язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ 1991 йилдан 1997 йилгача солиқ қонунчилигига оид ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Бошқа масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.03.1994 й. 114-сон қарорига 7-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 4 мартдаги

114-сон қарорига

7-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ваколатларини ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб беради.


2. Ўзбекистон Республикасининг Давлат солиқ қўмитаси солиқ, бож қонунчилигига риоя қилинишини, давлатнинг иқтисодий манфаатларини ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат назоратини таъминлайдиган марказий орган ҳисобланади.


3. Ўзбекистон Республикасининг ягона солиқ ва божхона органлари тизимини ташкил қилувчи Давлат солиқ қўмитасининг тасарруфида бўлган органлар қуйидагилар ҳисобланади:

Бош бож бошқармаси;

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ Бош бошқармаси;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат, солиқ бошқармалари;

туманлар, шаҳарлар ва шаҳарлардаги туманлар давлат солиқ инспекциялари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар божхона хизматлари;

божхона постлари.


4. Барча даражадаги давлат солиқ органлари, Бош божхона бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар божхона хизматлари юридик шахс ҳисобланадилар, банк муассасаларида ҳисоб-китоб, жорий ва бошқа (шу жумладан, валюта) счётларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўладилар.


5. Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ Бош бошқармаси вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, Бош божхона бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар божхона хизматлари ходимларининг сони ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ходимлар сони доирасида белгиланади.

Шаҳарлар, туманлар ва шаҳарлардаги туманларнинг давлат солиқ инспекциялари ходимлари сони ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ Бош бошқармаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан белгиланади.

Божхона постлари ходимларининг сони ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди Давлат солиқ қўмитасининг Бош божхона бошқармаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида ва Бош божхона бошқармасида белгиланган тартибда солиқ ва божхона органларини ривожлантириш, ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича махсус фондлар ташкил этилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, халқаро ҳуқуқ нормаларига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан тузган шартномалари ҳамда битимларига, мазкур Низомга амал қилади.



II. ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


7. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг бош вазифалари ҳисобланади:

а) Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонунларига, амалдаги бож қонунчилигига риоя қилиниши, давлат солиқлари, тушумлар, божлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг (Ўзбекистон Республикасининг пул бирлигида ва хорижий валютада) ўз вақтида тўлиқ ва тўғри ҳисоблаб чиқилиши ва тўланиши устидан назоратни амалга ошириш;:

б) солиқлар ва бюджетга бошқа тўловларни тўловчиларни, солиқ солинувчи объектлар бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг тўлиқ ва ўз вақтида ҳисобга олинишини таъминлаш;

в) Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган солиқ ва бож сиёсатини амалга оширишда бевосита қатнашиш;

г) хўжалик юритувчи субъектлар - юридик ва жисмоний шахсларнинг молия-хўжалик фаолиятларнинг барча текширишлари ва тафтишларини мувофиқлаштириш;

д) солиқ ва божхона органларининг ваколатига тааллуқли бўлган қонун бузиш ҳоллари юзасидан суриштирувни амалга ошириш;

е) солиқ ва божхона органларининг хавфсизлигини, ушбу органлар ходимлари хизмат вазифаларини бажариш чоғида уларга нисбатан ғайри қонуний тажовузлар қилинишидан ҳимоялашни таъминлаш, бу фаолиятни ҳуқуқий муҳофаза қилиш органлари билан мувофиқлаштириш;

ж) амалдаги қонунларни бузиш ҳолларига доир материалларни, шунингдек, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш давлат солиқ ҳамда божхона органларининг ваколатлари доирасига кирмайдиган ҳолларда бундай ишларни тергов ва суд органларига ўтказиш;

з) юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ солиш, пошлиналар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириб олиш, шунингдек, бож қоидаларига риоя қилиш масалалари бўйича ариза ва шикоятларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш;

и) юридик ва жисмоний шахслар солиқлар, пошлиналар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш ва ўз вақтида тўлаш масалалари юзасидан мурожаат қилишганида уларга беғараз ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш, бюджет олдидаги мажбуриятларни бажариш тартиби ҳақида ахборотлар бериш.



III. ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Давлат солиқ қўмитаси зиммасига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги вазифаларни бажаради:

а) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри томонидан бюджетга солиқлар ва бошқа тўловларнинг келиб тушишини таъминлашга доир топшириқларнинг бажарилиши натижаларини таҳлил қилади ва Вазирлар Маҳкамасини хабардор этади;

б) бюджетга солиқлар, пошлиналар ва бошқа тўловларнинг келиб тушиши прогнозларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

в) хорижий инвесторларнинг инвестиция фаолиятларини солиқ ва бож йўли билан тартибга солишни амалга оширишга оид чора-тадбирларни ишлаб чиқишда қатнашади, хорижий давлатлар билан солиқ ҳамда бож сиёсатини мувофиқлаштириш масалалари бўйича ҳукуматлараро битимлар ва шартномаларни тайёрлаш ва тузишда иштирок этади; Ҳукуматнинг топшириғига биноан икки томонлама солиқ солишни бартараф қилиш юзасидан ҳукуматлараро битимларни тасдиқлайди ва имзолайди;

г) солиқлар ва солиқ тўловчиларини ҳисобга олишнинг ягона компьютер тизимини яратиш, солиқ ва божхона органларини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, хорижий солиқ ва божхона органлари билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширади;

д) ўзига бўйсунувчи солиқ ва божхона органларининг ўз вақтида ўтказилмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириб олиш, мусодара қилинган, эгаси бўлмаган, шунингдек, ворислик ҳуқуқи бўйича давлатга ўтган мол-мулкни ҳамда хазиналарни ҳисобга олиш, баҳолаш ва сотишга доир фаолиятини ташкил қилади;

е) Ўзбекистон Республикасининг бошқа вазирликлари ва идоралари билан биргаликда солиқлар, божлар ва бюджетга ҳамда бюджетдан ташқари жамғармаларга ўтказиладиган бошқа тўловлар ҳақидаги қонунларнинг қўлланиши масалаларига доир Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бажарилиши мажбурий бўлган йўриқномалар ва бошқа норматив ҳужжатларни белгиланган тартибда чиқаради;

ж) кўп меҳнат талаб қиладиган жараёнларни автоматлаштириш, солиқларга ва божхонага оид маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, ўтказиш ва сақлаш мақсадида солиқлар ҳамда бож тушумлари, барча солиқ тўловчилар - юридик ва жисмоний шахслар ҳақидаги маълумотларни ишлаб чиқиш бўйича ягона компьютер тизимини барпо этади ва ундан фойдаланади; Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг идентификация кодларининг Ягона реестрини шакллантиради ва юритади;

з) солиқларга бож қонунлари ҳақидаги маълумотларни нашр этиш, кўпайтириш ва ўз тасарруфидаги ташкилотлар ҳамда солиқ тўловчиларга етказиш, солиқ тўловчиларни солиқлар, пошлиналарни тўғри ҳисоблашга, ҳисоботлар ва баёнотларни тақдим қилишга ўргатиш, шунингдек, консультация хизматлари кўрсатиш мақсадида сервис-марказларини барпо этади ва уларнинг фаолиятини ташкил қилади;

и) солиқлар ва бож қонунларига оид норматив ҳужжатлар тўпламларими тайёрлайди ва нашр этади, ўз тасарруфидаги органларни қонунлар ва йўриқнома материаллари, солиқ тўловчиларни, солиқлар ва бюджетга ўтказиладиган бошқа тўловларни ҳисобга оладиган ҳужжат шакллари билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўради;

к) хўжалик юритувчи субъектлар - юридик ва жисмоний шахсларнинг молия-хўжалик фаолиятларнинг барча текширишлари ва тафтишларини мувофиқлаштиради;

л) фойдани (даромадни) ёки бошқа солиқ солинадиган объектларни атайлаб яшириш ҳолларини аниқлаш, солиқ ва бож қонунларини бузишда айбдор бўлган шахсларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида вилоятларнинг махсус тафтиш назорат бўлинмаларининг ишини ташкил этади ва уларга етакчилик қилади; иқтисодиёт соҳасидаги шу сингари ва бошқа жиноятларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш масалалари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан баҳамжиҳат ҳаракат қилади ва ахборот алмашиниб туради; солиқ ва бож қонунчилиги бузишлари ҳақидаги ахборотларни умумлаштиради ва таҳлил қилади, профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг махсус тафтиш-назорат бўлинмалари бевосита махсус тафтиш-назорат бошқармаси бошлиғи - Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосарига, ташкилий жиҳатдан эса - вилоят солиқ бошқармаси бошлиғига бўйсунадилар;

