язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Умумий қоидалар/ Олимпия шон-шуҳрати музейи тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.08.1996 й. 284-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1996 йил 14 августдаги

284-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Олимпия шон-шуҳрати музейи тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Олимпия шон-шуҳрати музейи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 14 августдаги 284-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган.


2. Олимпия шон-шуҳрати музейи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳайъати қарорлари ва вазирнинг буйруқлари, мазкур Низом ва бошқа норматив ҳужжатларга амал қилади.

Олимпия шон-шуҳрати музейи маданий-маърифий фаолиятининг асосий йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан белгиланади ва Олимпия шон-шуҳрати музейи илмий кенгашида тасдиқланади.

Олимпия шон-шуҳрати музейининг маданий-маърифий ва моддий-техник негизи мавжуд тарихий жисмоний тарбия ва спорт материаллари, ёдгорликлар, бинолар ва спорт иншоотларини ўз ичига олади.


3. Олимпия шон-шуҳрати музейи ўз фаолиятини ишлаб чиқилган йиллик истиқбол иш режалари асосида амалга оширади.


4. Олимпия шон-шуҳрати музейининг молиявий маблағлари:

республика бюджетидан ажратмалар;

Миллий Олимпия қўмитаси томонидан ажратилган маблағлар;

ташкилотлар, муассасалар, фирмалар, жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек алоҳида жисмоний шахсларнинг беғараз хайрия маблағлари;

ўз молия-хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар ҳисобига шаклланади.



II. МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ ВА ТАШКИЛОТЧИЛИК ФАОЛИЯТИ


5. Қуйидагилар Олимпия шон-шуҳрати музейининг асосий вазифалари ҳисобланади:

жисмоний тарбия ва спорт, Олимпия ўйинлари тарихини, Ўзбекистон спортчиларининг замонавий Олимпия ҳаракатини ривожлантиришдаги ҳиссасини ўрганиш, шунингдек тарихий материаллар, медаллар, олимпия тимсоли туширилган значоклар, почта маркалари коллекциялари, машҳур спортчиларнинг спорт кийимлари ва шахсий анжомларини ва шу кабиларни тўплаш;

спортнинг миллий турлари ва халқ ўйинларига оид тарихий ёдгорликларни йиғиш ва ўрганиш, музейда ўзбек халқининг жисмоний тарбия ва спорти тарихини ёритувчи доимий ва вақтинча экспозициялар ташкил этиш;

истиқболли тематик-экспозиция режаларини ишлаб чиқиш;

спортчилар, тренерлар, ҳакамлар, спорт соҳасидаги фан намоёндалари, Ўзбекистон спорт жамоатчилиги вакилларининг халқаро спорт ҳаракатидаги ҳиссасини намойиш этувчи экспонатлар яратиш;

музей экспозициялари бўйлаб экскурсиялар, ташриф буюрувчиларнинг машҳур спортчилар, тренерлар, олимлар, спорт жамоатчилиги вакиллари билан учрашувларини ташкил этишга оид ишларни бажариш;

замонавий техникавий воситаларни Олимпия шон-шуҳрати музейи экспозицияси ва иш амалиётига жорий этиш;

чет эл ташкилотлари, муассасалари ва жисмоний шахсларидан тарихий материаллар сотиб олишга оид ишларни ташкил этиш, уларнинг ҳамкорликдаги фаолияти тўғрисида шартномалар ва контрактлар тузиш;

чет мамлакатларнинг музейлари билан алоқалар ўрнатиш, белгиланган тартибда халқаро музей бирлашмалари ва ташкилотларига кириш;

жаҳон спорти ютуқлари, чет мамлакатларда жисмоний тарбия ва спортни ташкил этишдаги илғор тажрибаларни умумлаштириш, бу ютуқларни Ўзбекистон спорт амалиётига татбиқ этиш;

жисмоний тарбия ва спортни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалаларига оид ахборот бюллетенлари ва илмий-услубий адабиётлар нашр этиш, спортга оид адабиётлар нашр этишнинг йиллик ва истиқбол режаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш.


6. Олимпия шон-шуҳрати музейи белгиланган тартибда:

молиявий маблағларига мустақил равишда эгалик қилади, музей моддий-техника базаси ҳолатининг иқтисодий таҳлилини амалга оширади, унинг моддий бойликлари сақланишини, тежамкорлик тартибига, ҳисоб ва ҳисоботнинг тўғри юритилишига ва ишончлилигига риоя этишни, шартномалар асосида амалга ошириладиган ишларнннг ҳолатини текширишни назорат қилади;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тўғрисидаги Низомга ва мазкур Низомга асосланиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ Олимпия шон-шуҳрати музейи ходимларининг бўш лавозимларини тўлдиришга конкурслар ўтказади, улар билан шартномалар (меҳнат битимлари) тузиш асосида меҳнат муносабатларини белгилайди;

меҳнат қонунчилигига меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва нормативларига, техника хавфсизлигига, ёнғин хавфсизлигига, давлат суғуртасига, меҳнат интизомига, шунингдек ўз мулкининг сақланишига риоя этишни таъминлайди.



III. ОЛИМПИЯ ШОН-ШУҲРАТИ МУЗЕЙИ

ТАРКИБИ ВА БОШҚАРУВИ


7. Олимпия шон-шуҳрати музейи таркибида Илмий кенгаш ва қуйидаги бўлимлар ташкил этилади:

илмий-экспозиция;

ташкилий-услубий;

маданий-маърифий;

маъмурий-хўжалик.

Илмий кенгаш таркибига, одатда, музей директори (кенгаш раиси), унинг ўринбосари, бўлим мудирлари, шунингдек етакчи олимлар, тренерлар, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда республика университетлари ва педагогика олий ўқув юртларининг спортга оид факультетлари ходимлари кирадилар.

8. Илмий кенгаш таркиби Олимпия шон-шуҳрати музейи директорининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳайъати томонидан тасдиқланади.

9. Музей директори Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири томонидан тайинланади.

Олимпия шон-шуҳрати музейи директори:

амалдаги қонун ҳужжатларига, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тўғрисидаги низомга ҳамда ушбу Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳайъати олдида музей фаолияти учун шахсан жавоб беради;

тасдиқланган ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида тузилмага ўзгартириш ва қўшимчалар киритади, штатлар жадвалини, харажатлар сметасини, шунингдек, унинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

Олимпия шон-шуҳрати музейи директори ўринбосарининг ва таркибий бўлинмалар раҳбарларининг музей фаолиятининг алоҳида йўналишларига раҳбарлиги даражасини белгилайди;

давлат органлари ва муассасалари, судлар ва жамоат ташкилотларида Олимпия шон-шуҳрати музейи номидан иш кўради.


IV. МУЗЕЙНИНГ ШТАТЛАР ЖАДВАЛИ


10. Олимпия шон-шуҳрати музейи ходимларининг штатлар жадвали музей фаолиятининг асосий йўналишлари ва вазифалари ҳамда ажратилган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди билан белгиланади.


11. Бўш лавозимларга ходимларни ишга олиш ва уларни ишдан бўшатиш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги, бошиқа норматив ҳужжатлар ва мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади,



V. ОЛИМПИЯ ШОН-ШУҲРАТИ МУЗЕЙИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


12. Олимпия шон-шуҳрати музейига ўз олдида турган вазифаларни ҳал этиши ҳамда унга юкланган функцияларни бажариши учун қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар ва жамоат ташкилотларидан Олимпия шон-шуҳрати музейи ваколатига кирувчи масалаларга оид маълумотларни олиш;

экспозиция режалари, жисмоний тарбия ва спортга оид кўргазмалар тайёрлаш, тарихий материаллар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш учун уларнинг раҳбарлари билан келишган ҳолда вазирликлар, идоралар, муассасалар, ташкилотлар ва ўқув юртларининг олимлари ва мутахассисларини жалб этиш;

музокараларда қатнашиш ва Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги топшириқларига биноан Олимпия шон-шуҳрати музейи учун экспонатлар сотиб олиш, илмий-услубий ҳамкорлик масалалари бўйича шартномалар ва битимларни имзолаш, ташкилотлар, спорт федерациялари ва МОҚнинг чет эл музей ташкилотлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишига кўмаклашиш, музейнинг илмий ва бошқа тоифа мутахассисларини чет элга ўқиш ва малака ошириш учун жўнатиш тўғрисида таклифлар киритиш;

маданий-маърифий ишлар режаларини ишлаб чиқиш;

жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш бўйича маърифий ишлар юритиш, жисмоний тарбия ва спорт тарихи ёдгорликларини ўрганиш, безаш ишларига олимлар, рассомлар, бошқа мутахассисларни жалб этган ҳолда тематик экспозициялар ташкил этиш;

республика ва чет мамлакатларнинг илмий-тадқиқот муассасалари, музейлари билан ҳамкорликда тижорат асосида тадқиқотлар ва кўргазмалар ташкил этиш.


13. Олимпия шон-шуҳрати музейи унда аҳолидан ноёб тарихий материаллар ва ашёларни сотиб олиш, уларни таъмирлаш, шунингдек музей ходимларини мукофотлаш учун маблағларни жамлаган ҳолда махсус фонд очиши мумкин.


14. Олимпия шон-шуҳрати музейи юридик шахс ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган вз ўз номи ўзбек ҳамда инглиз тилларида ёзилган муҳрига эгадир.



VI. ОЛИМПИЯ ШОН-ШУҲРАТИ МУЗЕЙИ

ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ


15. Олимпия шон-шуҳрати музейи фаолияти Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳайъатининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан тўхтатилади.


Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1996 й., 8-сон, 23-модда