язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Педагог ходимлар меҳнати учун ҳақ тўлаш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.09.1994 й. 490-сон "Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини тартибга солиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.09.1994 й.

N 490


ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА

ҲАҚ ТЎЛАШ ШАРТЛАРИНИ ТАРТИБГА

СОЛИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг меҳнатини рағбатлантиришга оид тадбирлар тўғрисида" 1994 йил 28 сентябрдаги Фармонини бажариш ва халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 1994 йилнинг 1 октябридан бошлаб умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва раҳбарлари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича ҳозир амалда бўлганга нисбатан бир разрядга оширилган лавозим маошларининг янги миқдорлари жорий қилинсин

2. 1994 йилнинг 1 октябридан бошлаб халқ таълими ходимлари учун ҳозир амалда бўлган устамалар ва қўшимча ҳақларнинг иш ҳақига нисбатан фоиз ифодасида табақалаштирилган янги миқдорлари белгилансин. Шу мақсадда:

таълим соҳалари ходимлари лавозимлари, қўшимча ҳақлар турлари ва миқдорларининг рўйхати 1-3-иловаларга мувофиқ.

3. Тасарруфида ўқув юртлари бўлган вазирликлар ва идоралар иш ҳақининг оширилган миқдорларининг шу жумладан устамалар ва қўшимча ҳақларнинг ўз вақтида тўланишини таъминласинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кўрсатилган мақсадлар учун бюджетдан зарур маблағлар ажратсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари С.С. Саидқосимов ва Б.С. Ҳамидовлар зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                       И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 29 сентябрдаги

490-сон қарорига

1-ИЛОВА



Халқ таълими муассасаларининг қўшимча ҳақ

тўланадиган ходимларининг лавозимлари

рўйхати, қўшимча ҳақнинг турлари ва

МИҚДОРЛАРИ


Қўшимча ҳақ қуйидагича белгиланади:

6. Ўрта махсус ва ҳунар-техника ўқув юртлари ўқитувчиларига (ҳунар-техника ўқув юртларининг умумтаълим предметлари ўқитувчиларидан ташқари) ўқув кабинетлари ва лабораторияларига мудирлиги, цикл, предмет ва услубий комиссияларга раҳбарлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида;

ўқув-курс кабинетлари (ўқув пунктлари), курслар ўқитувчиларига - энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида.


7. Ўрта махсус ўқув юртлари ўқитувчиларига кечки, сиртқи бўлимларга, мутахассислик (битта ёки бир неча турдош) бўйича бўлимга мудирлиги учун бўлимда:

100 дан 125 нафаргача ўқувчи бўлганда - энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи;

126 дан 150 нафаргача ўқувчи бўлганда - 25 фоизи;

151 дан 200 гача ўқувчи бўлганда - 30 фоизи миқдорида;


8. Санъат ходимлари тайёрлаш бўйича ўрта махсус ўқув юртларининг ҳамда педагогика билим юртларининг мусиқа бўлимлари ўқитувчиларига - бўлимга мудирлиги учун - бўлимда:

50 дан 100 нафаргача ўқувчи бўлганда - энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи;

100 нафардан ортиқ ўқувчи бўлганда - 30 фоизи миқдорида.

12. Ётоқхоналари бўлган ўрта махсус ва ҳунар-техника ўқув юртларининг директорларига ҳамда тарбия (ўқув-тарбия) ишлари бўйича директор ўринбосарларига қўшимча ҳақ уларда:

200 гача ўқувчи яшаганда - энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи;

200 дан - 400 гача ўқувчи яшаганда  20 фоизи;

400 дан кўп ўқувчи яшаганда - 80 фоизи миқдорида тўланади.

15. Директор лавозими назарда тутилмайдиган, 80 нафаргача шаҳарларда ва ишчи шаҳарчаларида 100 нафаргача) ўқувчи бўлган кечки (навбатли) ўрта умумтаълим мактабларида, етти йиллик мусиқа мактабларида ҳамда бадиий мактабларда, бошланғич мактабларда мактабга (синфларга) раҳбарлик учун, кундузги умумтаълим мактаблари ҳузуридаги ўқитишнинг кундузги-сиртқи шаклларидаги синфларга раҳбарлик учун ўқитувчилардан биттасига қўшимча ҳақ:

бошланғич мактабларда ўқувчилар:

160 нафаргача бўлганда энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида;

161 дан 240 нафаргача бўлганда - 20 фоизи миқдорида;

кечки (навбатли) ўрта умумтаълим мактабларида ва кундузги умумий таълим мактаблари ҳузуридаги ўқиш кундузги-сиртқи шаклда бўлган синфларда ўқувчилар сони:

60 нафаргача бўлса - энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи;

61 дан 80 нафаргача (шаҳарларда ва ишчилар шаҳарчаларида 100 гача) бўлса - энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи;

ўқувчилар сони 50 нафаргача бўлган етти йиллик мусиқа мактабларида ва бадиий мактабларда - энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида тўланади.


