язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга келиши, кетиши ва бўлиши/ Хорижий шахсларга Ўзбекистон Республикасида яшаш учун гувоҳнома, фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасида яшаш учун гувоҳнома ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 26.02.1999 й. ПФ-2240-сон Фармонига 2-илова)

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

1999 йил 26 февралдаги

ПФ-2240-сон Фармонига

2-ИЛОВА


Хорижий шахсга Ўзбекистон Республикасида

яшаш гувоҳномаси, фуқаролиги бўлмаган шахсга

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ва

фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси тўғрисидаги

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом:

хорижий фуқаролар, шу жумладан МДҲта аъзо давлатларнинг фуқароларига;

- фуқаролиги бўлмаган шахсларга, шу жумладан "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киргандан кейин Ўзбекистон Республикасига келган ва бирон-бир давлат фуқаролигига мансублигининг исботига эга бўлмаган шахсларга нисбатан тадбиқ этилади.


2. Хорижий шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси уларнинг Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади, "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киргандан кейин Ўзбекистон Республикасига келган ва бирон-бир давлат фуқаролигига мансублигининг исботига эга бўлмаган шахслар учун эса - уларнинг шахсини ҳам тасдиқловчи ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳуқуқий мақомини белгилаб берувчи ҳужжат ҳисобланади. Мазкур ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси доирасида ҳақиқийдир.

Фуқаролиги бўлмаган шахснинг гувоҳномаси хорижда унинг эгаси шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.


3. Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси қуйидагиларга берилади:

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи хорижий фуқароларга ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга - улар ўн олти ёшга тўлганларида;

- ушбу Низомда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш учун рухсатнома олган шахсларга, шу жумладан Ўзбекистон Республикасига қайтиб келган ва конунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган шахсларга;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги ПФ-5611-сон Фармони билан тасдиқланган Фуқаролари кўчмас мулк сотиб олиш шарти билан Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқига эга бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилган мамлакатлар фуқароларига улар қуйидаги ҳудудларда кўчмас мулк сотиб олган тақдирда:

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида - 400 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;

Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида - 200 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;

Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида - 100 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган, аммо Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилмаган ёки конунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган шахсларга.


4. Хорижий шахсга ва фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг истиқомат жойида берилади.


5. Фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат қилувчи, чет элга жўнаб кетувчи фуқаролиги бўлмаган шахсга берилади.



II. ХОРИЖИЙ ШАХСГА ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИДА ЯШАШ ГУВОҲНОМАСИДАГИ,

ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСГА ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИДА ЯШАШ ГУВОҲНОМАСИДАГИ

ВА ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХС ГУВОҲНОМА-

СИДАГИ ЁЗУВЛАР, УЛАРНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ

МУДДАТЛАРИ


6. Хорижий шахсга ва фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш учун бериладиган гувоҳномалар, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган шакллар бўйича ҳимоя воситалари бўлган махсус бланкаларда тайёрланади, Ўзбекистон Республикасининг гербига эга бўлади.

Яшаш гувоҳномалари 16 варақдан, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси эса 10 варақдан иборатдир.


7. Хорижий шахсга ва фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномалари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан ўзбек, рус, инглиз тилларида тўлдирилади. Ҳужжатларга қуйидаги маълумотлар киритилади:

а) хорижий шахсга ва фуқаролиги бўлмаган шахсга бериладиган яшаш гувоҳномаларида:

- фамилияси, исми, отасининг исми;

- туғилган йили, куни, ойи;

- туғилган жойи;

- миллати;

- Ўзбекистон Республикасига келган кунидаги фуқаролиги;

- оилавий аҳволи;

- Ўзбекистон Республикасига келган куни;

- келишдан мақсад;

- яшаш гувоҳномаси ким томонидан ва қачон берилган;

- яшаш гувоҳномаси қандай ҳужжатларга асосланиб берилган;

- яшаш гувоҳномасининг амал қилиш муддати ва амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида;

- балоғатга етмаган фарзандлар ҳақида;

- қайд этиш ҳақида;

- алоҳида белгилар /қон резуси ва ҳоказолар/;

- Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эслатма;

- жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

б) фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасида:

- фамилияси, исми, отасининг исми;

- туғилган йили ва жойи;

- миллати;

- фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси ким томонидан ва қачон берилган;

- биргаликда бораётган балоғатга етмаган фарзандлар ҳақида;

- визалар ҳақида.

- фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддати тўғрисида.

7-1. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини олиш учун жисмоний шахс яшаш жойидаги ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилиши керак.

