язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар/ Соғлиқни сақлаш/ Ўзбекистон Республикасининг 02.10.2007 й. ЎРҚ-118-сон "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 29.06.2007 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 24.08.2007 й. маъқулланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.10.2007 й.

N ЎРҚ-118



"ФУҚАРОЛАР СОҒЛИҒИНИ САҚЛАШ ТЎҒРИСИДА"ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА

ЎЗГАРТИШЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 29 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2007 йил 24 августда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 29 августда қабул қилинган "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги 265-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 9, 128-модда; 1999 йил, N 5, 124-модда; 2001 йил, N 5, 89-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 10, 536-модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:


1) 5-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

соғлиқни сақлаш ва тиббий суғуртанинг норматив базасини, тиббий ёрдам сифати ва ҳажми давлат стандартларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

барча тиббий муассасаларнинг фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши устидан назоратни амалга оширади;

фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасида мақсадли давлат дастурларини амалга оширади;

давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини ташкил этади;

тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини лицензиялашни белгиланган тартибда амалга оширади;

давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида тиббий хизматлар тарифлари даражасини тартибга солади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари ва препаратларини стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштиришни амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади";


2) 10-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари жумласига хусусий тиббиёт амалиёти ёки хусусий фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар, ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган даволаш-профилактика, дорихона муассасалари ҳамда тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар киради.

Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларига тааллуқли даволаш-профилактика муассасалари фуқароларнинг айрим гуруҳларига бепул тиббий хизмат кўрсатадилар. Бундай хизматларнинг ҳажми, рўйхати, уларни кўрсатиш тартиби ҳамда компенсацияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларида фақат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўлланилишига рухсат этилган профилактика, ташхис қўйиш ҳамда даволаш воситаларидан фойдаланилади.

Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари белгиланган тартибда тиббий ҳужжатларни юритиши ҳамда статистика маълумотларини тақдим этиши шарт";


3) 11-модда биринчи қисмининг ўзбекча матнидаги "табобат" деган сўз "тиббиёт" деган сўз билан алмаштирилсин;


4) 14-модданинг иккинчи қисмидаги "башарти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


5) 30-модданинг учинчи қисмидаги "давлат" деган сўз чиқариб ташлансин.


2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



"Халқ сўзи", 2007 йил 4 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 40-сон, 411-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2007 йил, 10-сон, 473-модда