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 3 кун мобайнида
































3-босқич



Комиссия


         

1. Комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳ таклифини кўриб чиқади ва Комиссия қарори протоколини тасдиқлайди.


2. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси томонидан имзоланади.

          

- эксперт хулосаси тақдим этилган кундан бошлаб 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда (қайта кўриб чиқишда 7 кундан ортиқ бўлмаган муддатда)



































4-босқич

Комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳ


         

1. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади. Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақидаги хабар билан бир вақтда лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битими юборилади.


2. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).


3. Реестрга тегишли ёзувни ёзиб қўяди.

           

- тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида



















































Лицензиат


      

Вазирлар Маҳкамасига лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ва лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир. 

          

- лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб уч ойдан кечикмай







































5-босқич



















Лицензия талабгори


         

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни қайта тақдим этиш ҳуқуқига эга.


2. Лицензия талабгорининг аризаси қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

          

- лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда







































6-босқич

Комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳ


            

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда лицензия битими имзоланган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.


2. Уларни лицензиатга беради.

            

1) лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин бир кун муддатда


2) лицензия имзолангандан кейин бир кун муддатда
























7-босқич




Комиссия раиси




          

Комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳ томонидан расмийлаштирилган лицензияларни имзолайди.

            

- лицензия расмийлаштирилгандан кейин бир кун муддатда








"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 36-сон, 362-модда.