Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 22.12.2000 й. 31-сон "Жиноят учун жазо чорасини тайинлаш борасида суд амалиётида вужудга келган айрим масалалар тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

22.12.2000 й.

N 31



ЖИНОЯТ УЧУН ЖАЗО ЧОРАСИНИ ТАЙИНЛАШ

БОРАСИДА СУД АМАЛИЁТИДА ВУЖУДГА

КЕЛГАН АЙРИМ МАСАЛАЛАР

ТЎҒРИСИДА


Ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири қонунларга таянган ҳолда инсонпарварлик ва одиллик тамойиллари асосида одил судловни амалга оширишдир. Мазкур тамойилларга тўлиқ риоя қилиш жиноят учун жазо тайинлаш тўғрисидаги қонунчилик талабларини оғишмай бажаришни тақозо этади.

Судлар, жиноят учун жазо чораларини қўллашда фуқароларнинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият, -деб эътироф этган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-бобида белгиланган нормаларга қатъий амал қилишлари лозим.

Суд амалиётини ўрганиш, ушбу йўналишда, судлар томонидан анча ижобий натижаларга эришилганлигини кўрсатади. Шунга қарамай, амалга оширилган ишларни ҳали тўлиқ талаб даражасида, деб, бўлмайди.

Жиноят кодексида мавжуд бўлган, инсонпарварлик тамойилига оид, шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши, ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиши муносабати билан жавобгарликдан, шунингдек, жазодан озод қилинишини назарда тутувчи моддаларини қўллаш амалиётда камдан-кам учрамоқда.

Суд амалиётида жазо тайинлашнинг мақсади ва моҳияти нимага қаратилганлиги тўлиқ очилмаётир. Жиноят кодексининг умумий қисмида кўрсатилган принципиал масалаларга, хусусан, озодликдан маҳрум қилиш жазосини қандай шахсларга нисбатан тайинланиши лозимлигига судлар етарли даражада эътибор бермаяптилар.

Бир қатор ишларда жиноят учун жазо тайинлашда ўзига хос алоҳида ёндошув таъминланмаганлиги, жиноятнинг содир этилиши сабаблари, айбдорнинг жиноий қилмишидаги иштироки даражаси, уни тавсифловчи маълумотлар юзаки ўрганилганлиги, муқобил жазо тайинлаш масаласи қонун талабига зид ўлароқ, муҳокама қилинмаганлиги ёки номигагина муҳокама қилинганлиги ҳолатлари учрайди.

Олий суд Пленуми бир неча маротаба дастурий тушунчалар берганига қармай, кўпинча жазо тайинлаш вақтида айбдорнинг чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги, жиноятни очишда терговга ёрдам берганлиги, етказилган зарарни қоплаганлиги ва бошқа шу каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар етарлича инобатга олинмаяпти.

Судлар томонидан йўл қўйилаётган шунга ўхшаш эътиборсизликлар, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо чорасини, жами суд қилинган шахсларнинг кўпчилигига нисбатан қўлланишига олиб келган. Ваҳоланки, жазо тизимида озодликдан маҳрум қилиш жазосидан ташқари яна еттита жазо тури мавжуд.

Жиноят учун тайинланадиган жазони эркинлаштириш республикада суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳотнинг асосий вазифаларидан бири эканлигини инобатга олиб, қонунларга оғишмай риоя қилинишига эришиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори жиноят учун жазо чорасини тайинлашда қонйнийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилларига қатъий амал қилишга яна бир бор қаратилсин.

Айбдорга тайинланган жазо чораси адолатли ва унинг ахлоқан тузалиши, янги жиноят содир этишининг олдини олиши учун зарур ҳамда етарли даражада бўлиши керак.

Озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси, фақат ўта оғир жиноят содир этган шахсларга нисбаан ёки ЖКнинг 56-моддасида санаб ўтилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда, шунингдек, жазо тизимидаги бошқа енгилроқ чораларни қўллаш имконияти бўлмаган ҳоллардагина тайинланиши мақсадга мувофиқдир.


