язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Вино-ароқ ва тамаки маҳсулотлари билан савдо қилиш / Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш Қоидалари (ЎзР Президентининг 16.03.2007 й. ПҚ-605-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2007 йил 16 мартдаги

ПҚ-605-сон қарорига

2-ИЛОВА



Алкоголли маҳсулотлар билан

чакана савдо қилиш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш тартиби ва шартларини белгилайди.

Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қиладиган юридик шахслар мазкур Қоидалар билан тартибга солинмайдиган масалалар юзасидан бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қилиш қоидаларига амал қилади.


2. Алкоголли маҳсулотларнинг чакана савдоси билан фақат Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаларини бериш бўйича Махсус комиссия (кейинги ўринларда матнда "Комиссия" деб юритилади) томонидан берилган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини (кейинги ўринларда матнда "рухсат гувоҳномаси" деб юритилади) олган юридик шахслар шуғулланиши мумкин.


3. Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қиладиган юридик шахслардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ ундирилади.



II. АЛКОГОЛЛИ МАҲСУЛОТЛАР

БИЛАН ЧАКАНА САВДО

ҚИЛИШ ШАРТЛАРИ


4. Алкоголли маҳсулотлар билан фақат шаҳарларда - алоҳида кириладиган ва камида 25 квадрат метрли, қишлоқ жойларда камида 15 квадрат метрли савдо зали майдони бўлган (фақат алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишга мўлжалланган), чекка тоғли туманларда - алоҳида савдо секцияси бўлган, алкоголли маҳсулотларни сақлаш ва сотишнинг санитария нормалари ва қоидаларига (шу жумладан, назорат-касса машиналарини ва банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш шартларига, моддий бойликлар тўлиқ даражада сақланиши таъминланишига) мувофиқ бўлган омбор бинолари ва асбоб-ускуналари бўлган турғун савдо шохобчасида чакана савдо қилиш мумкин.

Турғун савдо шохобчаси:

таълим, спорт ва диний муассасалардан радиуси камида беш юз метр масофада бўлиши;

жамоат транспорти тўхташ жойларида, шу жумладан метрополитен бекатлари ёнида, жамоат жойларида ва дам олиш жойларида, даволаш-профилактика ва спорт-соғломлаштириш муассасалари ҳудудларида, ушбу муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ошхоналарида, шунингдек аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларга туташиб кетган ҳудудларда жойлашмаслиги керак.

Алкоголли маҳсулотлар сотиладиган жойларда уни йигирма ёшга тўлмаган шахсларга сотилишига йўл қўйилмаслиги, шунингдек алкоголли маҳсулотларнинг инсон соғлиғига зарарли таъсири тўғрисида огоҳлантирувчи ёзувлар жойлаштирилган бўлиши шарт.

5. Юридик шахслар алкоголли маҳсулотлар билан фақат рухсат гувоҳномасини беришда Комиссия томонидан белгиланган вақт мобайнида чакана савдо қиладилар.


6. Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш фақат юридик шахс томонидан ушбу мақсадлар учун ҳимояланган фискал хотирали махсус назорат-касса машиналаридан ва банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

7. Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қиладиган юридик шахслар туманлар ҳар чоракда (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномалари олиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан белгиланган алкоголли маҳсулотлар сотиш ҳамда нақд тушумни тижорат банклари кассаларига топширишнинг прогноз ҳажмларини бажариши керак.


8. Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қиладиган юридик шахслар алкоголли маҳсулотлар ва товарларнинг бошқа турларини сотишдан тушадиган маблағлар бўйича алоҳида ҳисоб олиб боришлари шарт.



III. АЛКОГОЛЛИ МАҲСУЛОТЛАРНИ

ЧАКАНА ТАРМОҚЛАРДА СОТИШ

ВА САҚЛАШ ТАРТИБИ


9. Сифатига кўра стандартларнинг мажбурий талабларига ва техник шартларга мувофиқ бўлган, белгиланган намунадаги акциз маркаси билан маркаланган алкоголли маҳсулотлар сотилиши керак.


10. Мувофиқлик сертификати харидорнинг биринчи талаби бўйича сотувчи томонидан тақдим этилиши керак.


11. Алкоголли маҳсулотларни, шу жумладан, импорт алкоголли маҳсулотларни сотувчи маҳсулотларнинг ҳар бир номи бўйича тайёрловчи ёки етказиб берувчининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган ҳамда сертификатнинг ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш рақамлари, амал қилиш муддати ва уни берган орган кўрсатилган ҳолда маҳсулотнинг ҳар бир номи бўйича мувофиқлик сертификати мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган товар-транспорт ҳужжатларига эга бўлиши керак.


