язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Алоҳида эътибор талаб этувчи болалар учун таълим ва тарбия муассасалари/ Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.05.2007 й. 100-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 17 майдаги

100-сон қарорига

ИЛОВА


Имкониятлари чекланган шахслар

учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар

коллежлари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Таълим тўғрисида", "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида", "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 13 майдаги 204-сон қарори билан тасдиқланган Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги низомга мувофиқ имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларининг мақомини ва фаолияти хусусиятларини белгилайди.


2. Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари (кейинги ўринларда Коллеж деб юритилади) имкониятлари чекланган шахсларни ўқитадиган ва тарбиялайдиган ҳамда имкониятлари чекланган ўқувчиларнинг ўқиши ва касб-ҳунарга эга бўлишларида тенг имкониятларни таъминлайдиган давлат таълим муассасаси ҳисобланади.


3. Коллеж юридик шахс ҳисобланади, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади, Устав, мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида фаолият кўрсатади.



II. КОЛЛЕЖНИНГ МАҚСАДИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Имкониятлари чекланган шахслар бўлган ўқувчиларни чуқурлаштирилган ихтисосли, табақалаштирилган ўқитиш, интеллектуал ривожлантиришни таъминлаш ва уларнинг жисмоний ва ақлий камол топиши хусусиятларига мувофиқ танланган касблар бўйича мутахассисликни эгаллаши Коллежнинг мақсади ҳисобланади.

5. Қуйидагилар Коллежнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

имкониятлари чекланган шахслар мутахассислик бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлиши, уларнинг касбий-таълим хизматларига бўлган эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароитлар яратиш;

давлат таълим стандартлари доирасида умумтаълим ва касб-ҳунар дастурларини амалга ошириш;

ўқувчиларнинг танланган касбга мувофиқ ўқишни таълимнинг навбатдаги босқичларида давом эттириш ва меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун зарур ва етарлича бўлган билимлари ва касб тайёргарлиги даражасини чуқурлаштириш;

ўқув-тарбия жараёнининг реабилитация қилувчи йўналиши учун шарт-шароитларни таъминлаш.


6. Коллежда таълимнинг мазмуни, таълим жараёнини ташкил этиш (ўқиш муддати, ўқув жараёни жадвали) Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан тасдиқланган таълим стандартлари асосида ишлаб чиқиладиган махсус ўқув режалари ва дастурлари билан белгиланади.

Таълим жараёни касбий ва амалий кўникмалар билан бирга тузатиш йўналишига эга, ўқувчилар шахсининг шаклланишига, уларнинг ижтимоий мослашувига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашади.


7. Коллежда ўқиш муддати ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тегишли мутахассисликлари ва касблари бўйича имкониятлари чекланган шахслар ўқиши учун зарур ва етарли ўқув юкламасининг умумий ҳажми ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Бунда танланган касбларнинг сони ва мураккаблиги эътиборга олинади.


8. Ижтимоий кафолатлар, Коллеж ўқувчилари ва ходимларини қўллаб-қувватлаш ва уларга бериладиган имтиёзлар қонун ҳужжатларида, шунингдек Коллеж Уставида белгиланади.



III. ЎҚУВЧИЛАРНИ КОЛЛЕЖГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ,

ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА УНИНГ МАЗМУНИ


9. Ўқувчиларни коллежга қабул қилиш уларнинг ўқиш йўналишларини ихтиёрий танлаши ҳисобга олинган ҳолда умумий ўрта таълим негизида амалга оширилади.

Ўқишга қабул қилишда имкониятлари чекланган шахслар учун мутахассисликлар ва касблар рўйхатига мувофиқ тиббий тавсиялар ҳисобга олинади.


10. Коллежга ўқувчилар жинси, тили, ёши, ирқи, миллати, диний мансублиги, ижтимоий келиб чиқиши, машғулотининг тури, ижтимоий мавқеи, яшаш жойи ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча муддат яшаганлигидан қатъи назар, қуйидаги тартибда қабул қилинадилар:

ногирон бўлган ўқувчилар - Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармаларининг йўлланмаси бўйича;

"енгил даражада ақлий заиф" ташхиси қўйилган ўқувчилар - халқ таълими ҳудудий органлари ҳузуридаги психологик-тиббиёт-педагогик комиссия йўлланмаси бўйича.

11. Коллежга қабул қилинган шахслар ўқувчилар деб аталади. Коллежга қабул қилинган ўқувчиларга ўқувчи билети ва белгиланган намунадаги ўзлаштириш дафтарчаси берилади.


12. Ўқувчилар ўқиш курслари бўйича гуруҳларга, ўқиш йўналишлари бўйича эса - бўлимларга бирлашади.

Коллежда ўқув йили икки семестрга бўлинади. Таълим олаётганлар учун камида 10 ҳафта давом этадиган ва 12 ҳафтадан ортиқ бўлмаган таътил белгиланади.


13. Коллежда ўқиш кундузги шаклда амалга оширилади. Машғулотларнинг қанча давом этиши, ўқувчиларнинг ўқув юкламаси ва ўқув-тарбия жараёнининг бошқа масалалари ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат стандартларига мувофиқ белгиланади.

Коллежда ўқув синфлари ва гуруҳларининг сон таркиби (15 - 20 киши) қабул қилиш режасида белгиланади.


14. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастури ўқиш йўналишлари бўйича умумтаълим, умумтехник касб-ҳунар ва махсус дастурларни ўз ичига олади.


15. Имкониятлари чекланган, умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар учун ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув дастурлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда белгиланади.

16. Ҳар бир курсда ўқиш тамом бўлгандан кейин рейтинг назорати ва аттестация натижалари бўйича Коллеж ўқувчиларини курсдан курсга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Курсдан курсга ўтказиш Коллеж директорининг буйруғи билан амалга оширилади.


