язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш/ Хусусийлаштирилган корхоналарни бошқариш/ Давлат корхоналари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.10.2006 й. 215-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 16 октябрдаги

215-сон қарорига

1-ИЛОВА



Давлат корхоналари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат корхонасининг ҳуқуқий мақомини, давлат корхонасини, унинг филиаллари ва ваколатхоналарини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти хусусиятларини, муассиснинг, ижро этувчи органнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, давлат корхонаси билан унинг муассиси ўртасидаги мулкий муносабатларни белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


давлат корхонаси - давлат мулкидаги, ўзига тезкорлик билан бошқариш учун берилган мулк негизида ташкил этилган давлат унитар корхонаси шаклидаги тижорат ташкилотидир, у ўзига биркитилган мулкдан қонунда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, мулкдорнинг (ёки унинг топшириғига кўра у ваколат берган давлат органи - муассиснинг) топшириқларига ҳамда эгалик қилиш ҳуқуқидаги мулкнинг мақсадига мувофиқ мулкдан фойдаланишни ва уни тасарруф этишни амалга оширади;


давлат корхонасининг муассиси (кейинги ўринларда муассис деб аталади) - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки унинг томонидан ваколат берилган давлат органлари.

3. Давлат корхонаси алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан валюта ҳисоб рақамларига, рамзи, штамплари ва бланкаларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўзининг фирма номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади. Давлат корхонасининг фирма номида "давлат корхонаси" сўзлари бўлиши керак.

Давлат корхонаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.


4. Давлат корхонаси муассис розилиги билан қонун ҳужжатларига мувофиқ тижорат ташкилотлари, шунингдек уларда юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотлар қатнашчиси (аъзоси) бўлиши мумкин.

Давлат корхонаси давлатнинг бошқа корхонаси муассиси бўлишга ҳақли эмас.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат унитар корхоналари фаолиятнинг лицензияланадиган турларини, фаолиятнинг ушбу турларини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда, тегишли лицензия олмасдан амалга оширишга ҳақлидирлар.


II. ДАВЛАТ КОРХОНАСИНИ ТАЪСИС

ЭТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


6. Давлат унитар корхоналари истисно ҳолатларда фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан ташкил этилиши мумкин.

7. Давлат корхонаси, агар уни ташкил этиш тўғрисидаги қарорда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, фаолият кўрсатиш муддати чекланмаган ҳолда ташкил этилади.


8. Муассис томонидан тасдиқланган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат органларида рўйхатга олинган устав давлат корхонасининг таъсис ҳужжати ҳисобланади.


9. Давлат корхонаси уставида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

фирма номи, жойлашган жойи (почта манзили);

фаолиятининг предмети ва мақсади;

давлат корхонаси фаолиятини бошқариш тартиби;

устав фондининг миқдори, уни шакллантириш тартиби ва манбалари;

устав фондини кўпайтириш ва камайтириш тартиби;

ушбу Низомнинг 17-бандига мувофиқ мулкни тасарруф этиш шартлари;

даромад (фойда)ни тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби;

захира фондини ва бошқа фондларни ташкил этиш тартиби;

раҳбарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

йиллик ҳисоботларни тузиш, текшириш ва тасдиқлаш тартиби;

давлат корхонасини қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби.

Жамият уставида қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар бўлиши мумкин.


10. Давлат корхоналари давлат рўйхатидан ўтказилгандан, тегишли кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилгандан кейин бир ҳафта муддатда тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ёки унинг ҳудудий бошқармасига:

давлат корхонаси ташкил этиш тўғрисидаги қарорнинг;

корхонанинг рўйхатдан ўтказилган устави нусхасини тақдим этадилар.

Кўрсатиб ўтилган корхоналар устав фондини шакллантириш тугагандан кейин бир ҳафта муддатда тегишли равишда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ёки унинг ҳудудий бошқармаларига давлат мулкини топшириш-қабул қилиб олиш ҳужжатлари нусхаларини ҳам тақдим этадилар.

11. Давлат корхонаси уставига ўзгартиришлар муассиснинг қарорига кўра киритилади ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.

Давлат корхонаси уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ҳафта муддатда бу тўғрида тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ёки унинг ҳудудий бошқармасини хабардор қилиши шарт.


III. МУАССИСНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


12. Муассис қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга;

давлат корхонаси фаолиятининг мақсади, предмети, турларини белгилаш;

ўзи таъсис этган давлат корхонаси уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

давлат корхонаси раҳбари билан тузилган меҳнат шартномасини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муддатидан олдин тўхтатиш;

давлат корхонасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва тугатиш балансларини тасдиқлаш;

давлат корхонаси мулкига оид битишувларни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиш;

давлат корхонасининг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва уларни тасарруф этиш;

зарурат бўлганда Вазирлар Маҳкамасига давлат корхонасини хусусийлаштириш ёки давлат тасарруфидан чиқариш бўйича таклифлар киритиш;

давлат корхонасига етказилган зарарларни ундириш тўғрисида давлат корхонаси раҳбарига нисбатан даъво тақдим этиш;

молиявий йил якунлангач олти ойдан кеч бўлмаган муддатда тақсимланадиган давлат корхонаси соф фойдасининг қисмини олишга. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига соф фойданинг 30% ажратмаларини йўналтиришни назарда тутиш керак.

13. Муассис қуйидагиларга мажбур:

давлат корхонаси раҳбарини тайинлаш, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг билан меҳнат шартномаси тузиш;

давлат корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб уч ой мобайнида корхонанинг устав фондини унга давлат мулкини тезкорлик билан бошқариш учун бериш йўли билан шакллантириш;

ҳар йили корхонанинг бизнес-режасини тасдиқлаш, ҳар чоракда ижро этувчи органнинг унинг бажарилиши ҳақидаги ҳисоботини эшитиш;

бозор қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг минг баравари миқдоридан ошадиган мол-мулкини ушбу Низомнинг 17-бандига мувофиқ мулкни тасарруф этиш учун давлат корхонасининг ижро этувчи органига рухсатномалар бериш тўғрисидаги қарорни тегишли равишда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси билан келишиш;

корхонага берилган давлат мулкидан мақсадли фойдаланилишини ва сақланишини, шунингдек унинг бегоналаштирилишини назорат қилиш;

давлат унитар корхоналарининг йиллик йиғилиши йил тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилиши ва давлат бюджетига ажратмаларни соф фойдани тақсимлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан 60 кундан кечиктирмай тўлаш.


IV. ДАВЛАТ КОРХОНАСИНИНГ МУЛКИ


14. Давлат корхонасининг мулки:

муассис томонидан давлат корхонасига тезкор бошқариш ҳуқуқи билан биркитилган мулк;

давлат корхонасининг ўз фаолиятидан олинган даромадлари, шунингдек, давлат корхоналарининг бошқа жамият устав фондидаги улуши бўйича дивиденд;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.

Давлат корхонаси мулкининг қиймати корхонанинг мустақил балансида акс эттирилади.


15. Ташкил этилган давлат корхонасида давлат мулкини тезкор бошқариш ҳуқуқи топшириш-қабул қилиб олиш далолатномаси корхона раҳбари ва муассис томонидан имзоланган вақтдан бошлаб пайдо бўлади.


16. Давлат корхонаси мулки бўлинмас мулк ҳисобанади ва қўшилган ҳиссалар (улушлар, пайлар) бўйича, шу жумладан, давлат корхонаси ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.


17. Давлат корхонаси мулкини тасарруф этиш қуйидаги ҳолларда давлат корхонасининг ижро этувчи органи томонидан муассис билан келишган ҳолда амалга оширилади:

асосий воситаларни сотиш, уларни ижарага ёки гаровга топшириш;

мулкни хўжалик жамияти устав фондига улуш сифатида қўшиш;

хўжалик жамиятларининг акциялари (улушлари)ни сотиб олиш;

мулкни давлат корхонаси фаолияти мақсадларига мувофиқ бўлмаган бошқача тарзда тасарруф этиш.

Бунда бино ва иншоотларни (шу жумладан қурилиши тугалланмаганларни), шунингдек давлат корхонасига тегишли акцияларни (улушларни) сотиш Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Бино ва иншоотларни (шу жумладан қурилиши тугалланмаганларни), шунингдек давлат корхонасига тегишли акцияларни (улушларни) сотишдан тушган маблағлар, уларни сотиб олиш манбаларидан қатъи назар, давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинган маблағлар тарзида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тақсимланади.