Шахснинг розилиги билан яшаш гувоҳномасида соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан яшаш гувоҳномаси эгасининг қон гуруҳи ва қандай резусга мансублиги тўғрисидаги белгилар қўйилади.

Яшаш гувоҳномасининг амал қилиш муддати узайтирилганлиги ва жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами тўғрисидаги маълумот бўлмаган тақдирда, яшаш гувоҳномаси ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Хорижий шахс ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномасига ушбу Низомда кўзда тутилмаган ёзувларни киритиш тақиқланади.

8. Хорижий шахсга ва фуқаролиги бўлмаган шахсга бериладиган яшаш гувоҳномаларида, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасида катталиги 35х45 миллиметрли қора-оқ; ёки рангли фотосуратлар ҳужжат эгасининг ва уни берган масъул шахснинг имзолари бўлиши лозим.



III. ХОРИЖИЙ ФУҚАРОЛАРНИНГ ВА ФУҚАРОЛИГИ

БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИДА ДОИМИЙ ЯШАШГА

РУХСАТНОМА ОЛИШ ТАРТИБИ


9. Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшашга рухсатнома олиш учун вақтинча турган жойидаги туман (шаҳар) ички ишлар органига мурожаат этиб, қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:

- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шакл бўйича 2 нусхада ариза - сўровномалар;

- аризачи доимий яшаш ниятида бўлган қариндошлари (танишлари) нинг аризачи илтимосига ўз муносабатлари тўғрисида нотариат томонидан тасдиқланган аризалари, шунингдек қариндошлар (танишлар)нинг уй-жойга эгалик ҳуқуқини ва унда яшовчи шахслар сонини тасдиқловчи ҳужжатлар;

- никоҳ тўғрисидаги, боланинг туғилганлик ҳақидаги ҳужжатларнинг нотариат томонидан тасдиқланган нусхалари;

- ҳужжатларни кўриб чиқиш тартиби учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда давлат пошлинаси тўланганлиги тўғрисида квитанция;

- катталиги 35х45 миллиметрли 2 та фотосурат.


10. Ҳужжатлар қабул қилиб олингандан кейин аризачилар ўз илтимослари қондирилиши рад этилган тақдирда улар ички ишлар органлари томонидан белгиланадиган муддатда Ўзбекистон Республикасидан жўнаб кетишлари лозимлиги тўғрисида тилхат олиниб огоҳлантириладилар.

Кабул қилинган ҳужжатлар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, вилоятларнинг ички ишлар бошқармаларига ва Тошкент шаҳар ИИББга юборилади, бу ерда тақдим этилган ҳужжатлар ва аризачининг, таклиф қилувчи кишиларнинг шахсиятлари текширилади, шунингдек ушбу масала бўйича Давлат хавфсизлик хизмати органларининг фикри сўралади. Шу билан бирга мавжуд ҳужжатларнинг нусхалари аризачининг илтимоси юзасидан Махсус комиссия унинг минтақада истиқомат қилиши ва ишга жойлашиши учун реал имкониятлар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда хулоса чиқариши учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар (Тошкент вилоятидан ташқари) ҳокимликларига юборилади.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси текшириш ниҳоясига етиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар (Тошкент вилоятидан ташқари) ҳокимликлари Махсус комиссиясининг, шунингдек Давлат хавфсизлик хизмати органларининг ижобий хулосаси олинганидан сўнг расмийлаштирилган ишни аризачига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшашга рухсат бериш тўғрисидаги узил-кесил қарорни қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлигига юборадилар.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мазкур масалани ҳал этиш чоғида, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг хулосасини сўраб олади.


12. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшашга рухсат бериш тўғрисидаги ҳужжатларни ваколатли органларнинг ҳар бирида кўриб чиқиш муддати бир ойдан ошмаслиги керак.


13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ижобий қарори хорижий фуқарога, фуқаролиги бўлмаган шахсга ушбу Низомда белгиланган тартибда яшаш гувоҳномасини бериш учун асос ҳисобланади.


14. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшашга рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоят ички ишлар бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан қабул қилиниши мумкин. Шундай ҳолларда хорижий фуқарога ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикаси ҳудудини белгиланган муддатда тарк этиш таклиф қилинади, улар бош тортишган тақдирда эса мамлакатдан белгиланган тартибда чиқариб юбориладилар.



