язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Курилишларни кредитлаш. Ипотека кредити/ Уй-жой қурилишига, уни реконструкция қилишга ва сотиб олишга ипотека кредити бериш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.01.2007 й. 2-сон қарорига илова)

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 3 январдаги

2-сон қарорига

ИЛОВА



Уй-жой қурилишига, уни реконструкция қилишга

ва сотиб олишга ипотека кредити бериш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Ипотека тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни янада эркинлаштириш соҳасидаги устувор йўналишлар амалга оширилишини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 14 июндаги ПФ-3618-сон Фармонига мувофиқ тижорат банклари томонидан аҳолига уй-жой қуриш, уни реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун ипотека кредити бериш тартибини белгилайди.

Мазкур Низомнинг амал қилиш тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қурилишига "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банки томонидан ипотека кредити беришга татбиқ этилмайди.

2. Юридик шахсларга ипотека кредити бериш тартиби тижорат банкларининг ички кредит сиёсати билан белгиланади.


3. Ипотека кредитлари тижорат банклари томонидан қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик ва муддатлилик шартларида қуйидаги мақсадлар учун берилади:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда келишилган якка тартибдаги ва намунавий лойиҳа асосида, қурилишнинг белгиланган нормалари ва қоидаларига риоя қилиб якка тартибда уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш;

якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотиб олиш.


4. Тижорат банклари томонидан ипотека кредитлари қуйидагилар ҳисобидан берилади:

кредит линиялари, шу жумладан имтиёзли кредит линиялари, халқаро ва хорижий молия институтларининг ипотека кредити учун берилган грантлари ва инвестициялари;

тижорат банкларининг ўз маблағлари ва жалб қилган маблағлари.


5. Ипотека кредити:

қурилаётган уй-жойни у жойлашган ер участкаси билан бирга;

ипотека кредити ҳисобига сотиб олинадиган ва белгиланган тартибда қарз олувчи мулкига ўтадиган якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани;

қарз олувчининг мулки бўлган ва ипотека кредити ҳисобига реконструкция қилинаётган якка тартибдаги уй-жойни гаровга қўйган ҳолда амалга оширилади.

Муомаладан олиб қўйилган ва бегоналаштирилиши мумкин бўлмаган кўчмас мулк ипотека предмети бўлиши мумкин эмас.


6. Ипотека кредити беришда банкнинг (ипотекага олувчининг) ипотека билан таъминланган мажбурияти бўйича ҳуқуқлари гаров хати билан тасдиқланиши мумкин.

Гаров хати қарз олувчи (ипотекага қўювчи) томонидан тузилади ва ипотека давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин, қарз олувчи (ипотекага қўювчи) ҳамда банк (ипотекага олувчи) иштирокида рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан расмийлаштирилади ва банкка (ипотекага олувчига) берилади.


7. Ипотека кредити муддати ва ундан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси кредит ресурслари манбаига боғлиқ ҳолда қуйидаги тартибда белгиланади:

2) кредит линиялари, шу жумладан имтиёзли кредитлар, тижорат банки томонидан ипотека кредити бериш учун бевосита жалб этилган халқаро ва хорижий молия институтларининг грантлари ва инвестициялари ҳисобидан бериладиган кредитлар бўйича муддат ва кредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси ушбу маблағларни бериш тўғрисида тижорат банки ва кўрсатиб ўтилган молия институтлари ўртасида тузилган тегишли шартномалар шартларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

3) тижорат банкининг ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлари ҳисобидан бериладиган кредитлар бўйича муддат ва кредитдан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси банк ва қарз олувчи ўртасидаги битим бўйича, банкнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ белгиланади, ёш оилалар учун "Ёшлар" кўп квартирали уйлардаги квартираларни сотиб олишга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизидан ошмайдиган фоизли ставка билан 20 йил муддатга бериладиган кредитлар бундан мустасно.

9. Тижорат банки томонидан ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлари ҳисобидан бериладиган ипотека кредити миқдори банк ва қарз олувчи ўртасидаги битим бўйича, банкнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ белгиланади.


10. Тижорат банкларининг ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлари ҳисобидан бериладиган ипотека кредити миқдори қуриладиган, реконструкция қилинадиган ёки сотиб олинадиган уй-жой қийматининг 75 фоизидан ошиши мумкин эмас. Ёш оилалар учун "Ёшлар" кўп квартирали уйларидаги квартираларни сотиб олишга кредитлар бундан мустасно.

