язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ҳисоб-китоблар/ Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация қилиш ва бойликларни ташишга доир Йўриқнома (АВ томонидан 01.08.2003 й. 1263-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 17.05.2003 й. 534-сон (10/2-сон) қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2003 йил 1 августда 1263-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2003 йил 17 майдаги

534-сон (10/2-сон) қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Мазкур Йўриқнома рус тилида тасдиқланган.

Ҳужжатнинг матни Норма газетаси  ва  ахборот-қидирув

тизими   экспертлари  томонидан  ўзбек  тилига  таржима

қилинган  ва ахборот  тусига  эга.   Ноаниқликлар   келиб

чиққанида  меъёрий-ҳуқуқий  ҳужжатнинг  рус   тилидаги

матнига қаранг.



Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш,

инкассация ва қимматликларни ташишга доир

ЙЎРИҚНОМА

I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банк тўғрисида”, “Банк ва банклар фаолияти тўғрисида”ги қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, тижорат банкларида касса операцияларини амалга ошириш, пул тушумини инкассация қилиш, қимматликларни ташиш ва сақлашнинг ягона тартибини белгилайди.


2. Тижорат банклари (кейинчалик матн бўйича “банклар”) мижозларга касса хизматини кўрсатадилар, ўз кассаларида нақд пулларни жамлайдилар ва уларни мижозларга берадилар.


3. Банкларнинг мижозлар билан касса операциялари бўйича муносабатлари банк ҳисобварағига хизмат кўрсатиш борасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади ва мижозларнинг аниқланган камомад, ортиқча, тўловга яроқсиз, сохта ва қалбаки пул билетлари юзасидан қилинган эътирозлари ушбу шартномага асосан тартибга солинади ҳамда унинг шартлари Ўзбекистон Республикасида амал қилинаётган қонунчиликка зид бўлмаслиги лозим.


4. Банкларда мижозлар билан касса операцияларини амалга ошириш ва нақд пулларни қайта ишлаш бўйича қуйидаги бўлинмалар ташкил этилади: кирим, чиқим, кирим-чиқим кассалари, пулни қайта санаш кассаси, кечки касса, хўжалик юритувчи субъектлар қошидаги махсус кассалар ва бошқалар.


5. Кўрсатиб ўтилган кассалар касса операцияларининг ҳажми, хизмат кўрсатиладиган мижозлар сони ва касса ходимларининг ўрнатилган штатлар жадвалидан келиб чиққан ҳолда банк раҳбарининг фармойишига асосан ташкил этилади.


6. Мижозларнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатишлари учун, банклар банкоматлар ва бошқа тўлов терминалларидан фойдаланишлари мумкин. Улар ҳимоялаш даражасига қараб, банкда ёки ундан ташқарида ўрнатилиши мумкин. Банкоматларни бошқариш ва мижозларнинг ҳисобварағига кириш бўйича дастурий-техник усуллар тизими ҳамда тўлов карточкалари орқали амалга оширилади.


7. Банк томонидан мижозларга касса хизматини кўрсатиш банк ходимлари томонидан қабул қилиб олинган пул ҳужжатлари (чеклар, нақд пул топшириш эълони, кирим-чиқим касса ордерлари, халталарнинг илова қайдномалари ва бошқалар) асосида амалга оширилади.


8. Касса ҳужжатларининг ҳисоби, мижозлар имзосининг банкка тақдим этилган намуналарига мос келиши, мижоз ҳисобварағида маблағларнинг бўлиши ва мижозлар паспортидаги маълумотларнинг тўғри тўлдирилиши учун банкнинг операция ходимлари жавобгардирлар.


9. Банк раҳбарлари, бош бухгалтерлари ва касса мудирлари мижозларга аниқ ва ўз вақтида касса хизмати кўрсатишни ташкил этиш, касса ишини оғишмай тўғри ташкил этилиши ҳамда қимматликлар бутлигини таъминлаш борасида жавобгардирлар.