IV. ХОРИЖИЙ ШАХСГА, ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСГА

ЯШАШ ГУВОҲНОМАЛАРИНИ ВА ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН

ШАХС ГУВОҲНОМАСИНИ БЕРИШ, АЛМАШТИРИШ ВА АМАЛ

ҚИЛИШ МУДДАТЛАРИНИ УЗАЙТИРИШ ТАРТИБИ


15. Хорижий шахс ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномаларини олиш учун ушбу Низомнинг 3-бандидаги иккинчи ва тўртинчи хатбошида кўрсатилган шахслар доимий истиқомат жойидаги ички ишлар органларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шакл бўйича ариза;

- туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (биринчи марта олиш чоғида);

- хорижий давлатнинг ҳақиқий паспорти;

- ваколатли органлар томонидан берилган ва аризачининг фуқаролиги тугаганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;

- катталиги 35 х 45 мм.қора-оқ ёки рангли 5 та фотосурат;

- истиқомат жойидан оила аъзолари кўрсатилган маълумотнома;

- никоҳ тўғрисида гувоҳнома.


16. Туман (шаҳар) ички ишлар органи ушбу Низомнинг 3-бандидаги иккинчи ва тўртинчи хатбошида кўрсатилган тоифадаги шахслар тақдим этган ҳужжатларни мустақил равишда кўриб чиқади ҳамда юқори ички ишлар органи билан келишган ҳолда хорижий шахс ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномасини бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Бундай ҳолларда ҳужжатларни кўриб чиқишнинг ушбу Низом III бўлимида баён этилган тартиби талаб қилинмайди.

Мазкур ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати 15 кундан ошмаслиги керак.


17. Хорижий шахслар учун яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга берилади, аммо хорижий давлат паспортининг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак, 60 ёшга тўлганда эса - хорижий давлат паспорти амал қиладиган бутун муддатга берилади.

Фуқаролиги бўлмаган шахсларга яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга, 60 ёшга тўлганда эса муддатсиз берилади.


18. Яшаш гувоҳномасининг амал қилиш муддати 17-бандда белгиланган муддатларга 5 мартага қадар узайтирилади, шундан сўнг у алмаштирилади.


19. Яшаш гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда алмаштирилади:

- фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганида;

- миллатини, туғилган йилини ўзгартирганда;

- ёзувлардаги чалкашлик аниқланганда;

- алоҳида белгилар учун мўлжалланган варақлар тўлганда;

- амал қилиш муддати тугаганда;

- фойдаланишга яроқсиз ҳолга келганда.


20. Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар яшаш гувоҳномаларини алмаштириш ҳамда уларнинг амал қилиш муддатларини узайтириш учун яшаш гувоҳномаларининг амал қилиш муддати тугашидан кечи билан 10 кун аввал истиқомат жойидаги ички ишлар органларига мурожаат қилишлари ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

- белгиланган шаклдаги ариза;

- яшаш гувоҳномаси;

- хорижий давлатнинг ҳақиқий паспорти;

- катталиги 35х45 мм. қора-оқ ёки рангли 5 та фотосурат.

Фамилияси, исми, отасининг исми ўзгариши, миллати, туғилган йили ўзгартирилиши ёки ёзувдаги чалкашликлар аниқланиши муносабати билан яшаш гувоҳномаси алмаштириладиган ҳолларда мана шу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам тақдим этилади.


21. Хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс яшаш гувоҳномасини олиш ёҳуд уни алмаштириш учун тегишли ёшга етгандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганидан, миллати, туғилган йили ўзгартирилгандан, ёзувлардаги чалкашликлар аниқлангандан ва яшаш гувоҳномалари яроқсиз ҳолга келгандан кейин бир ой муддатдан кечикмай ҳужжатларни ва фотосуратларни тақдим этишлари лозим.


22. Яшаш гувоҳномасини алмаштириш тартибида ёки йўқотилгани ўрнига бериладиган шундай гувоҳномага ички ишлар органлари томонидан балоғатга етмаган болалар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек қайд этиш, никоҳдан ўтиш ёҳуд уни бекор қилиш тўғрисидаги белгилар киритилиши лозим.


23. Яшаш гувоҳномасини йўқотган шахс доимий истиқомат жойидаги ички ишлар органига янги яшаш гувоҳномасини бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этиши ва давлат пошлинаси тўланганлиги ҳақидаги квитанцияни илова қилиши шарт. Бундай ҳолларда унга ушбу Низомда белгиланган тартибда янги яшаш гувоҳномаси берилади.


24. Фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини олиш учун фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий истиқомат жойидаги ички ишлар органларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шакл бўйича ариза;

- фуқаролиги бўлмаган шахс учун яшаш гувоҳномаси;

- катталиги 35х45 мм. қора-оқ ёки рангли 5 та фотосурат.


25. Фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси 2 йил муддатга берилади. Фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддати ушбу бандда белгиланган муддатларга 5 мартага қадар узайтирилади, шундан сўнг у алмаштирилади.


26. Фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда алмаштирилади:

- фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганида;

- миллатини, туғилган йилини ўзгартирганда;

- ёзувларда чалкашлик аниқланганда;

- алоҳида белгилар учун мўлжалланган варақлар тўлганда;

- фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганда;

- фойдаланишга яроқсиз ҳолга келганда.


27. Фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини алмаштириш ва унинг амал қилиш муддатларини узайтириш учун фуқаролиги бўлмаган шахслар истиқомат жойидаги ички ишлар органларига мурожаат этишлари ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

- белгиланган шаклдаги ариза;

- фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси;

- катталиги 35х45 мм. қора-оқ ёки рангли 5 та фотосурат.

Фамилияси, исми, отасининг исми ўзгариши, миллати, туғилган йили ўзгартирилиши ёки ёзувдаги чалкашликлар аниқланиши муносабати билан фуқаролиги бўлмаган шахснинг гувоҳномаси алмаштириладиган ҳолларда мана шу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам тақдим этилади.

Фуқаролиги бўлмаган шахс чет элда бўлган пайтда бу шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаган ҳолларда у Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ваколатхонасига ёки консуллик муассасасига мурожаат қилишга ҳақлидир. Аша шу ваколатхона ёки муассаса Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги билан келишиб олгандан сўнг фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддатини зарур муддатга узайтириши мумкин, аммо икки йилдан ошмаслиги керак.


28. Алмаштириш тартибида ёки йўқотилгани ўрнига бериладиган фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасида ички ишлар органи томонидан икки йил муддатга чет элга чиқишга рухсат берувчи тегишли белги қўйилиши лозим.


29. Фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси йўқолгани тўғрисида фуқаролиги бўлмаган шахс у йўқотилган жойдаги ички ишлар органига ёҳуд Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига дарҳол маълум қилиши шарт. Бундай ҳолларда ички ишлар органи фуқаролиги бўлмаган шахсга белгиланган тартибда янги гувоҳнома, Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси эса - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шакл бўйича маълумотнома берадилар.


30. Хорижий шахс ва фуқаролиги бўлмаган шахс учун яшаш гувоҳномалари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда ўз кучини йўқотади:

- хорижий фуқаро доимий яшаш учун чет элга жўнаб кетганида;

- фуқаролиги бўлмаган шахс чет элга жўнаб кетганида -фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узрли сабабларсиз узайтирмаган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтиришдан воз кечган ҳолларда;

- хорижий фуқаро Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилганида ёки ўз мамлакати фуқаролигидан чиққанида;

- фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси ёки хорижий давлат фуқаролигини қабул қилганида;

- яшаш гувоҳномасини ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини олиш учун мутлақо ёлғон маълумотлар ёҳуд сохта ҳужжатлар тақдим қилинганда.


31. Хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс вафот этган ҳолларда яшаш гувоҳномалари ёҳуд фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси фуқаролик ҳолатини қайд этиш органларига, чет элларда эса - Ўзбекистон Республикасининг дипломатия ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига топширилади, улар гувоҳномани ўлим рўйхатга олингандан кейин қайд этиш жойидаги ички ишлар органларига юборадилар.


32. Ҳибсга олинган, шунингдек озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсдан яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси суриштирув, дастлабки тергов ёки суд органи томонидан олиб қўйилади ва унинг истиқомат жойидаги ички ишлар органига юборилади. Ҳибсдан озод қилинганда ёки жазони ўтаб бўлгандан кейин яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси унинг эгасига қайтарилади.

33. Яшаш гувоҳномасини ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини бериш ҳамда унинг амал қилиш муддатини узайтириш учун Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда давлат пошлинаси ундириб олинади.

Яшаш гувоҳномасини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини бериш ва амал қилиш муддатини узайтириш учун тўла давлат таъминотида бўлган шахслар давлат пошлинаси тўлашдан озод қилинадилар.


34. Ушбу Низомни амалга ошириш учун зарур бўлган гербли ва визали муҳрларнинг, штамплар, бланкларнинг намуналари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.


35. Топиб олинган яшаш гувоҳномаси ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси ички ишлар органларига топширилиши лозим.


36. Хорижий фуқародан ва ва фуқаролиги бўлмаган шахсдан яшаш гувоҳномасини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини олиб қўйиш ман этилади (Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек гаровга олиб туриш ва бошқа шахсга бериш тақиқланади.


37. Хорижий фуқаро ва фуқаролиги бўлмаган шахс яшаш гувоҳномасини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини авайлаб асрашлари шарт.


38. Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Низомнинг талабларини бузганликлари учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўладилар.


39. Мазкур Низомнинг бажарилиши ички ишлар органлари ва жойлардаги ҳокимият органлари томонидан назорат қилинади.