язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Интеллектуал мулк/ Фирма номлари. Савдо белгиси. Хизмат кўрсатиш белгиси. Товар келиб чиққан жой/ Ўзбекистон Республикасининг 18.09.2006 й. ЎРҚ-51-сон "Фирма номлари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 20.06.2006 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 25.08.2006 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

18.09.2006 й.

N ЎРҚ-51



ФИРМА НОМЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2006 йил 20 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2006 йил 25 августда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади фирма номларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Фирма номлари

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Фирма номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фирма номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Фирма номи


Фирма номи юридик шахс бўлган тижорат ташкилотининг (бундан буён матнда юридик шахс деб юритилади) индивидуал номи бўлиб, унга доир мутлақ ҳуқуқ юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган вақтда юзага келади.

Юридик шахс тўлиқ фирма номи билан бирга қисқартирилган фирма номига ҳам эга бўлиши мумкин.

Юридик шахснинг фирма номида унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилиши керак.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда фирма номида юридик шахс фаолиятининг хусусияти кўрсатилиши керак.



4-модда. Фирма номида кўрсатилиши

лозим бўлмаган белгилар


Фирма номида:

1) давлатнинг расмий номи, халқаро, ҳукуматлараро ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг қисқартирилган ёки тўлиқ номи;

2) тарихий ёки Ўзбекистон Республикасида машҳур бўлган шахснинг тўлиқ ёки қисқартирилган исми, белгиланган тартибда бериладиган рухсатсиз;

3) фирма номининг эгаси, унинг фаолият тури ёки у келиб чиққан мамлакат хусусидаги сохта ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар;

4) жамият манфаатларига, инсонпарварлик ва ахлоқ принципларига зид бўлган белгилар кўрсатилмаслиги керак.

Фирма номида:

илгари Ўзбекистон Республикасида бошқа юридик шахс номига рўйхатдан ўтказилган ёки рўйхатдан ўтказиш сўраб талабнома берилган, илгарироқ устуворликка эга бўлган фирма номлари;

илгари Ўзбекистон Республикасида бошқа шахс номига рўйхатдан ўтказилган ёки рўйхатдан ўтказиш сўраб талабнома берилган, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилмай муҳофаза қилинадиган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари);

белгиланган тартибда ҳаммага маълум деб эътироф этилган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари);

белгиланган тартибда қонун ҳужжатлари билан муҳофаза қилинадиган товарлар келиб чиққан жойларнинг номлари билан, шундай номдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс номига рўйхатдан ўтказиш ҳоллари бундан мустасно, адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга ўхшаш бўлган белгилар ҳам кўрсатилмаслиги керак.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида кўрсатиб ўтилган белгилар, агар бунга тегишли давлат органининг ёки ташкилотнинг рухсати бўлса, фирма номига киритилиши мумкин.


5-модда. Фирма номини ҳуқуқий

жиҳатдан муҳофаза қилиш


Фирма номи юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан эътиборан, чет эл юридик шахсининг фирма номи эса, чет эл юридик шахси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаролик муомаласи иштирокчиси сифатида фаолиятни амалга оширишни бошлаган санадан эътиборан ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.


6-модда. Фирма номига бўлган ҳуқуқ


Юридик шахс ўз фирма номидан фойдаланишда ва бошқа юридик шахсларга ушбу фирма номидан фойдаланиш ҳуқуқини беришда мутлақ ҳуқуққа эга.

Чет эл юридик шахсининг фирма номига бўлган мутлақ ҳуқуқи шу юридик шахс таъсис этилган мамлакатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳужжат билан тасдиқланади.


7-модда. Фирма номидан фойдаланиш


Қуйидагилар:

фирма номини расмий бланкаларда, муҳрларда, штампларда ва юридик шахснинг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларда акс эттириш;

фирма номини товарларда, уларнинг идиши ва ўровида, рекламада, пешлавҳаларда, босма маълумотномаларда, ҳисобварақларда, босма нашрларда, товарларни Ўзбекистон Республикасида ўтказиладиган кўргазмалар ва ярмаркаларда намойиш этиш вақтида ишлатиш фирма номидан фойдаланишдир.

