Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари /

Ўзбекистон Республикаси Давлат-тижорат халқ банкининг Устави (ЎзР ВМ 12.12.2000 й. 474-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 12 декабрдаги

474-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Давлат-тижорат халқ банкининг

УСТАВИ


УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат-тижорат Халқ банки (кейинги ўринларда “Банк” деб аталади) “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзжамғармабанк”ни Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига айлантириш тўғрисида” 1995 йил 4 октябрдаги 386-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат-тижорат Халқ банкини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 1998 йил 25 декабрдаги ПФ-2162-сон Фармони билан ташкил этилган.


2. Банк очиқ акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки банкнинг муассислари ҳисобланадилар.


3. Банкнинг фирма (тўлиқ расмий) номи: давлат тилида  “Ўзбекистон Республикаси Давлат-тижорат Халқ банки”, қисқартирилган ҳолда  “Халқ банки”; рус тилида  “Государственно-коммерческий Народный банк Республики Узбекистан”, қисқартирилган ҳолда  “Народный банк”.

Банк ўз фирма номидан мутлақ фойдаланиш ҳуқуқига эга.


4. Банк аҳоли омонатларининг сақланиши ва уларнинг ўз вақтида қайтарилишини кафолатловчи мулкий, молиявий, бошқа мажбуриятлар ва талаблар бўйича “Ўзжамғармабанк”нинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


5. Банк ўз фаолиятида “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва бошқа қонун ҳужжатларига, Ўзбе-кистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Марказий банкнинг меъёрий ҳужжатларига, тижорат банклари учун мажбурий тусга эга бўлган бошқа меъёрий ҳужжатларга, шунингдек мазкур Уставга амал қилади. Банк (шу жумладан унинг бўлинмалари) банк операцияларини олиб бориш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда давлат ҳокимияти органларидан мустақилдир.


6. Банк мулки етишмаганда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида давлат номидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки аҳоли омонатларининг сақланишини кафолатлайдилар ҳамда банкнинг омонатчилар  жисмоний шахслар олдидаги мажбуриятлари бўйича муассисларнинг устав жамғармасидаги бадалларига мутаносиб равишда жавоб берадилар.


7. Банк ўз мажбуриятлари бўйича, шу жумладан фуқароларнинг омонатлари бўйича ўз мол-мулки билан жавоб беради.

Банк, қонун ҳужжатларига мувофиқ, мулкий ва номулкий ҳуқуқларни амалга оширади, мажбуриятлар олади, хўжалик ва холислик судларида даъвогар ҳамда жавобгар бўлади.

Банкнинг жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган ва томонларнинг мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини белгиловчи шартномалар улар билан ўзаро муносабатларнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.


8. Банк юридик шахс ҳисобланади ва ўзининг ҳудудий бошқармалари ҳамда бўлинмалари билан Ўзбекистон Республикаси Давлат-тижорат Халқ банкининг ягона тизимини ташкил этади. Мустақил балансда ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка эга бўлади.


9. Банк ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан берилган лицензияларга амал қилган ҳолда тижорат асосида амалга оширади.


10. Банк ўз номи тўлиқ ёзилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган думалоқ муҳрга, штампларга, ўз номи ўзбек тилида ва бошқа тилларда ёзилган бланкларга эга бўлади. Банк ўз эмблемасига ва визуал идентификациялашнинг бошқа воситаларига эга бўлади.


11. Ўзбекистон Республикаси Давлат-тижорат Халқ банкининг манзили: Ўзбекистон Республикаси, 700096, Тошкент шаҳри, Қатортол кўчаси, 46.



БАНКНИНГ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


12.Жисмоний ва юридик шахслардан пул маблағларини жалб қилиш, шунингдек кредит-ҳисоб-китоб ва бошқа хил банк операцияларини ҳамда жисмоний ва юридик шахслар билан битишувларни амалга ошириш банк фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг, бошқа давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек мулкчиликнинг ҳар қандай шакл-ларидаги юридик шахслар банкнинг мижозлари ва омонатчилари бўлиши мумкин.

