язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Қишлоқ ва сув хўжалигининг давлат томонидан тартибга солиниши ва қўллаб-қувватланиши/ Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.12.2006 й. 256-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 12 декабрдаги

256-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги

вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва дренаж

миллий қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 июндаги 290-сон қарори билан ташкил этилган.

2. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси иқтисодиётнинг сув истеъмол қиладиган ва сувдан фойдаланадиган ўзаро боғлиқ тармоқлари фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда сув ресурслари кескин танқис бўлган ва вужудга келган ноқулай экологик вазият шароитларида, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича чет эл ижобий тажрибасидан фойдаланган ҳолда ягона иқтисодий, илмий-техник сув хўжалиги ва мелиоратив сиёсатни ҳаётга татбиқ қилишга даъват этилган.


3. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси фаолияти Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан мувофиқлаштириб борилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган коллегиал орган ҳисобланади, унинг таркибига турли вазирликлар ва идоралар раҳбарларидан, ирригация, дренаж ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги етакчи олимлар ва мутахассислардан иборат бўлган аъзолар киради.


5. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси Ирригация ва дренаж халқаро комиссиясида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалайди.


6. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг жўнатиладиган хат-хабарлари Ирригация ва дренаж халқаро комиссияси рамзидан фойдаланган ҳолда махсус бланкада расмийлаштирилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг юридик манзили: 100000, Тошкент шаҳри, Қори Ниёзи кўчаси, 39-уй, "А" корпус.


II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИРРИГАЦИЯ

ВА ДРЕНАЖ МИЛЛИЙ ҚЎМИТАСИНИНГ

МАҚСАДИ, ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Республика сув хўжалигини ривожлантиришга, сув ресурсларидан самарали, эҳтиётлаб фойдаланишга, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга ва унумдорлигини оширишга йўналтирилган ягона иқтисодий ва илмий-техник сув хўжалиги сиёсатини ҳаётга татбиқ этишга энг юқори даражада кўмаклашиш, Ўзбекистоннинг тарихий тажрибасини ҳамда бошқа мамлакатларнинг ижобий тажрибасини чуқур ўрганиш ва умумлаштириш асосида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш ва табиий муҳитни экологик соғломлаштириш бўйича тадбирларни ишлаб чиққан ва амалга оширган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини барқарор ривожлантиришни таъминлайдиган суғоришнинг илғор техникаси ва технологияларини жорий этиш Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг асосий мақсади ҳисобланади.


9. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ирригация ва дренаж халқаро комиссияси ва унинг доимий ишчи гуруҳлари ишида уларнинг таркибига етакчи мутахассислар ва олимларни киритиш йўли билан қатнашиш, халқаро конгресслар ва минтақавий конференцияларни, шунингдек Ирригация ва дренаж халқаро комиссиясининг семинарлари, симпозиумлари ва бошқа анжуманларини ташкил этишга кўмаклашиш;

сув хўжалигини ривожлантириш схемаларини тузишни ташкил этишга кўмаклашиш;

сув хўжалигининг, йирик ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари ва тизимларини модернизация қилишнинг муаммоли масалаларини кўриб чиқиш;

ирригация, дренаж соҳасидаги ўзаро боғлиқ тармоқларнинг умумий манфаатларини мувофиқлаштириш, сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, Ирригация ва дренаж халқаро комиссияси бошқа миллий қўмиталари ва халқаро ташкилотлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда сувларнинг атроф муҳит экологиясига ва шу кабиларга салбий таъсирини камайтириш;

халқаро ташкилотларнинг самарали лойиҳалари натижалари бўйича, сув ресурсларини бошқариш, ерларни ирригациялаш ва мелиорациялаш соҳасида республикада бажарилаётган қўшма лойиҳалар бўйича маълумотлар банкини ташкил этишга кўмаклашиш;

бошқа мамлакатларнинг миллий қўмиталари билан илмий, техник ва бошқа ахборотларни алмашиш йўли билан бошқа мамлакатларнинг суғориладиган деҳқончилик борасидаги илғор тажрибасини тарғиб қилиш, энг янги илмий ва амалий ахборотларни оммалаштириш, Ирригация ва дренаж халқаро комиссияси босма нашрларида эълон қилиш.


10. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси асосий вазифаларига мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг режадаги мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш;

сув ресурсларини оқилона бошқариш, ирригация ва дренаж тизимларини такомиллаштириш, суғориладиган ерларни мелиорациялашни яхшилаш, дарёлар ўзанларини тартибга солиш, сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, шунингдек сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш муаммолари бўйича даврий мажлислар, семинарлар ва конференцияларни ташкил этиш ва ўтказишда ёрдам кўрсатиш;

кадрлар потенциалини ва ташкилий потенциални ривожлантириш мақсадида ирригация, дренаж, сув ресурслари, сув тошқинларини тартибга солиш соҳасидаги мутахассислар ва раҳбар ходимлар малакасини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси аъзолари ва вакилларининг Ирригация ва дренаж халқаро комиссияси томонидан ташкил этиладиган халқаро тадбирларда, Ирригация ва дренаж халқаро комиссиясининг ирригация ва дренаж бўйича ишчи органларида самарали иштирокини таъминлашга кўмаклашиш;