12. Алкоголли маҳсулотлар маҳсулотнинг тегишли турига қўйиладиган норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ҳолда сақланиши керак.

Оғзи пўстлоқ тиқин билан маҳкамланган алкоголли маҳсулот солинган шишалар тиқиннинг қуриб қолмаслиги ва ҳаво кирмаслиги учун омборхоналарда ётиқ ҳолатда, бошқача тарзда тиқинланган шишалар эса тик ҳолатда сақланади.


13. Алкоголли ичимликлар савдо залига қўйилишидан олдин сотувчи (ходим) ташқи белгиларига қараб уларнинг сифатини текшириб кўриши шарт.


14. Харидор томонидан камчиликлари бўлган алкоголли маҳсулотлар харид қилинган тақдирда сотувчи харидор талабига кўра уларни зарур сифатга эга бўлган товарга алмаштириб беришга ёки, агар мазкур камчиликлар товарнинг яроқлилик муддати доирасида аниқланган бўлса, харидор тўлаган суммани унга қайтариб беришга мажбурдир.



IV. АЛКОГОЛЛИ МАҲСУЛОТЛАРНИ

СОТИШ ТАҚИҚЛАНАДИГАН ШАРТЛАР


15. Алкоголли маҳсулотларни сотиш тақиқланади:

савдо автоматлари орқали;

болалар ўйинчоқлари, конфетлар ёки болалар ассортиментига кирувчи бошқа товарларни имитация қилувчи (шуларга ўхшатиб ишланган бўлса);

савдо қилинаётган жойларда йигирма ёшга тўлмаган шахсларга уни сотишга йўл қўйилмаслиги, шунингдек алкоголли маҳсулотларнинг инсон соғлиғига зарарли таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувлар бўлмаган ҳолларда;

алкоголли маҳсулотларнинг тарасида алкоголли маҳсулотларни истеъмол қилиш инсон соғлиғига зарарли таъсир қилиши тўғрисида матн ва (ёки) расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш мавжуд бўлмаган ҳолларда;

йигирма ёшга тўлмаган шахсларга;

мувофиқлик сертификатисиз;

яроқлилик муддати ўтиб кетган ҳолда;

акциз маркалари билан маркаланмаган (пиводан ташқари) ёки қалбаки акциз маркалари билан маркаланган ҳолда;

ишлаб чиқарган корхонани аниқлаш имконини берадиган даражада аниқ маркаланмаган ҳолда;

уни ишлаб чиқаришга лицензияси бўлмаган мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиси томонидан ишлаб чиқарилганда;

алкоголли маҳсулотни етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки божхона орқали тартибга солиш, қоидаларни, савдо белгиларидан ва фирма номларидан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган қоидаларни, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бузган ҳолда уни амалга оширган етказиб берувчидан сотиб олинганда;

санитария нормаларига ва алкоголли маҳсулотларни сақлаш ва сотиш қоидаларига мувофиқ бўлмаган хона ва жойларда;

таълим, спорт ва диний муассасалардан радиуси камида беш юз метр масофада жойлашган савдо корхоналарида;

жамоат транспорти тўхташ жойларида, шу жумладан метрополитен бекатлари ёнида, жамоат жойларида ва дам олиш жойларида, даволаш-профилактика ва спорт-соғломлаштириш муассасалари ҳудудларида, ушбу муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ошхоналарида, шунингдек аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларга туташиб кетган ҳудудларда жойлашган савдо корхоналарида;

этикеткаларсиз, ифлос (ички ёки ташқи томони), синган (оғзи учган, ёрилган), тиқини шикастланган, умумий кўриниши тиниқ бўлмаган, чет нарсалар аралашган, чўкиндили шишаларда (винолар тўпламидан ташқари) сотиш тақиқланади;

алкоголли маҳсулотларга (пиводан ташқари) қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам чакана нархдан паст нархлар бўйича.

15-1. Алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилаётган сотувчи йигирма ёшдан кичикроқ кўринган харидордан унинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголли маҳсулот сотишни рад этиши шарт.


V. УШБУ АЛКОГОЛЛИ МАҲСУЛОТЛАР

БИЛАН ЧАКАНА САВДО ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


16. Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишнинг белгиланган қоидалари бузилганлиги учун юридик шахсларга алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима солинади, ушбу юридик шахсларнинг тегишли ходимлари эса белгиланган тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган савдо қилиш қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун хужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Белгиланган яроқлилик муддати доирасида камчиликлари бўлган алкоголли ичимликлар сотиш оқибатида истеъмолчининг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар қонун ҳужжатларига мувофиқ қопланиши керак.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 12-сон, 107-модда.