язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суғурта/ Суғурта бозори иштирокчилари. Суғурта ташкилотлари/ Суғурта бозорининг профессионал қатнашчилари тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 10.04.2007 й. ПҚ-618-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2007 йил 10 апрелдаги

ПҚ-618-сон қарорига

2-ИЛОВА


Суғурта бозорининг профессионал

қатнашчилари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва суғурта бозорининг профессионал қатнашчилари фаолияти хусусиятларини белгилайди.

Мазкур Низомнинг амал қилиши давлат ижтимоий суғуртасига татбиқ этилмайди.

2. Суғурталовчилар, суғурта воситачилари (суғурта брокери, қайта суғурталовчи брокер, суғурта агенти), актуар, аджастер, сюрвейер хизматлари, шунингдек ассистанс хизматлари кўрсатадиган юридик ва жисмоний шахслар суғурта бозорининг профессионал қатнашчилари ҳисобланади.

3. Суғурта бозорининг профессионал қатнашчиларини давлат рўйхатига олиш белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига Давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади.

4. Суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бериладиган махсус рухсатномалар (лицензиялар) асосида амалга оширилади.

Суғурталовчилар ва суғурта брокерлари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш, уларнинг амал қилишини тўхтатиш ва бекор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


5. Актуар, аджастер, сюрвейер хизматлари ҳамда ассистанс хизматлари кўрсатадиган юридик ва жисмоний шахслар:

суғурталовчи сифатида суғурталаш ва қайта суғурталаш операцияларини ўтказиш;

суғурталаш бўйича воситачилик фаолиятини амалга ошириш;

суғурталовчиларнинг устав фондларида қатнашиш ҳуқуқига эга эмас.

6. Суғурта бозорининг профессионал қатнашчилари ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, умумий манфаатларни ҳимоя қилиш ва ифодалаш ҳамда умумий вазифаларни ҳал этиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нотижорат ташкилотлар ҳисобланган ўз уюшмалари ва иттифоқларини тузишга ҳақлидир.

Суғурта бозорининг профессионал қатнашчилари уюшмалари ва иттифоқларидан суғурта бозорини монополия қилишга йўналтирилган битимларга эришиш учун фойдаланилиши мумкин эмас.


II. СУҒУРТАЛОВЧИЛАР


7. Суғурталовчи - бу тижорат ташкилоти ҳисобланадиган, тегишли турдаги суғурталашни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва суғурта шартномасига мувофиқ суғурта тўлови (суғурта пули) тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган юридик шахс.

8. Суғурталовчилар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ташкилий-ҳуқуқий шаклларда ташкил этилади.

Давлат суғурта ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари асосида ташкил этилади.


9. Суғурталовчи устав капиталининг камида тўқсон фоизи муассислар (қатнашчилар)нинг пул маблағларидан шакллантирилади.

Суғурталовчининг устав капиталини шакллантириш учун кредитга олинган, гаровга қўйилган маблағлардан ва жалб этилган бошқа маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Суғурталовчининг бошланғич устав капитали лицензия олиниши пайтида қатнашчилар томонидан шакллантирилиши ва мазкур Низомда белгиланган устав капиталининг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.

10. Устав капиталининг энг кам миқдорлари:

умумий суғурталаш тармоғида - 7,5 миллиард сўм;

ҳаётни суғурталаш тармоғида - 10 миллиард сўм;

мажбурий суғурталаш бўйича - 15 миллиард сўм;

фақат қайта суғурталаш бўйича - 30 миллиард сўмни ташкил этади.

Изоҳ. Фаолият юритувчи суғуртачилар 2018 йилнинг 1 июлига қадар устав капитали миқдорларини мазкур банд талабларига мувофиқлаштиришлари лозим.

11. Ҳаётни суғурталаш тармоғида суғурта фаолиятини амалга ошираётган суғурталовчи умумий суғурталаш тармоғида суғурта фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган умумий суғурталаш тармоғининг айрим турлари (даражалари) бундан мустасно. Умумий суғурталаш тармоғида суғурта фаолиятини амалга ошираётган суғурталовчи ҳаётни суғурталаш тармоғида суғурта фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас.