II БОБ. БАНКЛАРНИНГ КАССА

ОПЕРАЦИЯЛАРИ БОШҚАРМАСИ (БЎЛИМИ)

ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

10. Бош банкларда касса ишини назорат қилиш учун касса операциялари бошқармаси (бўлими) ташкил этилади. Касса операциялари бошқармаси (бўлими) Касса операциялари бошқармаси (бўлими) тўғрисидаги Бошқарув томонидан тасдиқланган Низомга асосан фаолият кўрсатади. Бошқарма (бўлим) зиммасига Низомда кўзда тутилмаган вазифаларни юклаш рухсат этилмайди.


11. Касса операциялари бошқармаси (бўлими) зиммасига юклатилган барча мажбуриятлар унинг ходимлари ўртасида тақсимланади ҳамда ушбу ходимлар бириктириб қўйилган ишнинг аҳволи учун жавоб берадилар. Бажариладиган ишлар тақсимоти бошқарма (бўлим) бошлиғи томонидан белгиланади ва лавозим мажбуриятлари рўйхати бўйича расмийлаштирилиб, бошқарма(бўлим)нинг ҳар бир ходимига имзо қўйдириб, топширилади.


12. Бошқарма (бўлим) ходимлари ўзларидаги ишнинг аҳволи тўғрисидаги мавжуд маълумотларга асосан, шунингдек, тафтиш ҳужжатлари, текшириш ва таҳлил натижалари, касса ишини яхшилаш, банк биноларининг ёнғиндан ва хавфдан огоҳлантирувчи техник воситалар билан мустаҳкамланганлиги, ёнғиндан хабар берувчи сигнализация воситалари билан таъминланганлиги, рухсатнома тартиби ва қўриқлаш иши натижаси юзасидан ҳудудий банк бўлимларида тадбирлар ўтказадилар.


13. Бошқарма (бўлим) ходимлари йилда камида бир марта тассаруфидаги банк филиалларида уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида текшириш ўтказишлари, иш жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликларни, қоида тарзида, текшириш давомида бартараф этишга эришишлари лозим. Банкларда касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташиш бўйича текшириш ўтказиш методикаси 6-иловада берилган.


14. Зарурат туғилган тақдирда, текширилган банк раҳбари номига аниқланган камчиликларни аниқ ва қайси муддатда бартараф этишлари ва ишни яхши йўлга қўйиш юзасидан ёзма равишда кўрсатма беради.


15. Касса ишини ташкил этиш ҳолатини текшириш вақтида ходимга ўрганиш дастурида кўрсатилган режа-топшириқ ва пул омборидаги қимматликларни тафтиш қилиш муддати белгиланган ва бошқарма(бўлим) фаолиятига раҳбарлик қилувчи мансабдор шахс томонидан имзоланган бир марталик гувоҳнома топширилади.


16. Бош банкнинг Касса операциялари бошқарма (бўлим)лари бошлиқлари ўтказилган текширув натижалари бўйича текширув материаллари келиб тушган кундан бошлаб 5 кунлик муддат ичида кўриб чиқишлари ва ўтказилган текширув натижалари юзасидан текширишни ўтказган бошқарма(бўлим) ходимларининг шахсий фикрларини тинглашлари ҳамда текширув самарадорлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар кўришлари лозим.


17. Текширув натижалари мажбурий тарзда таклифлар билан бирга, ёзма равишда Бошқарув Раисига ёки унинг мазкур иш соҳасига раҳбарлик қилувчи ўринбосарига тақдим этилади ҳамда лозим бўлган тақдирда, банкка керакли кўрсатмалар берилади.


18. Касса операциялари бошқарма (бўлим)лари раҳбарлари томонидан текширув амалга оширилган банкда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан назорат ўрнатилиши лозим.

Кейинги иш жараёнида текширувда аввалги текширув ва тафтишлар натижаси бўйича аниқланган камчиликларнинг бартараф этилганлиги текширилади.

Камчилик ва тартиббузарликлар такрорланган ҳолда унинг сабаблари ва айбдор шахслар аниқланади ҳамда жойида тегишли қўшимча чоралар кўрилади. Ушбу ҳолатлар юзасидан текширувчи тегишли чоралар кўриши ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ўз таклифларини билдирган ҳолда банк бошқармаси бошлиғига билдиришнома тақдим этади.



