язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Маданият/ "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасининг Низоми (ЎзР ВМ 26.06.2001 й. 272-сон қарорига 4-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил 26 июндаги

272-сон қарорига

4-ИЛОВА



"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасининг

НИЗОМИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси эстрада санъатини ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ижодий ишларни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимидаги ташкилот ҳисобланади.

1.2. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгашининг қарор ва тавсиялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг буйруқлари, йўриқномалари, кўрсатмаларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият кўрсатади, ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига ҳисобот беради.

1.3. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси юридик шахс ҳисобланади, банк муассасаларида миллий ва хорижий валютада ҳисоб рақамига эга бўлади, мулкка эгалик қилади, ўз номидан турли шартномалар, битимлар, шу жумладан, хорижий шериклар билан шартномалар, битимлар тузиши, мулкий, шахсий ҳамда мулкий бўлмаган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар олиши, суд ёки ҳакамлик судида даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.


1.4. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасининг манзили: Тошкент шаҳар, Навоий кўчаси, 2-уй. ("Туркистон" концерт саройи).



II. МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


2.1. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси республикада эстрада маданиятини юксалтириш, эстрада санъати намояндаларининг ижодий имкониятларини кенгайтириш, эстрада саҳналаридан фойдаланишни яхшилаш, маданий, ишлаб чиқариш, илмий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш учун куч ва маблағларни бирлаштириш мақсадида ташкил этилади.


2.2. Қуйидагилар "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

- Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши Низомида кўзда тутилган дастурий мақсадларни амалга ошириш, унинг тавсия ва қарорларини бажариш;

- эстрада санъатини ривожлантиришга қаратилган ташкилий-ижодий ишларни олиб бориш;

- вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалар фаолиятига раҳбарлик қилиш;

- эстрада жамоалари ва яккахон ижрочилар томонидан аҳолига маданий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш;

- эстрада санъатида янги истеъдодларнинг юзага чиқиши, ижодий жамоалар ва яккахон ижрочилар репертуарларини доимий равишда янгилаш ҳамда мукаммаллаштириш учун илғор иқтисодий-ижодий замини фаолиятини мувофиқлаштириш, бу соҳадаги бозорнинг талаб ва таклифларини ўрганиш;

- концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш хизмати кўрсатиш ҳуқуқи учун Ижодий кўмаклашиш вакиллари гуруҳи хулосалари асосида лицензиялар бериш;

- эстрада жамоаларининг моддий-ишлаб чиқариш базасини ривожлантириш, кенгайтириш, реконструкция қилиш ва техника билан қайта жиҳозлашга қаратилган ишларни амалга ошириш;

- хорижий фирмалар билан маданий, савдо-иқтисодий ва илмий- техник ҳамкорликни йўлга қўйиш;

- кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш ҳамда ривожлантириш;

- эстрада жамоалари ҳамда якка ижрочилар фаолиятининг самарадорлигини таъминловчи бошқарув тизимини яратиш, моддий рағбатлантиришнинг замонавий шакллари ва услубларини жорий этиш.



III. "ЎЗБЕКНАВО" ЭСТРАДА

БИРЛАШМАСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


3.1. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ўз вазифаларини амалга ошириш учун:

- Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан тасдиқлаган эстрада соҳасидаги концерт-томоша фаолиятининг республика ва халқаро дастурлари асосида шоу-дастурлар, дам олиш кечалари, фестиваллар, кўриклар, танловлар, байрамлар ва бошқа шу каби тадбирларни ўтказади;

- концерт-томоша хизмати кўрсатиш фаолиятини лицензиялашни амалга оширади;

- эстрада санъатини ривожлантириш, ижодий жамоалар, гуруҳлар ва яккахон ижрочиларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёш иқтидорларни тарбиялаш ва уларни рағбатлантириш чора-тадбирларини амалга оширади;

- маркетинг, менежмент, консалтинг, реклама соҳасида хизматлар кўрсатади;

- давлат буюртмаси асосида янги концерт дастурлари яратади;

- Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгашига Эстрада санъатини ривожлантириш жамғармаси раҳбарлигига Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан келишган ҳолда номзодлар тавсия этади;

- эстрада санъати соҳасида ахборотлар базасини яратади, мониторингни йўлга қўяди, хорижий ташкилотлар, вакилликлар ва фирмаларга республика эстрада бозори ҳақида маълумотлар ва реклама ахбороти тарқатади;

- грампластинкалар, аудио кассеталар ва лазерли дискларни ёзиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан эстрада жамоалари, яккахон ижрочилар ҳамда бошқа санъаткорларнинг қўшиғини ёзишда "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси томонидан концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилган лицензиянинг талаб қилинишини назорат қилади;

- юридик ва жисмоний шахслар концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензиясиз ушбу фаолият билан шуғулланаётгани аниқланган тақдирда тегишли чоралар кўриш учун ваколатли органларга таклиф киритади;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида концерт-томоша фаолиятини мувофиқлаштиради ва концерт дастурларини белгиланган тартибда бадиий экспертизадан ўтказиб, бир маротабалик гастроль-концерт гувоҳномасини беради;

- концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияга эга бўлмаган эстрада жамоалари, яккахон ижрочилар ҳамда бошқа санъаткорларнинг ижросидаги қўшиқлар ва уларга ишланган мусиқий клипларни телевидение ва радио каналлари орқали узатилишининг олдини олиш чораларини кўради.


IV. "ЎЗБЕКНАВО" ЭСТРАДА

БИРЛАШМАСИНИНГ МАБЛАҒЛАРИ


4.1. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасининг маблағлари Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши ҳузуридаги Эстрада санъатини ривожлантириш жамғармаси ажратмалари ва давлат улушларидан ташкил топади.


4.2. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси бюджети Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан тасдиқланади ва Эстрада санъатини ривожлантириш жамғармаси томонидан молиявий таьминланади.

4.3. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ўзига тегишли бўлган мол-мулк ва маблағлардан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасдиқлайдиган дастурлар, сарф-харажатлар сметаси асосида фойдаланади. Ўз мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, республика ва унинг ташқарисида ҳар қандай кўчар ва кўчмас мулкни қуриши, реконструкция қилиши, сотиб олиши, ажратиши, ижарага олиши ва ижарага бериши, қонунга хилоф бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириши мумкин.

4.4. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси мустақил ва йиғма балансларга эга бўлади. Бирлашманинг мол-мулки мустақил балансда акс эттирилади.


4.5. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси давлат корхоналари учун белгиланадиган қоидалар бўйича бухгалтерлик ҳисобини ташкил этади.



V. "ЎЗБЕКНАВО" ЭСТРАДА

БИРЛАШМАСИНИ БОШҚАРИШ


5.1. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси фаолиятига бош директор раҳбарлик қилади.

5.2. Бош директор раҳбарлигидаги "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасининг ишчи аппарати унинг ижро этувчи ва тасарруф қилувчи органи ҳисобланади.


5.3. Бирлашма бош директори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

5.4. Бирлашма бош директори Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгашининг аъзоси ва Кенгаш раисининг ўринбосари ҳисобланади.


5.5. Бирлашма бош директорининг ўринбосари бош директорнинг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

5.6. Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгашининг масъул котиби лавозимига кўра "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси бош директори ўринбосари ҳисобланади ва бирлашма ишчи аппарати штатлар рўйхати асосида маош билан таъминланади.


5.7. Бош директор ишчи аппарат ходимларини амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мустақил равишда ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади.



VI. "ЎЗБЕКНАВО" ЭСТРАДА

БИРЛАШМАСИНИНГ ТУГАТИЛИШИ


6.1. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил қилинади ёки тугатилади.