Фаолияти мақсадига эришиш учун банк қуйидаги асосий вазифаларни бажаради:

депозитларнинг ўзига жалб қилувчи турларини таклиф этиш йўли билан аҳоли ва корхоналарнинг маблағларини жалб қилади ҳамда жамлайди;

уларнинг ўз вақтида қайтарилишини, кўрсатилаётган хизматларни халқаро стандартларгача етказган ҳолда уларнинг сифати оширилишини, янги турлар ва модификацияларни жорий қилган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ривожлантирилишини таъминлайди;

давлат ва бошқа эмитентларнинг қимматли қоғозларини чиқариш, харид қилиш, сақлаш ва ҳисобга олиш ҳамда иккиламчи бозорда сотиш йўли билан фонд бозорида улар билан операциялар олиб боради;

хорижий мамлакатлар ва МДҲ аъзолари бўлган давлатлар банклари билан тўғридан-тўғри корреспондентлик муносабатларини ўрнатади;

банк активларидан самарали фойдаланиш, кредит таваккалчиликларини пасайтириш, юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахсларнинг кредитга бўлган эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш мақсадида бошқа тижорат банкларини, ихтисослаштирилган фондларни жалб қилган ҳолда кредитлашнинг қўшма схемаларини амалга оширишда қатнашади;

юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахс-ларнинг кредитга бўлган эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш учун кредитлар ва микрокредитлар беради;

кўчмас мулк қуриш ва уларни тузатиш, аҳолининг узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар  транспорт воситалари, гаражлар, мебеллар, маиший техникалар ва бошқа буюмларни сотиб олиши мақсадлари учун истеъмол кредити тизимини ривожлантиради;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аҳолининг қимматбаҳо металлари ва қимматбаҳо тошлари билан операцияларни амалга оширади;

лотереялар чиқаришни ва уларни сотишни амалга оширади, бошқа ютуқли тадбирлар ўтказади;

омонатчиларнинг омонатлари банк томонидан жалб қилинадиган маблағларни ишончли ва кўп даромад келтирадиган сармояларга жойлаштириш орқали сақланишини таъминлаш йўли билан уларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарз олувчи, гарант ва кредиторлик функцияларини амалга ошириш вазифаларини топширган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан қарз олувчи, гарант ва кредитор бўлиб иш кўради;

жисмоний ва юридик шахсларга ҳисоб-китоб  касса хизмати кўрсатади, учинчи шахслар фойдасига тўловларни амалга оширади;

амалдаги қонун ҳужжатлари доирасида бошқа хил банк фаолиятини олиб боради.



МАБЛАҒЛАРИ, МОЛ-МУЛКИ ВА КРЕДИТ РЕСУРСЛАРИ


13. Банкнинг ўз маблағлари:

устав сармоясидан;

захира жамғармадан;

тақсимланмаган фойдадан;

Банк кенгаши қарорига кўра шакллантириладиган бошқа жамғармалардан ҳосил бўлади.


14. Банкнинг устав сармояси 10 миллиард сўм миқдорида белгиланган.

Акциядорларнинг банкнинг устав сармоясидаги бадаллари миқдори қуйидагича:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги  5,1 млрд сўм (устав сармоясининг 51 фоизи);

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки  4,9 млрд сўм (устав сармоясининг 49 фоизи).


15. Банк фойдадан 5 фоизгача миқдордаги ҳар йилги ажратмалардан, у устав сармоясининг 15фои-зига етгунгача, захира жамғармасини ташкил этади.

Банк жамғармаларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомлар Банк кенгаши томонидан тасдиқланади.


16. Банкнинг мол-мулки ўзига тегишли бўлган бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқа бойликлардан иборат бўлади.


17. Банкнинг кредит ресурслари қуйидагилар ҳисобига шаклланади:

устав сармояси, захира ва бошқа жамғармалар;

мижозларнинг банк ҳисоб-рақамларидаги, шу жумладан муддатли омонатлар ва депозитлардаги маблағлари;

бошқа банклар кредитлари;

имзоланган битимлар ва шартномаларга мувофиқ жалб қилинадиган бошқа давлатларнинг корхоналари ва банклари маблағлари;

облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар чиқариш натижасида олинган маблағлар;

жалб қилинган бошқа маблағлар.

Банкнинг йил мобайнида тақсимланмаган фойдасидан кредит ресурслари сифатида фойдаланилиши мумкин.