м) давлат солиқ ва божхона органларини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, материаллар ҳамда жиҳозлар учун ажратилган фондларнинг ижросини, уларни сақлаш ва улардан фойдаланишнинг тўғрилигини назорат қилишни амалга оширади, ортиқча ёки фойдаланилмаган материаллар ва маблағларни қайта тақсимлаш учун чора-тадбирлар кўради;

н) солиқ ва божхона органларига моддий ёрдам кўрсатиш ва уларни ривожлантириш бўйича махсус фондларнинг шакллантирилиши, тақсимланиши ва улардан фойдаланилишининг тўғрилигини назорат қилади;

о) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ ва божхона органларининг кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш соҳасидаги ишларини ташкил қилади, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширади, шу мақсадда солиқ ва божхона органлари кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус марказлар барпо этади;

п) солиқ ва божхона органлари ходимлари лавозимларининг малакаларга оид тавсифномаларини ишлаб чиқади, раҳбарлар ва мутахассисларни аттестациядан ўтказишни, уларга белгиланган тартибда махсус шахсий унвонлар беришни амалга оширади.



IV. ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва унга бўйсунувчи солиқ ҳамда божхона органлари зиммаларига юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида уларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

а) мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари ва идораларида, корхоналарида, шу жумладан, хорижий сармоялар иштирок этган корхоналарда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларда, шунингдек, алоҳида иш тартибига эга бўлган корхоналар ва ҳарбий қисмларда солиқлар, божхона божлари ва йиғимлар, шунингдек, бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга бошқа тўловларни ҳисоблаб чиқиш ҳамда тўлаш билан боғлиқ пул ҳужжатлари ва бухгалтерия ҳужжатларини, декларациялар ва бошқа ҳужжатларни текшириш, текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан зарур тушунтиришлар, маълумотнома ва маълумотларни олиш;

б) солиқ солиш мақсадида текширилаётган корхоналар, муассаса ва ташкилотлар, шу жумладан, банклар, суғурта, аудиторлик ташкилотлари ва фуқароларнинг фаолиятига доир зарур маълумотлар, маълумотномалар, ҳужжатлар ва уларнинг нусхаларини олиш;

в) корхоналар ва фуқаролардан фойда (даромад)ни ёки бошқа солиқ солинадиган объектларни яширганлиги (камайтириб кўрсатганлиги) ҳақида гувоҳлик берувчи ҳужжатларни, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тартибини бузаётган фуқаролардан эса - рухсатномалар (лицензиялар), патентлар ёки қайд гувоҳномаларини тортиб олиш;

г) тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликларни транспортда ташиш (халқаро транзитдан ташқари), сақлаш ва сотишда, шунингдек, уларни нолегал йўл билан тайёрлашда акциз маркалари билан маркаланмаган тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликларни мусодара қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

д) зарур бўлган ҳолларда кассаларни ва ҳужжатлар сақланадиган жойларни сурғучлаб қўйиш, хом ашё, ярим тайёр маҳсулотлар ва буюмларнинг намуналарини, шунингдек, ҳужжатларни олиб қўйиш ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ равишда уларни таҳлил қилиш, текшириш, экспертизадан ўтказиш учун юбориш;

е) қайси идорага қарашлилигидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарининг савдо қоидалари, белгиланган нархларга, товарларни бериш, хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя қилишига доир фаолиятини текшириш;

ж) ўз ваколатларини амалга ошириш вақтида корхоналар (шу жумладан, алоҳида иш тартибига эга бўлган корхоналар ва ҳарбий қисмлар), фуқаролар фойда (даромад) олиш учун фойдаланаётган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ишлаб чиқариш биноларини, омборларини, савдо ва бошқа иншоотларини, уларнинг қаерда жойлашганлигидан қатъи назар, қонунда белгиланган тартибда текшириб чиқиш;

з) барча корхоналар, муассаса ва ташкилотлар, шу жумладан, алоҳида иш тартибига эга бўлган корхоналар ва ҳарбий қисмлар, шунингдек, фуқаролар томонидан фойдаланилаётган ер майдонлари ва бошқа табиий ресурслар ҳажмларининг назорат ўлчовларини ўтказиш;

и) текширилаётган корхоналарнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахсларидан ҳамда фуқаролардан текширишда аниқланган Ўзбекистон Республикасининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, тадбиркорлик фаолияти, божга доир қонунларни бузиш ҳолларини бартараф этишни талаб қилиш, уларнинг бажарилишини назорат остига олиш;

