язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Меҳнат муносабатлари соҳасида бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.04.2001 й. 162-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил 6 апрелдаги

162-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Меҳнат

ва аҳолини ижтимоий муҳофаза

қилиш вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида" 2001 йил 13 февралдаги ПФ-2810-сон Фармонига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2001 йил 13 февралдаги 75-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг мақоми, вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб беради.


2. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (кейинги ўринларда матнда  Вазирлик деб юритилади) меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш ва аҳолининг ижтимоий таъминоти соҳасида давлат бошқарувининг марказий органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Вазирлик ўз ишини давлат бошқарувининг бошқа органлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органлари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Олий Мажлиснинг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш ва аҳолининг ижтимоий таъминоти бўйича  Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. Вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинадиган қарорлари вазирликлар, идоралар, жойлардаги ҳокимият ва бошқарув органлари, хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва муассасалар, шунингдек фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармалари, меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш туман (шаҳар) бўлимлари, ижтимоий таъминот туман (шаҳар) бўлимлари, шунингдек Вазирликка ва унинг ҳудудий бўлинмаларига қарашли бошқа ташкилотлар меҳнат ва республика аҳолисини ижтимоий муҳофаза қилиш органларининг ягона тизимини ташкил этади. Вазирлик ўзига  тегишли масалаларни ҳал этишда ушбу барча органлар фаолиятини йўналтиради, мувофиқлаштиради ва назорат қилади.


6. Вазирлик юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб рақамларига ва бошқа ҳисоб рақамларига (шу жумладан валюта ва махсус ҳисоб рақамларига), Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, шунингдек тегишли муҳрлар ва штампларга эга бўлади.


7. Вазирлик Вазирликнинг, унинг ҳудудий бош бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларининг махсус мақсадли бюджетдан ташқари ҳисоб рақамларида жамланадиган Ўзбекистон Республикасининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ва Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағларини бевосита бошқаради.



II. ВАЗИРЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

халқнинг моддий фаровонлиги барқарор изчил ўсишини таъминлашга қаратилган ягона ижтимоий сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш, иқтисодиётни янада эркинлаштириш шароитларида аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш;

демографик ривожланиш прогнозларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш, меҳнат бозорини шаклланитиришга доир фаол сиёсат юритиш ва меҳнатга яроқли аҳолини, айниқса ёшларни иш билан таъминлаш, меҳнат ресурслари баланслари асосида иш ўринлари барпо этиш ва кадрлар тайёрлашнинг мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш;

меҳнат муносабатларини тартибга солиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва нормалаштиришнинг шартлари, ташкил этиш тизимларини такомиллаштириш юзасидан бозор шароитларига мувофиқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

пенсионерлар, ногиронлар, кўп болали ва кам таъминланган оилаларни амалда ижтимоий муҳофаза қилишни таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини аниқ муҳофаза қилишнинг самарали механизмини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ижтимоий таъминотни ташкил этиш ва бошқариш, ногиронларни тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш ва соғломлаштириш хизматлари фаолиятига раҳбарлик қилиш, аҳолига протез-ортопедия ёрдами кўрсатилишини ташкил этиш;

меҳнат, иш билан таъминлаш, пенсия таъминотини ва аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш масалалари бўйича вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари, корхоналар ва ташкилотларга ташкилий-методик раҳбарлик қилиш ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштириш;

аҳолини иш билан таъминлаш ишларини ташкил этиш ва унинг ижтимоий муҳофаза қилинишини кучайтиришда жойлардаги ҳокимият органларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳар томонлама кўмаклашиш.


9. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


9.1. Меҳнат бозорини шакллантириш ва аҳолини иш билан таъминлаш соҳасида:

Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда республика ва ҳудудларнинг демографик ривожланиш прогнозларини, аҳолини иш билан самарали таъминлаш чора-тадбирлари комплексини асослаган ҳолда меҳнат ресурсларининг прогноз балансларини ишлаб чиқади;

республика ва ҳудудларнинг меҳнат ресурслари миқдори ва таркибини ўрганади ҳамда уни такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқади;

қишлоқ туманларида ва аҳоли пунктларида меҳнат бозорининг аҳволи мониторингини ташкил этади;

миграция жараёнларини ўрганади, ташқи меҳнат миграциясини ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

