язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш. Хайрия фаолияти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.01.2007 й. ПҚ-573-сон "Ижтимоий ҳимоя йили" Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

23.01.2007 й.

N ПҚ-573



“ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ЙИЛИ”

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА



2007 йилнинг “Ижтимоий ҳимоя йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш кўламларини янада кенгайтириш ва кучайтириш, аҳолининг муҳтож тоифалари ва оилаларга, ногиронлар ва ёлғиз кексаларга аниқ, табақалаштирилган тарзда ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш, аҳоли даромадлари даражасидаги фарқларнинг кескин ошишига йўл қўймаслик, жамиятда ҳамжиҳатлик, эзгулик ва меҳр-шафқат муҳитини қарор топтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида:


1. Қуйидагиларни кўзда тутувчи “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

амалдаги ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини оширишга, аҳолининг ижтимоий ночор қатламларига ёрдам кўрсатишда табақалашган тарзда ёндашишга қаратилган янги қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалдаги шундай ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш;

“Меҳрибонлик” уйлари ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, боқувчисидан маҳрум бўлган болалар тўғрисида эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, “Сен ёлғиз эмассан” мақсадли вазифасини ҳаётга аниқ татбиқ этиш;

аҳолининг ночор қатламлари - муҳтож оилалар, ногиронлар, ёлғиз қарияларни аниқ ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларини рўёбга чиқаришда маҳаллалар ролини ошириш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалда жорий этиш;

жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камол топтириш чора-тадбирларини янада чуқурлаштириш, оналик ва болалик тўғрисида ғамхўрликни кўчайтириш, аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш бўйича ишларни такомиллаштириш ва “Соғлом она - соғлом фарзанд” ҳаракатини ҳар томонлама рағбатлантириш, жумладан мактабларнинг юқори синфлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртлари ёшлари ўртасида тушунтириш ишлари ва факультатив машғулотлар ўтказиш;

ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва муносиб баҳолаш механизмини такомиллаштириш, уларнинг меҳнатини, шунингдек умуман ижтимоий соҳа ходимлари меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш даражасини ошириш;

ёш авлоднинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлаш, ёшларнинг касб маҳорати ҳамда маънавий ўсишини моддий ва аҳлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтларини кўнгилли ўтказишни ва спорт билан шуғулланишини ташкил қилиш, ҳаётга қадам қўяётган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирлар комплексини тайёрлаш ва амалга ошириш;

фахрийлар ва пенсионерларга ёрдам кўрсатиш даражасини янада ошириш, уларнинг давлат ва жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишини таъминлаш, муҳтожларга беғараз ёрдам бериш.


2. “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурининг бажарилишини ташкил этиш ва унинг мониторингини олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 12 декабрдаги Ф-2632-сонли Фармойишига мувофиқ ташкил этилган Республика комиссияси зиммасига юклансин.

Республика комиссияси аъзоларидан “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурининг асосий бўлимларини амалга ошириш бўйича 2-иловага мувофиқ таркибда Кенгаш ташкил этилсин.


3. Республика комиссияси ва “Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастурини амалга ошириш бўйича кенгаш (Ш.М.Мирзиёев):

икки ҳафта муддатда вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир идора, аҳоли пункти, туман, шаҳар ва минтақа бўйича “Ижтимоий ҳимоя йили” ҳудудий ва тармоқ дастурларининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишини таъминласинлар;

республика ва ҳудудий давлат бошқаруви органлари ҳамда жамоат ташкилотлари даражасида ушбу Дастурнинг бўлимлари ва бандлари тўлиқ ҳамда сўзсиз бажарилиши бўйича ишларнинг мувофиқлаштирилишини ташкил этсинлар, Дастурга киритилган тадбирларнинг амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсинлар;

“Ижтимоий ҳимоя йили” Давлат дастури билан тасдиқланган топшириқларнинг бажарилиши тўғрисида ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ахборот тақдим этиб турсинлар.


4. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда, Тошкент шаҳрида ва туманлар (шаҳарлар)да Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва тегишли ҳудудлар ҳокимлари бошчилигида Дастурни амалга ошириш бўйича тегишли комиссияларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин, улар зиммасига Дастур тадбирларининг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилиши устидан ҳар ойлик мониторинг ва қатъий назорат олиб бориш вазифаси юклансин.


5. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Миллий ахборот агентлиги, миллий телерадиокомпанияси, оммавий ахборот воситалари жамиятда эзгулик ва меҳрибонлик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда “Ижтимоий ҳимоя йили”нинг мақсадлари ва аҳамиятини кенг кўламда тушунтириш, тадбирларнинг амалга оширилишини, шу жумладан давлат ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимият органлари, ижтимоий ва нодавлат ҳайрия ташкилотлари, ижтимоий таъминот муассасалари, шунингдек айрим фуқаролар, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар жамоалари қўшаётган аниқ ҳиссани мунтазам ёритиб боришни таъминласинлар.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2007 йил 23 январдаги

ПҚ-573-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ижтимоий ҳимоя йили" Давлат дастурининг

асосий бўлимларини амалга ошириш бўйича Кенгаш

ТАРКИБИ

Т/р

Фамилияси, исми,

отасининг исми


Эгаллаб турган лавозими


"Ижтимоий ҳимоя йили"

Давлат дастури бўлимларини

амалга ошириш учун масъуллик


1.

Мирзиёев Ш.М.

- Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири


Кенгаш раиси

2.

Азимов Р.С.

- Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари


Кенгаш раисининг ўринбосари

3.

Отахонов Ф.Х.

- Адлия вазири

I бўлим. "Амалдаги ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган янги қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда амалдагиларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, аҳолининг ночор қатламига ёрдам кўрсатишда дифференцияланган ёндашувни амалга ошириш"


4.

Жўраев Т.И.

- Халқ таълими вазири

II бўлим. "Меҳрибонлик уйлари ва ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, боқувчисини йўқотган болаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, "Сен ёлғиз эмассан" инсонпарварлик шиорини ҳаётга амалда татбиқ этишни таъминлаш"


5.

Хаитов А.А.

- Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири вазифасини бажарувчи


III бўлим. "Аҳолининг ночор қатламлари - муҳтож оилалар, ногиронлар ва ёлғиз кексаларни аниқ йўналтирилган ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширишда маҳалланинг ролини ошириш"


6.

Иномова С.Т.

- Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари

IV бўлим. "Жисмоний соғлом ва маънавий бой авлодни шакллантириш чора-тадбирларини янада чуқурлаштириш, оналик ва болалик тўғрисида ғамхўрликни кучайтириш, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш, "Соғлом она - соғлом фарзанд" ҳаракатини ҳар томонлама рағбатлантириш"


7.

Ашрафхонов Б.Б.

- Молия вазирининг биринчи ўринбосари

V бўлим. "Ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими, "Меҳрибонлик", "Саховат" ва "Мурувват" уйлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва муносиб баҳолаш механизмини такомиллаштириш"


8.

Қосимов Р.С.

- Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари

VI бўлим. "Ўсиб келаётган авлоднинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлаш, ёшларнинг профессионал ва маърифий юксалишини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақти ва спорт билан шуғулланишини ташкил этиш, ёш оилаларни мустақил ҳаётга қадам қўйишда қўллаб-қувватлаш"


9.

Боқибоев Э.Ж.

- "Нуроний" жамғармаси раиси

VII бўлим. "Фахрийлар ва пенсионерларга ёрдам кўрсатиш даражасини янада ошириш, давлат ва жамоатчилик томонидан уларни қўллаб-қувватлашни таъминлаш, муҳтожларга беғараз ёрдам ажратиш"


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 4-6-сон, 39-модда.