язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Прокуратура/ Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.07.2001 й. 291-сон қарорига 6-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил  6 июлдаги

291-сон қарорига

6-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси

ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга

ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши

курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига (кейинги ўринларда "Департамент" деб юритилади) қабул қилиш тартиби ва хизматни ўташ шарт-шароитларини, Департамент ходимларига даражали унвонлар бериш ва улардан маҳрум қилиш, уларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тартибини белгилайди.

Департамент органларида хизматни ўташ, Департамент органлари ходимларига даражали унвонлар бериш ҳамда улардан маҳрум этиш, уларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортишнинг ҳуқуқий асосларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Прокуратура тўғрисида"ги Қонуни, мазкур Низом, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари ташкил қилади.

Ушбу Низомнинг амал қилиши Департаментнинг даражали унвонларга эга бўлган барча ходимларига, шунингдек синов муддатини ўтаётган шахсларга татбиқ этилади.

Департаментда хизмат қилиш қонунийлик, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ва уларга риоя этиш, ошкоралик, назорат қилиниш ва ҳисобот бериш тамойилларига мувофиқ қурилади.


2. Департамент ходимларига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура томонидан белгиланган шакл бўйича ва тартибда хизмат гувоҳномалари берилади.

Гувоҳнома лавозимга тайинлаш тўғрисидаги тегишли буйруқ чиқарилгандан кейин прокуратура органи ёки Департамент раҳбарининг, ёхуд уларнинг ўринбосарларининг имзоси қўйилган ҳолда берилади.

Департамент бошлиғига хизмат гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.

Департамент ходими гувоҳномадан эгаллаб турган лавозимда хизматни ўташнинг бутун муддати мобайнида фойдаланади. Лавозим ёки даражали унвон ўзгарган тақдирда ходимга янги гувоҳнома берилади.

Гувоҳноманинг Департамент ходимининг айби билан йўқотилиши лавозимдаги ножўя хатти-ҳаракат ҳисобланади ва интизомий жавобгарликни келтириб чиқаради. Гувоҳнома йўқотилишининг ҳар бир ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказилади.



II. ДЕПАРТАМЕНТГА ХИЗМАТГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УНИ ЎТАШ


3. Департаментда хизмат қилиш учун олий юридик, иқтисодий, ахборот технологиялари маълумотига эга бўлган ҳамда соғлиғига кўра хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган зарур касб-кор ва маънавий фазилатларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинадилар.

Департамент органларига хизматга қабул қилишда номзодларнинг ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиш мақсадида текшириш ҳамда махсус комиссия томонидан билим савияси, зарур касб малакаси ва ишчанлик қобилиятини аниқлашга қаратилган мажбурий суҳбат ўтказилади.

Департамент органларига хизматга қабул қилишда зиммаларига юкланадиган хизмат вазифаларини бажаришга соғлиғи имкон беришини аниқлаш мақсадида номзодлар мажбурий тартибда тиббий кўрикдан ўтказилади.

Департаментда хизматни ўташнинг ички тартиби Департамент бошлиғи томонидан тасдиқланади.


4. Департаментга биринчи марта хизматга кирувчи шахслар учун 3 ойгача бўлган синов муддати белгиланади.

Синов муддати вақти кўп йиллик хизмати учун фоиз устамаси тўлаш ва пенсия тайинлаш ҳуқуқини берувчи Департаментдаги иш стажига қўшилади.

Синов муддатини ўтаётган шахслар:

агар уларнинг қўйилаётган талабларга номувофиқлиги аниқланса Департамент бўлинмалари раҳбариятининг ташаббуси билан;

хизматга кирган шахснинг ташаббуси билан (ўз хоҳишига кўра, оилавий шароитлар бўйича ва бошқа узрли сабабларга кўра) Департаментдан хизматдан бўшатилиши мумкин.


5. Департамент ходимини хизматга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки Департамент бошлиғининг ваколатлари доирасида уларнинг буйруқлари билан расмийлаштирилади. Департаментнинг ҳудудий бошқармаларида ёрдамчи шахслар ва техник ходимларни хизматга қабул қилишни ушбу бошқармалар бошлиқлари амалга оширадилар.

Хизматга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ ходимга имзо қўйдириб эълон қилинади.


6. Агар шахс:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;

суднинг қарори билан ҳуқуқий лаёқатсиз ёки ҳуқуқий лаёқати чекланган деб эътироф этилган бўлса;

судланган бўлса;

ножўя хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суд ёки бошқа давлат органларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан бўшатилган шахслар бўлса Департаментга хизматга қабул қилиниши мумкин эмас.

Департамент органларига хизматга қабул қилинганда Департамент органлари ходимлари ўз ваколатлари даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб турадилар.


7. Прокуратура органларида ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган Департамент органлари ходимларининг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, биргаликда хизмат қилишлари тақиқланади.


8. Департаментнинг аттестациядан ўтказилган ходимларига даражали унвонлар берилади. Даражали унвонлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.


9. Департамент органлари ходимлари ҳақ тўланадиган фаолиятнинг бирор-бир тури билан шуғулланиши мумкин эмас. Илмий, ўқитувчилик ва ижодий фаолият билан улар фақат асосий иш вақтидан бўш пайтда шуғулланишлари мумкин.


10. Департамент ходимлари лавозимлари рўйхати Департамент бошлиғи томонидан тасдиқланадиган штат жадвали билан белгиланади.

Департамент органлари фаолиятининг ички тизимли ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан тасдиқланадиган Департамент Регламенти ҳамда Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг Намунавий регламенти билан белгиланади.