III БОБ. КАССА ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


19. Ҳар бир банк мижозларга касса хизматини кўрсатиш учун ўз таркибида таркибий бўлинма - касса операциялари бўлими (касса)га эга бўлиши керак.


20. Мижозларга касса хизматини кўрсатишда банк Марказий банкининг ҳудудий Бош бошқармасига касса хизматини кўрсатиш учун рухсатнома бериш ҳақидаги пул омборининг тўлдирилган паспорти ва тегишли ҳужжатларни (14-илова) Марказий банк меъёрий ҳужжатларида ўрнатилган тартибда тақдим этади.


21. Марказий банк ҳудудий Бош бошқармаси тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, уларни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг меъёрий ҳужжатларига мослигини аниқлайди, касса тармоғини текширишни амалга ошириб, ўз хулосасини тайёрлайди ва ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Эмиссия-касса операциялари департаментига юборади.

Айланма кассани сейфларда сақлашга рухсат этилмайди. Паспортни рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, Марказий банк рад этиш сабабларини маълум қилади.

22. Пул омборининг рўйхатдан ўтказилган паспорти мижозларга касса хизматини кўрсатишга рухсат этиш ва айланма касса лимитини белгилаш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Банк янги бинога кўчиб ўтган ҳолда, банк раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига пул омборини қайта рўйхатдан ўтказиш учун лозим бўлган ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш чораларини кўришлари лозим.


23. Йирик банкларда Касса операциялари бўлимини (ходимлар сони 15 кишидан ортиқ бўлганда) қимматликлар билан ишлашдан озод этилган бошлиқ бошқариши мумкин. У касса операциялари бўлимига раҳбарлик қилади ҳамда назорат ўрнатади ва касса ишини тўғри ташкил этилиши, банкда мавжуд бўлган барча қимматликларни тўла сақлашда ҳамда мижозларга аниқ касса хизматини кўрсатиш борасида банк раҳбари билан тенг даражада жавоб беради.


24. Қимматликларни сақлаш ва улар бўйича операциялар ўтказиш билан боғлиқ моддий жавобгарлик - банкнинг касса мудири зиммасига юклатилади. Зарур бўлган ҳолларда эса, банк раҳбарининг фармойишига биноан кўрсатиб ўтилган вазифалар касса операциялари бўлими бошлиғи зиммасига юклатилиши мумкин.


25. Касса операциялари бўлимларининг бошлиқлари (касса мудирлари) эгаллаб турган лавозимларига банк раҳбарлари томонидан банк бошқармалари (республика, вилоят, шаҳар) раҳбарлари билан келишилган ҳолда тайинланадилар ва озод этиладилар.

Бўлим бошлиғи (касса мудири) лавозимига банк тизимида камида 3 йил ишлаган шахслар тайинланади.


26. Банк раҳбари касса ишига мутлақо ҳалол ва ишончли ходимларни танлашга алоҳида эътибор бериши лозим. Кассирни ишга қабул қилишда унинг илгари ишлаган жойидан сўраб-суриштириш, зарурат туғилган тақдирда тегишли тавсифнома олиш орқали синчиклаб текшириш талаб этилади.


27. Банк томонидан ходимнинг илгари судланмаганлиги ҳақида Ички ишлар органларидан, яшаш жойидан ва соғлиғи ҳақидаги маълумотномалар, фотосуратлар талаб этилади. Касса ходимларини ишга қабул қилиш банк бўйича чиқариладиган буйруқ билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлиб ҳисобланади.


28. Кассирлик лавозимига 18 ёшга тўлган шахслар қабул қилинади. Ҳар бир кассир билан якка тартибдаги моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилади (3-илова). Юқорида кўрсатиб ўтилган талаблар кечки кассанинг назоратчи-бухгалтерига ҳам тааллуқлидир.


29. Яқин қариндошларнинг, агар уларнинг ишлари бевосита бир-бирига бўйсуниш ёки бир-бирини назорат қилиш билан боғлиқ бўлса, биргаликда ишлашлари тақиқланади.