Лицензияда суғурталовчи амалга оширишни мўлжаллаётган суғурта турлари (даражалари) кўрсатилади.

12. Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ва шартларда суғурталаш (қайта суғурталаш) шартномаларини тузиш ва бажариш;

ўз мажбуриятларини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида қайта суғурталаш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ва шартларда инвестиция фаолиятини амалга ошириш;

суғурталаш (қайта суғурталаш) соҳасида мутахассисларнинг малакасини ошириш, шунингдек суғурта агенти сифатида суғурта воситачилиги билан боғлиқ бўлган фаолиятни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ва шартларда суғурта ҳодисалари юз беришининг олдини олиш ва огоҳлантириш чора-тадбирларини молиялаштириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурталовчи томонидан амалга оширилаётган суғурта турлари бўйича қоидалар (шартлар)ни белгилаш;

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, судлар, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ташкилотларидан ва бошқа ташкилотлардан суғурта товони миқдорини белгилаш учун зарур бўлган тегишли ахборот ва ҳужжатларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

суғурта агентлари, суғурталаш ва қайта суғурталаш брокерлари, суғурта бозорининг бошқа профессионал қатнашчилари билан тегишли шартномалар тузиш;

қонун ҳужжатларида ва ёки суғурталаш (қайта суғурталаш) шартномасида белгиланган ҳолларда ва тартибда суғурта товонини тиклашни рад этиш, суғурта шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш;

суғурталаш (қайта суғурталаш) шартномасида назарда тутилган тартибда суғурталанувчи томонидан маълум қилинган ахборотни текшириш, суғурталанувчи томонидан суғурта шартномаси талаблари ва шартлари бажарилишини назорат қилиш;

хорижий суғурталовчиларга сюрвейер ва аджастер хизматлари кўрсатиш;

илгари суғурталовчи томонидан ўз эҳтиёжлари учун олинган ёки суғурта шартномасини амалга ошириш натижасида унинг ихтиёрига берилган мол-мулкни сотиш ёки ижарага бериш;

Ўзбекистон Республикасининг рейтинг ташкилотлари ва хорижий рейтинг ташкилотлари рейтингини олиш;

ўзининг алоҳида бўлинмаларини ташкил этиш.

Суғурталовчи қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

13. Суғурталовчи қуйидагиларга мажбур:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ суғурта фаолиятини амалга оширишда олинган ахборотнинг маҳфийлигини таъминлаш;

ўзи ваколат берган суғурта агентлари реестрини юритиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг талаби бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган ахборотни тақдим этиш;

суғурта ҳодисаси юз берганда қонун ҳужжатларида ёки суғурталаш (қайта суғурталаш) шартномасида назарда тутилган муддатларда барча зарур ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва суғурта товони тўлаш;

фирманинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ёки жойлашган жойи ўзгарган тақдирда бу ҳақдаги ахборотни оммавий ахборот воситалари орқали суғурталанувчилар эътиборига етказиш, ўзи бажараётган бир йилдан ортиқ муддатли суғурталаш (қайта суғурталаш) шартномаси бўйича эса - ёзма шаклда етказиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ва шартларда суғурта захираларини шакллантириш ва жойлаштириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда бир йилда камида бир марта актуар текширувдан ўтиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган шакллар бўйича, тартибда ва муддатларда йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини юритиш, молиявий, статистик, солиқ ахборотини ва бошқа ахборотни тузиш.

Суғурталовчи қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам олиши мумкин.

14. Суғурталовчилар суғуртани амалга ошириш билан бевосита боғлиқ бўлмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари мумкин эмас, қонун ҳужжатларида ва мазкур Низомда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


III. СУҒУРТАЛАШ ВА ҚАЙТА

СУҒУРТАЛАШ БРОКЕРЛАРИ


15. Суғурталаш брокери - суғурталанувчининг номидан ва унинг топшириғи бўйича суғурта шартномаси тузиш ва уни бажаришни ташкил этиш фаолиятини амалга оширадиган юридик шахс. Суғурталаш брокери фаолияти суғурта соҳасидаги фаолиятнинг бошқа турлари билан қўшиб олиб борилиши мумкин эмас, қайта суғурталаш брокерининг фаолияти бундан мустасно.

