язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Солиқ маслаҳати/ Ўзбекистон Республикасининг 21.09.2006 й. ЎРҚ-55-сон "Солиқ маслаҳати тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 29.06.2006 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 25.08.2006 й. маъқулланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

21.09.2006 й.

N ЎРҚ-55



СОЛИҚ МАСЛАҲАТИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2006 йил 29 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2006 йил 25 августда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади солиқ маслаҳати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Солиқ маслаҳати

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Солиқ маслаҳати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ маслаҳати тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Солиқ маслаҳати тушунчаси


Солиқ маслаҳати солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг юридик ва жисмоний шахсларга (бундан буён матнда мижозга (ишонч билдирувчига) деб юритилади) шартнома асосида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш борасидаги фаолиятидир.

Қуйидагилар солиқ маслаҳати ҳисобланмайди:

ўз ваколатларини амалга ошириш доирасида давлат солиқ хизмати органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат органлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тушунтириш;

солиқ солиш масалалари бўйича адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш;

аудиторлик ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг солиқ солиш бўйича консалтинг ҳамда бошқа хизматлари.


4-модда. Солиқ маслаҳатининг

асосий принциплари


Солиқ маслаҳати қонун устуворлиги, мустақиллик ва маҳфийлик принципларига асосланади.



5-модда. Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар


Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар:

мижозга (ишонч билдирувчига) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш масалалари бўйича маслаҳат беришни;

солиқ ҳисоботини тузишда мижозга (ишонч билдирувчига) ёрдам кўрсатишни;

солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектларни аниқлашни ҳамда уларнинг ҳисобини юритишни;

судда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда солиқ солиш масалалари бўйича мижоз (ишонч билдирувчи) номидан ва унинг топшириғига биноан вакиллик қилишни ўз ичига олади.



6-модда. Солиқ маслаҳати бўйича

хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома

тузишнинг мажбурий шарти

Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг фуқаролик жавобгарлиги суғурта полисининг мавжудлиги солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузишнинг мажбурий шартидир.


6-1-модда. Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар

кўрсатиш тўғрисидаги шартнома

Солиқ маслаҳатига доир фаолият солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ва мижоз (ишонч билдирувчи) ўртасида тузилган солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида амалга оширилади.

Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномани тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижоз (ишонч билдирувчи) билан унинг яшаш жойи ва жойлашган еридан (почта манзилидан) қатъи назар, солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузишга ҳақли.

Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг муҳим шартлари қуйидагилардан иборат:

солиқ маслаҳатининг предмети;

солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш муддатлари;

солиқ маслаҳати бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўланадиган ҳақнинг миқдори, шартлари ва муддатлари;

солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг ҳамда мижознинг (ишонч билдирувчининг) ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг фуқаролик жавобгарлиги суғурта полисининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун, шунингдек учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун тарафларнинг жавобгарлиги.

Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномага қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.


7-модда. Солиқ маслаҳати

соҳасидаги ваколатли давлат органи


Солиқ маслаҳати соҳасидаги ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ваколатли давлат органи:

солиқ маслаҳати бўйича фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шу жумладан, миллий стандартларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини (бундан буён матнда малака сертификати деб юритилади) беради, унинг амал қилишини тугатади ва уни бекор қилади;

солиқ маслаҳатчилари реестрини юритади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


8-модда. Солиқ маслаҳати бўйича кенгаш


Ваколатли давлат органи ҳузурида ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширувчи солиқ маслаҳати бўйича кенгаш тузилади. Солиқ маслаҳати бўйича кенгаш таркибига давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, солиқ маслаҳати соҳасидаги мутахассислар кириши мумкин.



9-модда. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти


Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатувчи тижорат ташкилотидир.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти акциядорлик жамиятидан ташқари, исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши ва ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг раҳбари солиқ маслаҳатчиси бўлиши керак.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ушбу Қонуннинг 5-моддасида назарда тутилган солиқ маслаҳати бўйича хизматлар билан бир қаторда:

бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, тиклаш ва юритиш;

молиявий ҳисобот тузиш;

бухгалтерия ҳисоби, менежмент ва молия-хўжалик фаолиятининг бошқа масалалари бўйича консалтинг хизматлари ҳам кўрсатиши мумкин.



10-модда. Солиқ маслаҳатчилари

ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш


Солиқ маслаҳатчилари ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларнинг давлат реестрини юритиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


11-модда. Солиқ маслаҳатчилари

ташкилотининг ҳуқуқлари


Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мижоздан (ишонч билдирувчидан) солиқ маслаҳатини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни олиш;

солиқ маслаҳати бериш жараёнида юзага келган масалалар бўйича мижоздан (ишонч билдирувчидан) оғзаки ёки ёзма тушунтиришлар олиш;

солиқ маслаҳатини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот, маълумотномалар, ҳужжатлар ва бошқа материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муассасалар ҳамда ташкилотлардан сўраб олиш;