ҳудудларнинг демографик ривожланиш прогнозлари асосида янги корхоналарни жойлаштириш ва ишлаб турганларини кенгайтириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади;

ишсизлар ва иш билан машғул бўлмаган аҳоли ҳисобини ташкил этади;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда касб-ҳунар таълими ўқув юртлари битирувчиларининг иш билан таъминланишини тадқиқ этади ҳамда улар асосида ишчи кадрлар ва ўқув юртларида мутахассисларнинг касб тайёргарлиги йўналишларини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади;

тегишли мутахассисларга талаб ва таклиф баланси асосида ҳамда иқтисодиётдаги таркибий силжишлар ва бозор қайта ўзгартиришларини ҳисобга олган ҳолда профессионал ишчи кадрлар ва мутахассислар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқишда қатнашади;

аҳолини иш билан таъминлаш, ёшларни, ишдан бўшатилган ходимларни ва аҳолининг бошқа тоифаларини ишга жойлаштириш, шунингдек бўш иш жойлари бўйича ахборот шакллантирилиши ва таҳлил этилишини ташкил этади;

ёшларнинг ва иш билан машғул бўлмаган аҳолининг касб-кор устунликлари ва меҳнат йўналишларини аниқлаш учун социологик тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар, жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан биргаликда иш ўринлари ташкил этиш дастурларини ишлаб чиқишда ва уларни амалга оширишни мувофиқлаштиришда қатнашади;

аҳолини иш билан таъминлаш ва иш ўринлари барпо этиш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишда ҳокимликларга методик ва амалий ёрдам кўрсатади;

иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва таркибий қайта ташкил этиш давомида, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг банкротга учраши ва тугатилиши натижасида ишдан бўшатилган ходимларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилишга доир мақсадли минтақавий дастурлар ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради;

аҳолининг ўзини ўзи иш билан таъминланишини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

меҳнат бозори инфратузилмаси фаолияти такомиллаштирилишини таъминлайди;

ишсизлар учун ҳақ тўланадиган  жамоат ишлари ташкил этилишини таъминлайди;

ишсизларнинг касб ўқувини, уларни қайта тайёрлашни ва уларнинг малакаси оширилишини ташкил этади.


9.2. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва ижтимоий таъминлаш соҳасида:

пенсионерлар, ногиронлар, ёлғиз кекса фуқаролар, кўп болали ва кам таъминланган оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқлиги ва самарадорлигини кучайтиришга қаратилган ижтимоий сиёсатни амалга ошириш механизмини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлашда қатнашади;

давлат ижтимоий сиёсатини амалга ошириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш механизми ишлаши бўйича қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;

манфаатдор вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва муассасалар билан биргаликда пенсионерлар, ногиронлар ва ёлғиз кекса фуқароларга қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар, санаторий-курортда даволанишга йўлланмалар ва махсус ҳаракат қилиш воситалари берилишида қатнашади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда муҳим ижтимоий-меҳнат нормалари ва нормативлари рўйхатини белгилайди ва уларнинг ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради;

Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини тадқиқ этади, уни оширишга доир таклифларни ишлаб чиқади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар, жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари иштирокида пенсионерлар, ногиронлар, кўп болали ва кам таъминланган оилаларни, давлатнинг қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд бўлган аҳолининг бошқа ижтимоий ночор гуруҳларини ижтимоий муҳофаза қилишга доир таклифларни ишлаб чиқади;

турмуш даражасини таҳлил этиш ва прогнозлаштириш асосида аҳолининг кўрсатиб ўтилган тоифаларини ижтимоий муҳофаза қилишга доир республика дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқади, мақсадли минтақавий дастурларни ишлаб чиқиш учун методик тавсиялар тайёрлайди;

ишсизлар ва уларнинг оила аъзолари Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобига ижтимоий қўллаб-қувватланишини ташкил этади;

Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлиқ тушишини таъминлаш, маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш ишларини ташкил этади;

энг кам иш ўринларининг ажратилиши ва уларнинг ижтимоий муҳофазага муҳтож шахслар билан бутланиши масалаларини ўрганади ва таҳлил этади;

деҳқон ва фермер хўжаликларида ишловчи фуқаролар, шунингдек тадбиркорлар учун белгиланган ижтимоий кафолатлар ва ижтимоий муҳофаза чора-тадбирлари рўёбга чиқарилишини ташкил этади;

Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда аҳоли даромадларини давлат томонидан тартибга солиш механизмини такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлашда қатнашади;

Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши иштирокида нархлар ўзгаришига қараб иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар, стипендияларнинг энг кам миқдорини белгилашга доир таклифлар тайёрлайди.