11. Департамент ходими мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ қасамёд қабул қилади. Қасамёд Департаментнинг раҳбарлари ва мансабдор шахслари ҳозирлигида тантанали вазиятда қабул қилинади.

Қасамёд якка тартибда қабул қилинади. Қасамёд қабул қилувчи шахс қасамёд матнини овоз чиқариб ўқийди ва унга имзо чекади.

Қасамёд матни ёзилган варақ имзоланиб ходимнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдида сақланади.


12. Департамент органларининг ходимлари хизматни ўташ даврида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан тасдиқланадиган Департамент органлари ходимининг касб одобномасига риоя қилишлари шарт.

Департамент органлари ходимининг касб одобномаси талабларини бузиш қонунчиликда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради. Қайд этилган қоидалар бузилишининг ҳар бир ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказилади.

Хизмат текшируви ўтказилиши даврида Департамент ходими вақтинчалик, лекин бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга хизмат вазифаларини бажаришдан озод қилиниши мумкин.

Хизмат текшируви ўтказиш ва Департамент ходимини вақтинчалик хизмат вазифаларини бажаришдан озод қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан белгиланади.


13. Департамент органлари ходимларининг хизмат поғоналарида юқорилаб бориши уларнинг ишчанлик ва шахсий сифатлари, топширилган соҳада эришган натижалари ва профессионал тайёргарлигига мувофиқ равишда амалга оширилади. Бунда ходимнинг юқори лавозимга тайинланишга розилиги талаб қилинмайди.


14. Порахўрлик ва бошқа суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик, ходимнинг шахсий ва ишчанлик фазилатларини, унинг фаолияти самарадорлигини мунтазам ўрганиш, шунингдек Департамент органлари фаолиятининг турли йўналишларида малака ва иш тажрибасига эга бўлган кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ходимларнинг лавозимларини ўзгартириш (ротация) ўтказилади.

Департамент ходимларини ротация қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғи билан белгиланади.


15. Департамент ходимининг эгаллаб турган лавозимига хизмат бўйича мувофиқлигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғи билан белгиланган тартибда ва муддатларда аттестация ўтказилади.

Аттестация ўтказишда аттестациядан ўтказилаётган мансабдор шахснинг касб-кор бўйича яроқлилиги ва эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги, шунингдек унинг бундан буён хизмат қилишига ва даражали унвон беришга доир таклифлар кўриб чиқилади.

Лавозимига Бош прокурорнинг буйруқлари билан тайинланадиган ходимлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳузуридаги махсус инспекция томонидан, Департамент бошлиғининг буйруқлари билан лавозимга тайинланадиган ходимлар эса - Департаментнинг аттестация комиссияси томонидан аттестациядан ўтказилади.



III. ДАРАЖАЛИ УНВОНЛАР


16. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу Низом Департамент ходимларига даражали унвонлар белгилаш ва бериш тартибини белгилаб беради.


17. Даражали унвон бериш ходимнинг ишчанлик ва шахсий фазилатларини ҳисобга олган ҳолда ва эгаллаб турган лавозими ва иш стажига мувофиқ изчил тартибда амалга оширилади.

Ушбу Низомнинг 64-1-бандида санаб ўтилган Департамент ходимларига даражали унвонлари улар эгаллаб турган лавозимдан қатъи назар, белгиланган муддатларда берилади.

Прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходимларига даражали унвонлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг тегишли таркибий бўлинмаси раҳбарининг тавсияномасига асосан берилади.

18. Даражали унвонлар рўйхати ва уларнинг лавозимларга мувофиқлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


19. Ҳар бир даражали унвонда бўлишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

3-даражали юрист

- 2 йил

2-даражали юрист

- 2 йил 6 ой

1-даражали юрист

- 3 йил

адлия кичик маслаҳатчиси

- 3 йил

адлия маслаҳатчиси

- 3 йил 6 ой

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг бошқарув ходими сифатида ишланган давр даражали унвони олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.

20. 2 ва 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси даражали унвонлари Бош прокурорнинг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.

Бошқа даражали унвонлар Департамент бошлиғининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан берилади.

Департамент органларига биринчи марта хизматга қабул қилинган ва даражали унвонларга эга бўлмаган ходимларга 3-даражали юрист унвони, улар аттестациядан ўтгандан сўнг берилади.

21. Навбатдаги адлия катта маслаҳатчиси даражали унвони, қоидага кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясини раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада турувчи кадрларни касбий қайта тайёрлаш дастури бўйича ёки Академия магистратурасини муваффақиятли тамомлаган Департамент ходимларига берилади.

Адлия катта маслаҳатчисининг даражали унвони, истисно тариқасида фидокорона меҳнати ва намуна кўрсатган Департамент ходимларига алоҳида хизматлари учун ҳам берилиши мумкин.


22. Бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ва ўзга ташкилотлардан Департаментга ишга ўтган ходимларга даражали унвонлар уларнинг Департаментда тайинланган лавозими, олдинги унвони ёки иш тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда берилади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Уларга навбатдаги даражали унвон ушбу Низомда назарда тутилган тартибда берилади.


23. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, истисно тариқасида, қуйидаги ҳуқуқларга эга:

айрим ҳолларда Департамент ходимларига хизмат мажбуриятларини намунали бажарганлиги учун Департамент бошлиғининг тақдимномасига кўра навбатдаги даражали унвонларни белгиланган муддат тугамасдан аввал бериш;

юқорироқ лавозимга тайинлаганда Департамент бошлиғининг тақдимномасига кўра унвонни навбатдан ташқари, лекин ходим эгаллаб турган унвондан кўпи билан икки поғона юқори унвон бериш;

аттестациядан ўтиши талаб этилмайдиган ходимларга ишда ўрнак кўрсатганлиги учун даражали унвонлар бериш.