11. Ипотека кредити учун берилган халқаро ва хорижий молия институтлари маблағлари ҳисобига тижорат банки томонидан бериладиган ипотека кредити миқдори ушбу маблағларни бериш тўғрисида тижорат банки ва кўрсатиб ўтилган молия институтлари ўртасида тузилган тегишли шартномалар шартларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


12. Ариза берувчи тижорат банкларининг ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлари ҳисобига ипотека кредити олиш учун:

қуриладиган, сотиб олинадиган уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг;

уй-жойни реконструкция қилиш қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги ўз маблағига эга бўлиши керак, ёш оилалар учун "Ёшлар" кўп квартирали уйларидаги квартираларни сотиб олишга кредитлар бундан мустасно.

Ушбу маблағлар ариза берувчининг номига банкда очилган жамғарма омонат ҳисоб рақамида миллий ёки чет эл валютасида мавжуд бўлиши, шунингдек қурилаётган уй-жой смета қийматининг ёки реконструкция қилиш қийматининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ариза берувчи томонидан ўз маблағлари ҳисобига сотиб олинган қурилиш материаллари тарзида бўлиши мумкин.

20. Ипотека кредити бериш учун тижорат банклари томонидан жалб этиладиган халқаро ва хорижий молия институтларининг кредит линиялари тижорат банклари ва кўрсатиб ўтилган молия институтлари ўртасида тузиладиган тегишли шартномалар асосида очилади.



III. ИПОТЕКА КРЕДИТИ ОЛИШ УЧУН

БУЮРТМАНОМАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

БУЮРТМАНОМА БЎЙИЧА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


21. Қарз олувчи ипотека кредити олиш учун буюртманома тақдим этганда банкнинг ипотека кредити олиш учун буюртманомаларни қабул қилиш бўйича масъул ходими мижозга ипотека кредитининг асосий йўналишлари бўйича изоҳ беради. Шунингдек у мижознинг барча саволларига жавоб беради ҳамда унга ипотека кредити бериш юзасидан буюртманомани расмийлаштириш учун талаб этиладиган барча ҳужжатлар рўйхатини тақдим этади.


22. Қарз олувчи ипотека кредити олиш учун банкка мурожаат қилгандан кейин банк қарз олувчини ипотека кредити олиш жараёнидаги тахминий харажатлар турлари билан таништиради. Қарз олувчи ипотека кредити олишда қуйидаги харажатларни амалга ошириши керак:

ипотека тўғрисидаги шартномани нотариал тасдиқлаш учун давлат божи;

гаровга қўйилган кўчмас мулкни суғурталаш билан боғлиқ харажатлар;

мулк қийматини белгилаш бўйича баҳоловчи ташкилот хизматлари учун тўлов.

23. Қарз олувчи томонидан якка тартибда уй-жой қуришга кредит олиш учун тижорат банкига сўралаётган кредит суммасини кўрсатган ҳолда кредит олишга буюртманома билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда якка тартибда уй-жой қуриш учун ариза берувчининг ер участкасига (доимий фойдаланиш, мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан умрбод эгалик қилиш, мулк эгаси) бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);

2) ариза берувчининг ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун доимий иш жойидан (доимий иш жойи мавжуд бўлганда) берилган маълумотномалар ёки ариза берувчининг ва унинг оила аъзоларининг охирги 12 ой учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг уларнинг яшаш жойидаги давлат солиқ органи томонидан тасдиқланган нусхалари;

3) якка тартибда уй-жой қуришга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда келишилган ва қарз олувчи томонидан тасдиқланган лойиҳанинг нусхаси;

4) ариза берувчининг номига очилган жамғарма омонат ҳисоб рақамида пул маблағлари жойлаштирилгани тўғрисидаги банк маълумотномаси ва/ёки қарз олувчи томонидан сотиб олинган қурилиш материаллари ва/ёки бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қийматининг баҳоси бўйича дастлабки ҳисоб-китоб. Тижорат банкидаги жамғарма омонат ҳисоб рақамида жойлаштирилган пул маблағларининг жами суммаси ва кўрсатиб ўтилган қурилиш материалларининг ва/ёки бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг қиймати ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас;

5) ариза берувчининг паспорти нусхаси.

