Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Саноат /

В.П. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасининг Устави (ЎзР ВМ 31.08.1993 й. 442-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1993 йил 31 августдаги

442-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



В.П. Чкалов номидаги Тошкент авиация

ишлаб чиқариш бирлашмасининг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. В.П.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси ўз ҳуқуқий мақоми бўйича давлат мулкига асосланган давлат корхонаси ҳисобланади ҳамда бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.


2. Бирлашма юридик шахс ҳисобланади, банк муассасаларида ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа счётларига эга бўлади, хўжалик юритиш, ижара ҳуқуқларида, қонунда назарда тутилган бошқа асосларда алоҳида мол-мулкка эгалик қилади, мустақил балансга эга бўлади, ўз номидан мулкий ҳуқуқларни сотиб олиши ва мажбурият олиши, суд органларида даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.


3. Бирлашма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига, Ҳукуматнинг қарорларига, фармойишларига, амалдаги қонунчиликнинг бошқа актларига ҳамда ушбу Уставга амал қилади.


4. Бирлашма Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрга, ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилган штампларга ва иш қоғозларига эга бўлади.


5. Бирлашманинг манзили: 700016, Тошкент шаҳри, Боровский кўчаси, 61.


6. Бирлашма таркибига қуйидагилар киради:

В.П. Чкалов номидаги Тошкент авиация заводи - Бош таркибий бўлинма (700016, Тошкент шаҳри, Боровский кўчаси, 61);

Андижон механика заводи-таркибий бўлинма (710016, Андижон шаҳри, Найман кўчаси, 30);

Фарғона механика заводи - таркибий бўлинма (712016, Фарғона шаҳри, Герцен кўчаси, 2);

Тошкент механика йиғув заводи - таркибий бўлинма (700128, Тошкент шаҳри, Ўсмон Юсупов кўчаси, 8);

Кислород заводи - таркибий бўлинма (700005, Тошкент шаҳри, Червяков кўчаси, 62).



II. ФАОЛИЯТ ЙЎНАЛИШИ ҲАМДА БИРЛАШМАНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


1. Энг кам харажатлар сарфлаган ҳолда юқори истеъмол хусусиятлари ва сифатга эга бўлган авиация техникаси ҳамда мудофаа ва ишлаб чиқариш-техника мақсадларидаги бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бирлашма фаолиятининг мақсади ҳисобланади.


2. Бирлашма мудофаа ва ишлаб чиқариш мақсадларидаги маҳсулотлар билан бир қаторда халқ истеъмол моллари ишлаб чиқаришни таъминлайди ҳамда пулли хизматлар кўрсатади.


3. Бирлашма хўжалик фаолиятининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланмаган ҳамда бирлашма Уставида назарда тутилган мақсадларга жавоб берувчи бошқа турларини амалга ошириши мумкин.


4. Ўз маҳсулотларига, ишларига, хизматларига бўлган ижтимоий эҳтиёжларни қондириш ҳамда олинган фойда асосида меҳнат жамоаси аъзоларининг ижтимоий ва иқтисодий манфаатларини амалга ошириш бирлашманинг асосий вазифалари ҳисобланади.



III. БИРЛАШМАНИНГ МОЛ-МУЛКИ


1. Бирлашманинг мол-мулкини асосий фондлар ва айланма маблағлар, шунингдек, қиймати бирлашманинг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа бойликлар ташкил қилади.

Мол-мулк тўлиқ хўжалик фаолияти юритиш ҳуқуқи билан бирлашмага тегишли бўлади. Бирлашма барча бойликларнинг ҳолати учун тўла жавобгардир.


2. Бирлашма мол-мулкини шакллантирувчи манбалар қуйидагилар ҳисобланади:

маҳсулотларни, ишларни, хизматларни сотишдан, шунингдек, хўжалик фаолиятининг бошқа турларидан олинадиган даромадлар;

банклар ва бошқа кредиторларнинг кредитлари;

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бирлашма томонидан чиқариладиган қимматли қоғозлардан олинадиган даромадлар;

капитал маблағлар ва бюджетдан ажратиладиган дотациялар;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


3. Бирлашма:

давлат тасарруфида бўлмаган корхоналар билан ўзаро муносабатларда Давлат мулки қўмитасининг қарори билан асосий фондларни ҳамда айланма маблағларини мустақил тасарруф этиш;

давлат корхоналари билан ўзаро муносабатларда - асосий ва айланма маблағларни мустақил тасарруф этиш ҳуқуқига эгадир.