БАНКНИНГ ОПЕРАЦИЯЛАРИ


18.Банк амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги операцияларни амалга оширади:

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисоб рақамларини очади ва юритади, ўзининг йўриқномалари ва қоидаларига мувофиқ, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, мижозларнинг, шу жумладан корреспондент банкларнинг топшириғига кўра ҳисоб-китобларни амалга оширади;

жисмоний ва юридик шахслардан, шу жумладан хорижий жисмоний ва юридик шахслардан, хал- қаро, бошқа хил ташкилотлардан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, хорижий давлатлар фуқароларидан ҳисоб рақамларга ва омонатларга (талаб қилиб олинадиган ва муддатли) сўмлар ва хорижий валютада пул маблағларини қабул қилади;

ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлар ҳисобига қайтариш, тўлаш ва муддатли шартларда қисқа муддатли ва узоқ муддатли кредитлар беради;

белгиланган қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз номидан ўз маблағларини ва жалб қилинган маблағларни бошқа банкларнинг, шу жумладан хорижий ва халқаро банкларнинг ҳисоб рақамларига ҳамда омонатларига, бошқа кредит муассасаларига жойлаштиради;

юридик ва жисмоний шахслардан нақд ва нақдинасиз шаклларда хорижий валютани сотиб олади ва уларга сотади;

пул маблағларини, тўлов ва ҳисоб-китоб ҳужжатларини инкассация қилади, жисмоний ва юридик шахсларга тўлиқ ҳисоб-китоб-касса хизмати кўрсатади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қимматли қоғозларни чиқаради, сотиб олади, сотади, ҳисобга олади ва сақлайди, мижоз билан шартнома бўйича қимматли қоғозларни бошқаради ва қимматли қоғозлар билан бошқа операцияларни амалга оширади;

учинчи шахслар учун мажбуриятларнинг бажарилишини назарда тутувчи кафолатлар беради;

учинчи шахслардан мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқларини сотиб олади;

мижозларнинг ҳужжатлари ва бойликларини сақлаш, шу жумладан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сейфлар, яшиклар, шкафлар ва хоналарни ижарага бериш хизматлари сингари сейф хизматлари кўрсатади;

траст ва лизинг операцияларини амалга оширади;

банк маслаҳати ва ахбороти хизматлари кўрсатади;

лицензияда махсус келишиб олинган халқаро банк амалиётига мувофиқ бошқа операцияларни амалга оширади.



БАНКНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19.Банк қуйидаги ҳуқуқларга эга:

корхоналар, ташкилотлар ва бошқа тижорат тузилмаларини ташкил этишда ва уларнинг хўжалик фаолиятида, шу жумладан холдинг асосида ҳам ўз маблағлари билан, шу жумладан улуш қўшиш асосида қатнашиш;

молия ва хўжалик органларида корхоналар ва ташкилотлар манфаатларини уларнинг ишончномалари бўйича ифодалаш;

кредит бериладиган юридик шахс бўлмаган юридик ва жисмоний шахслардан, шунингдек кичик ва ўрта бизнес корхоналаридан ҳисоботлар, баланслар ва уларнинг тўлов қобилиятини, шунингдек берилган кредитлар таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни олиш;

ўз маблағлари ёки банк кредитлари иштирокида объектларни қуриш, техника билан қайта жиҳозлаш ва бошқа хўжалик фаолиятини амалга ошириш бўйича мўлжалланаётган лойиҳа ечимлари экспертизадан ўтказилишини талаб қилиш;

қарздорнинг тўловга қодир эмаслиги эътироф этилганда, у кредитни таъминлаш бўйича мажбуриятларини бажармаганда, кредитдан мақсадли фойдаланиш бўйича шартномада назарда тутилган мажбуриятлар бузилганда, ҳисоботларда нотўғри маълумотлар аниқланганда ёки бухгалтерия ҳисобида камчиликларга йўл қўйилганда, шунингдек шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда бундан буён кредит беришни тўхтатиш, берилган суммаларни муддатидан олдин ундириб олиш;