2. Жиноят учун жазо тайинлаш вақтида жиноятнинг барча ҳолатларини, унинг оғирлик ва жамият учун ижтимоий хавфлилилик даражасини синчиклаб аниқлашга асосланган қатъий алоҳида ёндошув таъминланиши лоизм.

Жиноятнинг содир этилиши сабаблари, ҳолатлари, жабрланувчининг хулқ-атвори, жинояткорона мақсад олдиндан ўйланганлиги ёхуд тўсатдан пайдо бўлганлиги атрофлича баҳоланиши керак.


3. Жиноий жавобгарлик ва жиноий жазо тушунчалари ўз ҳуқуқий табиатига кўра бир-биридан фарқ қилишини инобатга олган ҳолда, Жиноят кодексининг 10-моддасида назарда тутилган жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойили жазонинг ҳам шартлигини тақозо этмаслиги суд ва тергов ходимларига тушунтирилсин.

Шунинг учун ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахсларни намунали хулқ атвори, меҳнатга ёки ўқишга сидқидилдан муносабатда бўлганлиги, етказилган зиённи қоплаганлиги, чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги, жиноятнинг олдини олиш ва фош этишга ёрдам берганлиги муносабати билан ЖКнинг 65-66-моддаларига асосан жавобгарликдан ва ЖКнинг 70-71-моддаларига асосан жазодан озод қилиш масалалари муҳокама қилиниши лозим.


4. Жиноят-процессуал кодексининг 396-моддасига мувофиқ, дастлабки тергов органи томонидан айбдорга нисбатан танланган эҳтиёт чораси қанчалик асосли танланганлигини аниқлашда судлар қатъиятли бўлишлари лозим.

Дастлабки тергов органларининг эътибори, жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатларини тамомлаш вақтида айбланувчиларга нисбатан қўлланилган қамоқда ушлаб туриш эҳтиёт чораларини енгилроғига ўзгартириш масаласини кўриб чиқишга ва бу масала ижобий ҳал қилинмаган тақдирда, иш бўйича тузилган айблов хулосасида асослантирилиб ўтилмоғига қаратилиш мақсадга мувофиқдир.


5. Жазонинг оғирлиги жиноятнинг содир этилиш босқичлари билан мутаносиб бўлиши керак. Шунинг учун, жиноятга тайёргарлик кўриш, жиноят содир этишга суиқасд қилиш ва тугалланган жиноят учун бир меъёрда жазо чораси тайинланиши мумкин эмас.


6. Жиноят ишларини тергов қилишда ва судда кўришда, дастлабки тергов органи ва суд, шахснинг иш, ўқиш ва яшаш жойидан берилган тавсифномалар, аввалги судланганлик ҳақидагимаълумотлар билан чекланмасдан, айбдор яшаган ижтимоий муҳитни, унинг ва моддий аҳволини, ғайриижтимоий ҳулқ-атворининг шаклланишига сабаб бўлган шарт-шароитларни аниқлашлари лозим.

Жиноят учун жазо тайинлашда, айбдор билан бирга жабрланувчининг шахсига доир маълумотлар ҳам ўрганилиб, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар холисона таҳлил қилиниб баҳоланиши адолатли тўҳтамга келиш учун хизмат қилишига, судларнинг эътибори қаратилсин.


7. Судлар, вояга етмаганларга, аёлларга, ногиронларга ва кексаларга нисбатан жазо тайинлашда, озодликдан маҳрум қилиш жазосидан ташқари бошқа жазо турини қўллаш, шартли ҳукм қилиш масалаларини муҳокама қилишлари ва агарда, уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин эмас,-деб, топганлардагина озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллашлари лозим.