Қайта суғурталаш брокери - ўз номидан ва суғурталовчининг топшириғи бўйича қайта суғурталаш шартномасини тузиш ва бажаришни ташкил этиш фаолиятини амалга оширадиган, қайта суғурталаш шартномаси бўйича суғурталанувчи сифатида иш кўрадиган юридик шахс.

Суғурталаш ва қайта суғурталаш брокерлари суғурталовчиларнинг устав капиталларида қатнашишга ҳақли эмас.

16. Суғурталаш ва қайта суғурталаш брокерлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатлари доирасида суғурталаш (қайта суғурталаш)нинг ҳар қандай тури бўйича воситачилик фаолиятини амалга ошириш;

суғурталовчидан лицензия мавжудлиги, устав фонди миқдорлари, суғурта захиралари ва қабул қилинган мажбуриятлар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек унинг тўловга қодирлиги ва молиявий барқарорлигининг бошқа кўрсаткичларини олиш;

эксперт ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш;

қонун ҳужжатларида ва шартномада белгиланган бошқа ҳуқуқлар.

17. Суғурталаш ва қайта суғурталаш брокерлари қуйидагиларга мажбур:

суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

мижозларнинг сўровлари бўйича суғурта шартномаси тузиш ва бажариш бўйича тўлиқ, ишончли ва холисона ахборотни тақдим этиш;

мижознинг тижорат сири ва бошқа сирини ташкил этадиган маълумотларни ошкор қилмаслик;

суғурта битимлари ва операцияларини тузишда мустақиллик ва бетарафликка риоя қилиш;

қонун ҳужжатларида ва шартномада белгиланган бошқа мажбуриятларни бажариш.

18. Суғурталаш (қайта суғурталаш) брокери ўзи билан суғурталанувчи ўртасида тузилган шартнома асосида хизматлар кўрсатади.

Суғурталаш (қайта суғурталаш) брокерлари хизматларига ҳақ тўлаш воситачилик тақдирлаш пули шаклида амалга оширилади, унинг миқдори шартномада белгиланади.


19. Суғурталаш ва қайта суғурталаш брокерлари суғурта турлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борадилар, суғурталовчилар томонидан таклиф этилган дастурлар ва суғурталаш (қайта суғурталаш) шартларини уларнинг самарадорлиги юзасидан текширадилар ва улардан энг мақбул вариантни танлаб оладилар.



IV. СУҒУРТА АГЕНТЛАРИ


20. Суғурта агенти - суғурталовчининг номидан ва унинг топшириғи бўйича суғурта шартномаси тузиш ва уни бажаришни ташкил этиш фаолиятини амалга оширадиган юридик ёки жисмоний шахс.

Суғурталовчининг бошқарув органлари раҳбарлари суғурта агенти бўлиши мумкин эмас.

21. Суғурта агенти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурталовчи томонидан берилган ваколатлар доирасида, шу жумладан, суғуртанинг мажбурий турлари бўйича суғуртанинг ҳар қандай тури бўйича воситачилик фаолиятини амалга ошириш;

суғуртага қабул қилинаётган суғурта таваккалчилигини баҳолашда, суғурта ҳодисаси юз берганда суғурта тўловини тўлашда ва шунингдек, суғурталанувчи томонидан суғурта мукофоти тўлиқ ҳажмда ва суғурта шартномасида белгиланган муддатларда тўланишида зарур ёрдам бериш;

суғурталовчидан лицензия мавжудлиги, устав фонди миқдорлари, суғурта захиралари ва қабул қилинган мажбуриятлар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек унинг тўловга қодирлиги ва молиявий барқарорлигининг бошқа кўрсаткичларини олиш;

суғурта шартномасини тузиш учун зарур ҳужжатларни (суғурта полисини) тайёрлаш ва расмийлаштириш;

суғурталанувчидан қабул қилиб олинаётган таваккалчиликлар тўғрисида суғурталовчига тўлиқроқ ахборот бериш мақсадида суғурталанувчининг шахсий ҳаётига ҳалақит қилмасдан умумий маълум бўлган манбалардан таваккалчилик ва суғурталанувчи тўғрисидаги маълумотларни тўплаш;

қонун ҳужжатларида ва шартномада белгиланган бошқа ҳуқуқлар.