24. Департаментнинг даражали унвонлар берилган ходимлари мазкур унвонга умрбод эга бўлиб қоладилар. Ходим ўзини бадном қиладиган қилмиши учун Департаментдан бўшатилганда даражали унвондан маҳрум этилиши мумкин. Департамент ходими ўз хизмат бурчини қўпол равишда бузган тақдирда ёки нолойиқ хулқ-атвори учун унинг унвони пасайтирилиши мумкин.


25.Департамент ходимларини олий даражали унвонлардан маҳрум этиш ёки уларнинг олий даражали унвонларини пасайтириш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, бошқа даражали унвонлардан маҳрум этиш ёки унвонни пасайтириш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан амалга оширилади.

Департамент ходимларини даражали унвонлардан маҳрум этиш суднинг ҳукми бўйича амалга оширилиши мумкин.


26. Департаментнинг даражали унвонларга эга бўлган ходимларига лавозим маошларига ойлик пул устамалари тўланади.


27. Департаментнинг даражали унвонга эга бўлган ходимлари хизмат вазифаларини бажариш даврида алоҳида кўринишдаги белгилар тақилган прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган хизмат кийими киядилар.

Департамент ходимларининг хизмат кийимини кийиб юриш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан белгиланади.

Департаментнинг даражали унвонларга эга бўлиб, пенсияга чиқиши муносабати билан хизматдан бўшаган, шунингдек прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимлар ўтказиладиган тантаналар ва расмий тадбирларда алоҳида белгили хизмат кийимини кийиб юриш ҳуқуқини сақлаб қолади.


IV. РАҒБАТЛАНТИРИШ


28. Департамент органлари ходимлари хизматдаги ташаббускорликлари ва тезкорлиги, хизмат вазифаларини виждонан ва намунали бажарганликлари учун рағбатлантириладилар.


29. Рағбатлантиришнинг қуйидаги турлари мавжуд:

ташаккурнома;

пул мукофоти;

илгари берилган интизомий жазони амал қилиш муддати тугашидан аввал олиб ташлаш;

фахрий ёрлиқ;

совға;

қимматбаҳо совға;

навбатдан ташқари даражали унвон ёки навбатдаги даражали унвонни бериш;

навбатдан ташқари даражали унвон ёки навбатдаги даражали унвонни белгиланган муддат тугагунга қадар ёхуд эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар бериш;

I, II, III даражали "A`lo xizmatlari uchun" кўкрак нишони билан тақдирлаш;

"Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг Фахрий ходими" кўкрак нишони билан тақдирлаш.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳамда Давлат муассасалари ва ижтимоий хизмат кўрсатиш ходимлари касаба уюшмалари уюшмаси Республика кенгашининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотлаш мумкин.

Департаментнинг ходимлари алоҳида хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин.

Иш ҳақи, бошқа мукофотлар, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган қўшимча ҳақ ва устамалар рағбатлантириш турларига кирмайди.

Департамент бошлиғига ўзининг шахсий фармойиши билан оддий ходимдан бошлаб Департамент бошлиғи ўринбосаригача ходимларнинг лавозим маошларига бир йиллик лавозим маоши миқдорида рағбатлантириш шаклида мукофотлаш устамалари белгилаш ҳуқуқи берилади. Ушбу масала бўйича алоҳида Низом Молия вазирлиги билан келишилади.

Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини рағбатлантириш Департамент фаолияти натижаси ва у туфайли Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети олган маблағлар миқдоридан келиб чиқиб амалга оширилади. Агар Департамент томонидан ундирилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушган маблағлар Департаментнинг иш ҳақи фонди миқдоридан ортиқ бўлмаса ва унинг ходимларининг иш ҳақини қопламаса ходимларга мукофотлаш устамалари тўланмайди.

30. Департаментнинг интизомий жазо берилган ходимлари олдин берилган интизомий жазо олиб ташланиши шаклида рағбатлантирилиши мумкин.


31. Рағбатлантириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ташаккурнома эълон қилиш, пул мукофоти ёки совға бериш, муқаддам берилган интизомий жазони амал қилиш муддати тугагунга қадар олиб ташлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Департамент бошлиғи, Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари томонидан амалга оширилади;

қимматбаҳо совға, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш, навбатдан ташқари даражали унвон ёки навбатдаги даражали унвонни белгиланган муддатдан олдин, ёхуд эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, бериш, "Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг Фахрий ходими", "I, II, III даражали "A`lo xizmatlari uchun" кўкрак нишонлари билан тақдирлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳамда Давлат муассасалари ва ижтимоий хизмат кўрсатиш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш, Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига тақдим этиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан амалга оширилади.

32. Рағбатлантириш тўғрисида буйруқ чиқарилади ва у Департаментнинг рағбатлантирилаётган ходимига эълон қилинади. Зарур ҳолларда эса Департаментнинг барча ходимлари эътиборига етказилади. Рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқ нусхаси ходимнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдига тикиб қўйилади.



V. ИНТИЗОМИЙ ЖАЗОЛАР


33. Департамент ходимларига нисбатан интизомий жазолар ўз хизмат вазифасини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёки Департамент ходими деган номга доғ туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун қўлланилади.


