язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.04.1999 й. 174-сон "Биржа ва ярмарка савдосининг самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.04.1999 й.

N 174



БИРЖА ВА ЯРМАРКА САВДОСИНИНГ

САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ДОИР

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Эркин алмаштириладиган валютага сотиладиган товарлар билан биржа ва ярмарка савдосини фаоллаштириш ҳамда кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилаб қўйилсинки, 1999 йил 15 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси хўжалик юритувчи субъектлари томонидан 1-иловага мувофиқ рўйхатга кирувчи товарларни товар-хом ашё биржалари орқали экспортга сотиш фақат эркин алмаштириладиган валютада амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда кўрcатиб ўтилган товарларни жисмоний шахслар томонидан олиб чиқиб кетишнинг чекланган меъёрларини ўн кун муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


2. Қуйидагилар:

Биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган савдо майдончалари орқали тузилган контрактлар бўйича товарларни сотиш, сотиб олиш ва уларни олиб чиқиб кетиш тартиби 2-иловага мувофиқ;

Товарларни экспортга товар-хом ашё биржалари орқали эркин алмаштириладиган валютага сотиш тартиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки:

биржа товари белгиланган тартибда биржа савдоларига қўйилган муайян тур ва сифатдаги товар, шу жумладан, дастлабки кўрикдан ўтказишни талаб қилмайдиган, сифат кўрсаткичларининг ўзгармаслиги ва биржа битимлари тузилишининг доимийлиги билан тавсифланадиган ҳосила молиявий воситалар (деривативлар)дир;

кўргазма-ярмарка савдоларида биржа товарига қўйилган талабларга жавоб бермайдиган ҳамда харидорларга уларнинг намуналари ва моделларини, электрон каталогларини, проспектларини, реклама бюллетенларини ёки тавсифловчи бошқа ҳужжатларини кўриб чиқиш имкони берилишини талаб қиладиган ҳар қандай товарлар сотилиши мумкин.

4. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, “Ўзулгуржибиржасавдо” уюшмаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда мазкур қарорга 1-иловада кўрсатиб ўтилган товарларнинг кенг ассортиментдаги батафсил текширилган рўйхатини ўн кун муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар, ушбу товарларни экспортга сотиш товар-хом ашё биржалари орқали фақат эркин алмаштириладиган валютада амалга оширилади.


5. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги товар-хом ашё биржалари томонидан тақдим этилган товарлар ва хом ашёларнинг асосий турларига биржа котировкаларини оммавий ахборот воситаларида мунтазам эълон қилиб борсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


7. Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари ва идоралари ўз меъёрий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 26 сентябрдаги 375-сон ва 1996 йил 20 сентябрдаги 329-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў.Т.Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                       И. Каримов





Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 15 апрелдаги

174-сон қарорига

1-ИЛОВА



Товар-хом ашё биржаси орқали юридик

ва жисмоний шахслар томонидан экспортга

фақат эркин алмаштириладиган валютага

сотиладиган товарлар

РЎЙХАТИ

        

Т/р

Товар номи


ТИФ ТН бўйича

товар коди


1.

Табиий асал


0409 00 000 0

2.

Молларнинг (балиқдан ташқари) бутун ёки бўлакланган, янги, совутилган, музлатилган, тузланган, тузли сувга солинган, қуритилган ёки дудланган ичаклари, қопчалари ва ошқозонлари


0504 00 000 0

3.

Соя дуккакларидан майда ва йирик тугилган ун


1208 10 000 0

4.

Қизилмия илдизи


1211 90 850 0

5.

Кукунли сассиқ коврак қатрони


1301 90 000 0

6.

Кунгабоқар, махсар ёки пахта ёғи ва уларнинг техникада ҳамда саноатда қўлланиладиган фракциялари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўлланиладиганларидан ташқари


1512 11 100 0,

1512 21 100 0

7.

Мол ёки ўсимлик мойи ва ёғи ҳамда уларнинг фракциялари


1518 00

8.