9.3. Меҳнат муносабатларини тартибга солиш, меҳнатни ташкил этиш, унинг шарт-шароитларини ва уни муҳофаза қилишни такомиллаштириш соҳасида:

аҳоли даромадларини кўпайтириш ва истеъмол даражасини ошириш рағбатлари ва шарт-шароитларини ошириш йўналишида меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тартибга солишнинг амалдаги механизмини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилишида қатнашади;

меҳнатни нормалаштириш ҳамда ишчи касблари ва мутахассислар ва хизматчиларнинг лавозимлари тариф-малака тавсифномаларини ишлаб чиқиш масалалари бўйича вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, бирлашмалар ва корхоналар ишини мувофиқлаштиради;

меҳнатга ҳақ тўлашни, ягона тариф сеткасини, иш ҳақини районлар бўйича тартибга солишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

тегишли касаба уюшмалари органларининг (ходимларнинг бошқа вакиллик органларининг) ҳамда иш берувчиларнинг (уларнинг бирлашмаларининг) таклифларига кўра тармоқ битимлари тузишда қатнашади;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда меҳнат шарт-шароитларини баҳолаш учун норматив база ишлаб чиқилишини ташкил этади, иш ўринлари меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилишига методик ёрдам кўрсатади;

меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларга риоя қилиниши устидан белгиланган тартибда давлат назорати ва текширувини амалга оширади;

вазирликлар ва идораларнинг Имтиёзли пенсия таъминоти, қўшимча таътил, қисқартирилган иш куни ҳуқуқини берувчи  ишлаб чиқаришлар, ишлар ва касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифлари юзасидан хулосалар беради;

ноқулай меҳнат шароитларида ишлаганлик учун бериладиган имтиёзлар ва компенсацияларнинг амалдаги рўйхатига ўзгартиришлар киритиш учун Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тайёрлайди;

манфаатдор идоралар ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши иштирокида меҳнат ҳуқуқлари, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив-методик ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

меҳнат, унинг шарт-шароитлари ва унга ҳақ тўлаш, иш билан таъминлаш, кексалар, пенсионерлар,  ногиронлар ва боқувчисини йўқотган, давлатнинг қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни мувофиқлаштиради.


9.4. Пенсия хизмати ва давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар билан таъминлаш соҳаси бўйича:

Ўзбекистон Республикасининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий бадаллар ва ижтимоий суғурта бўйича ажратмалар тўлиқ тушишини таъминлаш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ижтимоий тўловлар ўз вақтида маблағ билан таъминланиши масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси солиқ органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларидан пенсиялар ва ижтимоий суғурта бўйича нафақалар тўлашга харажатларни маблағ билан таъминлайди;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади;

демографик прогнозлар асосида қисқа муддатли ва узоқ муддатли даврда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг молиявий аҳволини актуар ҳисоб-китоб қилади;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг бюджети лойиҳасини ишлаб чиқади ва Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда Молия вазирлигига киритади;

Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда ижтимоий суғуртага мажбурий бадаллар ва ажратмалар тарифлари миқдорлари ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг молиявий аҳволини яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг бюджети ижроси тўғрисидаги йиғма ҳисоботларни белгиланган тартибда тақдим этади;

ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан пенсиялар ва ижтимоий суғурта бўйича нафақалар тўғри тайинланганлиги ва тўланганлигини текшириш бўйича назорат-тафтиш ишларини амалга оширади ва ташкил этади;

пенсия ва нафақалар тайинлаш ва тўлаш ишларини ташкил этади ва уларга методик раҳбарлик қилади;

имтиёзли пенсияларни тартибга солиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил этади;

имтиёзли пенсия таъминоти олиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини қўллаш масалалари бўйича республика органлари, тармоқ уюшмалари, концернлар ва бирлашмалар билан ўзаро ҳамкорлик қилади, уларни такомиллаштириш юзасидан келишилган таклифлар тайёрлайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда пенсия таъминотининг нодавлат тизимини барпо этиш ва ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда қатнашади.


