язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Соғлиқни сақлаш/ Наркологик ва психиатрия ёрдами/ Сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.05.1993 й. 195-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1993 йил 1 майдаги

195-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка

мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш

учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика

муассасалари тўғрисида

НИЗОМ


1. Сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари "Сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ташкил этилади.


2. Алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганларни мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларига сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган ҳамда соғлиқни сақлаш органларининг наркологик муассасаларида даволанишдан бўйин товловчи, жамоат тартибини, бошқа шахслар ҳуқуқини бузувчи ёки аҳолининг саломатлиги ва маънавияти хавфсизлигига таҳдид қилувчи беморлар юборилади. Даволаш муддати тўғрисидаги масала даволаш муассасаси томонидан комиссион тартибда, бемор даволаш учун жойлаштирилган кундан бошлаб 5 кун муддатда ҳал этилади.

Беморларни мажбурий даволаш шахс даволанаётган даволаш муассасасининг комиссион қарори асосида тўхтатилади. Даволаш муддати 1,5 йилдан ошмаслиги керак.


3. Алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларига юбориш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


4. Қайд қилиб ўтилган тоифадаги шахсларни мажбурий даволашга юбориш ҳақидаги материаллар тиббиёт хулосаси бўлган тақдирда ички ишлар органлари томонидан ўзининг ташаббуси билан, ёҳуд беморнинг оила аъзолари ёки қариндошлари, меҳнат жамоалари, соғлиқни сақлаш муассасалари, ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка қарши кураш бўйича комиссияларнинг тақдимномалари асосида тайёрланади ва расмийлаштирилади.


5. Мажбурий даволашга юбориш масаласи 20 кун муддатда бемор яшайдиган жойдаги суд томонидан унинг иштирокида ҳал этилади. Бемор узрли сабабсиз судга келмаган тақдирда у ички ишлар органлари орқали мажбурий равишда олиб келиниши керак. Суднинг мажбурий даволаш тўғрисидаги қарори устидан у ҳақида суд қарори чиқарилган шахс томонидан, ёҳуд унинг ҳимоячиси томонидан шикоят қилиниши ёки прокурор томонидан 7 кун муддатда кассацион тартибда юқори турувчи судга шикоят аризаси берилиши мумкин.


6. Мажбурий даволаниши керак бўлган алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморни текширувдан ёки врачларнинг текширувидан ўтказиш наркологик стационарларда 10 кун муддат ичида амалга оширилади. Мажбурий даволашга юбориш мақсадида врачларнинг текширувидан бош тортган бемор ҳам ички ишлар органларининг кўмагида наркологик стационарларда 10 кун муддат ичида мажбурий текширувдан ўтказилишлари керак.


7. Мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг штат нормативлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган штат нормативларига мувофиқ белгиланади.


8. Алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганларни мажбурий даволашга ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларини қўриқлаш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг кучи билан шартнома асосида таъминланади. Бу бўлинмаларнинг сони Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан назарда тутилган маблағлар доирасида белгиланади.

9. Мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларига юборилган сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморлар ўз ҳуқуқ ва бурчлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари билан тенгдирлар, Қонунда ва Низомда аниқ кўрсатилган ҳоллар бундан истиснодир.


10. Алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморлар даволаш мақсадида мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларида бўлган даврда жисмоний аҳволлари ҳисобга олинган ҳолда ҳамда тиббий кўрсаткичларга мувофиқ уларнинг меҳнат терапияси ва қайта меҳнат тарбияси таъминланади. Мана шу мақсадда алкоголизм ёки гиёҳвандликдан мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаси билан саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш корхонаси ўртасида юқорида қайд қилинган беморларнинг меҳнат терапиясини ташкил этиш тўғрисида намунавий шартнома тузилади.


11. Меҳнат терапияси тартибида саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш корхоналарида иш билан банд бўлган сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморлар иш вақтининг қанча давом этиши мазкур корхонада қабул қилинган иш кунига мувофиқ бўлиши керак.


12. Ишлаб чиқаришда меҳнат жараёнларини ташкил этиш тиббиёт ходимларининг назорати остида корхона маъмурияти томонидан амалга оширилади.


13. Сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган ва мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига жойлаштирилган ҳамда даволаш мақсадида саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш корхоналарида меҳнатга жалб қилинган беморларнинг иш ҳақи бу корхоналар томонидан амалдаги нормалар, баҳолар, меҳнатга ҳақ тўлаш шартларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда мазкур корхона ишчи ва хизматчилари учун белгиланган иш ҳақи тўлаш тартибида ҳисоблаб чиқилади.

Сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморлар даволаш мақсадида меҳнатга жалб қилинадиган корхоналар ишлаб берилган вақт учун бу шахсларга ҳисобланган иш ҳақининг 30 фоизини сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасининг махсус маблағларига, иш ҳақининг қолган қисмини эса солиқлар, алимент бўйича тўловлар ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлар ушлаб қолингандан кейин қайд этилган беморларга тўлаш учун мажбурий даволовчи ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига ўтказадилар. Бир вақтнинг ўзида даволаш муассасасига беморлар учун ўтказилган иш ҳақи миқдори кўрсатилган ҳолда уларнинг фамилиялари рўйхати тақдим этилади.


14. Иш ҳақи сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликдан мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасида даволанаётган беморнинг ишончномаси бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда унинг оила аъзоларига ёки бемор муассасадан чиқарилган куни унинг ўзига берилади.


15. Сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасида ҳосил бўладиган махсус маблағлар (даволаш мақсадида меҳнатга жалб қилинадиган алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморлар иш ҳақининг 30 фоизи) беморларни қўшимча равишда овқатлантиришга, шунингдек шу муассасаларнинг бинолари ва иншоотларини асосли тузатишга, уларнинг ҳудудларини ободонлаштиришга, улар учун тиббий, маданий ва хўжалик инвентари сотиб олишга, юқорида айтиб ўтилган муассасада бўлган шахслар учун маданий тадбирлар ўтказишга сарфланиши мумкин.


16. Алкоголизм ёки гиёҳвандликдан мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг ташкил этилиши ва тартиби уларда алкогол ичимликлар ва наркотик моддалар истеъмол қилишни мутлақо истисно қилиши керак.


17. Алкоголизм ёки гиёҳвандликдан мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари Ўзбекистон Республикаси ИИВ қоидалари, буйруқлари, йўриқномаларига мувофиқ кўриқлашнинг муҳандислик-техник воситалари билан таъминланадилар.


18. Беморлар мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасидан қочиб кетган ҳолларда даволаш-профилактика муассасаси ички ишлар органлари билан биргаликда уларни қидириб топиш чораларини кўрадилар ҳамда мажбурий даволашга қайтарадилар.


19. Мажбурий даволанишда бўлган ҳамда даволашга ва меҳнат терапиясига виждонан муносабатда бўлган шахсларга қонунда белгиланган тартибда таътил, шунингдек, оилавий аҳволи бўйича қисқа муддатли таътил берилиши мумкин.


20. Беморларни қариндошлари келиб кўришига уларнинг аҳволи ва уларни даволаш тартибига боғлиқ равишда мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаси маъмурияти томонидан рухсат берилади. Сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларга четдан озиқ-овқатлар бериш муддатлари ва рўйхати мана шу муассасанинг тартибига мувофиқ белгиланади.

Белгиланган ички тартиб қоидаларини бузувчи ёки даволаниш ва ишлашдан бош тортувчи шахслар уларни қариндошлари келиб кўришдан, жўнатмалар ёки четдан озиқ-овқатлар олиш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилинишлари мумкин.


21. Мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларида алкоголга ва гиёҳванд моддаларга қарши даволаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган қоидалар ва йўриқномаларга мувофиқ амалга оширилади.


22. Мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларига юборилган алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморлардаги соматик (жисмоний) касалликларни даволаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган штат нормативларида назарда тутилган тегишли мутахассислар томонидан амалга оширилади.


23. Мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларидан чиқарилган сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни соғлиқни сақлаш органларининг наркологик муассасаларида уларни алкоголга қарши даволашни давом эттириш учун махсус ҳисобга олиш ташкил этилади. Бунда даволанишни наркологик диспансернинг амбулатория шароитларида давом эттириш учун стационарда мажбурий даволаш муддати қисқартирилган шахсларга алоҳида эътибор берилади.


24. Сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасида бўлган шахсни даволаш муддати тамом бўлишидан 10 кун олдин бу муассасаларнинг маъмуриятлари уларнинг тиббиёт карталаридан кўчирмаларни яшаш жойидаги наркология муассасасига ва ҳудудий ҳокимликка юборади ҳамда ИИВ органларига билдириш хати юборади.


25. Қайд қилиб ўтилган Қонуннинг сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш учун ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларида ижро этилишини назорат қилиш прокурор томонидан амалга оширилади.