Саноатда ишлатиладиган монокарбон мой кислотаси


3823

9.

Мармар


2515 (фақат мармар)

10.

Қурилиш шағали


2517 10 100 0

11.

Қурилиш оҳаки


2522 10 000 0

12.

Портландцемент, лой-тупроқли цемент, шлакли цемент, суперсульфатли цемент ва шунга ўхшаш гидравлика цементлари


2523

13.

Молибден рудалар ва концентратлар


2613

14.

Битуминоз жинслардан олинган қайта ишланмаган нефть ва қайта ишланмаган нефть маҳсулотлари


2709 00

15.

Битуминоз жинслардан олинган нефть ва нефть маҳсулотлари, қайта ишланмаганларидан ташқари


2710

16.

Суюлтирилган газ


2711 11 000 0

17.

Нефтли кокс, нефтли битум ва нефтни қайта ишлашдан олинган бошқа қолдиқлар


2713

18.

Азот кислотаси, сульфоазот кислоталари


2808 00 000 0

19.

Рух оксиди, рух пероксиди


2817 00 000 0

20.

Сульфатлар, квасцлар, пероксосульфатлар


2833

21.

Дори-дармон воситалари


3003, 3004

22.

Момиқ, дока, бинтлар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар


3005

23.

Минерал ёки кимёвий ўғитлар


3102 - 3105

24.

Бўёқлар ва локлар


3208

25.

Пигментлар (шу жумладан, металл кукуни ва парчаси)


3212

26.

Бирламчи шаклдаги этилен полимерлари


3901

27.

Арматураланмаган ва бошқа материаллар билан комбинацияланмаган винилхлорид полимерларидан тайёрланган эгилувчан қувурлар


3917 32 000 9

28.

Ташиш учун мўлжалланган этилен полимерларидан тайёрланган яшиклар


3923 10 000 0

29.

Янги пневматик резинали шиналар


4011

30.

Қоғоз, картон, целлюлоза момиғи ва тўйинтирилган целлюлоза толаларидан олинган газлама


4811

31.

Ипак ип, ипак чиқиндиларидан тайёрланган калава


5004 00 - 5005 00

32.

Ҳайвонлар жуни, ингичка ёки қалин юнги, от юнгидан эшилган калава ва газлама


5101 - 5113 00 000 0

33.

Пахта толаси, пахта чиқиндилари

5201 00 - 5203 00 000 0

(5202 99 0000

дан ташқари)


34.

Ип калава, ип газламалар


5205 - 5212

35.

Сунъий комплекс иплардан тайёрланган газламалар


5408

36.

Синтетик ва сунъий толалар


5503, 5504

37.

Синтетик ва сунъий штапель толалардан тайёрланган калава


5509, 5510

38.

Тўқимачилик хом ашёсидан олинган момиқ ва ундан тайёрланган маҳсулотлар


5601

39.

Фетр ва намат


5602

40.

Зар уқали ип


5606 00

41.

Қўлда тайёрланган мебель-декоратив расмли газмоллар


5805 00 000 0

42.

Тукли мато (шу жумладан, узун тукли) ва пахмоқ мато


6001

43.

Машинада ва қўлда тўқилган бошқа трикотаж матолар


6002 - 6006

44.

Полипропилен қоплар


6305 33 900 1

45.

Ишлов берилган тош (сланецдан ташқари)


6802

46.

Тўшаш учун плиталар, сирланмаган ва сирланган керамик поллар, печлар ёки деворлар учун кошинлар (пардозлаш плиталари)


6907-6908

47.

Қора металлар


7201 - 7228

48.

Қора металлдан қуйилган бошқа буюмлар


7325

49.

Қора металлдан ясалган бошқа буюмлар


7326

50.

Рафинадланган мис


7403

51.

Вольфрам ва ундан тайёрланган буюмлар


8101 (8101 97 000 0

дан ташқари)


52.

Молибден ва ундан тайёрланган буюмлар

8102 (8102 97 000 0

дан ташқари)


53.