тўлов ҳужжати функциясини бажарувчи қимматли қоғозларни, пул маблағларининг омонатларга ва банк ҳисоб рақамларига жалб қилинганлигини тасдиқловчи қимматли қоғозларни чиқаради, харид қилади, сотади, ҳисобга олади, сақлайди ва улар билан бошқа операцияларни амалга оширади, шунинг-дек юридик ва жисмоний шахслар билан шартнома бўйича кўрсатиб ўтилган қимматли қоғозларни ишончли бошқариш, шунингдек аҳолини ўзига жалб қиладиган бир зумлик аниқ мақсадли, кўп тиражли лотереяларни чиқариш, ютуқли бошқа тадбирларни ўтказиш ҳуқуқига эга;

банк филиаллари томонидан операцияларни амалга ошириш шартлари ва технологияларини тасдиқлаш, депозитлар ва бериладиган кредитлар бўйича фоиз ставкаларини, жисмоний ва юридик шахсларга банк муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун воситачилик ҳақи миқдорини белгилаш;

Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш;

мижозлар-жисмоний ва юридик шахслар операциялари устидан валюта назоратини амалга ошириш;

халқаро банк амалиётида қабул қилинган турли молиявий воситаларни қўллаган ҳолда мижозларнинг экспорт-импорт операцияларига хизмат кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида Ўзбекистон Республикаси ва тегишли хорижий давлат амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро тижорат ва нотижорат муносабатларида мустақил равишда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бўлимлар ва филиаллар ташкил этиш, унинг ташқарисида эса, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсати билан шуъба банклар, филиаллар ва ваколатхоналар очиш. Банк ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ва қўшма дастурларни амалга ошириш учун бирлашмаларда, уюшмаларда ва бошқа бирлашмаларда қатнашиши мумкин.


20. Банк ўз мижозларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун қуйидаги мажбуриятларни олади:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг меъёрий ҳужжатларига мувофиқ мажбурий заҳираларни депозитга қўяди;

Марказий банк томонидан белгиланган иқтисодий нормативларга мувофиқ ўз баланси таркибини тартибга солиш йўли билан қабул қилинган мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажаришга доимий тайёр ҳолда бўлади;

кредит ва лизинг операциялари бўйича эҳтимол тутилган зарарларни қоплаш учун Марказий банк томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда заҳиралар ташкил этади;

ўз мижозлари ва корреспондентларининг операциялари, ҳисоб рақамлари ва жамғармалари сир тутилишини таъминлайди;

Марказий банк топшириғига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг касса ижроси бўйича операцияларни амалга оширади;

амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни олади.

Банкнинг бўш маблағлари фуқароларнинг жамғармалари тўлиқ сақланишини кафолатловчи энг ликвидли ва ишончли сармояларга жойлаштирилишини таъминлайди.


21. Мижозларнинг банкдаги пул маблағлари ва бошқа мол-мулки фақат амалдаги қонун ҳужжатлари асосида ва уларда назарда тутилган тартибда хатлаб қўйилиши ҳамда улардан тўлов ундирилиши мумкин.


22. Банк мижозлари операциялари ва ҳисоб рақамлари бўйича маълумотномалар қатъий равишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилиши керак.



БАНК ФОЙДАСИНИ ТАҚСИМЛАШ


23. Банк фойдаси, операция харажатлари, моддий ва уларга тенглаштирилган харажатлар чегириб ташланган ҳолда, унинг фаолиятининг барча турларидан тушган тушумдан ҳосил бўлади.


24. Солиқлар ва давлат бюджетига бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин банкда қолган фойда тўлиқ унинг тасарруфига тушади, олиб қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, ва ундан банк акциядорларининг умумий мажлиси белгиланган тартибда фойдаланилади.



БАНКНИ БОШҚАРИШ


25. Акциядорлар умумий йиғилиши, Банк кенгаши ва Банк бошқаруви банкни бошқариш органлари ҳисобланади.

Акциядорларнинг умумий мажлиси (кейинги ўринларда “Мажлис” деб аталади) банкни бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади.

Навбатдаги ва навбатдан ташқари Мажлислар ўтказилади.

Навбатдаги мажлислар ҳар йили молия йили тугагандан кейин уч ой мобайнида ўтказилади. Ак-циядорларнинг ҳисобот мажлисида мажбурий тартибда банкнинг йиллик ҳисоботи, бухгалтерия баланси, фойда ва зарарлар ҳисоби, фойда ва зарарлар тақсимоти ҳамда Банк кенгаши киритган бошқа масалалар кўриб чиқилади. Мажлисни ўтказиш санаси ва тартиби, унинг ўтказилиши тўғрисида акциядорларни хабардор қилиш тартиби, Мажлисни ўтказишга тайёрланишда акциядорларга бериладиган материаллар рўйхати Банк кенгаши томонидан белгиланади.

