язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суғурта/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.04.2007 й. ПҚ-618-сон "Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

10.04.2007 й.

N ПҚ-618


СУҒУРТА ХИЗМАТЛАРИ БОЗОРИНИ ЯНАДА

ИСЛОҲ ҚИЛИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Суғурта хизматларининг рақобат бозорини янада шакллантириш, суғурта фаолиятининг замонавий турларини ривожлантириш ва сифатини ошириш, суғурталовчиларнинг капиталлашув даражасини кўпайтириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг минтақавий тармоқларини кенгайтириш, шунингдек суғурталашни тартибга солиш усулларини такомиллаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан суғурта ташкилотлари билан биргаликда ишлаб чиқилган 2007-2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш дастури 1-иловага мувофиқ маъқуллансин, унда қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилган:

суғурталаш, суғурта фаолияти ва суғурта назоратининг қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базасини халқаро амалиётга мувофиқ янада такомиллаштириш;

кўрсатилаётган суғурта хизматлари, айниқса тадбиркорлик фаолиятини, импорт-экспорт операцияларини суғурталаш, ҳаётни узоқ муддатга суғурталаш, шу жумладан, суғуртанинг жамғарма турлари соҳасида суғурта хизматлари ҳажмини, кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш;

республика суғурта бозорини халқаро суғурта бозорларига интеграциялаш;

суғурталаш соҳаси ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги вазирликлар, идоралар ва бажарувчилар - суғурта ташкилотлари билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг белгиланган муддатларда сўзсиз ва сифатли бажарилишини таъминласин.


2. Суғурта бозорининг профессионал қатнашчилари тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Фаолият кўрсатаётган суғурта компаниялари (суғурталовчилар) 2008 йил 1 январгача бўлган муддатда устав капитали миқдорининг мазкур қарор билан тасдиқланган Суғурта бозорининг профессионал қатнашчилари тўғрисидаги низомда белгиланган талабларга мувофиқлаштирилишини таъминласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда тасдиқланган Суғурта бозорининг профессионал қатнашчилари тўғрисидаги низом талабларига жавоб бермайдиган суғурта ташкилотлари фаолиятини 2008 йил 1 январгача белгиланган тартибда тўхтатиш ва лицензияларини бекор қилиш чора-тадбирларини кўрсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мамлакат иқтисодиёт олий таълим муассасаларида ихтисослаштирилган гуруҳлар ташкил этиш, суғурта бозори профессионал қатнашчиларининг юқори малакали мутахассислари тайёрлаш контингентини кенгайтириш ва сифатини ошириш, уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириш бўйича бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва республика суғурта компанияларининг қуйидагилар фаолиятининг асосий йўналишлари бўлган Ўзбекистон суғурта бозори профессионал қатнашчилари уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

суғурта бозори конъюнктурасини ўрганиш, унинг юқори даражада очиқ-ойдинлигини таъминлаш, рақобатни ривожлантириш, суғурта хизматлари ҳажмларини кўпайтириш, кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

потенциал хорижий инвесторларга маблағларни Ўзбекистон Республикаси суғурта соҳасига инвестициялашда кўмаклашиш;

республика аҳолиси ўртасида суғурталаш масалалари бўйича фаол тушунтириш ишларини олиб бориш;

суғурталаш учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, суғурта бозори профессионал қатнашчилари учун профессионал этика нормаларини ишлаб чиқиш.


6. Суғурта бозорини ривожлантириш ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг суғурталашда кенг қатнашишини рағбатлантириш учун белгилаб қўйилсинки, ҳаётни узоқ муддатга суғурталаш бўйича суғурта мукофотлари солиққа тортилмайди.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 15-сон, 158-модда.