16. Ўқувчилар сони 150 дан 200 нафаргача бўлган ҳамда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозими белгиланмайдиган етти йиллик мусиқа мактаблари ва бадиий мактабларда ўқув ишларига раҳбарлик қилувчи ўқитувчига энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорича қўшимча ҳақ тўланади.


17. Умумтаълим мактаби директорининг (директор лавозими назарда тутилмаган бошланғич синфлар ўқитувчисининг) лавозим маошига мактаб ҳузуридаги интернатга мудирлик қилганлиги учун тарбияланувчилар сонига қараб:

тарбияланувчилар 20 нафаргача бўлса - энг кам ойлик иш ҳақининг - 10 фоизи миқдорида;

21 дан 40 нафаргача бўлса - 15 фоизи миқдорида;

41 дан 75 нафаргача бўлса - 20 фоизи миқдорида;

76 дан 120 нафаргача бўлса - 25 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ белгиланади.


18. Мактабларнинг сиртқи бўлимларининг, сиртқи мактабларнинг, ўқитиш кундузги-сиртқи шаклда олиб бориладиган кечки (навбатли) ўрта умумий таълим мактабларининг ўқув-маслаҳат пунктларига мудирлик қилганлик учун ўқув-маслаҳат пунктларида сиртдан ўқувчилар сони:

30 дан 60 нафаргача бўлса - энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорда (қўшимча ҳақ фақат қишлоқ жойлардаги пунктларда берилади);

61 дан 100 нафаргача бўлса - 15 фоизи миқдорида;

101 дан 200 нафаргача бўлса (фақат сиртқи бўлимлар ва сиртқи мактаблар пунктларида) - 20 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ берилади;

кўр ва яхши кўрмайдиган, кар ва яхши эшитмайдиган ўқувчилар учун - ўқув - маслаҳат пунктларида сиртдан ўқувчилар 15 дан 60 нафаргача бўлса - энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида;

сиртдан ўқувчилар 61 дан 100 нафаргача бўлса - 15 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.


19. Бўлимга раҳбарлик қилувчи (бўлимнинг ихтиёрида бир ихтисосликдаги камида 10 та тўгарак мавжуд бўлса) мактабдан ташқари муассасанинг тўгарак раҳбарига энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида ҳақ тўланади. Бўлимда мудир лавозими мавжуд бўлган тақдирда кўрсатиб ўтилган қўшимча ҳақ тўланмайди.

21. Кечки (навбатли) ўрта умумтаълим мактабларида ва мактаблар ҳузуридаги интернатларда (уларда хўжалик мудири лавозими назарда тутилмаган ҳолларда) хўжалик ишлари бўлими бўйича директорларнинг ёрдамчиларига ёки хўжалик мудирларига ва (штатда бу лавозимлар мавжуд бўлмаганда) умумтаълим мактабларининг бошқа ходимларига хўжаликни юритганликлари учун кечки (навбатли) ўрта умумтаълим мактабларида синфлар сони:

10 дан 20 тагача бўлса - энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида;

20 дан кўп бўлса - 30 фоизи миқдорида;

умумтаълим мактаблари ҳузуридаги мактабларда, ўрта мусиқа ва бадиий мактабларда тарбияланувчилар сони:

40 дан 120 нафаргача бўлса - 15 фоизи миқдорида;

120 нафардан кўп бўлганда - 20 фоизи миқдорида қўшимча берилади.

23. Мактаблар, барча тур ва номдаги мактаб-интернатлар кутубхоначиларига ёки бошқа ходимларга дарсликларнинг кутубхона фонди билан шуғулланганликлари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.

Кейинги ҳар бир 1500 нусха дарсликлар учун 5 фоиз, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан миқдорда кўп бўлмаган қўшимча ҳақ тўланади.