34. Қуйидагилар интизомий жазолар ҳисобланади:

ҳайфсан;

ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан ортиқ бўлмаган миқдордаги жарима;

лавозимида пасайтириш;

даражали унвонни бир поғонага пасайтириш;

хизмат мажбуриятларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги учун хизматдан бўшатиш.

Қуйидагилар хизмат вазифасини бир марта қўпол равишда бузиш ҳисобланади:

узрли сабабларсиз прогул (шу жумладан иш куни мобайнида уч соатдан ортиқ хизматда бўлмаслик);

хизматга маст ҳолда келиш, шунингдек иш жойида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш;

жиноий жазоланадиган қилмиш ёки ножўя хатти-ҳаракат содир этиш;

Департамент ходимининг Қасамёдини бузиш.


35. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Департаментнинг хизматга қабул қилиш ҳуқуқи унинг ваколатига кирувчи ходимларига нисбатан интизомий жазонинг барча турларини қўллашга ҳақлидир. Департамент бошлиғи ва ҳудудий бошқармалар бошлиқлари Департамент ёки ҳудудий бўлинмалар ходимларига нисбатан интизомий жазоларни ушбу Низомнинг 34-бандида назарда тутилган ҳайфсан ва жарима шаклида қўллашлари мумкин. Бундан ташқари, улар хизматга қабул қилиш ҳуқуқи ўз ваколатларига кирувчи ходимларнинг лавозимини пасайтириши ёхуд ишдан бўшатиши мумкин.


36. Интизомий жазо қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал этаётган мансабдор шахс содир этилган хатти-ҳаракатни шахсан ўзи ўрганиб чиқиши шарт. Зарур ҳолларда хизмат текшируви тайинланиши мумкин.

Интизомий жазо қўллангунгача Департамент ходимидан тушунтириш хати талаб қилиб олиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг содир этган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.

Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин.

Интизомий жазо бевосита аниқланган ножўя хатти-ҳаракат учун, бироқ қилмиш аниқланган кундан бошлаб бир ойдан кечикмай қўлланилади, бу муддатга ходимнинг касал ёки меҳнат таътилида бўлган вақти кирмайди.

Интизомий жазо қилмиш содир этилган кундан бошлаб олти ой ўтгач, хизмат текшируви натижалари бўйича эса - у содир этилган кундан бошлаб икки йилдан кейин қўлланиши мумкин эмас. Кўрсатиб ўтилган муддатларга жиноий ишни кўриб чиқиш вақти кирмайди.

Интизомий жазо буйруқ билан берилади ва у Департамент ходимига маълум қилиниб, тилхат олинади ҳамда унинг шахсий йиғма жилдига қўшиб қўйилади. Ходимга нисбатан интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ Департаментнинг тегишли бўлинмаси ходимларига, зарур ҳолларда эса барча ходимларга ҳам эълон қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланган Департамент ходими интизомий жавобгарликка тортилган ҳолларда, интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ нусхаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилади.


37. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Департамент бошлиғи, буйруқда ўз қарорини асослаган ҳолда, жазони бекор қилиш, уни кучайтириш ёки енгиллаштириш ҳуқуқига эгадирлар. Агар интизомий жазо чораси сифатида ишдан бўшатиш қўлланган бўлса, у ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки Департамент бошлиғи ишдан бўшатишни асоссиз деб топиб, ходимни илгариги лавозимига тиклаш ва унга мажбурий ишланмаган вақти учун, бироқ кўпи билан бир йил учун ўртача иш ҳақини тўлаш тўғрисида буйруқ чиқарадилар.


38. Агар ходим жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йил мобайнида янги интизомий жазо олмаган бўлса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади.

Қўлланилган интизомий жазо агар ходим хизмат вазифаларини бажаришда ўзини виждонли ва намунали тутса, бу ҳақдаги буйруқ қабул қилинган кундан камида олти ой ўтгач, ушбу жазони қўллаган мансабдор шахс, Департамент бошлиғи ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан олиб ташланиши мумкин


39. Интизомий жазо мавжудлиги Департамент ходимининг лавозим бўйича юқори кўтарилишига ёки унга даражали унвон берилишига, шунингдек, раҳбарлик лавозимлари учун захирага киритилишига (бўлишига) тўсқинлик қилувчи ҳолат ҳисобланади.


40. Интизомий жазолар қўллашда ўзларига берилган ваколатларни ошириб юборган ёки уларни Департамент ёки ҳудудий бошқармалар ходимларига нисбатан зарур даражада қўлламаган Департамент бошлиғи, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Прокурори олдида жавоб берадилар.


41. Ходимга нисбатан қўлланган интизомий жазо юзасидан интизомий жазо қўлланганлиги тўғрисидаги буйруқ ходимга эълон қилингандан кейин икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига ёки Департамент бошлиғига шикоят қилиниши мумкин.

Шикоят у тушган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда, қўшимча текширув ўтказиш зарур бўлган ҳолларда эса - у тушган кундан бошлаб бир ойдан кечикмай кўриб чиқилади.

Шикоят билан мурожаат қилиш интизомий жазо ижросини тўхтатмайди.


42. Департамент органлари ходимлари давлат ҳимоясида бўлади.

Хизмат вазифасини бажариш вақтида Департамент органлари ходимини ушлаб туришга, шахсий тинтув ўтказишга, унинг нарсаларини ва фойдаланаётган транспортини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Департамент органларининг ходимларига, шунингдек, Департамент органларидан хизматдан бўшатилган шахсларга нисбатан уларнинг Департамент органларида хизмат вазифаларини бажариш жараёнида содир этган қилмишлари учун жиноят иши кузатиш масаласи ҳамда Департамент органлари ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик масаласи Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан ваколатлари доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



VI. ДЕПАРТАМЕНТ ОРГАНЛАРИНИНГ

КАДРЛАР ЗАХИРАСИ


43. Департаментнинг кадрлар захираси шакллантирилади.