V. ДАВЛАТ КОРХОНАСИ РАҲБАРИНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


18. Давлат корхонаси раҳбари давлат корхонасининг якка ижро этувчи органи ҳисобланади ва корхона олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилишини ташкил этади, корхона номидан ишончномасиз фаолият кўрсатади, шу жумладан унинг манфаатларини ифодалайди, давлат корхонаси номидан битишувларни белгиланган тартибда амалга оширади, ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини тузади, ўзгартиради ва тўхтатади, буйруқлар чиқаради, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради.

Давлат корхонаси ходимларининг штат бўйича сони ва уларнинг иш ҳақи миқдорлари раҳбар томонидан муассис билан келишган ҳолда тасдиқланади.


19. Давлат корхонаси раҳбари муассис олдида корхона уставида белгиланган тартибда корхона фаолияти тўғрисида ҳисоб беради.


20. Давлат корхонасининг раҳбари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда давлат корхонаси манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши керак ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловларнинг, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнат ҳуқуқлари ва муносабатларидан ҳамда уларга тенглаштирилган тўловлардан келиб чиқадиган барча талабларнинг қондирилиши, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган эҳтиёжлар учун пул маблағларининг ўтказилмаганлиги, ўзининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли, шу жумладан корхонага берилган давлат мулки йўқолган тақдирда, давлат корхонасига етказилган зарарлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.


VI. ДАВЛАТ КОРХОНАСИНИНГ ФИЛИАЛЛАРИ

ВА ВАКОЛАТХОНАЛАРИ


21. Давлат корхонаси муассис билан келишув бўйича, қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда филиаллар ташкил этиши ва ваколатхоналар очиши мумкин.

Филиал ёки ваколатхона ташкил этилгандан кейин бир ҳафта муддатда давлат корхонаси бу тўғрида Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини (унинг ҳудудий органини) хабардор қилиши шарт.

22. Давлат корхонасининг филиаллари ва ваколатхоналари уларни ташкил этган давлат корхонаси номидан, давлат корхонаси томонидан тасдиқланган низомлар асосида фаолият кўрсатади ва уни ташкил этган давлат корхонаси мулкига эга бўлади.


23. Давлат корхонаси филиали ёки ваколатхонаси раҳбари давлат корхонасининг раҳбари томонидан муассис билан келишган ҳолда тайинланади ва унинг ишончномаси асосида фаолият кўрсатади. Филиал ёки ваколатхона раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси тўхтатилган тақдирда ишончнома давлат корхонаси раҳбари томонидан бекор қилиниши керак.



VII. ДАВЛАТ КОРХОНАСИНИНГ ФОЙДАСИ


24. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига барча солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан, шунингдек, давлат корхонасининг соф фойдасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва муассисга ажратмалардан кейин давлат корхонасида қоладиган соф фойда корхона ихтиёрида қолади ва ундан муассиснинг қарорига биноан фойдаланилади.

25. Давлат корхонаси ўз ихтиёрида қоладиган соф фойда ҳисобига корхона уставида назарда тутилган тартибда ва муассис томонидан тасдиқланадиган миқдорларда захира фонди ва бошқа фондларни ташкил этиши мумкин.



VIII. ДАВЛАТ КОРХОНАСИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


26. Давлат корхонаси ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис корхона мулки етарли бўлмаганда давлат корхонаси мажбуриятлари бўйича субсидиар тартибда жавоб беради.


27. Давлат корхонаси муассиснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.


28. Давлат корхонасининг филиали ва ваколатхонаси мажбуриятлари бўйича уларни ташкил этган давлат корхонаси жавоб беради.



IХ. ДАВЛАТ КОРХОНАСИ ФАОЛИЯТИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


29. Давлат корхонаси ҳисобот даври тугагач, ваколатли органларга молиявий ҳисоботни ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг белгиланган тартибда давлат томонидан сақлашга берилиши учун жавоб беради.


30. Давлат корхонаси фаолиятини хўжалик юритувчи орган сифатида назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муассис ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.



Х. ДАВЛАТ КОРХОНАСИНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


31. Давлат корхонаси муассис қарорига кўра, тегишли равишда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси билан келишган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёхуд суд қарорига биноан қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 42-сон, 417-модда.