22. Суғурта агенти қуйидагиларга мажбур:

суғурта шартномаси тузишда ва суғурта товонини тўлашда ҳужжатларни, шунингдек суғуртага оид бошқа ҳужжатларни тўғри ва ўз вақтида расмийлаштиришга кўмаклашишга;

суғурта тарифлари, суғурталовчилар томонидан таклиф этилаётган суғурталаш шартлари, лицензия мавжудлиги, устав фонди миқдорлари, суғурта захиралари ва қабул қилинган мажбуриятлар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек унинг тўловга қодирлиги ва молиявий барқарорлигининг бошқа кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлиш;

суғурта шартномасини расмийлаштиришда суғурталанувчи тўғрисидаги имкони бўлган ахборотларга эга бўлиш, унга суғурта таваккалчилигини пасайтиришга ва суғурта ҳодисаси юз бериши эҳтимолини камайтиришга йўналтирилган аниқ чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф этиш;

ишда қонун ҳужжатлари, шу жумладан мазкур Низом талабларига қатъий амал қилиш;

суғурталанувчиларга уларнинг сўровлари бўйича суғурталашнинг амалдаги шартлари тўғрисида батафсил ва тўғри ахборот бериш;

суғурта ҳужжатларида назарда тутилган реквизитларни ўчириб ёзишга, тозалашга ва тузатишларга йўл қўймасдан тартибли ва аниқ тўлдирган ҳолда суғурта шартномаларини янги муддатга тўғри тузиш ва ўз вақтида қайта расмийлаштириш;

белгиланган шакллар бўйича тузилган суғурта шартномалари ва олинган суғурта мукофоти суммалари ҳисобини юритиш;

суғурта ҳужжатларининг сақланишини таъминлаш;

мижознинг тижорат сирини ёки бошқа сирини ташкил этган ҳолатларга нисбатан маҳфийликни сақлаш;

суғурталовчи томонидан суғурта шартномаси мобайнида таваккалчилик шарт-шароитлари жиддий равишда ўзгаришига тегишли ҳар қандай ахборот ўз вақтида олинишини, шунингдек суғурта эътирозлари пайдо бўлганда ва уларни тартибга солиш жараёнида суғурталовчи ва суғурталанувчи ўртасида ахборотларнинг ўз вақтида ва сифатли айирбошланишини таъминлаш;

тегишли битим мавжуд бўлган тақдирда суғурталовчининг топшириғи бўйича ва унинг ҳисобидан суғурта тўловлари тўланишини ташкил этиш;

қонун ҳужжатларида ва шартномада белгиланган бошқа мажбуриятларни бажариш.

23. Суғурта агентлари ўз фаолиятини суғурталовчилар билан тузилган топшириқ шартномалари (агент битимлари) асосида амалга оширадилар.

Суғурта агенти ўз фаолиятини фақат ўзи шартнома (агент битими) тузган суғурталовчининг реестрига киритилгандан кейин амалга ошириши мумкин.

Суғурта агентлари хизматларига ҳақ тўлаш суғурта агенти билан тузилган суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотлари (тўловлар)дан воситачилик тақдирлаш пули шаклида амалга оширилади.


24. Қуйидагиларга:

суғурта агентлари томонидан тегишли лицензияларни олмаган суғурталовчилар номидан суғурта шартномалари тузилишига;

агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган хорижий суғурта ташкилотлари номидан суғурта шартномалари тузиш билан боғлиқ бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта бўйича суғурта агентларининг воситачилик фаолиятига йўл қўйилмайди.

25. Суғурта агентлари - жисмоний шахслар суғурта шартномалари бўйича ўз номларига, тўловлар амалга оширилганда эса яқин қариндошлари (отаси, онаси, хотини, эри, ўғли, қизи, опа-сингиллари ва ака-укалари) номига ҳужжатларни ёзишга, шунингдек ўз фойдасига суғурта шартномаси тузишга ва бунда ушбу суғурта шартномаси бўйича суғурта агенти сифатида иш кўришга ҳақли эмас.