17. Коллежнинг ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган битирувчиларига ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.

Дипломга ўзлаштирилган умумтаълим ва махсус фанлар, соатлар ҳажми ва улар бўйича баҳолар кўрсатилган ҳолда қўшимча варақ илова қилинади.

Коллежни тугатганлик тўғрисидаги диплом эгалланган мутахассисликка мувофиқ меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини беради.


18. Ўқувчиларни Коллеждан чиқариш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


19. Коллежга қабул қилинган ўқувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

9 йиллик ёки 11 йиллик ўрта маълумотга эга бўлган тақдирда - ўқиш;

белгиланган нормалар доирасида озиқ-овқат билан бепул таъминланиш;

Коллежнинг моддий-техника базаси ва мол-мулкидан бепул фойдаланиш;

ётоқхонада яшаш;

бошқа таълим муассасасига ўтиш.



IV. ПЕДАГОГ КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ,

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ

МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ


20. Тегишли маълумотга, профессионал тайёргарликка ва чекланган имкониятли шахслар билан ишлаш учун юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган шахслар Коллежда педагогик фаолият билан шуғулланишга ҳақлидир.


21. Ўқитувчилар ва муҳандис-педагог ходимларни Коллежда ишлашга қабул қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан ўтказиш натижаларига кўра амалга оширилади.


22. Ўқитувчилар ва муҳандис-педагог ходимларнинг ўқув-педагогик юкламаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


23. Ўқитувчиларнинг (ўқув предметлари ва соатлари бўйича) вазифасини вақтинчалик бажариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг норматив ҳужжатлари билан белгиланади.


24. Иш жараёнида ваколатли органлар томонидан Коллежнинг ўқитувчилар ва муҳандис-педагог ходимларини даврий аттестациядан ўтказиш амалга оширилади.



V. КОЛЛЕЖНИ БОШҚАРИШ


25. Коллежга ташкилий, ўқув-методик ва илмий раҳбарлик қилиш, давлат таълим стандартини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўқув-таълим ва профессионал дастурларни бирхиллаштириш, педагог кадрлар билан таъминлаш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тармоқ вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари билан биргаликда амалга оширилади.


26. Тармоқ вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари Коллежлари икки томонлама бўйсунувда бўлади. Тармоқ вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари уларнинг моддий ва молиявий таъминотини, профессионал ўқитишни ҳамда ўқувчиларда амалий кўникмаларни шакллантиришни амалга оширадилар, мутахассисларга бўлган эҳтиёжни аниқлайдилар, битирувчиларни ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қиладилар.


27. Коллежни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошқаради.


28. Директор Коллеж фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, ўқувчиларнинг ўқиши ва тарбияси, махсус ўқув режалари ва дастурларининг бажарилиши, ўқув-ишлаб чиқариш ва молия-хўжалик фаолияти учун жавоб беради. Ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Коллежнинг штатлар рўйхатини, педагог ходимларнинг тарифлар бўйича рўйхатларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлайди.


29. Коллеж ходимлари ва раҳбарларининг лавозим бўйича мажбуриятлари ва ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида ва Коллеж Уставида белгиланади.


30. Коллежда педагогик кенгашлар тузилади, улар Коллеж директори ҳузуридаги ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва такомиллаштиришга кўмаклашадиган коллегиал орган ҳисобланади.

Педагогик кенгаш функциялари Коллеж Уставида белгиланади.


31. Коллежда жамоат бошқаруви (ҳомийлик кенгашлари) ва ўзини ўзи бошқариш органлари тузилиши мумкин, уларнинг таркибига ҳомийлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари ҳамда қонун ҳужжатлари ва Устав асосида иш олиб борувчи жамғармалар вакиллари киритилади.


32. Коллежни аттестациядан ўтказиш ва аккредитация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



VI. МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА

МОДДИЙ-ТЕХНИКА ТАЪМИНОТИ


33. Коллеж фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

бюджетдан ажратиладиган маблағлар;

таълим хизматлари кўрсатишдан, илмий-педагогик, ишлаб чиқариш ва таълим муассасаларининг Уставдаги вазифаларига мувофиқ бўлган бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

ихтиёрий эҳсонлар ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мақсадли бадаллари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


34. Коллежнинг молиявий маблағлари унинг тасарруфида бўлади, улардан қонун ҳужжатларига ва Коллеж Уставига мувофиқ фойдаланилади.


35. Коллежнинг моддий воситалари, бинолари, иншоотлари ва асбоб-анжомлари унинг хўжалик тасарруфида бўлади ва улардан Уставдаги вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланилади.

Коллежнинг устахоналари, лабораториялари ва бошқа объектларининг жиҳозланганлиги Давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими таълим жараёнини моддий-техник таъминлаш нормативлари билан белгиланади.


36. Коллеж белгиланган тартибда ўз ишлари натижаларининг тезкор ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистика ва бухгалтерия ҳисоботини юритади.

Коллежда хўжалик ва молиявий интизомга риоя этилиши устидан назорат давлат ваколатли органлари томонидан амалга оширилади.


37. Моддий-техник жиҳозланганлик, бинолар ва хоналар имкониятлари чекланган шахсларни ўқитиш талабларига жавоб бериши керак.



VII. ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК


38. Коллежлар Ўзбекистон Республикасининг тегишли давлатлараро ва ҳукуматлараро битимлари, шунингдек таълим соҳасидаги идоралараро битимлар асосида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, хорижий шериклар билан ўз ваколатларига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатларига ва ўз Уставига мувофиқ битимлар тузиш ҳуқуқига эга.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 19-20-сон, 200-модда.