Ирригация ва дренаж халқаро комиссиясининг босма нашрларини (илмий журнал, ойлик ва чораклик ахборот нашрларини) оммалаштириш, Ирригация ва дренаж халқаро комиссиясига аъзо мамлакатларнинг миллий қўмиталари ўртасида илмий-техник ахборотларни ўзаро алмашишни ташкил этиш;

Ўзбекистонда ирригация ва дренаж муаммолари бўйича илмий мақолалар ва ахборот тусидаги материалларни Ирригация ва дренаж халқаро комиссиясининг ва Ўзбекистон Республикасининг ихтисослаштирилган нашрларида эълон қилишга кўмаклашиш;

ирригация, дренаж, сув ресурслари, шунингдек сув ресурсларига нисбатан тежамли ва эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш бўйича жамоатчилик фикрини шакллантириш тадбирларида қатнашиш, оммавий ахборот воситаларида чиқишларни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси ҳузурида ташкил этилган ёш мутахассислар гуруҳлари ишларига раҳбарлик қилиш ва уларни мувофиқлаштириш;

ўз таркибига жамоа ва якка тартибдаги аъзоларни қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг Ирригация ва дренаж халқаро комиссиясига аъзолик бадалларининг ўз вақтида тўланиши юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш;

Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг ҳар йилги ҳисоботларини тузиш.



III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИРРИГАЦИЯ

ВА ДРЕНАЖ МИЛЛИЙ ҚЎМИТАСИ

ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси фаолиятига унинг раиси  лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири раҳбарлик қилади.

12. Ирригация ва дренаж халқаро комиссияси уставига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси раиси раҳбар орган - Ирригация ва дренаж халқаро комиссиясининг Халқаро Доимий Кенгаши аъзоси ҳисобланади ва Ирригация ва дренаж халқаро комиссиясининг ҳисобот йилидаги фаолияти якунлари бўйича Халқаро Доимий Кенгашнинг ҳар йилги мажлисларида қатнашади.


13. Қўйилган вазифаларнинг тезкорлик билан ҳал этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасида 7-9 кишидан иборат таркибда Ишчи президиум фаолият кўрсатади. Ишчи президиум аъзолари Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси аъзоларидан, ҳар икки йилда улар таркибий сонининг учдан бир қисмини алмаштириш йўли билан сайланади.


14. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси мажлисларини жорий йилги иш режасига мувофиқ ҳар чоракда бир марта ташкил қилади ва ўтказади. Заруриятга кўра, Ишчи президиум қарори бўйича иш режасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Иш режасига киритиладиган масалалар Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг Ишчи президиуми ва тегишли ташкилотлар (вазирликлар, идоралар, қўмиталар ва шу кабилар) томонидан тавсия этилади.

Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси мажлисига материаллар Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси мажлиси кун тартибига киритиш учун масалаларни тавсия қилган вазирликлар ва идораларнинг тегишли бошқармалари, бўлимлари томонидан тақдим этилади.


15. Сув ва ер ресурсларидан фойдаланиш, ерларни мелиорациялашни яхшилаш ва шу кабилар соҳасидаги айрим муҳим ва комплекс вазифалар Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригацияни ривожлантириш ва ерларнинг унумдорлигини ошириш муаммоларини ҳал этиш кенгашининг қўшма мажлисларида муҳокама қилиниши мумкин.

16. Мажлислар оралиғида зудлик билан ҳал этишни талаб қиладиган масалалар Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг Ишчи президиуми томонидан, тегишли қарор қабул қилган ҳолда кўриб чиқилади.


17. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг ташкилий-функционал вазифалари ва мажбуриятларини бажариш раис ўринбосари (бош котиб), илмий котиб, таржимон ва котиб-референтдан иборат таркибдаги ишчи гуруҳ томонидан таъминланади.


18. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси мажлислари қарори мажлисда Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашганда, оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Раис ва Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси аъзолари ўртасида келишмовчилик бўлганда раис пайдо бўлган келишмовчилик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда ўз қарорини ҳаётга татбиқ қилади, Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси аъзолари эса, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз мулоҳазаларини ёзма равишда тақдим этишлари мумкин.



IV. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИРРИГАЦИЯ

ВА ДРЕНАЖ МИЛЛИЙ ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА ҲИСОБОТ БЕРИШ


19. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси ишчи гуруҳи фаолиятини молиялаштириш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси томонидан Ирригация ва дренаж халқаро комиссиясига ҳар йилги аъзолик бадалларини тўлаш бюджет маблағлари ҳисобига, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг умумий сметаси доирасида амалга оширилади.

20. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси ишчи гуруҳи харажатлар сметаси ва штатлар жадвали белгиланган тартибда тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.


21. Ишчи президиум ҳар йилги иш режасини ишлаб чиқади ва йил мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни тузади. Ҳисобот ва иш режаси Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси мажлисида кўриб чиқилгандан кейин раис томонидан тасдиқланади.

Ирригация ва дренаж халқаро комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитасининг ҳисобот йилидаги фаолияти тўғрисида ахборот жўнатилади.


22. Ўзбекистон Республикаси Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси фаолияти белгиланган тартибда тўхтатилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 48-50-сон, 488-модда.