к) ҳужжатлар асосида текшириш ўтказилишидан ёки давлат солиқ органларининг ходимларини даромад олиш учун фойдаланилаётган биноларни текширишга киритишдан бош тортган, давлат солиқ органларига ва уларнинг мансабдор шахсларига бухгалтерлик ҳисоботлари, баланслар, ҳисоб-китоблар, декларациялар, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш ва тўлаш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни бермаганлари (ёки беришдан бош тортганлари) тақдирда корхоналарнинг банклардаги, бошқа молия-кредит муассасаларидаги ҳисоб-китоб ва бошқа счётлари бўйича операцияларини тўхтатиб қўйиш;


л) корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан давлат бюджетига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ва улар бўйича боқимандаларни сўзсиз ундириб олиш;

м) фуқаролар, ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан солиқлар ва бошқа тўловлар бўйича боқимандаларни давлат фойдасига ундириб олиш тўғрисида тегишли судларга даъво аризаси бериш.

н) айрим ҳолларда ва белгиланган тартибда тегишли солиқ тўловлари учун маблағларни бевосита аҳолидан йиғиш;

о) солиқлар ва бож қонунларини такомиллаштириш тўғрисида Республика Ҳукуматига белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

п) зарур ҳолларда амалий ёрдам кўрсатиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш, статистика, банк ва бошқа органлар ходимларини, шунингдек, лойиҳа-қидирув ташкилотлари, илмий-тадқиқот институтлари ва аудиторлик хизматларини таклиф қилиш;

р) давлат ҳокимияти органларига қуйи ҳокимият органларининг республикадаги амал қилиб турган солиқ ва бож қонунларига зид бўлган қарорларини бекор қилиш тўғрисида таклифлар киритиш;

с) амалдаги қонунларга биноан солиқ ва бож қонунларини бузганлиги учун корхона ва шахсларга белгиланган тартибда молиявий санкциялар ва маъмурий жарималарни қўллаш;

т) қонунбузарлик бўйича солиқ ва божхона органларининг ваколати доирасида бўлган зарур оператив-қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноят белгилари топилганда Ўзбекистон Республикасининг жиноий ва жиноий-процессуал қонунлари нормаларини қўллаган ҳолда жиноий иш қўзғаб, суриштирув ишларини олиб бориш;

у) солиқ ва божхона органларининг махсус бўлинмалари ходимларига белгиланган табелга мувофиқ отиш қуроллари ва якка тартибда махсус ҳимояланишнинг техника воситаларини сақлаш, ёнида олиб юриш, шунингдек, қонунда белгиланган тартибда қўллаш ҳуқуқи берилади.


V. ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ ВА УНИНГ

БЎЛИНМАЛАРИ МАНСАБДОР ШАХСЛАРИНИНГ

МАСЪУЛИЯТИ


10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг мансабдор шахслари тижорат ва хизмат сирларини сақлашга мажбурдирлар.

Давлат солиқ ва божхона органларининг мансабдор шахслари солиқ ва бож қонунларига оғишмай риоя қилиш, мазкур Низомнинг талабларини бажаришга ёзма равишда мажбурият оладилар.


11. Давлат солиқ ва божхона органларининг мансабдор шахслари ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки тегишли равишда бажармаганлиги учун амалдаги қонунларга мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


12. Давлат солиқ ва божхона органлари томонидан нотўғри ундирилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар қайтарилиши ёки келгуси тўловлар ҳисобига ўтказилиши, мансабдор шахслар томонидан ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар оқибатида етказилган зарар эса Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган тартибда тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан қопланиши лозим.

Солиқ ва бож тўловлари қонунсиз равишда ундирилишига йўл қўйилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган тартибда интизомий ва моддий жавобгар бўладилар.



VI. ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ

ИШИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


13. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тайинланадиган Раис бошчилик қилади.


14. Давлат солиқ қўмитасининг раиси Давлат солиқ қўмитасига юклатилган топшириқ ва вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгардир, у ўз ўринбосарлари, қўмитанинг мустақил таркибий бўлинмалари, ўзига бўйсунувчи давлат солиқ ва божхона органлари бошлиқларининг жавобгарлик даражаларини белгилайди.


15. Давлат солиқ қўмитасининг раиси:

а) Давлат солиқ қўмитасининг фаолиятига раҳбарлик қилади;

б) ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президентнинг фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига асосланиб ва уларни бажариш юзасидан Давлат солиқ қўмитасининг тасарруфидаги органлар томонидан бажарилиши шарт бўлган буйруқ, йўриқнома, қоида, низомлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

в) Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган солиқ ва божхона органлари ходимлари сони ва улар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди доирасида марказий аппаратнинг штат жадвали ва унинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни, Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ Бош бошқармаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, Бош божхона бошқармасининг штат жадваллари ва низомларини тасдиқлайди;

г) Давлат солиқ қўмитасининг аппарати ходимларини барча даражадаги солиқ ва божхона органларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларини, Бош божхона бошқармасининг бўлим бошлиқларини лавозимга тайинлайди ва лавозимлардан озод қилади;

д) алоҳида хизмат кўрсатган ходимларни фахрий унвонларга ва Республика мукофотларига белгиланган тартибда тақдим этади, солиқ ва бошқа органлар ходимларига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган махсус унвонларни беради;

е) унга берилган ваколатлар доирасида бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.


16. Бош божхона бошқармасига Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари - бошлиқ бошчилик қилади.


17. Давлат солиқ қўмитасида раис ва лавозими бўйича раис ўринбосарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган бошқа раҳбар ходимлардан иборат таркибда ҳайъат тузилади.


18. Бош божхона бошқармаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари ўз таркибларида ҳайъат органлари - кенгашларга эга бўладир.


19. Давлат солиқ қўмитасида солиқлар ҳақидаги қонунларни қўлланиш юзасидан мураккаб ва мунозарали масалаларни ҳал қилиш бўйича қарорлар тайёрлаш, солиқ тўловчиларга юқори малакали маслаҳатлар бериш учун Маслаҳат-эксперт кенгаши тузилади. Унинг тўғрисидаги низом ва унинг таркиби Давлат солиқ қўмитаси Раиси томонидан тасдиқланади.


20. Давлат солиқ қўмитаси ўзининг матбуот органини таъсис этиш ва нашр қилиш ҳуқуқига эга.



VII. СОЛИҚ ВА БОЖХОНА ОРГАНЛАРИ

ХОДИМЛАРИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯЛАШ


21. Давлат солиқ ва божхона органларининг ходимлари ўз хизмат бурчларини адо этаётган пайтларида давлат ҳокимиятининг вакили ҳисобланадилар ва унинг ҳимоясида бўладилар.


22. Давлат солиқ ёки божхона органларининг ходимлари хизмат фаолиятини амалга оширишлари муносабати билан ҳалок бўлганлари тақдирда ҳалок бўлган ходимнинг оиласига Республика бюджети маблағларидан эллик ойлик иш ҳақи миқдорида бир йўла нафақа тўланиб, кейинчалик бу пул айбдор шахслардан ундириб олинади.

Давлат солиқ ёки божхона органларининг ходимларига касбий фаолият билан шуғулланишини истисно этадиган оғир тан жароҳатлари етказилган тақдирда уларга Республика бюджети маблағлари ҳисобидан йигирма беш ойлик иш ҳақи миқдорида бир йўла нафақа тўланиб, кейинчалик бу пул айбдор шахслардан ундириб олинади.

Давлат солиқ ва божхона органларининг ходимларига унча оғир бўлмаган тан жароҳати етказилган тақдирда Республика бюджети маблағларидан беш ойлик иш ҳақи миқдорида бир йўла нафақа тўланиб, кейинчалик бу пул айбдор шахслардан ундириб олинади.

Нафақа миқдори охирги ойлик маошидан нафақа тўланадиган кундаги иш ҳақининг индексацияси назарда тутилган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.


23. Давлат солиқ ёки божхона органларининг ходимлари хизмат фаолиятини амалга оширишлари муносабати билан уларнинг (ёки яқин қариндошларининг) мол-мулкига етказилган зарар республика бюджети маблағларидан тўла ҳажмда тўланиб, кейинчалик бу пул айбдор шахслардан ундириб олинади.



VIII. ДАВЛАТ СОЛИҚ ВА БОЖХОНА ОРГАНЛАРИ

МАНСАБДОР ШАХСЛАРИНИНГ ХАТТИ-ҲАРАКАТЛАРИ

УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ


24. Давлат солиқ ва божхона органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар қонунда белгиланган тартибда берилади ва кўриб чиқилади.