Департамент органларининг кадрлар захирасини шакллантиришдан асосий мақсад Департамент органларига зарур касбий фазилатларга эга бўлган шахсларнинг хизматга қабул қилиниши, раҳбарлик лавозимларига юклатилган вазифаларни профессионал ва самарали амалга ошириш учун бошқарувчилик қобилиятига эга ходимлар тақдим этилишини таъминлаш, шунингдек, уларни тарбиялаш, ўқитиш ва жой-жойига қўйишдан иборат.

Департамент органларининг кадрлар захирасини шакллантириш ва у билан ишлаш коллегиаллик ва холислик тамойилларига асосан амалга оширилади.


44. Қуйидагилар Департамент органларининг кадрлар захирасини шакллантириш ва у билан ишлаш фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади:

Департамент органларига ушбу Низом билан белгиланган талабларга жавоб берадиган шахсларни хизматга қабул қилиш;

Департамент ходимларининг назарий билимлари, амалий ва ахборот-таҳлил кўникмаларини юксалтириш, ишчанлик ва профессионал сифатларини такомиллаштириш, уларни ахборот-коммуникация технологиялари ва тезкор-қидирув фаолиятининг замонавий ютуқлари билан таништириш;

юқори лавозимлар учун масъулиятли, малакали ҳамда касбий тайёргарликка эга Департамент органлари ходимларини танлаб олиш ва уларни кадрлар захирасига киритиш;

кадрлар захирасига киритилган Департамент органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва тарбиялаш, шунингдек, уларда бошқарувчилик қобилиятларини шакллантириш;

Департамент органлари ходимларининг хизмат поғоналарида юқорилаб боришни тизимли режалаштириш ва ташкил этиш.

Департамент органлари тизимидаги юқори лавозимларга, қоида тариқасида, кадрлар захирасида турган Департамент органлари ходимлари тайинланади.

Кадрлар захираси билан ишлаш жараёнида, уларни келгусида Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари лавозимига кўтариш мақсадида Департамент органлари раҳбар ходимларини танлаш ва тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.


45. Департамент органларининг кадрлар захираси қуйидагилардан иборат:

Департамент органларига хизматга қабул қилиш учун номзодлар захираси;

Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари катта инспекторлари, инспекторлари, бош суриштирувчилари, катта суриштирувчилари, катта тафтишчилари, бош тафтишчилари, тафтишчилари лавозимларига кўтариш учун кадрлар захираси;

Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларида таркибий бўлинмалар бошлиқлари ва бошлиқларининг ўринбосарлари лавозимларига, шунингдек уларга тенглаштирилган лавозимларга, туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларга кўтариш учун кадрлар захираси;

Департамент таркибий бўлинмаларининг бош инспекторлари, катта инспекторлари, бош суриштирувчилари, катта суриштирувчилари, бош тафтишчилари, катта тафтишчилари ва катта криминалисти лавозимларига кўтариш учун кадрлар захираси;

Департамент бошлиғи, Департамент бошлиғининг ўринбосарлари, Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, Департамент таркибий бўлинмалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек уларга тенглаштирилган лавозимларга кўтариш учун кадрлар захираси.


46. Раҳбар кадрлар захирасига киритиш учун мезон бўлиб, Департамент органлари тизимидаги раҳбарлик лавозимларида юклатилган вазифаларни бажара олиш учун зарур кўникма ва сифатларга эгалиги ҳисобланади.

Бунда Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари, шунингдек Департаментнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари лавозимларига Департамент органлари кадрлар захирасига Департамент ва прокуратура органларининг ўзларига юкланган хизмат вазифаларини виждонан бажараётган, тегишли дунёқарашга, назарий билимларга, ижобий шахсий ва ишчанлик сифатларига, турли лавозимлардаги амалий иш тажрибасига, ташкилий-таҳлилий қобилиятга, қатъий характер, принципиаллик ва масъулиятни ҳис этишга эга бўлган ходимлари киритилади.


47. Кадрлар захирасига номзодлар Департамент бошлиғи, Департамент бошлиғининг ўринбосарлари, Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари, шунингдек Департаментнинг кадрлар бўлими ва таркибий бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек Бош прокуратура ва Департамент органларининг бошқармалари аттестация комиссиялари томонидан тақдим этилади.

Департаментнинг кадрлар бўлими томонидан Департамент органларининг шахсий таркиб бўйича инспекцияси ва бошқа бўлинмалар билан биргаликда энг масъулиятли, малакали ва тайёрланган ходимларни хизмат бўйича юқорига кўтаришни таъминлаш мақсадида кадрлар захирасига номзодларни холисона танлаш, уларни ўрганиш ҳамда касбга тизимли равишда тайёрлаш ишлари амалга оширилади.


48. Кадрлар захираси билан ишлаш тизимли асосда мавжуд вакансиялардан қатъи назар олиб борилади, раҳбарлик лавозимларига захира таркиби йилига камида бир маротаба шакллантирилади.

Департамент бошлиғи, Департамент бошлиғининг ўринбосарлари, ҳудудий бошқармаларнинг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Департамент марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари лавозимларига кўтариш учун кадрлар захираси Бош прокуратуранинг кадрлар бошқармаси билан келишилган ҳолда ва Департаментнинг тезкор йиғилишларида тасдиқланади.