24. Якка тартибдаги уй-жойни реконструкция қилишга кредит олиш учун ариза берувчи томонидан тижорат банкига кредит олиш учун буюртманома билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) реконструкция қилинадиган якка тартибдаги уй-жойга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);

2) ариза берувчининг ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун доимий иш жойидан (доимий иш жойи мавжуд бўлганда) берилган маълумотномалар ёки ариза берувчининг ва унинг оила аъзоларининг охирги 12 ой учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг уларнинг яшаш жойидаги давлат солиқ органи томонидан тасдиқланган нусхалари;

3) якка тартибдаги уй-жойни реконструкция қилиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда келишилган ва қарз олувчи томонидан тасдиқланган лойиҳанинг нусхаси;

4) ариза берувчининг номига очилган жамғарма омонат ҳисоб рақамида пул маблағлари жойлаштирилгани тўғрисидаги банк маълумотномаси ва/ёки қарз олувчи томонидан сотиб олинган қурилиш материаллари ва/ёки бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қийматининг баҳоси бўйича дастлабки ҳисоб-китоб. Тижорат банкидаги жамғарма омонат ҳисоб рақамида жойлаштирилган пул маблағларининг жами суммаси ва кўрсатиб ўтилган қурилиш материалларининг ва/ёки бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг қиймати ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас;

5) ариза берувчининг паспорти нусхаси.

25. Якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотиб олишга ипотека кредити олиш учун ариза берувчи томонидан тижорат банкига сўралаётган кредит суммаси кўрсатилган ҳолда кредит олишга буюртманома билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) сотиладиган якка тартибдаги уй-жойнинг ёки квартиранинг келишилган қиймати кўрсатилган ҳолда, уй-жойга ёки квартирага эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини илова қилган ҳолда якка тартибдаги уй-жойнинг ёки кўп квартирали уйдаги квартиранинг олди-сотдиси тўғрисидаги дастлабки шартнома;

2) ариза берувчининг ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун доимий иш жойидан (доимий иш жойи мавжуд бўлганда) берилган маълумотномалар ёки ариза берувчининг ва унинг оила аъзоларининг охирги 12 ой учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг уларнинг яшаш жойидаги давлат солиқ органи томонидан тасдиқланган нусхалари;

3) қарз олувчининг номига очилган омонат ҳисоб рақамида ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган суммадан кам бўлмаган пул маблағлари жойлаштирилгани тўғрисидаги банк маълумотномаси. Ушбу маълумотнома ёш оилалар учун "Ёшлар" кўп квартирали уйларидаги квартираларни сотиб олишга кредитлар олишда талаб қилинмайди;

4) ариза берувчининг паспорти нусхаси;

5) тижорат банкларига Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг ёш оилалар учун "Ёшлар" кўп квартирали уйларидаги квартираларни сотиб олишга ипотека кредити бериш бўйича шартномалар тузиш учун тавсияномаси.

26. Ипотека кредити кредит линиялари ҳисобидан, шу жумладан имтиёзли кредит линиялари, ипотека кредити бериши учун бевосита тижорат банки томонидан жалб этилган халқаро ва хорижий молия институтларининг грантлари ва инвестициялари ҳисобидан берилган тақдирда ариза берувчи томонидан ипотека кредити учун (фақат кўрсатиб ўтилган институтлар маблағлари ҳисобидан бериладиган ипотека кредитлари бўйича) маблағлар бериш юзасидан тижорат банки ва халқаро, хорижий молия институтлари ўртасида тузилган шартномаларда назарда тутилган ҳужжатлар тақдим этилади.


27. Кредит олиш учун буюртманомалар ва ушбу Низомда кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар банк ходимлари томонидан қабул қилиб олингандан кейин бир ҳафта муддатда уларни ўрганиш ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилигини текшириш амалга оширилади.


28. Гаровга қўйилган мулкни баҳолаш қарз олувчи (ипотекага қўювчи) ва банк (ипотекага олувчи) ўртасидаги битимга кўра бозор қиймати бўйича амалга оширилади.