Қонунда озодликдан маҳрум қилиш жазоси олти ойдан бошланишига судларнинг эътибори қаратилиб, мазкур бандда зикр этилган шахсларга нисбатан шу турдаги жазо, қисқа муддатлар миқдорида тайинланиши самаралироқ аҳамиятга эга эканлиги тушунтирилсин.


8. Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар атрофлича таҳлил қилиниши ва суд томонидан, албатта инобатга олиниши керак. Жиноят кодексининг 55-моддасида назарда тутилган бундай ҳолатлар рўйхати қатъий ҳисобланмайди. Иш ҳужжатларидан объектив равишда келиб чиқувчи ҳар қандай ҳолат, суд томонидан жазони енгиллаштирувчи ҳолат,-деб, эътироф этилиши мумкин. Бу ҳукмда асослантирилган ҳолда изоҳлаб берилиши керак. Масалан, шахсга қарши жиноят ҳақидаги иш кўриб чиқилаётганда, томонларнинг ярашиши жазонинг енгиллаштирувчи ҳолат сифатида саналиши мумкин.


9. Жиноят кодексининг 56-моддасида назарда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар қатъий бўлиб, уларни кенгайириб талқин этиш мумкин эмас. Аммо, қонунга мувофиқ, муайян жиноий ҳаракатлар тавсифидан келиб чиқиб, ана шу моддада кўзда тутилган ҳолатларидан исталгани жазони оғирлаштирувчи ҳолат эмас,-деб, эътироф этилиши мумкин. Шунингдек, бирон-бир жазони оғирлаштирувчи ҳолат, Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддаларида жиноят таркибининг аломати сифатида назарда тутилган бўлса, жазо тайинлашда жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олинмайди.

Суд, жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олмай туриб, фақат жазони оғирлаштирувчи ҳолатларни қайд қилишга ҳақди эмас.


10. Гуруҳ таркибида жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазо чораси тайинланишида улардан ҳар бирининг ижтимоий хавфли қилмишдаги иштироки даражаси аниқланиши, жиноятнинг ташкилотчилари ваижро этувчиларнинг айбдорлик даражасидан ёрдамчилар ва жиноятнинг бошқа иштирокчиларининг айбдорлик даражаси фарқланиши лозим.

Судлар, ўта оғир жиноят содир қилган шахсларга нисбатан ЖКнинг 57-моддаси, фавқулодда ҳолатлар мавжуд бўлганда, бу ҳақда ҳукмда асослантириб, тадбиқ этиш мумкинлигини эътиборда тутсинлар.


11. Иқтисодиёт соҳасида жиноят содир этган шахсларга жазо чорасини тайинлаш масалаларига судлар алоҳида эътибор беришлари керак.

Иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишларини (ЖКнинг 164-166, 168-169 моддаларида назарда тутилган ўта оғир жиноятлар бундан мустасно) кўриб чиқаётганда, моддий зарарнинг ихтиёрий равишда қоплаганлиги жазони енгиллаштирувчи фавқулодда ҳолат эканлиги ва жиноят ишининг муйаян ҳолатларидан келиб чиқиб, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони қўлламаслик учун асос бўлиши мумкин.

Моддий зарар етказилган, аммо ҳуқуқбузарлик содир этилгани солиқ ва бошқа ваколатли органлар томонидан аниқланганидан сўнг етказилган зарарни қоплаган, бунинг учун молиялаш, хусусан, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони қўлламаслик учун асос бўлиши мумкин.

Моддий зарар етказилган, аммо ҳуқуқбузарлик содир этгани солиқ ва бошқа ваколатли органлар томонидан аниқланганидан сўнг етказилган зарарни қоплаган, бунинг учун молиялаш, хусусан, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо чорасини тайинлаш ҳоларига барҳам бериш лозим.

Иқтисодиёт соҳасидаги жиноят содир этган шахсларга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо чораси фавқулодда ҳолатлардагина қўлланилиши ва бунинг сабаблари ҳукмда асослантирилиши керак.