Департамент органларида қолган лавозимларга кадрлар захираси, тегишли равишда, Департаментнинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармаларининг тезкор йиғилишларида тасдиқланади.

Департамент органларига хизматга қабул қилиш учун номзодлар захираси Департаментнинг ҳамда Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг кадрлар бўлими томонидан, ушбу Низом талабларига жавоб берадиган олий таълим муассасалари битирувчилари ва Департамент органлари иш юритувчилари ҳамда мутахассисларидан шакллантирилади.


49. Кадрлар захирасини шакллантиришга масъул бўлган Департамент органларининг мансабдор шахслари кадрлар захирасига номзодларни тақдим этиш бўйича ишларнинг тўғри ташкил этилиши ва унинг холисона шакллантирилиши учун тўлиқ жавобгардирлар.


50. Департамент органларининг кадрлар захирасини шакллантириш ва у билан ишлаш ушбу Низом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг соҳавий буйруқларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



VII. ДЕПАРТАМЕНТ ХОДИМЛАРИНИ МОДДИЙ

ВА ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНЛАШ


51. Департамент ходимларининг пул таъминоти мансаб маоши, даражали унвон учун ҳар ойлик қўшимча тўловлар, кўп йиллик хизмат учун тўланадиган устамалар, меҳнатнинг алоҳида шарт-шароитлари учун устамалар, прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган тартибда ва миқдорларда белгиланадиган давлат хизматчиларининг лавозим маошларига устамалардан (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) иборат.

Департамент ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 13 ноябрдаги ПҚ-2065-сон қарори нормалари татбиқ этилади.

Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари ва Департамент ходимларининг лавозим маошларига меҳнатнинг алоҳида шарт-шароитлари учун ойлик устамалар миқдорлари ушбу Низомга 2 - 6-иловаларга мувофиқ белгиланади.

Кўп йиллик хизмати учун устамани ҳисоблаш ҳуқуқини берувчи махсус стаж Бош прокурорнинг буйруғи билан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг ходимларига кўп йиллик хизмати учун устамалар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқарилади.

52. Даражали унвонлар берилган шахслар бепул хизмат кийими билан таъминланади.


53. Департамент ходимларига 30 календарь кунлик ҳар йилги ҳақи тўланадиган меҳнат таътили берилади. Департаментнинг 15 календарь йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимларга иш стажи:

15 календарь йилдан ортиқ бўлганда - 5 кун;

25 календарь йилдан ортиқ бўлганда - 10 кун ҳақ тўланадиган қўшимча меҳнат таътили берилади.

Ходимларни ҳар йилги навбатдаги таътилдан чақириб олишга хизмат бўйича ўта зарур ҳолларда, ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Таътилнинг фойдаланилмаган қисми кеч муддатларга ўтказилади.

Департамент органларидан ходимлар сони ёки штати қисқарганлиги муносабати билан (ташкилий-штат тадбирлари), касаллиги туфайли ёки пенсияга чиқиши сабабли ишдан бўшатилган ходимларга уларнинг хоҳишига кўра, ҳақ тўланадиган навбатдаги йиллик меҳнат таътили берилади, ундан фойдаланилмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида пуллик компенсация тўланади.

Хизмат ўташни тугатган Департамент органи ходимига фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.


54. Оилавий ҳолатлар, шунингдек бошқа узрли сабаблар бўйича Департамент ходимларига навбатдаги таътил ҳисобига ҳисобланмайдиган иш ҳақи сақланмайдиган қисқа муддатли таътил берилиши мумкин.


55. Департамент ходимларига турар-жой бинолари қонун ҳужжатларига мувофиқ берилади.

Яшаш шароитини яхшилашга муҳтож бўлган Департамент ходимларига белгиланган тартибда ижтимоий-моддий ёрдам берилади.


56. Департамент ходимлари ва улар оила аъзоларининг пенсия таъминоти қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.


57. Ходимлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тиббий муассасаларида тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Департаментнинг пенсия олувчи ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига тиббий хизматлар кўрсатиш улар рўйхатда турган даволаш муассасаларида амалга оширилади.


58. Департамент ходимлари хизмат сафарларига юборилганда барча турдаги транспорт воситаларига йўл чипталари ва меҳмонхоналарда жойларни банд қилиш ва навбатсиз олиш ҳуқуқидан фойдаланадилар.


59. Департамент ходимларининг ҳаёти ва соғлиғининг мажбурий давлат суғуртаси, белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


VIII. ДЕПАРТАМЕНТДА ХИЗМАТ ЎТАШНИ ТЎХТАТИШ


60. Департаментда хизмат ўташ ходим ишдан бўшатилганда тугатилади.

Департаментда хизматни ўташ:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Департамент бошлиғининг ташаббуси билан;

Департамент ходимининг ташаббуси билан;

тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда тугатилади.