V. АДЖАСТЕР ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТАДИГАН

ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР

(АДЖАСТЕРЛАР ВА АДЖАСТЕР ТАШКИЛОТЛАРИ)


26. Аджастер ёки аджастер ташкилоти - бу суғурталовчининг топшириғи бўйича қуйидаги хизматларни кўрсатадиган тегишли равишда жисмоний ёки юридик шахс:

суғурта ҳодисаси юз бергандан кейин суғурта объектини кўздан кечириш ва текшириш;

суғурта ҳодисасининг ҳолатлари ва таваккалчилик мажбуриятларини таҳлил қилиш;

суғурта объекти шикастланиши сабабларини ва суғурта ҳодисаси мавжудлигини аниқлаш;

суғурта ҳодисаси мавжуд бўлган тақдирда суғурта ҳодисаси оқибатида пайдо бўлган шикастланиш даражаси ва зарар миқдорини аниқлаш;

суғурталовчининг мажбуриятларидан келиб чиқиб тўланиши керак бўлган суғурта товони суммасини аниқлаш;

суғурталовчи учун суғурта ҳодисаси бўйича эксперт хулосаси тузиш.

Аджастер (аджастер ташкилоти) ўз фаолиятини суғурталовчи (суғурталанувчи) билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширади.

27. Аджастер (аджастер ташкилоти) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзи аджастер хизматлари кўрсатадиган суғурталовчи (суғурталанувчи)ни эркин танлаш;

суғурта воқеаси (суғурта ҳодисаси)ни ўрганиш учун суғурталовчи (суғурталанувчи)дан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

суғурта ҳодисаси юз бергандан сўнг суғурта объектини кўздан кечириш ва текшириш;

ўзи объектни сиртдан кўздан кечирганлиги тўғрисидаги далолатномани расмийлаштириш (зарурият бўлганда техник воситаларни қўллаган ҳолда);

фаолияти суғурта объектларига дахлдор бўлган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан юридик аҳамиятга эга бўлган зарур маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

қонун ҳужжатларида ва шартномада белгиланган бошқа ҳуқуқлар.

28. Аджастер (аджастер ташкилоти) қуйидагиларга мажбур:

тегишли билимларга эга бўлиш ёки ўз штатида тегишли профессионал билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларга эга бўлиш;

суғурта ҳужжатлари сақланишини таъминлаш;

мижознинг тижорат сири ёки бошқа сирини ташкил этадиган ҳолатларга нисбатан маҳфийликни сақлаш;

махсус ўрганишни талаб этадиган маълумотларни тўғри ва ўз вақтида таҳлил қилиш учун мумкин бўлган чора-тадбирларни кўриш;

қонун ҳужжатларида ва шартномада белгиланган бошқа мажбуриятларни бажариш.

29. Аджастер хизмати кўрсатилиши натижалари эксперт ҳисобот шаклида расмийлаштирилади, ундан суғурталовчи томонидан зарарларни тўлашда ва суд низоларини ҳал этишда фойдаланилиши мумкин.

Аджастер (аджастер ташкилоти)нинг эксперт ҳисоботидаги хулосалар мустақил суғурта экспертизаси давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.


VI. АКТУАР ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТУВЧИ

ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР

(АКТУАРЛАР ВА АКТУАР ТАШКИЛОТЛАР)


30. Актуарий ёки актуар ташкилот - бу тегишли равишда қуйидагиларни ўз ичига оладиган актуар хизматлар кўрсатувчи жисмоний ёки юридик шахс:

суғурта ҳодисаси юз беришининг математик жиҳатдан муқаррарлиги ҳисобини амалга ошириш, ҳам алоҳида таваккалчилик гуруҳларида, ҳам умуман жами суғурта бўйича зарар етказиш оқибатлари оғирлиги частоталари ва даражасини аниқлаш;

суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) зарур суғурта захиралари ва фондларини математик асослаш ва ҳисоблаш, уларни шакллантириш методларини ишлаб чиқиш;

суғурталовчи томонидан инвестициялар сифатида йиғилган бадаллардан фойдаланишда капитал қўйиш нормаси ва нетто-ставка миқдори ўртасидаги боғлиқликни белгилаш, бу тариф ставкаларини инвестиция даромади суммасига камайтиришга кўмаклашади;

суғурталаш жараёнини ташкил этиш учун зарур харажатларни асослаш ва суғурта хизматлари таннархини ҳисоблаш;

суғурталашнинг (қайта суғурталашнинг) ҳар бир тури бўйича тариф ставкаларини суғурталовчилар учун уларни ўтказишнинг узоқ муддатли ва қисқа муддатли характерини ҳисобга олган ҳолда белгилаш;

суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) инвестиция фаолияти натижаларини актуар ҳисоблашдан фойдаланган ҳолда баҳолаш;

суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) даромадларини суғурталаш (қайта суғурталаш)нинг ҳар хил турлари бўйича режалаштириш.

Актуарий (актуар ташкилот) фақат актуар фаолиятни амалга оширишга ҳақлидир.

Актуарий (актуар ташкилот) ўз фаолиятини суғурталовчи билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширади.


31. Актуарий (актуар ташкилот) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурталовчилар билан актуар хизматлари кўрсатиш бўйича мустақил равишда шартнома тузиш;

ишончли актуар хулоса тузиш учун зарур бўлган барча ахборотлар суғурталовчи томонидан тақдим этилмаган тақдирда актуар текшириш ўтказишни рад этиш;

актуар текшириш ўтказишда қатнашишга бошқа актуарийлар ва бошқа мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этиш;

қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқлар.

32. Актуарий (актуар ташкилот) қуйидагиларга мажбур:

қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

актуар текширишни амалга оширишда олинган ахборотнинг маҳфийлигига риоя қилиш;

актуар хулосада актуар ҳисоблашларнинг камчиликларини ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни акс эттириш;

қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларни бажариш.

33. Актуарий, агар у актуар ташкилот штатида турган бўлса ёки унинг билан актуар ташкилот ўртасида фуқаролик - ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган бўлса актуар текширишни ўтказишга жалб этилиши мумкин.

Актуарий актуар ташкилот олдида сифатсиз актуар текширувни ўтказиш, тижорат сирини ошкора қилиш ва актуар ташкилот учун зарар етказган бошқа хатти-ҳаракатлар натижасида етказилган зарар юзасидан жавоб беради.

34. Актуарлар актуар хизматлари кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда актуарий малака сертификатини олиши шарт.

Актуар ташкилотлар ўз штатида актуарий малака сертификатига эга бўлган камида 1 актуарга эга бўлиши керак.

35. Актуар ташкилот (актуарий) фаолияти натижалари ҳисобот тарзида расмийлаштирилади. Актуар ташкилот (актуарий) ҳисоботидаги хулосалар мустақил экспертиза давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.


VII. АССИСТАНС ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТУВЧИ

ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР


36. Ассистанс хизматлари кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахслар суғурталаш шартномаси доирасида суғурталанувчиларга (суғурталанган шахсларга, фойда кўрувчиларга) ҳамда суғурталовчиларга техник, тиббий ва бошқа хизматлар кўрсатадилар, шунингдек уларга молиявий ёрдам кўрсатадилар.

Ассистанс хизматлари кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахслар ўз фаолиятини суғурталовчи билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширадилар.

Ассистанс хизматларига фақат суғурталовчилар томонидан, суғурталанувчилар (суғурталанган шахслар)нинг иштирокисиз ҳақ тўланади.

37. Ассистанс хизматлари кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурталовчилар билан ассистанс хизматлари кўрсатиш бўйича мустақил равишда шартнома тузиш;

суғурталовчи томонидан ассистанс хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган барча ахборотлар тақдим этилмаган тақдирда асситанс хизматлари кўрсатишни рад этиш;

ассистанс хизматлари кўрсатишга зарур мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этиш;

ассистанс хизматлари кўрсатиш юзасидан шартномага мувофиқ мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш;

қонун ҳужжатлари ва шартномада назарда тутилган бошқа ҳуқуқлар.