Навбатдан ташқари Мажлислар Банк кенгаши қарорига кўра унинг ўз ташаббуси асосида ёки банк тафтиш комиссияси, аудитори талаби бўйича ўтказилади.


26. Акциядорлар умумий мажлисининг мутлақ ваколатига қуйидагилар киради:

а) Вазирлар Маҳкамасига Банк уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритиш;

б) банкни қайта ташкил этиш ёки тугатиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

в) Банк кенгаши аъзоларини тасдиқлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш;

г) эълон қилинган акцияларнинг чегаравий миқдорини белгилаш;

д) банкнинг устав сармоясини ўзгартириш бўйича таклифлар киритиш;

е) ўз акцияларини сотиб олиш;

ж) банкнинг Тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш;

з) банкнинг ташқи аудиторини тасдиқлаш;

и) банкнинг йиллик ҳисоботларини, бухгалтерия балансларини, фойда ва зарарлари ҳисобини тасдиқлаш, унинг фойда ва зарарларини тақсимлаш;

к) банк харажатларини тасдиқлаш ва уларни банкни ривожлантириш бизнес-режаси билан солиштириш, Банк кенгаши аъзоларига бериладиган мукофотлар ва компенсациялар миқдорини белгилаш;

л) банк акциядорлари умумий мажлиси тартибини тасдиқлаш;

м) акцияларни майдалаштириш ва жамлаш;

н) банкнинг кредит бериш, активлар ва пассивларни бошқариш, инвестицияларни амалга ошириш ва банк мижозларига янги турдаги хизматлар кўрсатиш соҳасидаги сиёсати асосий йўналишларини белгилаш;

о) Банк кенгаши ва тафтиш комиссияси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;

п) қиймати битишув тўғрисида қарор қабул қилинган санада банк активлари баланс қийматининг 50 фоизидан кўпроғини ташкил қиладиган мулкни сотиб олиш ёки бегоналаштириш билан боғлиқ йирик битишувларни амалга ошириш;

р) қиймати битишув тўғрисида қарор қабул қилинган санада банк активлари баланс қийматининг 25 фоиздан 50 фоизгачасини ташкил қиладиган мулкни сотиб олиш ёки бегоналаштириш билан боғлиқ йирик битишувларни амалга ошириш, агар бундай битишувни амалга ошириш масаласи юзасидан Кенгашда якдилликка эришилмаган бўлса;

с) амалдаги қонун ҳужжатларида ва ушбу уставда назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал этиш.

“а”, “б”, “в”, “д”, “и” ва “к” кичик бандларида назарда тутилган масалалар бўйича қарорлар Ак-циядорларнинг умумий мажлисида қатнашаётган акциядорлар  овоз берувчи акциялар эгаларининг камида тўртдан уч қисми овози билан қабул қилинади.

Ушбу банднинг бошқа кичик бандларида назарда тутилган масалалар юзасидан қарорлар Акциядорларнинг умумий мажлисида қатнашаётган акциядорлар  овоз берувчи акциялар эгаларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.


27. Банк кенгаши етти аъзодан иборат бўлади. Банк кенгашининг тўрт аъзосини Молия вазирлиги, уч аъзосини Марказий банк тайинлайди.

Банк кенгаши раиси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади. Банк кенгаши раисининг ўринбосарини Банк кенгаши раиси Кенгаш аъзолари орасидан тайинлайди.

Банк бошқаруви аъзолари ва Бошқарув раиси Банк кенгашига сайланиши мумкин эмас. Банк кенгаши раиси Молия вазирлигидан давлатнинг ваколатли вакили ҳисобланади, унга давлатга тегишли акциялар пакетини бошқариш юкланади. Банк кенгаши таркибига сайланган шахслар чекланмаган марта қайта сайланишлари мумкин.

Банк кенгаши ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар кўпчилик, овозларнинг камида учдан икки қисми билан қабул қилинади. Банк кенгаши мажлисида масалаларни ҳал қилишда Кенгашнинг ҳар бир аъзоси бир овозга эга бўлади. Банк кенгаши мажлисини ўтказиш учун кворум Банк кенгаши тайинланган аъзолари сонининг камида 75 фоизини ташкил қилиш керак.