солиқ солиш масалалари бўйича давлат органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мурожаат қилиш (илтимос қилиш, таклифлар киритиш, сўровлар, аризалар, шикоятлар бериш ва бошқа шу кабилар) ҳамда улардан жавоблар олиш;

солиқ маслаҳатида иштирок этишга бошқа мутахассисларни мижознинг (ишонч билдирувчининг) розилиги билан шартнома асосида жалб қилиш;

мижоз (ишонч билдирувчи) солиқ маслаҳатини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва бошқа маълумотларни тақдим этмаган тақдирда, солиқ маслаҳати беришни рад қилиш;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг вакили сифатида давлат солиқ хизмати органларида, шунингдек солиққа оид низони судгача ҳал қилиш давомида ва судда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш олиб бориш;

солиқ текширувлари ўтказиш вақтида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти қонун ҳужжатларига ва солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



12-модда. Солиқ маслаҳатчилари

ташкилотининг мажбуриятлари


Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти:

мижознинг (ишонч билдирувчининг) ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган усуллари ҳамда воситаларидан фойдаланиши;

солиқ маслаҳатини амалга ошираётганда олинган ахборотнинг маҳфийлигига риоя этиши;

солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузилаётганда мижознинг (ишонч билдирувчининг) талабига биноан малака сертификатини кўрсатиши;

мижозга (ишонч билдирувчига) унинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан зарар етказилганлиги ҳақида далолат берувчи фактлар, шунингдек қонун ҳужжатларининг бузилганлиги аниқланган тақдирда, бу ҳақда мижозга (ишонч билдирувчига) маълум қилиши;

ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда солиқ маслаҳати бўйича фаолиятни амалга оширувчи солиқ маслаҳатчилари тўғрисида ва солиқ маслаҳатчиларининг малака оширишдан ўтиши ҳақида ахборот тақдим этиши;

солиқ маслаҳатчилари ишининг сифатини ички назорат қилиш қоидаларини белгилаши ва унга амал қилиши шарт. Солиқ маслаҳатчилари ишининг сифатини ички назорат қилишни ташкил этишга доир талаблар миллий стандартлар билан белгиланади.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг зиммасида қонун ҳужжатларига ва солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



13-модда. Солиқ маслаҳати бўйича ҳисобот ва солиқ

маслаҳатчилари ташкилотининг хулосаси

Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатувчи солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мижозга (ишонч билдирувчига) солиқ маслаҳати бўйича ҳисоботни ва солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосасини миллий стандартларда белгиланган тартибда тақдим этади.

Солиқ маслаҳати бўйича ҳисобот солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган солиқ маслаҳати предмети ҳақидаги ахборотни ўз ичига олади.

Солиқ маслаҳати бўйича ҳисоботдаги ахборот махфийдир ва у ошкор қилиниши мумкин эмас.

Солиқ маслаҳати бўйича ҳисоботнинг ҳар бир саҳифаси солиқ маслаҳатини амалга оширган солиқ маслаҳатчиси томонидан имзоланади, ҳисобот солиқ маслаҳатчилари ташкилоти раҳбарининг имзоси ва мазкур ташкилотнинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосаси - солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш, солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектларни аниқлаш ва ҳисобини юритиш тўғрисидаги фикрини ўз ичига олувчи ёзма шаклда ифодаланган ҳужжатдир.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосаси солиқ маслаҳати бўйича ҳисобот асосида тузилади.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг хулосаси солиқ маслаҳатчиси (солиқ маслаҳатчилари), солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг раҳбари томонидан имзоланиши ва мазкур ташкилотнинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланиши керак


14-модда. Солиқ маслаҳатчиси


Малака сертификатини олган жисмоний шахс солиқ маслаҳатчисидир.

Солиқ маслаҳатчиси, агар у солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг штатида турган бўлса ёки солиқ маслаҳатчилари ташкилоти у билан фуқаролик-ҳуқуқий характердаги шартнома тузган бўлса, солиқ маслаҳатига жалб этилиши мумкин.

Солиқ маслаҳатчиси ваколатли давлат органи белгилаган тартибда ўз малакасини ошириши шарт.


15-модда. Малака сертификати


Солиқ маслаҳати бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жисмоний шахсга бериладиган малака сертификати билан тасдиқланади.

Малака сертификати чекланмаган муддатга берилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ҳақиқийдир.


16-модда. Малака талаблари


Малака сертификатини олишга қуйидаги талабларга жавоб берадиган:

олий маълумотга эга бўлган;

солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсини ўтаган;

олий таълим муассасасини тамомлаганидан кейин камида беш йиллик, шу жумладан, иқтисодий ёки юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс талабгор бўлиши мумкин.

Солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курсини белгиланган тартибда аккредитация қилинган давлат ва нодавлат таълим муассасалари ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган ўқув дастури асосида амалга оширади.

Малака талабларига жавоб берадиган шахс малака имтиҳони топширишга рухсат бериш тўғрисидаги ариза билан ваколатли давлат органига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Малака имтиҳонини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган низомда белгиланади.