30. Тайёргарлик кўрмаган ёки тажрибага эга бўлмаган ходимларнинг нақд пуллар ва қимматликлар билан операцияларни амалга оширишларига рухсат бериш қатъиян тақиқланади.


31. Банк раҳбари кассаларда ва пул омборларида қимматликлар билан ишлаш белгиланган талабларини таъминлаш учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратиб беришлари шарт.


32. Банкларнинг касса тармоқлари касса тармоқларини лойиҳалаштириш ва тузилишининг техник талабларига мувофиқ ҳолда жиҳозланади, у бошқа хизматлардан ажратиб қўйилган бўлиши ва қоидага мувофиқ, бинонинг биринчи қаватига жойлаштирилиши лозим.


33. Бегона шахсларнинг касса тармоғи жойлашган жойни кузатишлари ва ўрганишлари учун ҳеч қандай имконият бўлмаслиги керак. Касса тармоғига кириш эшиги иш куни давомида ичкаридан ўзи ёпилиб қолувчи қулф билан беркитилган бўлиши ҳамда унга ташқарини кўриш учун махсус кўзгу (туйник) ўрнатилган бўлиши лозим.


34. Айланма кассаларнинг кабиналари касса тармоғида шундай жиҳозланиши керакки, бунда қимматликлар бутлигини сақлаш учун жавобгар бўлган мансабдор шахслар (бошлиқ, касса мудири) томонидан кассирлар ишини назорат қилиб туриш учун имконият яратилиши керак.

Агар айланма кассаларнинг кабиналари ўртасига дарчалар ўрнатилган бўлса, уларнинг иккала томонига қулфланадиган мосламалар ўрнатилиши лозим.

35. Мижозларга хизмат кўрсатиш учун касса кабиналари дарчалари ички томондан қулфланадиган эшикчалар билан таъминланган бўлиши керак.


36. Кассирлар столи қулфланадиган тортмалар ва алоҳида калитлар билан таъминланган бўлиши лозим.


37. Кассирлар кун давомида қимматликларни сақлаш учун сейфлар, металл шкафлар ва қимматликларни ташиш учун темир аравачалар билан таъминланган бўлишлари керак.


38. Айланма кассаларнинг кассирлари кирим ва чиқим касса ҳужжатларини имзолаш ваколатига эга бўлган ҳисоб-операция ходимларининг имзо намуналари билан, кирим-чиқим касса операцияларини расмийлаштириш билан шуғулланувчи ҳисоб-операция ходимлари эса - кассирларнинг имзо намуналари билан таъминланган бўлишлари лозим.

Имзо намуналарини тегишли ходимларга ўз вақтида бериш ва улар ишдан бўшаган вақтларида қайтариб олиш устидан назоратни банкнинг бош бухгалтери амалга оширади. Бундан ташқари, имзо намуналари ҳар йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, янгиланиб турилиши лозим.



IV БОБ. КИРИМ КАССАЛАРИДА

ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ҚОИДАЛАРИ


39. Мижозлардан нақд пулларни қабул қилиш 0402001 нақд пул қўйиш эълонлари бўйича (5-илова), бошқа барча пул тушумлари эса, 0482005 (4-илова) касса ордери орқали 0402004 (47-илова) квитанцияни бериш билан, амалга оширилади.


40. 0402001 (5-илова) нақд пул қўйиш бадалномаси (эълон) 3 қисмдан - нақд пул қўйиш эълони, квитанция ва ордердан иборат бўлади. Нақд пул қўйиш эълони кунлик касса ҳужжатларига тикилади, квитанция нақд пулни топширган мижозларга, ордерлар - операция ходимларга берилади.


41. Банк ходимлари томонидан пул қабул қилиб олинганда, квитанция ўрнига кирим касса ордерларининг кассир томонидан имзоланган ва кирим кассасининг муҳри қўйилган нусхалари берилади.


42. Мижозлар банк ҳисобварақларига нақд пул қўйганларида, бухгалтерия ходимлари бухгалтерия ҳисобининг меъёрий ҳужжатларга асосан, ҳужжатларни олдиндан текширадилар ва расмийлаштирадилар.