Банк кенгаши мажлиси Кенгаши раиси томонидан унинг ўз ташаббусига кўра ёки:

банк устав сармоясидаги давлат улушини бошқаришга ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки;

Кенгашнинг икки ва ундан кўп аъзолари;

Тафтиш комиссияси;

Банк бошқаруви;

банк ички аудит хизмати раҳбари;

банкнинг ташқи аудитори талаби бўйича чақирилади.


28. Банк кенгаши банк фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, Акциядорлар умумий мажлисининг мутлақ ваколатига киритилган масалалар бундан мустасно.

Банк кенгаши қуйидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш бўйича мутлақ ҳуқуққа эга:

банк фаолиятининг устувор йўналишларини белгилайди;

банк депозит ва кредит сиёсати принципларини тасдиқлайди;

банк Уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш (ёки янги таҳрирдаги Уставни тасдиқлаш) тўғрисида таклифларни кўриб чиқиш учун Акциядорларнинг умумий мажлисига киритади;

банкнинг ташқи аудиторини тасдиқлайди;

банкнинг ташкилий-бошқарув тузилмасини тасдиқлайди;

Бошқарув ва банкнинг ҳудудий бошқармалари ва бўлинмалари раҳбарлари билан биргаликда банк-ни самарали бошқаришни ташкил этиш, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кредит бериш ва уларнинг ўз вақтида қайтарилиши учун жавоб беради;

Бошқарув раиси тақдимномаси асосида Банк бошқаруви аъзоларини тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда банк облигациялари ва бошқа қарз мажбуриятларини чиқариш, уларни сотиб олиш тартиби тўғрисида қарор қабул қилади;

Бошқарув аъзоларига тўланадиган мукофотлар ва компенсациялар миқдорини белгилайди;

банк тафтиш комиссияси аъзолари (тафтишчи)га тўланадиган мукофотлар ва компенсациялар миқдори бўйича тавсиялар беради ҳамда ташқи аудитор хизматларига ҳақ тўлаш миқдорини белгилайди;

банкнинг заҳира ва бошқа жамғармаларидан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилади;

банкнинг ички аудити тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

Банк бошқаруви фаолияти тартибини белгиловчи ҳужжатларни тасдиқлайди;

банкнинг филиалларини ва ваколатхоналарини, шуъба корхоналарини ташкил этиш, тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилади;

йиллик ҳисоботни, фойда ва зарарлар ҳисобини кўриб чиқади ва тасдиқлаш учун Акциядорлик умумий мажлисига киритади;

молия йили учун даромадлар ва харажатлар режасини тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

тижорат асосида шуъба ва номустақил корхоналар ташкил этишни назарда тутувчи инвестициялар тўғрисида қарорлар қабул қилади;

ҳар чоракда Банк бошқаруви раисининг банк фаолияти натижалари тўғрисидаги маърузаларини ҳамда банк ички аудити хизмати раҳбарининг ҳисоботларини эшитади;

ўз ваколати доирасида мулкни сотиб олиш ва бегоналаштириш билан боғлиқ йирик битишувлар (умумий қиймати қарорлар қабул қилинган санада банк активлари қийматининг 25 фоиздан 50 фоизгачасини ташкил қиладиган битишувлар ёки ўзаро боғлиқ бир неча битишувлар) тузади;

мазкур Уставда Кенгаш ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳал қилади.

Қуйидагилар Банк кенгашининг мажбуриятлари ҳисобланади:

ўз ваколатларини банк акциядорлари манфаатларини кўзлаб амалга ошириш;

банкка ваколатли раҳбарлик қилишни таъминлаш;

банк фаолияти, кредитлар бериш ва маблағларни инвестициялашнинг тўғрилиги устидан кундалик назоратни амалга ошириш (омонатчилар, кредиторлар ва акциядорлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида);

банкнинг мувофиқ сармояли ҳолатда бўлишини таъминлаш;

банк фаолияти стратегиясини шакллантириш;

банкни ривожлантириш бўйича қабул қилинган бизнес-режалар ижросини назорат қилиш;

банкнинг фойда кўрувчанлиги мониторингини олиб бориш;

ички аудит хизмати фаолият кўрсатишини ташкил этиш.