17-модда. Малака сертификатининг

амал қилишини тугатиш


Малака сертификатининг амал қилишини тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

солиқ маслаҳатчисининг аризаси;

солиқ маслаҳатчиси томонидан солиқ маслаҳати бериш давомида олинган маълумотлар мижознинг (ишонч билдирувчининг) ёзма рухсатисиз учинчи шахсларга тақдим этилганлиги;

солиқ маслаҳатини амалга оширишда бир йил ичида икки марта қонун ҳужжатларини бузиш содир этилганлиги;

солиқ маслаҳати бўйича фаолиятда уч йил мобайнида иштирок этмаганлиги, шунингдек малака оширишни белгиланган тартибда ўтамаганлиги;

малака сертификатини солиқ маслаҳатида иштирок этиш учун фойдаланиш мақсадида бошқа жисмоний шахсга берилганлиги фактининг аниқланганлиги;

муайян лавозимларни эгаллаш ёки молия-хўжалик соҳасида муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жазони назарда тутувчи суд ҳукмининг қонуний кучга кирганлиги;

фуқарони белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги.

Малака сертификатининг амал қилиши уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг учинчи, тўртинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича малака сертификатининг амал қилиши тугатилган шахс малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида ваколатли давлат органига малака сертификати олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эмас.

Ваколатли давлат органининг малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


18-модда. Малака сертификатини бекор қилиш


Малака сертификатини бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ваколатли давлат органининг малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарорининг ноқонунийлиги аниқланганлиги;

малака сертификатининг сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганлиги.

Малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор малака сертификати берилган санадан эътиборан амал қилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган асослар бўйича малака сертификати бекор қилинган шахс малака сертификати бекор қилинганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида ваколатли давлат органига малака сертификати олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эмас.

Ваколатли давлат органининг малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


19-модда. Солиқ маслаҳатчисининг ёрдамчиси


Малака сертификатига эга бўлмаган ва солиқ маслаҳатчисининг солиқ маслаҳати билан боғлиқ топшириқларини солиқ маслаҳати бўйича ҳисоботга имзо қўйиш ҳуқуқисиз бажарувчи жисмоний шахс солиқ маслаҳатчисининг ёрдамчиси бўлиши мумкин.

Солиқ маслаҳатчиси ёрдамчисининг меҳнат шароитлари қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда солиқ маслаҳатчилари ташкилоти билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланади.

Солиқ маслаҳатчисининг ёрдамчиси сифатида ишланган вақт малака сертификати олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.



20-модда. Солиқ маслаҳати

бўйича фаолиятнинг кафолатлари


Учинчи шахсларнинг солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг фаолиятига аралашиши, улардан профессионал хизматлар кўрсатиш вақтида олинган бирон-бир маълумотни талаб қилиши, шунингдек бундай маълумотларни солиқ маслаҳатчиларидан, солиқ маслаҳатчиларининг ёрдамчиларидан ва солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш жараёнида иштирок этаётган бошқа шахслардан талаб қилиши тақиқланади.

Солиқ маслаҳатини амалга ошираётган шахслардан улар солиқ маслаҳати бўйича вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ ҳолда тайёрлаган ҳужжатларнинг олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас.

Солиқ маслаҳатчиси ва унинг ёрдамчиси профессионал вазифаларини бажаришлари муносабати билан ўзларига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас.

Солиқ маслаҳатчилари ва уларнинг ёрдамчилари суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан экспертлар ҳамда мутахассислар сифатида, шунингдек текширувларни амалга оширишга жалб этилиши мумкин эмас.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида хизмат қилувчи шахслар солиқ маслаҳатига жалб этилиши мумкин эмас.

Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари томонидан ташкил этилиши мумкин эмас.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахслари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган бошқа шахслар солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг муассислари бўлиши мумкин эмас.


21-модда. Солиқ маслаҳатчиларининг бирлашмаси


Солиқ маслаҳатчилари ва (ёки) солиқ маслаҳатчиларининг ташкилотлари умумий манфаатларни ифода этиш ва ҳимоя қилиш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ маслаҳатчилари бирлашмасини ташкил этиш ҳуқуқига эга.



22-модда. Низоларни ҳал этиш


Солиқ маслаҳати соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


23-модда. Солиқ маслаҳати бўйича жавобгарлик


Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномани бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида мижозга (ишонч билдирувчига) зарар етказганлиги учун жавобгар бўлади. Мижозга (ишонч билдирувчига) етказилган зарарларнинг, шу жумладан бой берилган фойданинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши керак.

Солиқ маслаҳатчиси ишни сифатсиз бажарганлиги, тижорат сирини ошкор этганлиги натижасида етказилган зиён ва солиқ маслаҳатчилари ташкилоти зарар кўришига олиб келган бошқа хатти-ҳаракатлар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ маслаҳатчилари ташкилоти олдида жавобгар бўлади.


24-модда. Солиқ маслаҳати тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Солиқ маслаҳати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


25-модда. Қонун ҳужжатларини

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



26-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                            И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2006 йил 22 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 37-38-сон, 374-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2006 йил, 9-сон, 497-модда