24. Ёрдамчи хўжаликка эга бўлган барча тур ва номдаги мактаб-интернатлар ва болалар уйлари директорларига ҳамда директорларнинг ёрдамчиларига, (ўринбосарларига) (хўжалик мудирларига) шунингдек, ўқув хўжалигига эга бўлган ҳунар-техника ўқув юртларининг директорларига, ўқув-ишлаб чиқариш иши бўйича директорларнинг ўринбосарларига, катта мастерларга ёрдамчи (ўқув) хўжалигига раҳбарлик қилганликлари учун юқори ташкилотларининг қарори билан ёрдамчи (ўқув) хўжаликлари ўз фаолиятларидан оладиган маблағлар ҳисобидан қўшимча ҳақ белгиланади.


25. Кундузги ўрта мактабларнинг айни бир вақтда кечки (навбатли) умумтаълим мактабларининг физика ва кимё кабинетлари лаборанти вазифасини бажарувчи лаборантларига, агар кечки (навбатли) ўрта умумтаълим мактабларида 10 ва ундан ортиқ синф мавжуд бўлиши ҳамда штатда лаборант лавозими назарда тутилган бўлиши шарти билан ҳар бир кабинет учун ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.


26. "Хизмат кўрсатган спорт устаси" фахрий унвонига эга бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.


27. Мазкур илова билан ўрта умумий таълим мактабларининг ўқитувчилари учун назарда тутилган қўшимча ҳақ гимназиялар ва лицейларнинг ўқитувчиларига жорий этилади, ўрта махсус ва ҳунар-техника ўқув юртларининг ўқитувчилари учун назарда тутилган қўшимча ҳақ эса коллежлар, ҳунар лицейлари, олий ҳунар ва техника ўқув юртлари ўқитувчиларига жорий этилади.






Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 29 сентябрдаги

490-сон қарорига

2-ИЛОВА



Махсус таълим-тарбия муассасаларидаги алоҳида меҳнат

шароитлари учун қўшимча ҳақ белгиланган педагог

ходимлар лавозимлари рўйхати, мазкур тўловларнинг

турлари ва миқдорлари


I. Таълим-тарбия жараёни билан бевосита шуғулланувчи раҳбар ходимлар, педагогик ходимлар, руҳшунослар, ишлаб чиқариш таълими усталари, меҳнат таълими инструкторлари ва тарбиячиларнинг ёрдамчилари ставкалари ҳамда лавозим маошларига қуйидаги миқдорларда қўшимча тўловлар белгиланади:


а) умумий турдаги мактаб-интернатларда - ойига 15 фоиз;


б) иқтидорли болалар гимназиялари, коллежлари, мактаб-интернатлари (синфлари, гуруҳлари)да (бундай синфлар камида 50 фоизни ташкил қилса, раҳбар ходимлар учун) - ойига 20 фоиз;


ЎзР ВМ 21.08.2000 й. 327-сонли Қарорига мувофиқ 1-банднинг "в" кичик банди ўз кучини йўқотган


в) лицейлар (синфлар, гуруҳлар)да - умумтаълим мактаблари ва ҳунар-техника ўқув юртларидаги худди шундай ходимларга нисбатан 20 фоиз, лицей-интернатлар ва ётоқхонаси бўлган лицейларда шу тоифадаги мактаб-интернатлар ва ҳунар ўргатувчи лицейлар ходимларига нисбатан (бундай синфлар, гуруҳлар камида 50 фоизни ташкил қилса, раҳбар ходимлар учун) - 50 фоиз;


г) жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсонлари бўлган, алоҳида тарбия шароитларига ёки узоқ муддат даволанишга муҳтож бўлган болалар ва ўсмирлар руҳий ривожланишда орқада қолган болалар (шу жумладан, бундай болаларни якка тартибда ўқитганда) мактаблари, мактаб-интернатлари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида; балоғатга етмаганларни қабул қилиш-тақсимлаш жойлари ва меҳнат-тарбия колонияларида; ахлоқ тузатиш-меҳнат муассасалари ҳузуридаги мактабларда, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, болалар уйлари, уй-интернатлар, мусиқа таълими берувчи мактаблар (мактаб-интернатлар), етим болалар ва ота-она қаровисиз қолган болалар мактаб-интернатларида; ички ишлар органлари болалар хоналари томонидан юбориладиган тарбияси қийин болалар учун ташкил этиладиган мактабдан ташқари муассасаларда; болалар уйларида; махсус соғлиқни сақлаш муассасаларидаги педагог ходимларга; болалар касалхоналари (бўлинмалари) санаторийлари ва шу кабиларда - ойига 50 фоиз.