Хизматни ўташни тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилинишига қуйидагилар асос бўлади:

Департамент ходимининг бошқа ишга, шу жумладан сайлаб қўйиладиган лавозимга ўтиши;

ходим ҳарбий хизматга чақирилиши;

шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг хизматга тикланиши;

ходимнинг вафот этиши, унинг бедарак йўқолган деб топилиши ёки вафот этган деб эълон қилиниши;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатлар.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Департамент бошлиғининг ташаббуси билан хизмат ўташни тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

хизматни ташкил этишдаги ўзгаришлар, Департамент органлари ходимларининг (штатлар) сони қисқариши ёки хизмат хусусиятининг ўзгариши;

ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли;

ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини мунтазам равишда бузилиши. Хизмат вазифаларини мунтазам равишда бузиш деб ходим илгари содир этган хизмат вазифаларининг бузганлиги учун интизомий жазога тортилган кундан эътиборан бир йил мобайнида интизомий қоидабузарликни такроран содир этиши ҳисобланади (агар жазо муддатидан илгари олиб ташланган бўлмаса);

ходим томонидан хизмат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш;

ходимнинг унга таклиф этилган лавозимларда хизматни бундан кейин ўташни, шу жумладан юқори турувчи лавозимга ўтишни рад этиши ва ротация тартиби сабаби бўйича бир ой ўтгандан кейин кадрлар бўлими ихтиёрида бўлиши;

ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган фаолият ходимга огоҳлантириш қилинганидан кейин ҳам давом эттирилиши;

ходимнинг прокуратура органларида хизматда бўлиш ёши чегарасига етиши;

Департамент органи ходимининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши;

Департамент ходимининг эгаллаб турган лавозимига номуносиб ножўя хатти-ҳаракат содир этиши.


61. Департамент ходимларининг хизматда бўлишлари учун чекланган ёш чегараси - эркаклар учун 60 ва аёллар учун - 55 ёш.

Департаментда хизматда бўлишнинг чекланган ёшига етган, юксак касбий тайёргарликка ва эгаллаб турган лавозимида катта амалий иш тажрибасига эга бўлган, соғлиғига кўра унга юкланган мажбуриятларни бажаришга қодир бўлган ходим Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилиги билан Департамент органларида хизматни давом эттириши мумкин.


62. Эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган ходим охирги хизмат жойидаги ўртача ойлик маоши сақланган ҳолда кадрлар бўлими ихтиёрида қолади. Уни келгусидаги хизмат вазифасига тайинлаш масаласи эгаллаб турган лавозимдан озод этиш тўғрисидаги буйруқ чиқарилган пайтдан бошлаб бир ойдан кеч бўлмаган муддатда ҳал этилиши керак (ушбу муддатга ходимнинг вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даври кирмайди).


63. Департамент органлари ходимларининг меҳнат низолари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Департамент бошлиғи томонидан кўриб чиқилади.


64. Департаментнинг пенсияга чиққан ходимларига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан белгиланадиган шакл бўйича пенсия гувоҳномаси берилади.


64-1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланган (тайинланган) ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимга тайинлаш ёки тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ёки тақдимномасига асосан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ўтган ёхуд Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Раис ўринбосари, вилоят, Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокими ёки ҳоким ўринбосари лавозимига тайинланган ва тасдиқланган Департамент ходими Бош прокурорнинг буйруғи билан прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилиши мумкин.

Алоҳида ҳолларда, бошқа ишга ўтган Департамент ходими Бош прокуратуранинг аттестация комиссияси таклифига асосан Бош прокурорнинг буйруғи билан прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилиши мумкин.

Ходимнинг ушбу бандда кўрсатилган фаолият муддати навбатдаги даражали унвонни бериш ҳуқуқини берувчи, кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устамани тўлаш, пуллик таъминот маошини белгилаш ёки пенсия тайинлаш учун Департамент органларидаги хизмат стажига қўшилади.

64-2. Ушбу Низомнинг 64-1-бандида кўрсатилган прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимлар, улар сайланган ёки тайинланган органлардаги меҳнат шароитларини ҳисобга олган ҳолда, прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий муҳофаза қилиш чораларидан фойдаланадилар.

Ушбу Низомнинг 64-1-бандида кўрсатилган прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимларга ушбу Низомнинг III бўлимида белгиланган тартибда даражали унвонлар ва ҳарбий унвонлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан белгиланган шаклда прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захираси ходими гувоҳномаси берилади.

Солиқ имтиёзлари ва молиявий имтиёзларнинг, шунингдек, бошқа моддий афзалликларнинг қўлланилиши Департамент ходими сайланган ёки тайинланган орган томонидан унда амалда бўлган лавозим бўйича маоши ва бошқа тўловлар миқдори сақланган ҳолда амалга оширилади.

Шу билан бирга, бундай ходимларга даражали унвонлар, кўп йиллик хизмати учун устамалар ҳамда Департамент ходимлари учун белгиланган меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойлик устаманинг ўртача миқдори тўланади.

64-3. Прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига ўтказилган хизматни ўташни тугатган ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари бевосита Департамент органларида хизмат ўташни тугатган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари каби ҳуқуқлар, имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланадилар.

64-4. Ушбу Низом 64-1 - 64-3-бандларининг амал қилиши Департаментдан ушбу Низомнинг 64-1-бандида кўрсатилган органларга аввал сайланган ёки ўтган ходимларга ҳам прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган вақтдан бошлаб татбиқ этилади.

65. Амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган Департамент ходимларига уларнинг бошқа давлат органларидаги ваколат муддатлари тугаганидан сўнг, муқаддам Департамент органларида эгаллаган ёки унга тенг лавозим берилиши кафолатлари таъминланади, ходимнинг эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги ёки соғлиғи ҳолатига ёхуд меҳнат (хизмат) мажбуриятларини бажармаганлиги учун меҳнат фаолияти тугатилган ҳоллар бундан мустасно.

66. Департаментнинг ишдан ноқонуний бўшатилган, бошқа лавозимга ўтказилган, даражали унвондан маҳрум этилган ходимлари муқаддам эгаллаган лавозимига ва даражали унвонида қайта тикланади ёки бошқа тенг лавозимга тайинланади.

Департаментга ишга тикланган ходимларнинг мажбурий прогул вақти уларга кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устамани ҳисоблаш ҳамда навбатдаги даражали унвонни бериш учун иш стажларида ҳисобга олинади.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги

Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни

легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимининг

ҚАСАМЁДИ


Мен (қасамёд қабул қилувчининг фамилияси, исми, отасининг исми) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига хизматга кирар эканман, Ўзбекистон Республикаси халқига содиқ бўлишга қасамёд қиламан.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, инсон ва фуқаро ҳуқуқларига риоя этишга, бошлиқларнинг буйруқларини виждонан бажаришга, виждонли, жасур ходим бўлишга, Ватаннинг иқтисодий манфаатларини сергаклик билан қўриқлашга, давлат ва хизмат сирларини қаттиқ сақлашга қасамёд қиламан.

Агар мен қабул қилган Қасамёдни бузсам Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган жавобгарликка тортилишга тайёрман.




(Имзо)



(Сана)






Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги

Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни

легаллаштиришга қарши курашиш департаменти марказий

аппарати ходимларининг Ягона тариф сеткаси

бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш

РАЗРЯДЛАРИ

Т/р

Лавозимлар номи


Разрядлар


1.

Департамент бошлиғи


19

2.

Бошқарма бошлиғи


18

3.

Бўлим бошлиғи, инспекция бошлиғи, навбатчи қисм бошлиғи


17

4.

Бош: суриштирувчи, тафтишчи, инспектор; Департамент бошлиғининг ёрдамчиси


15

5.

Катта: суриштирувчи, тафтишчи, инспектор, криминалист


14

6.

Криминалист


13

7.

Бош мутахассис


12

8.

Етакчи мутахассис


11

       

Изоҳ: департамент бошлиғи биринчи ўринбосарининг разряди Департамент бошлиғи тариф ставкасидан 3% паст;

Департамент бошлиғи ўринбосарининг разряди Департамент бошлиғи тариф ставкасидан 5% паст;

бошқармалар ва бўлимлар бошлиқлари ўринбосарларининг разряди бошқармалар ва бўлимлар бошлиқларининг тариф ставкасидан 5% паст.






Низомга

3-ИЛОВА



Департамент ҳудудий бошқармалари ходимларининг

Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш

РАЗРЯДЛАРИ

Лавозимлар номи


Вилоятлар гуруҳлари бўйича разрядлар


гуруҳдан

ташқари


1-гуруҳ


2-гуруҳ


3-гуруҳ


бошқарма бошлиғи


18

17

16

16

бўлимлар бошлиқлари


17

16

15

15

бош: суриштирувчи, тафтишчи


14

14

14

14

катта: суриштирувчи, тафтишчи, инспектор, криминалист


13

13

13

13

суриштирувчи, тафтишчи, инспектор, криминалист


12

12

12

12

бош мутахассис


11

11

11

11

мутахассислар:






I тоифа


9

9

9

9

    

Изоҳ: бошқармалар, бўлимлар бошлиқлари ўринбосарларининг разряди бошқармалар ва бўлимлар бошлиқлари тариф ставкасидан 5% паст.    

     

Гуруҳдан ташқари

1-гуруҳ

2-гуруҳ

3-гуруҳ

Тошкент ш.

Қорақалпоғистон Республикаси,

Андижон вилояти,

Қашқадарё вилояти,

Самарқанд вилояти,

Тошкент вилояти,

Фарғона вилояти

Бухоро вилояти,

Наманган вилояти,

Навоий вилояти,

Сурхондарё вилояти,

Хоразм вилояти

Жиззах вилояти,

Сирдарё вилояти

      





Низомга

4-ИЛОВА



Департамент шаҳар бўлимлари ходимларининг

Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш

РАЗРЯДЛАРИ

Лавозимлар номи


Шаҳарлар гуруҳлари

бўйича разрядлар


1-гуруҳ


2-гуруҳ


бўлимлар бошлиқлари


15

14

катта: суриштирувчи, инспектор


12

12

суриштирувчи, тафтишчи, инспектор, криминалист


11

11

  

Изоҳ: бўлим бошлиғи ўринбосарининг разряди бўлим бошлиғи тариф ставкасидан 5 % паст.

     

1-гуруҳ

2-гуруҳ

Андижон шаҳри,

Бухоро шаҳри,

Қарши шаҳри,

Навоий шаҳри,

Наманган шаҳри,

Нукус шаҳри,

Самарқанд шаҳри,

Фарғона шаҳри

Гулистон шаҳри,

Жиззах шаҳри,

Термиз шаҳри,

Урганч шаҳри

     





Низомга

5-ИЛОВА



Департамент туманлар бўлимлари ходимларининг

Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш

РАЗРЯДЛАРИ

Лавозимлар номи


Разрядлар


бўлим бошлиғи


14

катта: суриштирувчи, инспектор


12

суриштирувчи, инспектор


11

   

Изоҳ: бўлим бошлиғи ўринбосарининг разряди бўлим бошлиғи тариф ставкасидан 5% паст.






Низомга

6-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги

Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни

легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг ходимлари

даражали унвонларига эга бўлган ходимлари лавозим маошларига

алоҳида меҳнат шароитлари учун ҳар ойлик устамалар

МИҚДОРЛАРИ

Лавозимнинг номи

Лавозим маошига устама

миқдори (фоизларда)


Департаментнинг марказий аппарати


20

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Департамент бошқармалари


30

Департаментнинг шаҳарлар (туманлар) бўлимлари


40

        

Изоҳ: алоҳида меҳнат шароитлари учун ҳар ойлик устама қонун ҳужжатларида белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблашда Департамент ходимларининг лавозим маоши таркибига киритилади.