Бирлашма сафарбарлик қувватларининг сақланишини таъминлайди.


4. Бирлашма ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни, ўз фаолиятидан олинган даромадларни белгиланган тартибда тасарруф қилади.



IV. БИРЛАШМАНИНГ ХЎЖАЛИК, ИҚТИСОДИЙ

ВА ИЖТИМОИЙ ФАОЛИЯТИ


1. Бирлашма хўжалик фаолияти молиявий натижаларининг асосий умумлаштирувчи кўрсаткичи фойда ва даромад ҳисобланади.

Бюджетга солиқлар ва бошқа тўловлар тўланганидан кейин бирлашмада қоладиган фойда (соф фойда) унинг тўлиқ тасарруфида бўлади.

Бирлашма соф фойдадан фойдаланишнинг йўналишларини мустақил равишда белгилайди.


2. Бирлашма бошқа корхоналар, ташкилотлар ва фуқаролар билан хўжалик фаолиятининг барча соҳаларидаги ўз муносабатларини шартномалар асосида қуради.


3. Бирлашма ўзининг ишлаб чиқариш ва ижтимоий фаолиятида режалаштириш, моддий-техника таъминоти, нормалаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш; ижтимоий ҳимоя; молия ва кредит; ташқи иқтисодий фаолият, табиатдан фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш; шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган бошқа соҳаларда тўлиқ ҳажмда ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга оширади.


4. Бирлашма ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга, ишлар, хизматларга бўлган талаблардан ҳамда бирлашмани ишлаб чиқариш ва ижтимоий ривожлантиришни, ўз ишчиларининг шахсий даромадларини оширишни таъминлаш заруриятидан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятини мустақил режалаштиради ва истиқболни белгилайди.

Режаларнинг асосини маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар истеъмолчилари (харидорлар) ҳамда моддий-техника ресурсларини етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар ташкил этади.

Бирлашма қонунчилик билан белгиланган тартибда шартнома асосида давлат эҳтиёжлари учун ишларни бажаради ва маҳсулотларни етказиб беради.


Кредит ва молия муносабатлари соҳасида


5. Даромад, фойда, амортизация ажратмалари, қимматли қоғозларни сотишдан олинган маблағлар меҳнат жамоаси аъзоларининг пайлари ва бошқа бадаллари, шунингдек бошқа хил тушумлар бирлашма молия ресурсларини шакллантириш манбалари ҳисобланади.

Бирлашма пул маблағларини сақлаш учун бирлашма ва унинг таркибий бўлинмалари рўйхатга олинган жойларда барча кўринишдаги ҳисоб-китоб, кредит ва касса операцияларини амалга ошириш учун ҳар қандай банкда ҳисоб-китоб ва бошқа счётлар очиш ҳуқуқига эга.

Бирлашманинг барча ҳисоб-китоблари, шу жумладан бюджетга ўтказиладиган тўловлар ҳамда иш ҳақини тўлаш ҳисоб-китоб ҳужжатлари келиб тушишга кўра (тўлов муддатлари келганда) навбати билан амалга оширилади.

Харидорлар (истеъмолчилар) томонидан заём маблағларидан фойдаланганлик сифатида фоиз тўланган тақдирда бирлашма кредит эвазига маҳсулот етказиб бериши, ишларни бажариши, хизматлар кўрсатиши мумкин.

Бирлашма кредит шартномагарига ҳамда ҳисоб-китоб интизомига риоя қилиш учун тўлиқ жавобгардир.


Нарх-наво соҳасида


6. Бирлашма ўз маҳсулотларини, товарларини, ишлар ва хизматларини ўзи мустақил ёки шартнома асосида белгиланган нархларда, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ҳолларда эса давлат нархларида сотади.