Шундан сўнг кирим касса дафтарига имзо қўйдирилиб, ҳужжатлар кассага топширилади.


43. Кассир, кирим ҳужжатларини олганидан сўнг, уларда операция ходимларининг имзолари борлигини ва ушбу имзоларнинг кассирда сақланувчи намуналарига мос келишини текшириши, мижоз имзоси қўйилганлиги, ундаги кўрсатилган сумманинг сон ва сўз билан ёзилганлигига мос келишини текшириши, шундан сўнг пул қўювчини чақириб, ундан нақд пулларни бирма-бир санаб олиш орқали қабул қилиб олиши лозим.


44. Агар мижоз пулни банк кассасига бир неча ҳисобварақлар бўйича бир неча кирим ҳужжатлари асосида топширса, бу ҳолда, кассир пулни ҳар бир ҳужжат бўйича алоҳида қабул қилиб олади.


45. Кассирнинг столи устида пул қўювчидан қабул қилиб олинаётган пулдан бошқа ҳеч қандай пул бўлмаслиги керак. Кассир томонидан илгари қабул қилиб олинган барча пуллар стол тортмаларида, металл шкафларда ёки сейфларда сақланиши лозим.

Кирим кассаси кассирининг иш жойи шундай жиҳозланиши керакки, унда мижозга пулнинг қайта саналаётганлигини кузатиб туриш имкони яратилган бўлсин.


46. Пул қабул қилиб олганидан сўнг, кассир кирим ҳужжатида кўрсатилган суммани қайта саналганда чиққан сумма билан солиштиради. Улар мос келган тақдирда кассир 0402001 нақд пул қўйиш эълонига (5-илова), квитанцияга ва унга тегишли бўлган ордер (кирим касса ордерлари)га имзо қўйиб, квитанция (кирим касса ордери нусхаси)га муҳр босади ва уни пул топширган шахсга беради. Нақд пул қўйиш эълони ордерини ва кирим касса ордерларининг нусхаларини кассир масъул ижрочига ёки кирим касса дафтарини юритувчи ходимга юборади ва нақд пул қўйиш эълонини ўзида олиб қолади.


47. Агар мижоз топширган нақд пул суммаси ҳужжатда кўрсатилган сумма билан ўзаро мос келмаса, мижозга ҳужжатни қайтадан ёзиш таклиф этилади. Кассир дастлабки ҳужжатнинг устидан чизиқ тортади ва унинг тескари томонига амалда қабул қилиб олинган пул суммасини ёзиб қўяди.

Кирим ҳужжатлари операция ходимига берилади. У касса дафтаридаги дастлабки кўрсатилган суммани ўчиради ва қўйилган пулнинг янги суммасини ёзиб, қайтадан олинган ҳужжатларни расмийлаштиради ва уларни кассага жўнатади. Ишдан чиққан 0402004 квитанциялар (47-илова) ушбу Йўриқноманинг 48-бандда кўрсатилган тартибда сақланади, кирим ҳужжатлари эса, йўқ қилинади.


48. Агар мижоз банк кассасига пул топширмаган бўлса, кассир бунинг сабабини аниқлаш учун кирим ҳужжатларини квитанциялар билан бирга операция ходимларига қайтаради. Аниқлангандан сўнг квитанцияларда қандай сабабларга кўра пул топширилмаганлиги кўрсатилиб, унга банк раҳбари ва бош бухгалтер ёки уларнинг ўринбосарлари имзо қўядилар.

Бундай ҳолларда касса дафтарларидаги ёзувлар ўчирилиб, кирим ҳужжатлари йўқ қилинади ва 0402004 квитанция эса (47-илова), операция ходимларига қайтарилиб, улар томонидан квитанция дафтарчаларининг муқовасига ёпиштириб қўйилади.


49. Тўловга яроқсиз бўлган пул билетлари мавжудлиги аниқланганда, кассир уни текшириш учун касса мудирига тақдим этиши шарт. Ушбу пул билетлари тўловга яроқсиз деб топилган тақдирда, уларга банк номи туширилган муҳр ҳамда шу қарорни қабул қилган шахс имзоси қўйилади ва “Алмаштириб бериш рад этилди” деган ёзувли муҳр босилиб, ушбу пул эгасига қайтарилади ёки мижоз хоҳишига кўра, ушбу Йўриқноманинг 183-бандда кўрсатилган тартибда, экспертизага топширилади.

