язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Темирйўл транспорти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.03.2001 й. ПФ-2815-сон "Темир йўл танспортини монополиядан чиқариш ва акциялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

02.03.2001 й.

N ПФ-2815



ТЕМИР ЙЎЛ ТАНСПОРТИНИ МОНОПОЛИЯДАН

ЧИҚАРИШ ВА АКЦИЯЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Темир йўл транспортининг бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, тармоқни монополиядан чиқариш хамда унинг корхоналари ва ташкилотларини акциялаштириш жараёнларини чуқурлаштириш асосида транспорт коммуникацияларини ривожлантиришни, харакатдаги составни техника билан қайта жихозлашни таъминлаш, республика ахолисига, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига темир йўл транспорти хизмати кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар темир йўл транспорти соҳасидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳисоблансин:

мононолиядан чиқариш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш ва темир йўл транспорти хизматлари бозорида рақобат муҳитини шакллантириш;

йўловчилар ташиш, ҳаракатдаги составни, рефрижератор ва контейнер хўжалигини таъмирлаш корхоналарини босқичма-босқич акциялаштириш;

ижтимоий инфратузилма, юк ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш объектларини, таъмирлаш-қурилиш, савдо ва таъминот ташкилотларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш, улар негизида мулкчиликнинг нодавлат шаклларидаги корхоналар, шу жумладан хусусий корхоналар ташкил этиш;

бошқарув тизимига ва ташиш жараёни қатнашчилари ўртасидаги хўжалик алоқаларига бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш;

темир йул комплексини реконструкция қилиш, янгилаш ва замонавийлаштиришга чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш;

мамлакат иқтисодиётининг самарали ва барқарор фаолият кўрсатишини таъминлашда темир йўл транспортининг аҳамиятини кучайтириш, темир йўл транспорти коммуникацияларини ривожлантириш.


2 Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 17 октябрдаги 401-сон қарори билан тузилган Темир йўл транспорти корхоналари ва ташкилотларини монополиядан ва давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда акциялаштириш масалалари бўйича махсус комиссиянинг:

"Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компаниясини очиқ акциядорлик жамиятига айлантириш;

"Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компаниясининг юк ва йўловчилар ташиш бўйича ҳудудий дирекциялари ҳамда Оролбўйи бўлими негизида функционал таркибий бўлинмалар ва корхоналар ташкил этиш;

"Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компаниясининг юк ва йўловчилар ташишни ташкил этиш, йўловчилар ва юк ташиш вагонлари, рефрижератор ва контейнер хўжалигини таъмирлаш корхоналарини босқичма-босқич очиқ акциядорлик жамиятларига айлантириш;

юк ва йўловчилар ташишни ташкил этиш ва амалга ошириш билан бевосита боғлиқ бўлмаган ижтимоий объектларни, ёрдамчи ва хизмат кўрсатиш корхоналарини давлат тасарруфидан ва "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси тизимидан чиқариш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


3 Белгилаб қўйилсинки, юк ва йўловчилар ташувчи, халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи, шунингдек юк жўнатувчилар ва йўловчиларга транспорт-экспедиторлик ва сервис хизматлари кўрсатувчи корхоналар ва ташкилотлар:

давлат тасарруфидан чиқарилади ва хусусийлаштирилади, шу жумладан хусусий мулк сифатида сотилади, шунингдек турли ташкилий-ҳуқуқий шаклларда ташкил этилиши мумкин;

кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва қийматини пасайтириш мақсадида ўз фаолиятини рақобат асосида амалга оширади.


4. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компаниясига қуйидаги асосий вазифалар юклансин:

темир йўл транспортининг барқарор ва самарали ишлашини, юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш, кўрсатиладиган транспорт хизматлари сифатини ошириш;

вокзалларда ва поездларда йўловчиларга сервис хизмати кўрсатиш, бошқа сервис хизматлари кўрсатиш бўйича мулкчиликнинг нодавлат шаклларидаги корхоналар, шу жумладан хусусий корхоналар ташкил этишни рағбатлантириш;

темир йўлларнинг моддий-техника базасиии мустаҳкамлаш, уларнинг тармоқларини янада ривожлантириш ва уларнинг поездлар ўтказиш қобилиятини ошириш, ягона техника сиёсати асосида илғор технологияларни, менежментнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш;

чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш ва темир йўл транспорти ҳамда халқаро юк ва йўловчилар ташиш соҳасида халқаро хамкорликни чуқурлаштириш.


5. Поездлар харакати хавфсизлиги бўйича бош тафтишчи аппарати "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси таркибидан чиқарилсин ва унинг негизида мустақил Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ("Ўздавтемирйўлназорат") ташкил этилсин.

Белгилансинки, "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат мулки Қўмитаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсинлар.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акционерлик компаниясини тузиш тўғрисида" 1994 йил 7 ноябрдаги ПФ-982-сон Фармонининг 2 ва 4-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур Фармонни амалга ошириш юзасидан ўн кун муддатда қарор қабул қилсин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2001 йил, 5-сон, 19-модда