Меҳнат, иш ҳақи ҳамда ижтимоий ривожланиш соҳасида


7. Ягона тариф сеткасининг нул разрядига киритиладиган иш ҳақининг энг кам миқдори жамоа шартномаси билан, лекин Республика Президентининг Фармонида назарда тутилганидан кам бўлмаган даражада белгиланади.

Бирлашма меҳнатчиларининг кафолатли энг кам иш ҳақи миқдори ҳар бир касб, лавозим бўйича Ягона тариф сеткасига мувофиқ разрядлар бўйича белгиланади.

Бошқарув аппарати ходимларининг меҳнат шароитлари ва иш ҳақи, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари Кенгаш томонидан белгиланади ҳамда бош директор томонидан тасдиқланади.

Бирлашма меҳнатчиларини моддий рағбатлантириш ва тақдирлаш корхона маъмурияти ҳамда меҳнат жамоаси томонидан қабул қилинган низомларга ва шартларга мувофиқ амалга оширилади.

Ижтимоий ривожланиш, шу жумладан меҳнат жамоаси аъзоларининг меҳнат ва турмуш шароитларини, соғлиқларини яхшилаш, ҳамда уларнинг оила аъзоларини суғурта қилишни кафолатлаш масалалари меҳнат жамоаси томонидан бирлашма маъмурияти иштирокида ҳал этилади.

Меҳнат жамоаси бирлашма маъмурияти билан биргаликда бирлашма меҳнатчиларига қўшимча таътиллар, қисқартирилган иш кунини ҳамда ишлаб топилган маблағлар доирасида бошқа ижтимоий имтиёзларни белгилайди.

Бирлашманинг ижтимоий фаолиятидаги аниқ масалалар белгиланган тартибда тузиладиган жамоа шартномасида ўз аксини топиши мумкин. Шартнома корхонадаги ишлаб чиқариш ва меҳнат муносабатларини, меҳнатни муҳофаза қилиш, жамоанинг ижтимоий ривожланиши ва унинг аъзолари саломатлиги масалаларини тартибга солади.


Ердан фойдаланиш ҳамда табиатни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида


8. Бирлашма ердан ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган тартибда амалга оширади.

Бирлашма ишлаб чиқаришнинг атроф муҳитга салбий таъсири даражасини камайтиришга қаратилган табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширади.


Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида


9. Бирлашма Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятига оид амалдаги қонунчилик билан белгиланган тартибда ўз ташқи иқтисодий фаолиятини мустақил равишда амалга оширади.

Валюта тушуми бирлашманинг валюта счётига ўтказилади ва унинг томонидан мустақил равишда фойдаланилади.

Республика ҳамда маҳаллий бюджетлар фойдасига ўтказиладиган ажратмалар ставкалари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тартибга солинади. Бирлашманинг валюта маблағларини бошқача тарзда олиб қўйиш тақиқланади.



V. БИРЛАШМАНИ БОШҚАРИШ ВА ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ


1. Бирлашмани бошқаришни тўла хўжалик юритиш субъекти ҳуқуқ билан бош директор амалга оширади.

Бирлашма мустақил равишда бошқарув тузилмасини ҳамда штатларни белгилайди.


2. Бирлашмага бош директор бошчилик қилади.

Бош директор:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ҳамда эгаллаб турган лавозимидан озод этилади;

ишончномасиз бирлашма номидан иш юритади, ватанимиз ҳамда чет эл корхоналарида ва ташкилотларида унинг манфаатларини ифодалайди;

бирлашма мол-мулкини бошқаради;

шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади;

ишончномалар беради, банкларда ҳисоб-китоб ва бошқа счётлар очади:

штатларни тасдиқлайди, буйруқлар, меъёрий ҳужжатлар чиқаради ва бирлашманинг барча меҳнатчилари учун мажбурий кўрсатмалар беради;

бирлашма Кенгаши ҳамда меҳнат жамоаси конференцияси ваколатлари доирасига кирмаган бирлашма фаолиятига тааллуқли бошқа масалаларни мустақил ҳал қилади;

бош директор ўринбосарларини, мустақил балансдаги таркибий бўлинмалар раҳбарларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда лавозимга тайинлайди ва эгаллаб турган лавозимларидан озод қилади.

