язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Пахтачилик/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.11.2007 й. ПҚ-733-сон "Пахта толасини республиканинг ички истеъмолчиларига сотишни такомиллаштириш ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

21.11.2007 й.

N ПҚ-733



ПАХТА ТОЛАСИНИ РЕСПУБЛИКАНИНГ

ИЧКИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИГА СОТИШНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ТЎҚИМАЧИЛИК

САНОАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Пахта толасининг юқори ликвидли ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек сифатли, экспортга йўналтирилган, халқаро стандартларга жавоб берадиган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида:


1. Белгилансинки, пахта толаси уни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдолари орқали миллий валютада, "Давлат белгиси" ДИЧБ, "Ўзпахтасаноат" АЖ ва Ўзбекистон кўрлар жамияти корхоналари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси муассасаларига технологик эҳтиёж ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари доирасида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича реализация қилинади.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 25 мартдаги 141-сонли қарори 5-бандида назарда тутилган, "Ўзбекенгилсаноат" ДАК корхоналарига ички бозорда ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотларини (калава, газмол, трикотаж полотно ва пахтани йигириш чиқиндиларини) шартнома тузиш пайтида таркиб топган жаҳон нархларидан паст бўлмаган нархларда эркин муомаладаги валютага (қўшилган қиймат солиғи нулинчи ставка бўйича қўшиб ҳисобланган ҳолда) сотиб олишга рухсат бериш бўйича имтиёзлар муддати 2011 йилнинг 1 январигача узайтирилсин, бунда ушбу ярим тайёр маҳсулотлардан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг камида 80 фоизи экспортга йўналтирилиши назарда тутилсин.

3. Белгилансинки, республиканинг:

умумий реализация ҳажмида 80 фоиз ва ундан ортиқ фоиз тайёр тўқимачилик маҳсулотини;

умумий реализация ҳажмида 40 фоиз ва ундан ортиқ фоиз тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотларини (калава ип, газлама, трикотаж полотно) эркин муомаладаги валютага сотувчи тўқимачилик саноати корхоналари мол-мулк солиғи тўлашдан 2020 йилнинг 1 январигача бўлган даврга озод қилинади.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                            И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 46-47-сон, 467-модда