9.5. Ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида:

ижро этувчи ҳокимият республика, вилоят, туман, шаҳар органлари иштирокида кекса фуқаролар, ногиронлар ва давлатнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлган аҳолининг бошқа гуруҳларига ижтимоий-маиший хизмат кўрсатишни ташкил этади;

ижтимоий таъминот муассасаларида ("Мурувват", "Саховат" уйларида, пансионатларда, санаторийларда) яшаётган кекса фуқаролар ва ногиронларга маиший, тиббий ва маданий хизмат кўрсатишни, бу муассасаларнинг моддий-техника негизи мустаҳкамланишини ташкил этади;

ёлғиз кекса фуқароларга ижтимоий ёрдам хизматининг комплекс тармоқларини яратади ва уларнинг иши устидан назорат қилади;

аҳолига ижтимоий ёрдам бериш дастурларини маблағ билан таъминлаш учун маблағ жалб этиш ишида давлат, жамоат, диний ва хайрия ташкилотларининг, муассасалар ва корхоналарнинг ўзаро ҳамкорлик қилишини таъминлайди;

ёлғиз кекса фуқаролар, пенсионерлар ва ногиронларга ижтимоий ёрдам берувчи давлатга қарашли бўлмаган хизматлар ташкил этишга кўмаклашади ва улар иши назорат қилинишини таъминлайди;

ўзига қарашли муассасалар ва ташкилотларнинг аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш дастурларини маблағ билан таъминлаш эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилаётган ишларини, шу жумладан тижорат фаолиятини мувофиқлаштиради.


9.6. Тиббий-меҳнат экспертизаси ва ногиронларни соғломлаштириш соҳасида:

тиббий-меҳнат экспертизаси ва ногиронларни соғломлаштириш ишларига раҳбарлик қилади;

ногиронларнинг касб-ҳунар-техника таълими ва уларни қайта ўқитиш бўйича идоравий ўқув юртларига раҳбарлик қилади;

инфратузилма объектларининг ногиронлар ва кекса фуқаролар учун қулайлигини таъминловчи шаҳарсозлик соҳасида давлат сиёсатини шакллантиришда қатнашади;

ногиронлар учун иш жойлари ташкил этишда ва уларни ишга жойлаштиришда ногиронларнинг жамоат ташкилотларига ёрдам беради;

ногиронларнинг меҳнатидан фойдаланиш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этилиши ва ривожлантирилишига, меҳнатнинг касаначилик турларини ва иш билан таъминлашнинг бошқа шаклларини ривожлантиришга кўмаклашади;

ногиронларни ижтимоий соғломлаштириш босқичи сифатида уларнинг жисмоний тарбия ва спорт ҳаракати ривожлантирилишига кўмаклашади;

махсус ҳаракат қилиш воситалари, ишлаб чиқариш ва маиший тусдаги мосламалар, ногиронларни соғломлаштириш ва уларни парвариш қилишнинг бошқа техник воситаларига бўлган эҳтиёжни аниқлайди ва уларни ишлаб чиқариш учун буюртмалар беради;

аҳолига протез-ортопедия ёрдами кўрсатишни ташкил этишни, бошқа вазирликлар, идоралар, корхоналар, ташкилотлар ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда протез-ортопедия буюмларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, тайёрлаш  технологиясини такомиллаштириш, уларнинг янги турларини ишлаб чиқариш ишлари  амалга оширилишини таъминлайди;

ногиронларни протез-ортопедия буюмлари ва ҳаракат қилиш воситалари билан таъминлаш тартибини белгилайди.


9.7. Молия ва хўжалик фаолияти соҳасида:

Вазирлик тизимида режа-молия ишларини, тасарруфидаги ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўтказиладиган тадбирларни ҳамда бу соҳадаги илмий тадқиқотларни маблағ билан таъминлашни белгиланган тартибда ташкил этади;

аҳолига ижтимоий ёрдам беришнинг ҳар хил турларини ташкил этишни иқтисодий жиҳатдан асослаб беради;

ўз ваколати доирасида Вазирлик тизими ходимлари меҳнатини нормалаштириш ва улар меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш  тадбирларини амалга оширади;

тасарруфидаги ташкилотлар ва муассасалар молия-хўжалик фаолиятига доир баланслар ва ҳисоботларни кўриб чиқади;

тасарруфидаги ташкилотлар ва муассасалар томонидан давлат марказлаштирилган сармоя маблағларидан самарали фойдаланилишини таъминлайди, Вазирлик тизимида объектлар қурилиши ва реконструкция қилиниши бўйича истиқболли дастурлар ишлаб чиқилишини ташкил этади.



III. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


10. Вазирликка қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш, меҳнат ва ижтимоий таъминот органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва улар учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш;

Вазирлик олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун зарур бўлган ахборотни вазирликлар ва идоралардан, жойлардаги бошқарув ва давлат ҳокимияти органларидан, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ҳайъат мажлисларида вазирликлар ва идораларнинг, жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг масъул ходимларининг Вазирлик ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш;

меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарларига қонунда белгиланган тартибда маъмурий жазолар бериш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

илмий муассасаларни, олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан хорижий олимлар ва мутахассисларни ўзига тегишли масалаларни ҳал этишга шартнома асосида жалб этиш;

вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва муассасаларнинг меҳнат, иш билан таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, пенсия таъминоти, ногиронларни ижтимоий муҳофаа қилиш тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда қабул қилинган буйруқлари ва бошқа норматив ҳужжатларини бекор қилиш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича тегишли хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.



IV. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган Вазир бошчилик қилади.

Вазир Вазирликка юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

Вазирнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод қилинадиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


12. Вазир:

Вазирлик, унинг тасарруфидаги муассасалар, ташкилотлар ва ўқув юртлари фаолиятига раҳбарлик қилади;

ўз ваколатлари доирасида тасарруфидаги барча ташкилотлар ва муассасалар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради, кўрсатмалар ва топшириқлар беради;

Вазирлик ваколатига тегишли масалалар бўйича норматив ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;

вазир ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва улар фаолиятини мувофиқлаштиради;

вазир ўринбосарлари, таркибий бўлинмалар раҳбарларининг, шунингдек тасарруфидаги ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларининг улар зиммасига юкланган вазифалар бажарилиши учун масъулияти даражасини белгилайди;

Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Вазирлик марказий аппаратининг штат жадвалини, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳудудий бош бошқармалари тўғрисидаги низомларни, тасарруфидаги муассасалар, ташкилотлар ва корхоналарнинг низомлари ва уставларини тасдиқлайди;

Вазирлик марказий аппарати ходимларини ва Вазирликка бевосита бўйсунувчи муассасалар, ташкилотлар ва корхоналарнинг раҳбарларини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномасига кўра меҳнат ва ижтимоий муҳофаза бўйича ҳудудий бош бошқармалар раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади, шунингдек туман (шаҳар) бўлимлари ва бошқа тасарруфидаги муассасалар раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этишга розилик беради;

Вазирлик марказий аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш шарт-шароитларини белгилайди;

алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни белгиланган тартибда давлат фахрий унвонлари, ёрлиқлар ва мукофотлар беришга тақим этади;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга бўлади.


13. Вазирликда Вазир  ҳайъат раиси, лавозимига кўра вазир ўринбосарларидан, шунингдек Вазирлик ва унинг тизимининг бошқа раҳбар ходимларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат аъзолари, Вазир ва унинг ўринбосарларидан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат меҳнат, иш билан таъминлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш, пенсия таъминоти ва аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш, марказий аппарат, маҳаллий органлар, тасарруфидаги ташкилотлар, муассасалар ва корхоналарнинг фаолиятини такомиллаштириш, кадрларни танлаш ва уларни жой-жойига қўйиш, муҳим ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, қабул қилинган қарорлар ижросини текширишнинг муҳим масалаларини кўриб чиқади, тасарруфидаги ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади.

Ҳайъат қарорлари Вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади.

Вазир билан ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Вазир келиб чиққан келишмовчиликлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрини Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.


14. Вазирликка қуйидаги ташкилотлар ва муассасалар бевосита бўйсунади:

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги;

Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюролар;

Ногиронларни экспертизадан ўтказиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича республика инспекцияси;

Ногиронларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий маркази;

Меҳнатни нормалаштириш ва муҳофаза қилиш маркази;

Ўзбекистон меҳнат, иш билан таъминлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муаммоларини ўрганиш республика маркази;

Ахборот-компьютер маркази;

Уруш ва меҳнат фахрийлари учун пансионат ва санаторийлар;

Техникум (2001 йилда касб-ҳунар коллежига айлантирилади);

Ногиронлар учун республика касб-ҳунар-техника билим юрти (2004 йилда касб-ҳунар коллежига айлантирилади.