хизматлар, бўлимлар, цехлар раҳбарларини ва уларнинг ўринбосарларини, катта мастерларни ва мастерларни лавозимга тайинлайди ва эгаллаб турган лавозимларидан озод қилади.

бош директор ўринбосарларининг ҳамда бирлашманинг бошқа раҳбарларининг ваколатларини белгилайди.


3. Бош директорнинг ўринбосарлари ўз ваколатлари доирасида бирлашма номидан иш юритадилар, бошқа муассасалар ва ташкилотларда унинг номидан вакиллик қиладилар, ишончномасиз хўжалик операцияларини амалга оширишлари ҳамда шартномалар тузишлари, шунингдек, бирлашма ходимларига ишончномалар беришлари мумкин.


4. Бирлашма фаолиятига тааллуқли бўлган ижтимоий-иқтисодий қарорлар меҳнат жамоаси ёки у вакил қилган органлар иштирокида ишлаб чиқилади ва қабул қилинади:

Бирлашма меҳнат жамоаси ваколатини амалга оширишнинг асосий шакли конференция ҳисобланади.


5. Бирлашмада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган ҳамда бирлашма меҳнат жамоаси томонидан сайланадиган сон жиҳатидан тенг бўлган вакиллардан иборат Кенгаш фаолият кўрсатади.

Кенгаш 30 вакилдан иборат таркибда 5 йил муддатга тузилади.

Кенгашнинг ҳуқуқлари ва вазифалари меҳнат жамоаси конференцияси томонидан тасдиқланган Кенгаш тўғрисидаги Низом билан белгиланади.


6. Кенгаш аъзолари ўзлари вакиллик қилган даврда (корхона маъмуриятининг ташаббуси билан) бирлашмадан бўшатилиши ёки лавозимлари (маошлари) пасайтирилиши ёки бўлмаса Кенгаш ёки меҳнат жамоаси конференциясининг розилигисиз кам ҳақ тўланадиган ишга ўтказилишлари мумкин эмас.


7. Бирлашма Кенгаши:

ўз аъзолари орасидан очиқ ёки ёпиқ овоз бериш йўли билан Кенгаш раисини сайлайди;

иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг умумий йўналишини белгилайди;

бош директорнинг тавсияномаси бўйича бирлашманинг қимматли қоғозларини чиқариш, шунингдек, бошқа корхоналар ва ташкилотларнинг қимматли қоғозларини сотиб олиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

бирлашманинг шўъба корхоналарини, филиалларини ҳамда бошқа алоҳида бўлинмаларни ташкил этиш, уюшмаларга ва бошқа бирлашмаларга кириш ва улардан чиқиш масалаларини ҳал этади;

бирлашманинг ташқи иқтисодий фаолиятига тааллуқли асосий масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади;

корхона маъмурияти билан меҳнат жамоаси ўртасида юзага келган низоларни кўриб чиқади ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан чоралар кўради;

бирлашма фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантиришнинг бошқа муҳим масалаларини ҳал қилади.

Кенгаш ўз аъзоларининг камида 2/3 қисми мажлисда ҳозир бўлгандагина қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Қарорлар мажлисда ҳозир бўлган Кенгаш аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар сони баб-баравар бўлган тақдирда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Мажлисда ҳозир бўлмаган Кенгаш аъзоси муҳокамага қўйилган масала юзасидан ўз ёндашувини ёзма равишда баён этиб мажлисга тақдим этиш ҳуқуқига эгадир.

Кенгашнинг маъмуриятнинг оператив-бошқарув фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Бош директор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда бошқаришнинг бошқа функцияларидан бир қисмини бирлашма Кенгашига беришга ҳақлидир.

Бирлашмани ривожлантиришнинг техник ва иқтисодий муаммоларини, мамлакатимиз ва чет эл фани ва техникасининг энг янги ютуқларидан, йирик ихтиролар ҳамда илмий кашфиётлар натижаларидан ишлаб чиқаришда фойдаланиш ва жорий этиш бўйича ишланмаларни кўриб чиқиш, ишлаб чиқаришни, меҳнат ва бошқарувни илмий асосда ташкил этиш, илғор тажрибадан фойдаланиш учун бирлашмада юқори малакали мутахассислардан, ишлаб чиқариш новаторларидан, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларнинг вакилларидан иборат илмий-техник ва иқтисодий кенгашлар тузилади.