38. Ассистанс хизматлари кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахслар қуйидагиларга мажбур:

суғурталанувчилардан (суғурталанган шахслардан) суғурта ҳодисалари (ҳолатлари) тўғрисидаги хабарларнинг кеча-кундуз қабул қилинишини ташкил этиш ва суғурталанувчиларга (суғурталанган шахсларга) суғурта шартномаси доирасида, тақдим этилган суғурта полиси асосида зарур ёрдам кўрсатиш;

суғурталаш ҳолларини кўриб чиқиш ва тартибга солиш чора-тадбирларини кўриш;

суғурталанувчиларга (суғурталанган шахсларга) чақирув қабул қилинган вақтдан бошлаб имкони борича энг қисқа муддатларда зудлик билан зарур ёрдам ва хизматлар кўрсатишнинг ташкил этилишини таъминлаш;

қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятни бажариш.


VIII. СЮРВЕЙЕР СУҒУРТА ХИЗМАТЛАРИ

КЎРСАТУВЧИ ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ

ШАХСЛАР (СУҒУРТА СЮРВЕЙЕРИ)


39. Суғурта сюрвейери - қуйидагилар бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик ёки жисмоний шахс:

суғурта шартномаси тузилгунгача суғурта объектини кўздан кечириш ва текшириш;

барча фактларни ва таваккалчилик ҳолатларини таҳлил қилиш, суғурта шартномаси тузилгунгача таваккалчилик даражасини аниқлаш;

суғурталашнинг текширилаётган объекти бўйича эксперт хулосаси тузиш.

Суғурта экспертизаси ўтказишга ваколатли суғурта сюрвейери мутахассислари (экспертлари)нинг иш тартиби суғурта сюрвейерининг ички ҳужжатларида белгиланади.

Суғурта сюрвейери ўз фаолиятини суғурталовчи (суғурталанувчи) билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширади.

40. Суғурта сюрвейери қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хизматлар кўрсатиладиган суғурталовчини (суғурталанувчини) эркин танлаш;

суғурта объектини ўрганиш учун суғурталанувчидан (суғурталовчидан) зарур ахборотларни сўраш ва олиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан, фаолияти суғурта объектларига тааллуқли бўлган бошқа ташкилотлардан зарур маълумотларни сўраш ва олиш;

қонун ҳужжатлари ва шартномада назарда тутилган бошқа ҳуқуқлар.


41. Суғурта сюрвейери қуйидагиларга мажбур:

тегишли билимларга эга бўлиш ёки ўз штатида тегишли профессионал билимлар ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларга эга бўлиш;

сюрвейер томонидан ўтказиладиган экспертизага дахлдор бўлган барча шахсларнинг ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлаш;

экспертиза ўтказиш учун томонлар тақдим этган ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш;

мижознинг тижорат ёки бошқа сири бўлган фактларнинг маҳфийлигини сақлаш;

қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларни бажариш.

42. Суғурта сюрвейери фаолияти натижалари эксперт ҳисоботи тарзида расмийлаштирилади, ундан суғурталовчи (суғурталанувчи) томонидан суғурталаш (қайта суғурталаш) шартномасини тузишда фойдаланилиши мумкин.

Суғурта сюрвейерининг эксперт ҳисоботидаги хулосалар мустақил суғурта экспертизаси давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.


IX. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


43. Суғурта бозорининг профессионал қатнашчилари ўз зиммасига олинган мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

44. Суғурта фаолиятини амалга оширишнинг умумий шартлари, тавсия этилаётган суғурта битишувлари ва операциялари рўйхати, суғурта тарифлари, суғурталаш турлари ва муддатлари очиқ ахборот ҳисобланади ҳамда суғурталаш сири ва тижорат сири предмети бўлиши мумкин эмас.

45. Суғурта бозорининг суғурталовчиларини ва бошқа профессионал қатнашчиларини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Суғурталовчиларни қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг рухсати билан амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 15-сон, 158-модда.