29. Ушбу Низомнинг 27-бандига мувофиқ ўтказилган ўрганиш ва текширишлар натижалари бўйича ипотека кредити олишга буюртманомаларни кўриб чиқиш учун масъул бўлган банк ходими томонидан банкнинг кредит комиссиясига (кредит қўмитасига) ипотека кредити беришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида асосли хулоса киритилади.


30. Кредит комиссияси (кредит қўмитаси) кредит олишга буюртманомани, унга илова қилинган барча ҳужжатларни ва ушбу кредит буюртманомаси бўйича банкнинг масъул ходими хулосасини кўриб чиқиб буюртманомани қондириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ипотека кредити олишга буюртманомани кўриб чиқиш муддати кредит олишга буюртманома ва ушбу Низомнинг 23-25-бандларида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 30 иш кунидан ошмаслиги керак.


31. Кредит комиссияси (кредит қўмитаси) томонидан ипотека кредити бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилингандан кейин:

банк уч кун муддатда кредит шартномаси тузиш учун бу ҳақда ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади. Уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитлари олиш бўйича ёзма равишдаги билдиришномада сотувчининг номига йўқлаб олинадиган депозит ҳисоб рақами очиш учун қарз олувчи томонидан якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотувчининг (кейинги ўринларда сотувчи деб аталади) банкка келишини таъминлашнинг зарурлиги ҳам кўрсатилади;

ипотекага қўювчи банк фойдасига ўз ҳисобидан якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартиранинг тўлиқ қийматини йўқолиш ва шикастланиш хавфларидан суғурта қилиши, агар мулкнинг тўлиқ қиймати ипотека билан таъминланган олинган кредит суммаси ва унинг бўйича ҳисобланган фоизлар миқдоридан ортиқ бўлса, у ҳолда банк олдидаги ушбу мажбурияти суммасидан паст бўлмаган суммага суғурта қилиши шарт;

банк қарз олувчи билан "Ипотека тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган ипотека тўғрисида шартнома, шунингдек кредит шартномаси тузади.


32. Банкнинг кредит комиссияси (кредит қўмитаси) томонидан кредит беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда банк қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда қарз олувчига хулосани ёзма равишда, кредит беришнинг рад этилиши сабабларини кўрсатган ҳолда жўнатади.



IV. ИПОТЕКА КРЕДИТИНИ БЕРИШ

ВА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


33. Якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйлардаги квартирани сотиб олиш учун банк томонидан кредит бериш қарз олувчи номига алоҳида ссуда ҳисоб рақами очиш ҳамда ушбу ҳисоб рақамидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ва якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани олди-сотди шартномасининг нусхаси илова қилинган ҳолда қарз олувчининг ёзма топшириқномаси асосида якка тартибдаги уй-жойнинг ёки кўп квартирали уйдаги квартиранинг эгаси бўлган жисмоний шахс-сотувчининг омонат ҳисоб рақамига пул маблағларини нақд пулсиз шаклда мемориал ордер воситасида ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Бунда уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартиранининг олди-сотди шартномасидан нусха олиниб, асли қайтариб берилади.

34. Якка тартибда уй-жой қуриш ёки якка тартибдаги уй-жойни реконструкция қилиш учун банк томонидан бериладиган кредитлар қарз олувчига алоҳида ссуда ҳисоб рақами очиб, ундан қарз олувчининг ёзма топшириқномаси асосида, мемориал ордер воситасида қурилиш материаллари сотиб олиш учун савдо ташкилотлари ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банклардаги йўқлаб олинадиган депозит ҳисоб рақамига ва бажарилган қурилиш-монтаж ишлари учун пудратчи қурилиш ташкилотининг йўқлаб олинадиган депозит ҳисоб рақамига пудрат шартномасида белгиланган шартларда ва муддатларда тўловларни нақд пулсиз шаклда амалга ошириш йўли билан берилади.

Якка тартибда уй-жой қуриш ёки якка тартибдаги уй-жойни реконструкция қилиш қарз олувчининг бевосита ўзи томонидан (хўжалик усулида) бажарилган тақдирда кредит шартномасида келишилган кредит суммасининг 20 фоизгачасини ҳисоб рақамидан қарз олувчига нақд пул шаклида беришга йўл қўйилади.


