язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар/ Бюджетдан ташқари ва бошқа фондлар/ Бошқа давлат фондлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.10.2007 й. ПФ-3932-сон "Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

29.10.2007 й.

N ПФ-3932



ЕРЛАРНИНГ МЕЛИОРАТИВ

ҲОЛАТИНИ ЯХШИЛАШ ТИЗИМИНИ

ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, фермер хўжаликларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини барпо этиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар қишлоқда ҳақиқий мулкдорлар синфини шакллантириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ҳамда қишлоқ аҳолисининг даромадларини кўпайтириш имконини берди.

Шу билан бирга, суғориладиган ерларнинг ҳозирги мелиоратив ҳолати қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини янада ўстиришга ва қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг даромадларини оширишга тўғаноқ бўлмоқда. Мелиорация соҳасидаги тадбирларнинг лойиҳаларини, шунингдек уларни молиялаштиришнинг аниқ манбаларини шакллантиришда тизимли равишда комплекс ёндошилмаётганлиги, сув хўжалиги тузилмалари ва сувдан фойдаланувчилар уюшмаларининг суст ишлаши кейинги йилларда мелиорация ишлари ҳажмларининг камайишига, сизот сувларнинг даражаси кўтарилишига ва минераллашуви ошиб кетишига олиб келди.

Бунинг оқибатида ҳозирги вақтда суғориладиган ерларнинг ярмидан кўпроғини турли даражада шўр босган, айни вақтда фермер хўжаликларига қарашли суғориладиган ерларнинг 16 фоизидан ортиғи қониқарсиз ҳолатдадир.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада барқарор ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, уларнинг унумдорлигини ошириш ва шу асосда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини кўпайтириш, шунингдек мелиорация ишларини ташкил қилиш ва молиялаштириш механизмини такомиллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида:


1. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилаш 2008-2012 йиллар даврида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг қуйидагиларни назарда тутувчи энг муҳим устувор вазифалари этиб белгилансин:

мелиорация ишларининг буюртмачилари ва ижрочилари ўртасида вазифаларни қатъий тақсимлаш ҳамда уларнинг жавобгарлигини ошириш асосида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурларини шакллантириш ва амалга оширишга ёндошувларни тубдан ўзгартириш;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича ишларни молиялаштиришнинг ишончли механизмини таъминлаш;

мелиорация шоҳобчаларининг самарали ишлашини, дренаж ва оқава сувларнинг коллектор-дренаж тармоғи орқали нормативга мувофиқ чиқарилишини таъминлайдиган ушбу шохобчаларни сақлаш механизмини сифат жиҳатидан такомиллаштириш;

лизинг операцияларини кенг жорий этиш йўли билан сув хўжалиги ташкилотлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мелиорация техникаси саройини янгилаш.

2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Фермер хўжаликлари уюшмасининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси тузилмасини, унинг Кенгаши таркибини, шунингдек унинг ижро этувчи органи - Жамғармани бошқариш Департаменти тузилмасини тасдиқласин.

Қуйидагилар мазкур Жамғарманинг асосий вазифалари деб ҳисоблансин:

бюджет ва бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан мелиорация ишларини ўтказиш учун мўлжалланган маблағларни тўла ҳажмда Жамғарма ҳисобварағида жамлаш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳамда ихтисослаштирилган ташкилотлар билан биргалиқда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашнинг узоқ муддатли ва ўрта муддатли Давлат дастурларини ишлаб чиқиш;

тасдиқланган дастурларга мувофиқ мелиорация ишларини, магистрал (вилоятлараро), туманлараро ва хўжаликлараро коллектор-дренаж тармоқларини мукаммал таъмирлаш ва тиклаш мақсадида жорий таъмирлаш ишларини ташкил қилиш ҳамда тизимли асосда аниқ, мақсадли молиялаштириш;

ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳисобига уларнинг унумдорлигини ошириш борасидаги ишларни молиялаштириш йўли билан қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига давлат мададини кўрсатиш;

мелиоратив ва бошқа техника, машина, ускуна ва бошқа механизациялаш воситаларини, шу жумладан, лизинг шартларида сотиб олиш учун қайтариб бериш шарти билан маблағлар ажратиш йўли билан мелиорация ва сув хўжалигига оид бошқа ишларни бажаришга ихтисослаштирилган қурилиш ташкилотлари, сув хўжалигидан фойдаланувчи ташкилотлар, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари, шунингдек бошқа ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

Жамғарманинг ажратиб берилган молиявий маблағларидан мақсадли, аниқ ва самарали фойдаланилиши устидан доимий асосда мониторингни амалга ошириб бориш.

3. Қуйидагилар Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини шакллантиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг ҳар йили тасдиқланадиган асосий параметрлари доирасида қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланадиган ягона ер солиғи тушумларига тенг келадиган бюджет маблағлари;

мақсадли бюджет маблағлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий банкларнинг имтиёзли кредитлари;

маҳаллий ва хорижий грантлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар.

4. Белгилансинки, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағларидан фақат қуйидаги мақсадларга:

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурлари доирасида магистрал (вилоятлараро), туманлараро, хўжаликлараро очиқ коллекторлар ва улардаги иншоотларни, ёпиқ горизонтал дренаж тармоқларини, вертикал дренаж қудуқларини, мелиоратив насос станциялар ҳамда кузатув тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тозалаш;

ихтисослаштирилган лойиҳа ташкилотлари томонидан суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастурига киритиладиган лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган лойиҳа-қидирув ҳужжатларини ишлаб чиқишга;

мелиорация ва сув хўжалигига оид бошқа ишларни бажаришга ихтисослаштирилган қурилиш ташкилотлари, сув хўжалигидан фойдаланувчи ташкилотлар, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари, шунингдек бошқа ташкилотларнинг мелиоратив ва бошқа техника, машина, ускуна ва бошқа механизациялаш воситалари паркини янгилашга маблағни қайтариб бериш шарти билан, шу жумладан узоқ муддатли имтиёзли лизинг шартларида молиялаштириш тадбирларига;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастурларида назарда тутилган бошқа ишларга йўналтирилган ҳолда фойдаланилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2007 йилнинг 15 ноябригача бўлган муддатда 2008 йилда биринчи навбатда реконструкция қилинадиган ва қуриладиган объектларни белгилаб берган ҳолда 2008-2012 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастурини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2008 йилнинг 1 январигача ихтисослаштирилган қурилиш ва эксплуатация ташкилотлари, сувдан фойдаланувчилар уюшмаларини мелиорация техникаси билан таъминлаш бўйича ихтисослаштирилган лизинг компаниясини ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрсин.

7. Қуйидагилар:

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси - барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашдан, ягона ижтимоий тўлов, шунингдек божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно;

2008-2022 йиллар мобайнида жамғарма маблағлари ҳисобидан суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича пудрат ва бошқа хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган ишлар ва хизматлар - қўшилган қиймат солиғи тўлашдан;

ташкил этиладиган ихтисослаштирилган лизинг компанияси ўн йил муддатга - бўшайдиган маблағларни мелиорация техникаси етказиб берилишини молиялаштириш манбаларини тўлдиришга мақсадли йўналтирилган ҳолда умумдавлат ва маҳаллий солиқлар тўлашдан, шунингдек сотиб олинадиган мелиорация техникаси учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилсин;

2013-2017 йиллар мобайнида "Мелиомашлизингсервис" МЧЖ Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган мелиоратив ва бошқа техника, машина, ускуна ва бошқа механизациялаш воситаларига техник ҳамда сервис хизмати кўрсатиш учун харид қилинадиган товарлар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар учун бож тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади.

8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 44-сон, 440-модда