Қалбаки пул билетлари аниқланган тақдирда, кассир бу ҳақда дарҳол касса операциялари бўлими бошлиғи (касса мудири)га ва банк бошқарувчисига хабар қилиши ҳамда келгусида ушбу Йўриқноманинг 189-бандида кўрсатиб ўтилган талабларга биноан иш тутиши лозим.

Қўйилган пул суммасида бундай пул билетлари ҳисобга олинмайди, балки, мижозга етмаётган тўловга яроқсиз ёки қалбаки пул суммасини тўлаш ёки амалда қабул қилинган тўловга яроқли пул билетлари суммасига янги кирим ҳужжатини тузиш таклиф этилади.


50. Кассир касса мудиридан қабул қилган ва топширган пул суммаларини ҳар куни 0482155 алоҳида дафтар (13-илова)га ёзиб боради.


51. Операция куни охирида қабул қилиб олинган ҳужжатлар асосида кирим кассасининг ҳар бир кассири 0482109 маълумотнома (12-илова) тузади ва ундаги суммани, ўзи қабул қилиб олган пул суммаси билан маълумотномадаги пул суммасини қиёслайди. Маълумотнома кассир томонидан имзоланади ва унда кўрсатилган касса айланмалари (оборотлари)ни операция ходимларининг касса дафтарларидаги ёзувлари билан қиёслайди. Ушбу қиёслаш кирим касса дафтарларидаги кассирнинг ва 0482109 кассир маълумотномасидаги операция ходимларининг имзолари билан расмийлаштирилади (12-илова).


52. Кирим касса дафтари марказлаштирилмаган ҳолда юритилган бўлса, бу маълумотнома бригадалар ёки операция ходимлари бўйича тузилади.


53. Операция куни мобайнида қабул қилинган пулни кассир ушбу Йўриқноманинг X бобида белгиланган тартибда дасталайди ҳамда кирим ҳужжатлари ва 0482109 маълумотнома (12-илова) билан бирга касса мудирига 0482155 дафтарига (13-илова) имзо қўйдириб топширади.


54. Касса мудири, қабул қилиб олган пул суммасини кассирнинг маълумотномаси билан қиёслайди, қабул қилинган суммани 0482155 дафтарга (13-илова) ёзиб, маълумотномага имзо қўяди ҳамда уни 0402004 квитанция (47-илова) бланкаларидан тўғри фойдаланилаётганини текшириш учун бош бухгалтерга (унинг ўринбосарига) беради. Маълумотнома текширилганидан сўнг, бош бухгалтер (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади ва шу куннинг касса ҳужжатларига тикиб қўйиш учун юборилади.


55. Тўла боғлам ва дасталар чиқариш учун етмайдиган пул билетлари кун охирида, касса мудирининг кўрсатмасига биноан айланма касса кассирларидан бирига 0482155 дафтарга (13-илова) имзо қўйдириб бирлаштириш учун берилади.

56. Зарурат туғилганда, кирим кассаларига келиб тушган пуллар касса мудирига операция куни мобайнида 0482155 дафтарга (13-илова) имзо қўйган ҳолда, бир неча марта берилиши мумкин.

Бундай ҳолларда, пулни беришдан аввал, кассир амалда тушган пулни қабул қилиб олинган кирим ҳужжатларидаги умумий суммага мос келишига ишонч ҳосил қилиши керак.


57. Операция куни тугагунга қадар тушган барча нақд пуллар, ўша иш кунининг ўзидаёқ айланма касса киримига қўйилиши ва банк баланси бўйича тегишли ҳисобвараққа ўтказилиши керак.

V БОБ. КЕЧКИ КАССА ТОМОНИДАН НАҚД ПУЛ

ВА БОШҚА ҚИММАТЛИКЛАР СОЛИНГАН

ХАЛТА (ҚОП)ЛАРНИ ИНКАССАЦИЯ

...