Бундай шахсларга нисбатан жарима солиш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, самарали жазо чораси бўлиши мумкин.


12. Пул маблағлари ёки қимматбаҳо нарсаларнинг гаров тариқасида тергов органлари ёки судларнинг депозит ҳисоб рақамига ўтказилиши, айбланувчи (судланувчи)ни жамиятдан ажратилмаган ҳолда ўз зиммасига юкланган мажбуриятларига риоя қилишниннг самарали воситаси эканлигига, тергов органлари ва судларнинг диққат-эътибори яна бир бор қаратилсин. Қонунда (ЖПКнинг 249-моддаси) жиноятнинг туридан ғатъи назар, айбдор шахсларга нисбатан гаров тариқасидаги эҳтиёт чорасининг танланиши учун ҳеч қандай чеклашлар йўқ. Эҳтиёт чораси сифатида гаровнинг қўлланилиши рад этилган тақдирда, бундай тўҳтамга келиниш сабаби тегишли қарор ёки ажрим чиқариш йўли билан асослантирилиши лозим.


13. Жиноят кодексининг 77-моддасида назарда тутилган, суд томонидан жазодан озод қилинган шахснинг, судланмаган, деб ҳисобланиши, шунингдек, судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати биланунинг барча ҳуқуқий оқибатлари ҳам бекор бўлиши тўғрисидаги қоидалар, рецидив жиноят масаласини ҳал этиш ва тайинланган жазони ўташ учун колония турини белгилаш чоғида ҳам инобатга олиниши лозимлиги, акс ҳолда, жиноий қилмишнинг нотўғри квалификация қилиниши оқибатида жазо тури ва муддати сунъий равишда оғирлашиши мумкинлиги эътиборда тутилсин.


14. Жиноят учун жазо чораларини эркинлаштириш борасидаги йўналиш, республикадаги вазиятни беқарорлаштиришга ўринаётган шахсларга, экстремистларга, шунингдек, ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларга, рецидивистларга, жамият хавфсизлигига тажовуз қилувчи уюшган гуруҳларнинг ташкилотчилари ва фаол қатнашчиларига нисбатан таалуқли эмаслигига судларнинг эътибори қаратилсин. Шу билан бирга, ушбу тоифадаги ишлар юзасидан жазо тайинлаш чоғида, судлар, экстремистик гуруҳларга биринчи маротаба адашиб, онгсиз равишда кириб қолиб, ўзларига сингдирилган ғояларнинг нотўғри эканлигини англаб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган шахсларга нисбатан енгиллаштирувчи ҳолатларни назарда тутишлари лозим.


15. Асосли ва адолатли жиноий жазо чорасининг тайинланиши, айбдорнинг хатти-ҳаракатини тўғри квалификация қилиш билан бевосита боғлиқ. Судлар, мазкур масалани ҳал этишда йўл қўйилаётган хатоларни инобатга олиб, Олий суд Пленумининг қарорларида берилган тушунтиришларга қатъий амал қилишлари даркор.


16. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, жиноят учун судлар томонидан адолатли ва асосл жазо чоралари тайинланиши устидан назорат сифатини яхшилаш ва самарадорлигиниошириш юзасидан мунтазам чора-тадбирлар белгилаб борсинлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги "Жиноят учун жазо чорасини тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги 16-сон, 1999 йил 14 майдаги "Жиноят учун жазо чораларини қўллашга доир суд амалиётида вужудга келган айрим масалалар тўғрисида"ги 11-сон қарорлари ва мазкур қарор талабларининг бажарилишини таъминласинлар.

Ушбу қарорларнинг бажарилиши ижросини доимий назорат қилиб бориш Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг раиси                                                    У.К. Мингбаев



Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг судьяси                                                Х.М. Хасанов



Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг маслаҳатчиси

биринчи тоифали юрист                                              А.Ш.Турабов


















Время: 0.1923
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск