язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адлия органлари/ Ижро йиғимини ундириш ва фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 01.11.2007 й. ПҚ-722-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2007 йил 1 ноябрдаги

ПҚ-722-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ижро йиғимини ундириш ва фойдаланиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ижро йиғими маблағларини ундириш, ўтказиш ва фойдаланиш тартибини белгилаб беради.


2. Мазкур Низомда мулкий характерга эга бўлган ижро ҳужжатлари дейилганда қарздор томонидан ундирувчига, давлат фойдасига ёхуд бошқа шахсга муайян пул маблағларини тўлашни назарда тутувчи суд ҳужжатлари ёки бошқа органлар ҳужжатлари тушунилади.

Мулкий характерга эга бўлмаган ижро ҳужжатлари дейилганда қарздорга муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки уларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатлари ёки бошқа органлар ҳужжатлари тушунилади.



II. ИЖРО ЙИҒИМИНИ

УНДИРИШ ТАРТИБИ


3. Суд ижрочиси томонидан ижро ҳужжатини мажбурий ижро этиш чоралари қўлланилганда қарздордан қуйидаги миқдорларда ижро йиғими ундирилади:

мулкий характерга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича - жисмоний шахсдан ундирилаётган сумманинг 1 фоизи миқдорида, юридик шахсдан 2 фоизи миқдорида (мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш жараёнида мол-мулк ундирувчига топширилган тақдирда - ушбу мол-мулкнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда);

мулкий характерга эга бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича - жисмоний шахсдан энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида, юридик шахсдан энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида.


4. Ижро ҳужжатини ихтиёрий равишда ижро этиш муддати тугаганидан кейинги кунда суд ижрочиси томонидан чиқарилган қарор ижро йиғимини ундириш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Ижро йиғимини ундириш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ алоҳида ижро иши юритуви қўзғатилмасдан мажбурий ижро этилиши лозим.


5. Ижро йиғими қарздордан ижро ҳужжатида кўрсатилган ундирув суммасига қўшимча равишда ундирилади. Бунда, ундирув:

мулкий характерга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича - қарздордан ундирилган пул суммаси ёхуд ундирувчига топширилган, қонунда белгиланган муддатда сотилмаган мол-мулк қийматига мутаносиб равишда;

мулкий характерга эга бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича - мажбурий ижро этиш бўйича чоралар қўллашни бошлаш билан бир вақтда амалга оширилади.

Бир нечта талаблар (ижро ҳужжатлари) бўйича қарздордан ундириладиган ижро йиғимлари Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунининг 80-моддасида белгиланган тартибда тегишли талабнинг қаноатлантириш навбатига кўра ундирилади. Бунда, мулкий характерга эга бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича қарздордан ундириладиган ижро йиғимлари, шунингдек мулкий характерга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича қонунда белгиланган муддатда реализация қилинмаган мол-мулкни ундирувчига топшириш ҳолатлари биринчи навбатда қаноатлантириладиган талабларга тенглаштирилади. Мазкур хатбоши билан белгиланган қоидалар қарздорнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини ҳисобдан чиқариш навбатларини белгилаш вақтида ҳам татбиқ этилади.


6. Ижро йиғими:

бюджет ташкилотларидан пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни ундириш. Бунда, ташкилотнинг бюджет ташкилоти деб топилишини тасдиқловчи ҳужжат қарздор томонидан суд ижрочисига тақдим қилинадиган мазкур ташкилотнинг харажатлар сметасини рўйхатга олган тегишли молия органининг хати ҳисобланади;

даврий тўловларни (алимент ундириш ҳақидаги, майиб бўлиш ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлиги, шунингдек боқувчининг ўлими натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги ва бошқа ишлар бўйича) ундириш бўйича.

Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунининг 52 ва 69-моддаларига мувофиқ ижро йиғими ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган пул суммасидан, шунингдек мол-мулклардан ундирилмайди.


7. Ижро йиғими ундириш тўғрисидаги қарорларнинг ҳисобини юритиш ва уларнинг ундирилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



III. ИЖРО ЙИҒИМИ МАБЛАҒЛАРИНИ

ЎТКАЗИШ ВА ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


8. Ундириб олинган пайтдан бошлаб икки банк куни мобайнида ижро йиғими маблағларининг 20 фоизи белгиланган тартибда республика бюджети даромадига, ушбу маблағларнинг 80 фоизи эса Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма)га ўтказилади.

Кўрсатиб ўтилган маблағларнинг, шунингдек суд ижрочилари томонидан ундириладиган жарималар, мол-мулкни сотиш ёки баҳолаш бўйича ўзининг шартномавий мажбуриятларини бажармаган (лозим даражада бажармаган) баҳоловчи, ихтисослаштирилган савдо ва риэлторлик ташкилотлари, бошқа шахслардан ундириладиган жарималар ва пеняларнинг келиб тушиши ва фойдаланилишини ҳисобга олиш Жамғарманинг бошқа манбаларидан алоҳида юритилади.

Юқорида кўрсатилган ва белгиланган миқдорларда Жамғармага ўтказилган маблағлар қуйидаги мақсадларда ишлатилади:

Суд департаментининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

устамалар, мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмати учун қўшимча тўловлар тўлашга, Суд департаментининг қўшимча ходимларини сақлаб туриш;

Суд департаменти ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш;

кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш;

Суд департаментининг ижро иши юритувини ва фаолиятини такомиллаштириш бўйича бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш.


9. Суд департаментининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш қуйидагиларни назарда тутади:

Суд департаменти, унинг ҳудудий бошқармалари ва суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимларининг бино ва хоналарини қуриш, сотиб олиш, капитал ва жорий таъмирлаш;

уларни зарур инвентарлар, жиҳозлар, компьютер техникаси ва бошқа замонавий оргтехника ҳамда транспорт воситалари билан таъминлаш;

техника ва автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш;

зарур адабиётлар ва босма нашрлар билан таъминлаш;

Суд департаментида ягона ахборот-компьютер тармоғини барпо этиш, уни модернизациялаш ва фойдаланиш бўйича харажатлар;

Суд департаменти тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича бошқа тадбирлар.


10. Маблағларни сарфлаш Жамғарма Кузатувчи кенгаши томонидан ҳар йили тасдиқланадиган Мақсадли дастурга мувофиқ амалга оширилади.


11. Мақсадли дастурга киритиш учун Жамғарма Кузатувчи кенгашига:

Суд департаменти ҳудудий бошқармалари бошлиқлари томонидан - ҳудудий бошқармалар ва тегишли ҳудуддаги суд ижрочилари бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш қисмига оид;

Суд департаменти директори томонидан - Суд департаментининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича марказлашган чора-тадбирларни ўтказиш қисмига оид талабномалар берилади.


12. Мақсадли дастурга киритиш учун талабномалар Жамғарма Кузатувчи кенгаши томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


13. Жамғарма Кузатувчи кенгаши ҳар йили кейинги йилнинг 15 январига қадар келиб тушган талабномаларни кўриб чиқади ва киритилган таклифларни Мақсадли дастурга киритиш (ёки рад этиш) ҳақида қарор қабул қилади.

Талабномаларни кўриб чиқиш ва уларни Мақсадли дастурга киритиш ижро йиғими маблағларининг ва Суд департаменти органлари томонидан Жамғармага ундирилаётган бошқа маблағларнинг келиб тушиш прогнози асосида амалга оширилади.

14. Жамғарма Кузатувчи кенгаши ўзининг ҳар чораклик йиғилишларида Мақсадли дастурнинг бажарилишини мониторинг қилиб боради.

Мониторинг натижалари бўйича, шунингдек Суд департаменти ва ҳудудий бошқармаларнинг мурожаатларига мувофиқ Жамғарма Кузатувчи кенгаши тасдиқланган Мақсадли дастурга маблағларнинг мақбул равишда тақсимланишига ва кўзда тутилган тадбирларнинг тўлиқ бажарилишига қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.


15. Суд департаменти ходимларини моддий рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



IV. ИЖРО ЙИҒИМИНИ

ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


16. Ижро йиғимини қайтариш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

қарздорнинг аризасига асосан, асос сифатида ижро ҳужжати берилган суд қарори ёки бошқа орган қарорининг ёхуд қонун бўйича ижро ҳужжати ҳисобланадиган бошқа ҳужжатнинг бекор қилиниши;

қарздор ёки ундирувчининг аризасига асосан, асос сифатида ижро ҳужжати берилган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатларининг ўзгартирилиши, агар ушбу ўзгартириш натижасида тўланган ижро йиғими миқдорини қайтадан кўриб чиқиш лозим бўлса;

қарздор ёки ижро йиғими ундирилган бошқа шахснинг аризасига ёхуд суд ижрочисининг ташаббусига асосан, ижро йиғими миқдорини нотўғри ёки ортиқча ўтказилганлиги;

суд ҳужжатларига асосан қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда;

Ижро йиғимини қайтариш ҳақидаги ариза ушбу бандда кўрсатилган ҳолатлар юзага келганидан кейин уч йилдан кечиктирмасдан берилади.


17. Ундирилган ижро йиғими миқдорини қайтариш учун ижро йиғимини тўлаган шахс мажбурий ижро ҳаракати ким томонидан амалга оширилганидан келиб чиқиб, Суд департаментининг марказий аппаратига ёки тегишли ҳудудий бошқармага ариза билан мурожаат қилади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

суд қарори ёки бошқа орган қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақидаги ҳужжатнинг тасдиқланган нусхаси - ижро йиғими мазкур Низом 16-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича қайтарилганда;

ижро йиғими миқдори нотўғри ёки ортиқча ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳисоб-китоб ҳужжати ёки бошқа ҳужжат - ижро йиғими мазкур Низом 16-бандининг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган асос бўйича қайтарилганда;

суднинг қонуний кучга кирган қарорининг тасдиқланган нусхаси - ижро йиғими мазкур Низомнинг 16-банди бешинчи хатбошисида назарда тутилган асослар бўйича қайтарилганда.


18. Ижро йиғимини қайтариш тўғрисидаги ариза Суд департаментининг тегишли ҳудудий бошқармаси ёки марказий аппарати томонидан кўриб чиқилади ва ариза берилган кундан эътиборан беш кунлик муддат ичида ижро йиғимини қайтариш ёки қайтаришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади, қабул қилинган қарор ҳақида ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади.

Ижро йиғимини қайтариш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан бошлаб узоғи билан икки кун ичида қайтариш учун Жамғарманинг Ижро этувчи дирекциясига юборилади. Ижро йиғимини қайтариш Ижро этувчи дирекция томонидан қарор олинган кундан бошлаб беш банк куни давомида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

19. Ижро йиғимини қайтариш ёки кайтаришни рад этиш тўғрисида қарор устидан белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш мумкин.



V. ИЖРО ЙИҒИМИ МАБЛАҒЛАРИНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


20. Ижро йиғими маблағларининг келиб тушиши ва сарфланишини ҳисобга олиш Жамғарма учун белгилаб қўйилган тартибда Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси томонидан олиб борилади.


21. Ижро йиғими маблағлари тўғри ва ўз вақтида тақсимланишини, шунингдек улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 45-сон, 451-модда.