Фирма номидан товар белгисининг (хизмат кўрсатиш белгисининг) элементи сифатида фойдаланилиши мумкин.


8-модда. Фирма номидан

фойдаланиш ҳуқуқини бериш


Юридик шахс (лицензиар) ўз фирма номидан фойдаланиш учун бошқа юридик шахсга (лицензиатга) қонун ҳужжатларига мувофиқ улар ўртасида тузилган лицензия шартномаси ёки комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси асосида рухсат бериши мумкин.

Лицензия шартномасида истеъмолчини чалғитишни истисно этадиган чора-тадбирлар назарда тутилиши керак.



9-модда. Фирма номига бўлган

ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши


Фирма номига бўлган ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтишига фақат юридик шахс қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш ва ажратиб чиқариш йўли билан қайта ташкил этилган ёки бутун корхона мулкий мажмуа сифатида сотилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Юридик шахслар қўшиб юборилганда ва юридик шахс бошқа юридик шахсга қўшиб олинганда фирма номига бўлган ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши топшириш ҳужжатига мувофиқ амалга оширилади.

Юридик шахс бўлинганда ёки у юридик шахс таркибидан ажралиб чиққанида фирма номига бўлган ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши тақсимлаш балансига мувофиқ амалга оширилади.


10-модда. Фирма номини ҳуқуқий

жиҳатдан муҳофаза қилишни тугатиш


Фирма номини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш юридик шахс тугатилган ёки унинг фирма номи ўзгартирилган тақдирда, тугатилади.


11-модда. Фирма номига

бўлган ҳуқуқнинг бузилиши


Фирма номидан ноқонуний фойдаланиш фирма номига бўлган мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши деб эътироф этилади.

Агар товар белгисига (хизмат кўрсатиш белгисига), домен номига бўлган ҳуқуқ фирма номига бўлган ҳуқуқдан илгари олинган бўлса, товар белгисида (хизмат кўрсатиш белгисида), домен номида ушбу фирманинг номидан фойдаланиш фирма номига бўлган мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши деб эътироф этилмайди.


12-модда. Фирма номига бўлган

ҳуқуқни ҳимоя қилиш усуллари


Фирма номига бўлган мутлақ ҳуқуқни ундан ноқонуний фойдаланишдан ҳимоя қилиш:

юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш мақсадида суд қарори тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш;

ноқонуний фойдаланилган фирма номини контрафакт товарлар, ёрлиқлар, идишлар ва ўровлардан ҳуқуқбузар ҳисобидан олиб ташлаш;

ноқонуний фойдаланилган фирма номини контрафакт товарлар, ёрлиқлар, идишлар ва ўровлардан олиб ташлаш мумкин бўлмаган тақдирда, уларни ҳуқуқбузар ҳисобидан йўқ қилиб ташлаш;

контрафакт товарлар, ёрлиқлар, идишлар ва ўровларни фирма номига бўлган ҳуқуққа эгалик қилувчи юридик шахсга бериш орқали амалга оширилади.

Фирма номига бўлган мутлақ ҳуқуқни ундан ноқонуний фойдаланишдан ҳимоя қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқача усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.


13-модда. Чет эл юридик шахсларининг ҳуқуқлари


Чет эл юридик шахслари ушбу Қонунда назарда тутилган фирма номларига бўлган ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига биноан ёки ўзаро келишув принципи асосида Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари билан тенг равишда фойдаланадилар.


14-модда. Низоларни ҳал этиш


Фирма номларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


15-модда. Фирма номлари тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Фирма номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


16-модда. Қонун ҳужжатларини

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқарув органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



17-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                            И. Каримов



"Халқ сўзи" 2006 йил 19 сентябрь.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 37-38-сон, 370-модда.