Сунъий ҳаво ҳосил қилувчи қурилмалар


8415

54.

Совутгичлар, музлатгичлар ва бошқа совутиш ва музлатиш асбоб-ускуналари


8418

55.

Электр трансформаторлари


8504

56.

Электр машиналар ва асбоб-ускуналар:

электр дазмол, бошқа маиший электр иситиш приборлари;

телефон аппаратлари ва факсимил алоқа воситалари;

овоз ёзиш ва овоз эшиттириш аппаратлари;

телевизион тасвирни ва овозни ёзиб олиш ва уни кўрсатиш аппаратлари


8516 - 8525, 8527, 8528

57.

Токни улаш, узиш, ҳимоя қилиш ва ўчириш учун ёки электр занжирларга улаш учун электр аппаратлари


8536

58.

Электр аппаратлар учун пультлар, панеллар (шу жумладан, сон билан бошқариладиган), консоллар, столлар, тақсимлагич тахталари ва бошқа асослар


8537

59.

Ҳимояланган симлар


8544

60.

Автомобиллар


8702, 8703, 8704

61.

Қурилиш ойнаси


7005 292 50 0,

7005 293 50 0,

7005 298 00 0


62.

Шиша банкалар


7010 901 00 0

63.

Мева-сабзавот маҳсулотлари


07, 08, 1202


    





Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 15 апрелдаги

174-сон қарорига

2-ИЛОВА



Биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида

тузилган контрактлар бўйича товарларни

сотиш, сотиб олиш ва уларни олиб чиқиб кетиш

ТАРТИБИ


1. Мазкур Тартиб товарлар сотиш бўйича биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида амалга ошириладиган операцияларга татбиқ этилади.

2. Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари, товарларни биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида (матн давомида - биржа) мазкур Тартибга мувофиқ сотишлари ва харид қилишлари мумкин.

3. Биржаларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда биржа битишувларининг барча турлари содир этилиши мумкин.

4. Биржада битимлар:

биржа савдоларида биржа товарлари билан;

кўргазма-ярмарка савдоларида биржа товарига қўйилган талабларга жавоб бермайдиган ҳамда харидорларга уларнинг намуналари ва моделларини, электрон каталогларини, проспектларини, реклама бюллетенларини ёки тавсифловчи бошқа ҳужжатларини кўриб чиқиш имкони берилишини талаб қиладиган ҳар қандай товарлар билан тузилиши мумкин.

5. Сотувчи товарни сотувга қўяётганда биржага:

товарнинг мавжудлигини ёки ишлаб чиқарувчи корхона томонидан унинг тайёрланишини тасдиқловчи - кафолат таъминоти маблағларини тўлаган ҳолда биржа битишувлари амалга оширилган тақдирда, шунингдек товарнинг қонун ҳужжатларида белгиланган сифат талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи кафолат хатини;

кафолат таъминоти маблағлари тўланмаган ҳолда биржа битишувлари амалга оширилган тақдирда - омбор маълумотномасини;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ҳужжатларни тақдим этади.

7. Контрактлар бўйича биржада харид қилинган товарлар учун ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси валютаси - сўмда амалга оширилади, мазкур қарорда ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


8. Ўзбекистон Республикаси норезидентлари:

республика ички валюта бозорида хорижий валютани сотишдан;

Ўзбекистон Республикасида инвестиция фаолияти даромадларидан;

импорт контрактлари бўйича, шу жумладан, консигнация шартларида товарларни сотиш, ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш йўли билан олинган маблағлар ҳисобига биржада харид қилинадиган товарга ҳақ тўлашлари мумкин.


8-1. Биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталари орқали ҳисоб-китоблар ва ўзаро ҳисоб-китоблар фақат биржалар ва ярмаркаларда рўйхатдан ўтган битимлар бўйича амалга оширилади.

Биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталари ҳисоб рақамларида бўлган маблағлардан фойдаланган ҳолда, пул талабномасидан воз кечиш бўйича операцияларни амалга ошириш тақиқланади.