Изоҳлар:

Махсус мақсадли (алоҳида режимли) синфлари ва гуруҳлари бўлган Умумий мақсаддаги муассасаларда иш ҳақи ставкаси (лавозим маоши)га қўшимча тўлов фақат ана шундай синфлар (гуруҳлар)да ишланган вақт учунгина, раҳбар ходимларга эса - кўрсатилган синфлар ёки гуруҳлар муассасада камида 50 - фоизни ташкил қилгандагина тўланади.

Етим болалар, ота-оналар қаровисиз қолган болалар учун алоҳида гуруҳлар (синфлар) ташкил этилган умумий турдаги ёки махсус мақсадли мактаблар ва мактаб-интернатлар ходимларига кўрсатилган тўловлар тўланмайди.

д) жисмоний ёки ақлий ривожланишида нуқсонлари бўлган, узоқ муддатли даволанишга муҳтож бўлган; руҳий ривожланишда орқада қолган болалар контингент бўлган болалар уйларида, болалар уй-интернатларида, етим болалар ва ота-оналар қаровисиз қолган болалар мактаб-интернатларида, болалар уйлари (синфлари гуруҳлари) да - ойига 60 фоиз.


II. 1-банднинг "г" кичик бандида кўрсатилган муассасалар (етим болалар ва ота-оналар қаровисиз қолган болалар муассасаларидан ташқари) ўзларининг шу хусусиятлари бўйича ушбу муассасаларнинг ўқувчилари ёки тарбияланувчилари билан бевосита мулоқотда бўладиган бошқа ходимларига қўшимча ҳақлар лавозим маошининг 35-50 фоизи миқдорида белгиланади.

Лавозим маошининг 35-50 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ белгиланиши мумкин бўлган ходимларнинг аниқ рўйхати ва ушбу қўшимча ҳақларининг миқдорлари, касаба уюшмалари билан келишган ҳолда жисмоний ёки ақлий ривожланишида камчилиги бўлган, узоқ муддат даволанишга ёки алоҳида шароитларда тарбияланишга муҳтож бўлган ўқувчилар (тарбияланувчилар) билан муносабатда бўлиш даражаси ва давом этишига қараб муассасаларнинг раҳбарлари томонидан белгиланади.


III. I-бандда санаб ўтилмаган етим болалар ва ота-оналар қаровисиз қолган болалар уйлари ва мактаб-интернатларнинг ходимларига қўшимча ҳақ 50 фоиз миқдорида белгиланади, ота-оналар қаровисиз қолган, жисмоний ёки ақлий ривожланишида камчилиги бўлган, узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган, руҳий ривожланишда орқада қолган болалари бўлган болалар уйларида, етим болалар мактаб-интернатларида эса - ойига 60 фоиз миқдорида белгиланади.

Изоҳлар:


1. Жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган таълим-тарбия муассасаларига:

эшитиш қобилияти ёмонлашган (кар-соқов), заиф эшитувчи, кўр, (кўр-кар), заиф кўрувчи, ғилай ва амблиопия, нутқи заиф; таянч-ҳаракат аъзосида нуқсони бўлган, паралич ва бошқа касалликлар билан оғриган тарбияланувчи ўқувчилар учун мактаблар, мактаб - интернатлар, болалар уйлари, ҳунар-техника ўқув юртлари (синфлар, гуруҳлар); Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимидаги ногирон болалар учун логопедик бўлимлар, муассасалар киради.

2. Ақлий ривожланишда нуқсони бўлган болалар учун мўлжалланган таълим-тарбия муассасаларига: ақлан заиф, кўр ва ақлан заиф, руҳий ривожланишда орқада қолган, тафаккурида нуқсони бўлганлар учун мўлжалланган мактаблар, мактаб-интернатлар, болалар уйлари (синфлар, гуруҳлар); Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги шундай болалар муассасалари киради.