Илмий-техник ва иқтисодий кенгашларнинг таркиби ва улар тўғрисидаги низом бирлашманинг бош директори томонидан тасдиқланади.



VI. БИРЛАШМА ТАРКИБИГА КИРУВЧИ

ТАРКИБИЙ БЎЛИНМАЛАРНИ БОШҚАРИШ


1. Таркибий бўлинманинг ҳуқуқий ҳолати бирлашма бош директори томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.


2. Таркибий бўлинма хўжалик ҳисоби асосида иш юритади, алоҳида балансга ҳамда банк муассасаларида счётларга эга бўлади.


3. Бирлашма таркибий бўлинмага зарур асосий фондларни биркитиб қўяди, шунингдек, бўлинма фаолияти натижаларидан келиб чиққан ҳолда унга бирлашма белгилаган тартибга кўра моддий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий ривожлантириш фондларини ажратади.


4. Бирлашма таркибий бўлинма ихтиёрига ишлаб чиқаришни, фан ва техникани ривожлантириш фондининг бир қисмини, шунингдек, бошқа фондларни, шу жумладан валюта маблағларини ажратиш ҳуқуқига эга.


5. Таркибий бўлинма бирлашма томонидан ўзига берилган ҳуқуқлар доирасида ўзига биркитилган мол-мулкка эгалик қилади ҳамда бирлашма номидан бошқа ташкилотлар билан турлари бирлашма томонидан белгиланадиган хўжалик шартномаларини тузади.


6. Бирлашма таркибий бўлинмага ўзининг номидан хўжалик шартномаларини тузиш ҳамда ўзига биркитилган мол-мулк учун жавобгарлик ҳуқуқини бериши мумкин.


7. Бирлашма таркибий бўлинмалар ички хўжалик муносабатларини амалга ошириш ҳамда улар ўртасидаги низоларни ҳал этиш тартибини, шунингдек, улар томонидан ўз мажбуриятлари бажарилмаганлиги учун жавобгарликни белгилайди.


8. Таркибий бўлинма раҳбарининг ваколати бирлашма бош директори томонидан белгиланади.



VII. ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


1. Бирлашма ўз ишлари натижалари бўйича оператив ва бухгалтерия учётини амалга оширади ҳамда статистика ҳисоботини юритади.


2. Бирлашма молия-хўжалик фаолиятини комплекс тафтиш қилиш "Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.


3. Бирлашма фаолиятининг айрим жиҳатларини текшириш вазифаси қонунчилик билан уларга юклатилган солиқ, молия ва бошқа давлат органлари, аудиторлик хизматлари бундай текширишни ўз ваколатлари доирасида амалга оширишлари мумкин.



VIII. МАХФИЙ ВА ТИЖОРАТ АХБОРОТИ МУҲОФАЗАСИ


Бирлашма бажарилаётган ишларнинг махфийлиги тартибини, давлат ва хизмат сирларини сақлаш, шунингдек, тижорат сирини ташкил этган ахборотнинг муҳофазаси бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ташкил этади ва таъминлайди.



IX. БИРЛАШМАНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


1. Бирлашма шартнома мажбуриятларининг, кредит-ҳисоб-китоб ҳамда солиқ интизомининг, маҳсулот сифатига бўлган талабларнинг, шунингдек, хўжалик фаолиятини амалга оширишнинг бошқа қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ёки шартномада назарда тутилганига кўра тўлиқ мулкий жавобгар бўлади.


2. Бирлашма ердан ҳамда бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф муҳитни ифлосланишдан муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик, ишлаб чиқариш хавфсизлиги қоидаларини, бирлашма меҳнатчиларининг, аҳолининг, маҳсулот истеъмолчиларининг саломатликларини ҳимоялаш, санитария-гигиена нормаларини бузганлик оқибатида етказилган зарар ўрнини қоплаши, шунингдек, қонунчилик билан белгиланган миқдорда жарима тўланиши шарт.



X. БИРЛАШМАНИ ТУГАТИШ ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


Бирлашмани тугатиш ва қайта ташкил эгиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.




































Время: 0.1255
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск