язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Кредитлаш/ Фуқароларга кредит бериш. Истеъмол кредити/ Тижорат банклари томонидан ёш оилаларга имтиёзли асосда кредитлар бериш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 18.07.2007 й. 1697-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 09.06.2007 й. 17/2-сон Қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 18 июлда 1697-сон

билан рўйхатга олинган

Марказий банки Бошқарувининг

2007 йил 9 июндаги

17/2-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Тижорат банклари томонидан ёш оилаларга

имтиёзли асосда кредитлар бериш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида", "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида", "Микромолиялаш тўғрисида", "Ипотека тўғрисида", "Истеъмол кредити тўғрисида"ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2007 йил 18 майдаги ПФ-3878-сон Фармонига мувофиқ, тижорат банклари томонидан ёш оилаларга имтиёзли шартлар асосида микрокредитлар, ипотека ва молиявий истеъмол кредитлари бериш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом мақсадларида қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


ёш оила - эр-хотиннинг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл);

имтиёзли давр - кредит бўйича асосий қарзни қайтариш муддати кечиктирилган давр;


микрокредит - ёш оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваридан ошмайдиган миқдорда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бериладиган пул маблағлари;

ипотека кредити - ёш оилаларга сотиб олинаётган кўчмас мулкни гаровга олиш орқали уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун бериладиган кредит;


1-1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги 250-сон "Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган "Ёшлар" уйларидаги квартираларни сотиб олишга ипотека кредитлари бериш бўйича муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Кредитлар тижорат банклари томонидан қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, мақсадли фойдаланиш ва муддатлилик шартлари асосида берилади.


3. Тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан ёш оилаларга кредитлар қуйидаги имтиёзли шартлар асосида берилади:

оилавий тадбиркорликни ташкил этиш учун микрокредитлар бўйича фоиз ставкаси Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан ортиқ бўлмаган миқдорда ўрнатилади;

ёш оилаларга бериладиган ипотека кредитлари уч йиллик имтиёзли давр билан фоиз ставкаси Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланади;

ёш оилаларга бериладиган молиявий истеъмол кредитлари олти ойлик имтиёзли давр билан фоиз ставкаси Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланади.

4. Имтиёзли давр ўрнатилган ҳолда берилган кредитлар асосий қарзни тўлаш бўйича имтиёзли давр тугагандан кейинги ойдан бошланади.

Имтиёзли давр кредит бўйича фоизлар ҳисоблаш ва ундиришга татбиқ этилмайди. Бунда фоизлар ёш оилага кредит бўйича қарздорликнинг амалдаги қолдиғига кунлик ҳисоблаб борилади ва ойда бир марта ундирилади.



II. ЁШ ОИЛАЛАРГА МИКРОКРЕДИТЛАРНИ

БЕРИШ ВА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


5. Ёш оилаларга микрокредитлар қуйидаги мақсадларга берилади:

оилавий тадбиркорликни ташкил этиш учун;

микрофирмалар, кичик корхоналар, оилавий корхоналар, фермер хўжаликлари, шунингдек юридик шахс мақомига эга бўлган деҳқон хўжаликлари дастлабки (бошланғич) сармоясини шакллантириш учун;

якка тартибдаги тадбиркорлик, микрофирмалар, кичик корхоналар, оилавий корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликларини кенгайтириш ва ривожлантириш учун.

6. Тижорат банклари томонидан ёш оилаларга микрокредитларнинг берилиши, мониторинги ва қайтарилиши Ўзбекистон Республикасининг "Микромолиялаш тўғрисида"ги Қонуни ва банкларнинг ички кредит сиёсатлари билан тартибга солинади.

8. Давлат мақсадли жамғармалари кредит линиялари ҳисобидан ёш оилаларга имтиёзли фоиз ставкалари бўйича микрокредитларнинг берилиши, мониторинги ва қайтарилиши "Тижорат банклари томонидан давлат мақсадли жамғармалари кредит линиялари ҳисобидан имтиёзли микрокредитлар бериш тартиби тўғрисидаги низом"га (рўйхат рақами 2527, 2013 йил 19 ноябрь)" асосан тартибга солинади.


III. УЙ-ЖОЙ ҚУРИШ, РЕКОНСТРУКЦИЯ

ҚИЛИШ ВА СОТИБ ОЛИШГА ИПОТЕКА

КРЕДИТЛАРИ БЕРИШ, МОНИТОРИНГ

ҚИЛИШ ВА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


9. Ипотека кредитлари ёш оилаларга қуйидаги мақсадлар учун берилади:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда келишилган якка тартибдаги ва намунавий лойиҳа асосида, қурилишнинг белгиланган нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда якка тартибда уй-жой қуришга ва реконструкция қилишга;

якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотиб олишга.


10. Тижорат банклари ёки бошқа кредит ташкилотлари томонидан ёш оилаларга ипотека кредитлари бериш, мониторинг қилиш ва қайтариш тартиби Ўзбекистон Республикасининг "Ипотека тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 3 январдаги 2-сон қарори билан тасдиқланган "Уй-жой қурилишига, уни реконструкция қилишга ва сотиб олишга ипотека кредити бериш тўғрисидаги низом" (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 йил, 1-2-сон, 9-модда) асосида, мазкур Низомда белгиланган хусусиятларни инобатга олган ҳолда тартибга солинади.


11. Ипотека кредитлари ёш оилаларга 15 йилдан кам бўлмаган муддатга берилади.

Бунда, ёш оилалар воситачилик ҳақини тўламасдан кредитни муддатидан олдин қайтариши ҳамда унга ҳисобланган фоизлар тўловини муддатидан олдин амалга ошириши мумкин.


12. Тижорат банклари томонидан ёш оилаларга бериладиган ипотека кредити кредит ресурслари манбасидан қатъи назар, қуйидаги миқдорларда берилади:

якка тартибдаги уй-жойни қурилиши ва сотиб олиш учун - қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 3000 бараваригача;

якка тартибдаги уй-жойни реконструкция қилиш, шунингдек кўп квартирали уйдаги квартирани сотиб олиш учун - қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 бараваригача.

13. Ёш оила аъзолари (эр ёки хотин)нинг иш берувчиси бўлган юридик шахслар ёш оила томонидан олинадиган уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва сотиб олишга ипотека кредити учун дастлабки бадални банкка ўтказишлари мумкин.

Бунда, бадал суммаси ёш оила аъзоси (эри ёки хотини)нинг қайси бири номига ипотека кредити расмийлаштириладиган бўлса, унинг номига банкда очилган жамғарма омонат ҳисобварағига иш берувчи томонидан ўтказилади.



IV. ЁШ ОИЛАЛАРГА МОЛИЯВИЙ ИСТЕЪМОЛ

КРЕДИТЛАРИ БЕРИШ, МОНИТОРИНГ

ҚИЛИШ ВА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


14. Тижорат банклари томонидан ёш оилаларга молиявий истеъмол кредитлари бериш, мониторинг қилиш ва қайтариш тартиби Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмол кредити тўғрисида"ги Қонуни билан ушбу Низомда белгиланган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда тартибга солинади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА

15. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 29-30-сон, 308-модда.