Импорт шартномалари бўйича товар-хомашё биржалари ёки ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталарида норезидент-сотувчининг ҳисоб рақамига ўтказилган маблағлар фақат биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган экспорт шартномалари, божхона божлари, суд харажатлари ҳамда биржа шартномаларини тузиш ва ижро этиш билан бевосита боғлиқ хизматлар (воситачилик йиғимлари, брокерлик ҳақлари, ташиш харажатлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа харажатлар) тўловлари учун ишлатилиши мумкин.

Биржа брокерлари маҳсулотларни товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотишдан олинган маблағлар ҳисобига мижоз-норезидент номидан хорижий валютани сотиб олишга (сотишга) тижорат банкларига буюртманомалар бериш, норезидентлар - юридик шахслар эса - Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида ҳисоб рақамлари очиш ва маҳсулотларни товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотишдан олинган маблағлар ҳисобига хорижий валютани сотиб олиш (сотиш) ҳуқуқига эгадир.

9. Биржада контрактларни тузиш пайтида харидор - Ўзбекистон Республикаси норезиденти Ўзбекистон Республикаси валютасининг келиб чиқиши қонунийлигини тасдиқлайдиган (маблағлар манбаига боғлиқ ҳолда) қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) тижорат банкининг хорижий валютанинг ички бозорда сотилиши тўғрисидаги маълумотномасини;

б) товарни ички бозорда сотиш учун олиб келиниши тўғрисидаги контракт ва олиб келинган товарга божхона юк декларациясини;

в) солиқ органининг товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатишдан олинган даромадлар бўйича бюджетдан қарзи йўқлиги тўғрисидаги маълумотномасини;

г) Ўзбекистон Республикаси валютаси келиб чиқишининг қонунийлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатларни.


10. Реал товарга доир битишувлар бўйича харидор контрактда кўрсатилган муддатларда ҳар бир товар туркумига олдиндан 100 фоиз ҳақ тўлайди. Товарни юклаб жўнатиш олдиндан тўланган ҳақ ҳажмида амалга оширилади.

11. Фьючерс битими тузилганда харидор сотувчига контракт расмийлаштирилганидан кейин 10 кун давомида бўнакни ўтказади. Фьючерс битими бўйича бўнак миқдори тарафлар томонидан шартнома бўйича белгиланади ва контракт қийматининг камида 15 фоизини ташкил этиши керак.


12. Фьючерс контрактлари бўйича ҳисоб-китоблар товар-хом ашё биржаларининг ҳисоб-китоб-клиринг палаталари орқали амалга оширилади.


13. Битимлар тузилганидан кейин биржа ёки унинг филиали контрактларни биржа ёки унинг филиали муҳри билан тасдиқлайди ва уларни брокерларга ёки кўргазма-ярмарка савдолари иштирокчиларига топширади.

14. Норезидентлар тузадиган, Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси - сўмда тўланадиган экспорт контрактлари суммаси сўмлар келиб чиқишининг қонунийлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларда кўрсатиладиган суммадан ошмаслиги керак.


15. Биржада тузилган барча экспорт контрактлари контракт тузилган кунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича АҚШ долларидаги эквиваленти кўрсатилган ҳолда, биржада ёки унинг филиалида (ихтисослаштирилган савдо майдончасида) тегишли рўйхатдан ўтказилиши керак. Кўрсатиб ўтилган контрактлар божхона юк декларацияларини тўлдириш учун асос ҳисобланади.

16. Товар-хом ашё биржалари савдоларининг барча қатнашчилари учун реал вақт режимида ташкил этилиб ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра тузилган экспорт контракти:

товар-хом ашё биржалари савдоларида тузиладиган контрактларга идентификация рақамлари беришнинг тасдиқланган тартибига мувофиқ биржада ёки унинг филиалида (ихтисослаштирилган савдо майдончасида) рўйхатдан ўтказилади;

биржада ёки унинг филиалида (ихтисослаштирилган савдо майдончасида) расмийлаштирилади ҳамда уларнинг муҳри билан тасдиқланади.