3. Узоқ муддат даволанишга муҳтож бўлган болалар ўқув-тарбия муассасаларига: руҳий асаб касалликларига (психоневротика), сил касаллиги ва унинг шаклларига, юрак-томир тизими касалликлари, марказий асаб тизимининг бузилишига, руҳий нуқсони бўлган; юқумли гепатит билан оғриган ўқувчилар (тарбияланувчилар) учун; сколиоз касаллигига чалинган болалар учун мўлжалланган ҳунар-техника ўқув юртлари, мактаблар, мактаб-интернатлар, болалар уйлари, (синфлар, гуруҳлар); соғлиқни сақлаш муассасалари; ихтисослаштирилган болалар уйлари, болалар касалхоналари (бўлимлари), санаторийлар ва бошқалар киради.

4. Уйда қуйидаги сурункали касалликларга чалинган болалар якка тартибда ўқитилади: суяк сили, полиомиелит, церебрал спатик паралич, Литтиль касаллиги, психопат, тутқаноқ ва бошқа касалликлар касал бўлган болалар, фақат тегишли тиббиёт хулосаси мавжуд бўлган тақдирда; болалар касалхоналари (клиникалари) да ва касалхоналарнинг болалар бўлимида узоқ муддат даволанишда бўлган болалар учун якка тартибдаги ёки гуруҳли ўқитиш.






Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 29 сентябрдаги

490-сон қарорига

3-ИЛОВА



Таълим муассасаларининг қўшимча тўловлар

белгиланган педагог ходимлари лавозимлари

рўйхати, мазкур тўловларнинг турлари

ва миқдорлари

Қўшимча тўловлар қуйидагиларга белгиланади:

2. Тиббиёт олий ўқув юртлари, шифокорлар малакасини ошириш институтлари ва тиббиёт факультетларининг профессор-ўқитувчиларига соғлиқни сақлаш идораларининг клиникалари ва клиник база бўлган бошқа муассасаларида даволаш-ташхис ишларини бажарганликлари учун қуйидаги миқдорларда қўшимча ҳақ тўланади:

кафедра мудирлари, профессорлар ва доцентларга - лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида;

ассистентларга - лавозим маошининг 2,5 фоизи миқдорида.

Шу тоифадаги ходимларга - беморларни операция қилувчи жарроҳларга, оператив фаолиятни, реанимация тадбирларини ва жадал терапия усулларини қўлловчи анестезиолог ва реаниматологларга, даволаш тадбирларини амалга оширувчи эндоскопчиларга қўшимча тўловлар уларнинг лавозим маошининг 25 ва 30 фоизи миқдорида белгиланади.


3. Таълим муассасаларининг чет тиллар, хорижий филология, чет тили ва таржима йўналишларининг касбий ва махсус фанлари профессор-ўқитувчилари ва ўқитувчиларига қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида - лавозим маошларига базавий лавозим маошининг (тариф ставкасининг) 30 фоизи миқдорида, қолган таълим муассасаларида - базавий лавозим маошининг (тариф ставкасининг) 15 фоизи миқдорида ойлик устамалар белгиланади, бунда қуйидагилар мажбурийдир:

асосий ишидан ажралган ҳолда камида 144 соат давом этадиган дастур бўйича белгиланган тартибда малака ошириш;

тегишли таълим муассасасида педагогик фаолият олиб бориш учун зарур малака ва чет тилини билишни аниқлаш бўйича Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларидан ўтиш. Тест синовларини ўтказиш тартиби Давлат тест маркази томонидан белгиланади;

малака ошириш тўғрисидаги давлат намунасидаги сертификат мавжудлиги.

4. Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар таркибига (чет тиллар, хорижий филология, чет тили ва таржима йўналишларининг касбий ва махсус фанлари ўқитувчилари бундан мустасно), шу жумладан меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида ўқув машғулотлари олиб борувчи профессор-ўқитувчилар таркибига чет тилида айрим махсус ўқув фанларини ўқитганлик учун фанни ўқитиш курсининг давомийлигига ва чет тилини ўқитиш касб маҳоратига қараб бюджет маблағлари ҳисобига уларнинг лавозим маошларига базавий лавозим маошининг (меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорининг) 25 фоизидан 40 фоизигача бўлган миқдорда ойлик устамалар белгиланади.

Штатдаги профессор-ўқитувчилар таркиби учун чет тилида ўқув фанини ўқитиш курсининг давомийлиги бир семестрда камида 36 соатни ташкил этиши керак.

Профессор-ўқитувчилар таркибининг лавозим маошларига юқорида кўрсатиб ўтилган устамалар тегишли факультетларнинг деканлари тақдимномалари бўйича олий таълим муассасасининг ректори (директори) томонидан белгиланади.