35. Банк томонидан ипотека кредитлари ссуда ҳисоб рақамидан маблағларни қарз олувчининг банк кредит карточкаларига ўтказиш йўли билан ҳам берилиши мумкин. Бунда банк кредит карточкаси қарз олувчи номига алоҳида шартномани расмийлаштириш йўли билан берилади. Шартномада ушбу банк кредит пластик карточкасидаги маблағлардан фақат якка тартибда уй-жой қуришга ёки якка тартибдаги уй-жойни реконструкция қилиш учун қурилиш материалларини сотиб олишда фойдаланилиши белгилаб қўйилиши керак. Ушбу банк кредит пластик карточкаларидан нақд пул берилишига йўл қўйилмайди.

Қарз олувчи банк кредит пластик карточкаси воситасида амалга оширилган операциялар тўғрисида ҳар ойда банкка терминаллар чеклари, сотиб олинган товарлар учун чакана савдо ташкилотлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан берилган счётлар, квитанциялар юкхати ёки қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ҳисобот тақдим этиши керак.

Банк ҳисоботга илова қилинган ҳужжатларни таҳлил этиш жараёнида банк кредит карточкаси воситасида ҳисоб-китоб қилиш вақтида кредитдан бошқа мақсадларда фойдаланилганини аниқлаган тақдирда банк кредит карточкаси тўғрисидаги шартнома бекор қилинади, банк кредит карточкаси ҳисоб рақами ёпилади ва банк кредит карточкаси олиб қўйилади. Кредитнинг бошқа мақсадлар учун фойдаланилган қисми учун кредит шартномасида белгиланган миқдорда жарима солинади ва уни ундириб олиш чоралари кўрилади.


36. Қарз олувчи томонидан кредитларни қайтариш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

а) иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, гонорарлар, дивидендлар, фоизлар ва қимматли қоғозлар бўйича олинадиган бошқа даромадлар ҳисобидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш;

б) нақд пул топшириш;

в) қарз олувчининг банкдаги омонатлар бўйича ҳисоб рақамидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш.

Бунда ҳисобланган фоизлар ва кредит бўйича асосий қарз банк ва қарз олувчи томонидан имзоланган, кредит шартномасига илова қилинган жадвалга мувофиқ ундириб олинади.

Қарз олувчилар асосий қарзни ва ҳисобланган фоизларни кредит шартномасида белгиланган муддатдан олдин қайтариш ҳуқуқига эга.


37. Банклар кредитдан фойдаланишнинг бутун даври давомида доимий мониторингни амалга оширади. Мониторинг давомида банк уй-жойни қуриш жадвалига риоя қилинишини ва кредитдан мақсадли фойдаланилишини, ипотека кредити қайтарилишини ҳамда унинг бўйича фоизлар тўланишини, гаров мулкидан фойдаланишни ва унинг сақланишини, ипотека предметининг ноқонуний бегоналаштирилишига йўл қўймасликни назорат қилиб боради.

Банк кредит ҳисобидан бажарилган якка тартибда уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш ишларининг назорат ўлчовини амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Банк томонидан мониторингни амалга ошириш тартиби, кредитдан бошқа мақсадларда фойдаланганлик учун қарз олувчига нисбатан қўлланиладиган жавобгарлик чоралари кредит шартномасида белгиланган бўлиши керак.

Мониторинг жойига борган ҳолда амалга оширилиши мумкин.


38. Асосий қарз ва унинг бўйича ҳисобланган фоизлар кредит шартномасида белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда банк ходими қарз олувчи билан шахсан учрашиб мажбуриятларнинг бажарилмаётгани сабабларини аниқлайди ва муддатида қайтарилмаган кредитнинг қайтарилишини таъминлаш чораларини кўришни талаб қилади.


39. Агар кредитни ўз вақтида ундириш бўйича кўрилган чоралар зарур натижани бермаса ва кредитнинг қарз олувчи томонидан ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилмаслик хавфи вужудга келса, банк кредитлашни тўхтатиб туради ҳамда берилган ипотека кредитини ва унинг бўйича ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин ундириб олади. Ушбу шартлар кредит шартномасида белгиланган бўлиши керак.


40. Қарз олувчи томонидан ипотека кредити ва ҳисобланган фоизлар бўйича тўловлар тўланмаганда ёки ўз вақтида тўланмаганда, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда банк "Ипотека тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ундирувни гаровга қўйилган мулкка қаратади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 1-2-сон, 9-модда.