29. Банк бошқаруви:

банк фаолиятини ташкил этади ва унга тезкор раҳбарликни амалга оширади, Марказий банк лицензияси асосида банкнинг уставдаги мақсадлари ва вазифалари бажарилишини таъминлайди;

банк мижозларига кўрсатиладиган хизматлар бўйича фоиз ставкаларини ва воситачилик ҳақи миқдорини ишлаб чиқади ва Банк кенгаши билан келишиб олади;

зарарлар миқдорини камайтириш мақсадида банк активлари турларини кўпайтиради;

банк томонидан Марказий банк белгилаган иқтисодий нормативларга, Марказий банкда мажбурий заҳираларни шакллантириш юзасидан талабларга риоя қилинишини таъминлайди;

банкнинг сармояси ва ликвидли ресурслари етарли даражада бўлишини, шубҳали ва бекор турган активларга қарши уларни классификация қилиш асосида заҳиралар яратилишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга ва халқаро стандартларга мувофиқ банк бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини ташкил этади;

банкнинг ҳудудий бошқарув органлари ва бўлинмалари раҳбарларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тайинлайди ва ишдан бўшатади, банкнинг кадрлар таркиби тайёрланишини ва қайта тайёрланишини таъминлайди;

Банк кенгашининг унинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорларининг бажарилишини таъминлайди;

Банк кенгаши ва муассисларнинг биринчи талаби бўйича молиявий ҳисоботни ва банк фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотларни тақдим этади;

Банк кенгаши олдида банк фаолиятининг молиявий натижалари учун белгиланган тартибда ҳисоб беради;

Банк кенгашида кўриб чиқиш учун банкни ривожлантириш стратегияси, банкнинг ташкилий-бошқарув тузилмасини такомиллаштириш масалалари, Банк бошқаруви ваколатига тааллуқли бошқа масалалар бўйича таклифлар киритади;

Бошқарув Банк кенгашига ҳисоб беради. Банк кенгаши ваколатига тегишли масалалар ҳал қилиш учун Банк бошқарувига берилиши мумкин эмас.

Банк бошқаруви Банк кенгаши билан келишилган ҳолда қуйидагилар тўғрисида қарорлар қабул қилади:

банк акциядорларининг йиллик ва навбатдан ташқари умумий мажлисларини чақириш;

банкнинг заҳира ва бошқа жамғармаларидан фойдаланиш бўйича қарорлар қабул қилиш;

ўз ваколати доирасида мулкни сотиб олиш ва бегоналаштириш билан боғлиқ йирик битишувлар, шу жумладан корхоналарга кредитлар бериш (умумий қиймати қарор қабул қилинган санада банк сармоясининг 1 фоиздан кўпроғини ташкил қиладиган битишувлар ёки ўзаро боғлиқ бир неча битишувлар);

агар илгари берилган кредитлар қайтарилмаган бўлса, битта қарздорга янги кредитлар бериш;

Банк устави билан Кенгаш ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳал этиш.


30. Банк бошқаруви раиси унинг ўринбосарлари Банк кенгаши тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади.

Банк бошқаруви аъзоларининг сони ва шахсий таркиби (Бошқарув раисидан ташқари) Банк кенгаши томонидан тасдиқланади.


31. Банк бошқаруви раиси билан меҳнат шартномасини банк номидан Банк кенгаши раиси имзолайди, Бошқарув раисининг ўринбосарлари, Бошқарув аъзолари ва банк бош бухгалтери билан меҳнат шартномаларини Банк бошқаруви раиси имзолайди.


32. Банкнинг ҳудудий бошқармалари ва бўлинмалари раҳбарлари Банк бошқаруви томонидан тайинланади.


33. Банк ходимлари мазкур Уставга ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Банк бошқаруви раиси ёки банк бўлинмалари раҳбарлари билан меҳнат шартномаси тузадилар.


34. Банк бошқаруви ваколатига банкнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш бўйича барча масалалар киради, банк Акциядорларининг умумий мажлиси ва Банк кенгашининг мутлақ ваколатига тегишли масалалар бундан мустасно. Банк бошқаруви Банк кенгаши қарорларининг бажарилишини ташкил этади.