Экспорт контрактида:

биржа савдоси ўтказилган сана;

биржа савдоси протоколининг тартиб рақами кўрсатилиши шарт.

5-бандда санаб ўтилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун ушбу маълумотларни имзолаган мансабдор шахслар жавоб беради.

Экспорт контрактларининг тўғри расмийлаштирилиши ва ҳисобга қўйилиши учун брокерлар ва уларнинг мижозлари жавоб беради.

Экспорт контрактларининг биржада рўйхатдан ўтказилиши учун биржа жавоб беради.

17. Биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган экспорт контрактлари норезидентлари томонидан миллий валютада ҳақ тўлаш фақат республиканинг тижорат банкларида очилган хорижий банкларнинг "Лоро" корреспондентлик ҳисоб рақамлари орқали ёки биржаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталаридаги импортчиларнинг ҳисоб рақамларидан амалга оширилиши мумкин.

18. Контрактларга ўзгартириш ёки қўшимчалар биржанинг ёзма аризасига биноан, брокерлар томонидан ўзгартиришларни киритиш сабабларини кўрсатган ҳолда киритилади.

22. Товарларни олиб чиқишга контрактларни рўйхатдан ўтказишни амалга оширадиган биржалар харидор ва сотувчидан битимни расмийлаштиришга тааллуқли бўлмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас.





Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 15 апрелдаги

174-сон қарорига

3-ИЛОВА



Товарларни экспортга товар-хом ашё биржалари

орқали хорижий валютага сотиш

ТАРТИБИ


1. Мазкур Тартиб товар-хом ашё биржаларининг биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган савдо майдончалари (кейинги ўринларда "биржа" деб аталади) орқали сотиш учун рухсат берилган товарларни фақат эркин алмаштириладиган валютага сотишнинг асосий шартларини белгилаб беради.

2. 1-иловага киритилган товарларни экспортга биржа орқали Ўзбекистон Республикаси норезидентларига сотиш фақат эркин алмаштириладиган валютада амалга оширилади.

Мазкур қарор 1-иловасига киритилмаган товарлар ҳам биржа орқали Ўзбекистон Республикаси норезидентларига эркин алмаштириладиган валютада сотилиши мумкин.


3. Товар-хом ашё биржаларининг савдоларида товарларни хорижий валютага экспортга сотиш реал товарга битишув тузиш йўли билан амалга оширилади.

4. Сотувчи товарни сотувга қўяётганда биржага:

товарнинг мавжудлигини ёки ишлаб чиқарувчи корхона томонидан унинг тайёрланишини тасдиқловчи - кафолат таъминоти маблағларини тўлаган ҳолда биржа битишувлари амалга оширилган тақдирда, шунингдек товарнинг қонун ҳужжатларида белгиланган сифат талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи кафолат хатини;

кафолат таъминоти маблағлари тўланмаган ҳолда биржа битишувлари амалга оширилган тақдирда - омбор маълумотномасини;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ҳужжатларни тақдим этади.

5. Тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг тўғрилиги ва ишончлилиги, шунингдек товар мавжудлиги ва сифати учун харидор ва сотувчи ўзларига тааллуқли бўлган доирада жавобгар бўлади.


6. Биржа савдоларида тузилган контрактлар бўйича ҳақ тўлаш шакли - олдиндан ҳақ тўлаш ёки тасдиқланган аккредитив.

Контракт шартларида олдиндан ҳақ тўлаш ёки биринчи даражали банк тасдиқлаган аккредитивни қўллаш йўли билан хорижий валютадаги маблағлар келиб тушиши шартлари аниқ кўрсатилиши керак.

7. Биржаларда хорижий валютада тузилган экспорт контрактлари биржаларда рўйхатдан ўтказилиши керак.

9. Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган, эркин алмаштириладиган валютада харид қилинган биржа товарларини олиб ўтиш ва декларациялаш тартиби божхона қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1999 й., N 4, 19-модда.