35. Бошқарув раиси тезкор раҳбарликни амалга оширади ва банк фаолияти учун шахсан жавоб беради.


36. Банк кенгаши ва Бошқаруви аъзолари ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда банк манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилишлари лозим. Улар ўз ҳаракатларининг натижалари учун амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ банк олдида жавоб берадилар.


37. Банк бошқаруви биринчи зарурият туғилиши билан банк муассисларига:

банкнинг йиллик ҳисоботларини;

амалга оширилган бюджет операциялари бўйича ҳисоботларни;

банкнинг молия-хўжалик фаолиятига тааллуқли бошқа маълумотларни тақдим этиши шарт.



БАНКНИНГ ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИ


38. Банк бухгалтерия ҳисобини юритади ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро стандартларга мувофиқ Марказий банк томонидан белгиланган тартибда молиявий ҳисобот тақдим этади.

Банк ўз молиявий ҳисоботларини уларнинг тўғрилиги тасдиқлангандан сўнг, Марказий банк томонидан белгиланадиган шакллар бўйича ва муддатларда матбуотда эълон қилади.

Банкнинг йиллик ҳисоботида, бухгалтерия балансида, фойда ва зарарлар ҳисобидаги маълумотларнинг тўғрилиги банк тафтиш комиссияси томонидан тасдиқланиши керак. Банкнинг йиллик ҳисоботи Банк кенгаши томонидан тасдиқланади.

Банкнинг операция йили 1 январдан бошланади ва 31 декабрда тугалланади.



БАНКДА НАЗОРАТ ТИЗИМИ


39. Банкнинг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш ва текшириш банк тафтиш комиссияси, ички аудит хизмати, мустақил аудитор ташкилотлар ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бундай текшириш ваколати берилган бошқа назорат қилувчи органлар томонидан амалга оширилади.


40. Тафтиш комиссияси аъзоларининг сони ва унинг ваколатлари муддати Банк кенгаши томонидан белгиланади, унинг ваколатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Банкнинг тафтиш комиссияси аъзолари айни бир вақтда Банк кенгаши, Банк бошқаруви аъзолари бўлиши ва Банк бошқаруви органларида бошқа лавозимларни эгаллаши мумкин эмас.

Тафтиш комиссияси аъзолари ўз зиммаларига юкланган вазифаларнинг виждонан бажарилиши учун жавоб берадилар.

Тафтиш комиссиясига юкланган функцияларни бажариш чоғида комиссия банкда бирон-бир штатли лавозимни эгалламайдиган шахслар орасидан экспертлар жалб қилиши мумкин.

Тафтиш комиссияси банк томонидан қонун ҳужжатларига ва унинг фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатларга риоя қилинишини, банк ичида назоратнинг йўлга қўйилишини, банк томонидан йил давомида амалга оширилган кредит, ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа операцияларни (комплекс ёки танлаб текшириш йўли билан), касса ва мол-мулклар ҳолатини текширади.

Тафтиш комиссияси Банк мажлисига ёки Кенгашига ўтказилган тафтиш тўғрисидаги ҳисоботни ва Марказий банкка ҳисобот нусхасини, зарур ҳолларда камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсияномалар билан, шунингдек тасдиқлашга тақдим этилган баланс ҳамда фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботнинг банкдаги ишларнинг ҳақиқий аҳволига мувофиқлиги ҳақидаги хулосани, уларни тасдиқлаш бўйича тавсияномалар билан бирга тақдим этади.

Банкнинг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш ва текширишлар Тафтиш комиссияси тасдиқлаган режа бўйича ҳам, банк Акциядорларининг умумий мажлиси ва Кенгаш топшириғи ёки овоз бериладиган акцияларнинг камида ўн фоизига эга бўлган акциядорнинг талаби бўйича ҳам ўтказилади. Тафтиш комиссияси тафтиш натижалари бўйича навбатдан ташқари мажлис чақирилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.


41. Банк кенгаши ички аудит хизматини ташкил этади, у қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият кўрсатади.



БАНКНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ


42. Банкни қайта ташкил этиш ёки унинг фаолиятини тўхтатиш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


43. Банкни қайта ташкил этиш ёки унинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги эълон матбуотда эълон қилинади.































Время: 0.1914
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск